Президент Хивада Конфуций институтига борди

Сақлаш
18:11 / 17.08.2026 50 0

Шавкат Мирзиёев Хива шаҳрида ташкил этилган Ляонин педагогика университетининг Ўзбекистондаги филиали ва Конфуций институти фаолияти билан танишди.

 

Хабарга кўра, янги таълим мажмуаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети ва Хитойнинг Ляонин педагогика университети ҳамкорлигида амалга оширилган лойиҳа доирасида барпо этилган. Уни қуриш ва жиҳозлаш учун давлат бюджетидан 140 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, 120 та янги иш ўрни яратилган.

 

Мажмуада 560 ўринли ўқув блоклари, кутубхона, спорт зали, 200 ўринли маданият саройи ва 118 ўринли ошхона мавжуд. Иккинчи тўрт қаватли бинода 628 ўринли аудиториялар ҳамда 224 ўринли талабалар турар жойи ташкил қилинган.

 

 

2026 йил учун қабул квотаси 160 нафар этиб белгиланган. Келгусида йиллик қабулни 500 нафарга, талабалар сонини эса 2 минг нафарга етказиш режалаштирилган.

 

Таълим кундузги ва масофавий шаклларда, ўзбек, хитой ва инглиз тилларида олиб борилади. Бакалавриат босқичида «Халқаро хитой тили таълими», «Туризм бошқаруви», «Халқаро бизнес», «Сунъий интеллект», магистратурада эса «Хитой тили ва маданиятини ўқитиш методикаси», «Таълим бошқаруви», «Сунъий интеллект ва таълим технологиялари» йўналишларида кадрлар тайёрланади.

 

Филиал дипломи Ўзбекистонда тўғридан-тўғри тан олинади. Иқтидорли битирувчиларга Хитойнинг етакчи олий таълим муассасаларида грант асосида ўқишни давом эттириш ва нуфузли ташкилотларда стажировка ўташ имконияти яратилади.

 

Шунингдек, бугунги кунда Хоразм вилоятида хитойлик инвесторлар иштирокида умумий қиймати 2 миллиард 343 миллион долларлик 38 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Уларда замонавий технологиялар ва хитой тилини яхши биладиган юқори малакали мутахассисларга талаб юқори. Янги таълим муассасаси ва Конфуций институти ана шу эҳтиёжга мос кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.

 

 

Давлат раҳбари таълим дастурларини иқтисодиёт ва меҳнат бозори эҳтиёжлари билан уйғунлаштириш, талабаларнинг замонавий технологиялар ва хорижий тилларни пухта эгаллаши учун барча шароитларни яратиш муҳимлигини таъкидлади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//