Жамият
Ўзбекистон ОТМларига 2026-йилги кириш имтиҳонларида абитуриентларнинг 37,5 фоизи ўтиш баллининг энг қуйи чегараси бўлган 56,7 баллни тўплай олмади. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инноватсиялар вазирининг биринчи ўринбосари Сардор Ражабов 18-август куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Сардор Ражабовнинг сўзларига кўра, жорий йил 677,9 минг нафар абитуриент олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга кириш учун онлайн рўйхатдан ўтди. Якуний натижаларга кўра, 209 минг нафар ёш талаба бўлиш учун тавсия этилган. Уларнинг 52 800 нафари давлат гранти, 156 300 нафари тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган.
“Жорий йилда қабул имкониятлари ҳам кенгайтирилди. Бакалавриат учун жами қабул квотаси 201 700 та бўлиб, ўтган йилга нисбатан 6,4 мингтага ошди. Айниқса, кундузги таълим шаклида ўринлар сезиларли кўпайди. Давлат гранти ўринлари ҳам 36 мингдан оширилди”, — дейди Сардор Ражабов.
Унинг қайд этишича, қабул параметрлари меҳнат бозори эҳтиёжлари, устувор таълим йўналишлари ва олий таълим ташкилотларининг имкониятлари ҳисобга олинган ҳолда шакллантирилган. Хусусан, ахборот технологиялари ва сунъий интеллект каби замонавий йўналишларга эътибор кучайтирилган.
Унга кўра, абитуриентларнинг танловида Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Ўзбекистон Миллий университети етакчилик қилган. Энг кўп танланган йўналишлар эса даволаш иши, иқтисодиёт ҳамда филология ва тилларни ўқитиш (инглиз тили) бўлган.
“Ёшларимиз бир томондан тиббиёт, иқтисодиёт ва хорижий тилларга юқори қизиқиш билдирмоқда, иккинчи томондан эса замонавий технологик касбларга интилиш тобора кучаймоқда”, — дейди у.
Сардор Ражабов тақдим этган таҳлилларга кўра, бу йил ўтиш баллари ҳам ошган. Давлат гранти бўйича ўртача ўтиш балли 134,6 балл, тўлов-контракт бўйича эса 93,7 баллни ташкил этган. Ўтган йили бу кўрсаткичлар мос равишда 121,8 ва 84,9 балл бўлган.
“Бу рақобат кучайганини кўрсатяпти. Лекин биз учун юқори ўтиш балли мақсаднинг ўзи эмас. Асосий вазифа — талаба бўлиш учун қабул қилинган ёшларга сифатли таълим бериш ва уларни меҳнат бозорига рақобатбардош мутахассис сифатида тайёрлаш”, — дейди у.
Вазир ўринбосарининг айтишича, қабул жараёнида белгиланган имтиёзлар доирасида 20 500 нафар абитуриент талаба бўлиш учун тавсия этилган.
Унинг таъкидлашича, жорий йил 56,7 баллдан кам натижа тўплаган абитуриентлар сони 230 935 нафар ёки 37,54 фоизни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2025-йилда 41,9 фоиз, 2024-йилда 43 фоиз, 2023-йилда эса 46 фоиз бўлган.
Сардор Ражабовнинг айтишича, олтинчи йўналиш бўйича ҳам қўшимча танлов имкониятини очиш режалаштирилмоқда.
“Биз кейинги ҳафталарда шу масалани очишни режалаштиряпмиз. Олтинчи йўналишда қаерда вакант ўрин қолган бўлса ва у сизнинг фанлар мажмуангизга мос бўлса, шу йўналишни танлаш имконияти очиб берилади”, — дейди у.
Жамият
Маданият
Илм-фан
Сиёсат
Илм-фан
Жамият
78271
Жамият
56981
Жамият
56239
Жамият
51289
Жамият
//
Изоҳ йўқ