Сиёсат
Депутатлар Гулистон ва Ширин шаҳарлари ҳамда Сирдарё вилоятининг бир қатор туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги Қонунчилик палатаси қарори лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда парламентнинг қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Таклиф этилаётган чегара ўзгартиришларига мувофиқ, Гулистон туманидан 527,23 гектар ва Боёвут туманидан 582 гектар ер майдонини Гулистон шаҳри таркибига ҳамда Боёвут туманидан 638,77 гектар ерни Ширин шаҳри таркибига ўтказиш режалаштирилган.
Таъкидланишича, Гулистон ва Ширин шаҳарлари вилоятдаги аҳоли энг зич жойлашган ҳудудлар ҳисобланади.
«Чегараларнинг кенгайиши шаҳарда аҳоли зичлигини камайтиришга, транспорт қатновини яхшилашга, ҳудудда йирик лойиҳалар учун замин яратиб, хорижий ва маҳаллий инвестициялар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади», – дейилади хабарда.
Мажлисда чегараларга ўзгаришлар киритиш масаласи тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари, халқ депутатлари туман, шаҳар кенгашлари ҳамда вилоят кенгашида муҳокама қилиниб, чегараларнинг картографик чизмаси ва чегаралар чизиғининг таснифи маъқуллангани қайд этилди.
Сирдарё вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Фахриддин Кушаков Боёвут туманининг «Қарапчи» ва «Янги авлод» маҳаллалари, шунингдек, Гулистон туманининг «Мевазор» ва «Ишонч» маҳаллалари ҳудудларини Гулистон таркибига, Боёвут туманидаги «Ширин» маҳалласини эса Ширин шаҳри таркибига киритиш таклиф этилаётганини таъкидлади.
«Боёвут туманидаги Янги авлод ва Қарапчи маҳаллалари Гулистон шаҳрига туташ ҳудудлар, Боёвут тумани марказидан қарийб 50 километр узоқликда жойлашган ҳудуд ҳисобланади. Шунингдек, Гулистон туманидаги бу Ишонч ҳамда Мевазор маҳаллаларимиз ҳам худди шундай Гулистон шаҳри билан туташ ҳудудлар, туман марказидан 30 километрдан олисроқ ҳудудда жойлашган ҳудуд. Боёвут туманидаги Ширин маҳалласи эса Ширин шаҳри билан туташ ҳудуд, Ширин шаҳри ҳудудидан ўтиб, Ширин маҳалласига борадиган ҳудуд бўлгани учун асосий масала қилиб аҳолига қулайликлар яратиш белгилаб олинган», – деди Кушаков.
Унинг сўзларига кўра, Гулистон ва Ширин шаҳарларида аҳоли зичлиги юқорилигини ҳисобга олганда, ҳудудларни кенгайтириш янги турар жой массивлари, ижтимоий объектлар ва инфратузилмани режали тарзда жойлаштириш имконини беради. Шаҳарларнинг кенгайиши натижасида саноат, хизмат кўрсатиш ва туризм соҳаларини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини яхшилаш имкониятлари ҳам ортади.
«Ерлардан фойдаланишда уларнинг белгиланган мақсади, қонунчилик талабларига риоя қилинади. Янги ўтказиладиган 1748 гектар ер майдонларидан ҳеч қайси бирининг тоифаси ўзгармайди. Қишлоқ хўжалиги ерларини асраш, экологик мувозанатни сақлаш масаласи асосий эътиборга олинган, шунинг учун тоифалар ўз ҳолича қолдирилади», – деди Кушаков.
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
78183
Жамият
56937
Жамият
56191
Жамият
51236
Жамият
//
Изоҳ йўқ