Автобусда йўл ҳақини тўламай юрганларга жарима жазоси кучайтирилиши мумкин

Сақлаш
16:33 / 17.08.2026 63 0

Жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб брутто-шартнома асосида фаолият юритаётган барча шаҳар автобусларида тўлов қоидалари қатъийлашади.

 

Янги тартибга кўра, йўловчилар автобусга чиқиши билан йўлкира ҳақини тўлашлари шарт бўлади.

 

Маълумот учун, брутто-шартнома йўловчи кўп бўлса – кўп, кам бўлса – кам даромад тамойилидан фарқ қилади. Ташувчига тушум йўловчилардан тушган пулга эмас, шартномада белгиланган тариф ва транспорт хизматининг ҳажмига қараб, давлат ёки буюртмачи томонидан тўланади.

 

«Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 июндаги қарорига асосан, 2026 йилнинг 1 сентябридан бошлаб йўловчилар автобусга бевосита чиққанда йўл ҳақини тўлашлари бўйича тартиб жорий қилинмоқда. Автобусга чиққанларидан кейин, агар йўл ҳақини тўламасалар, улар чиптасиз юрган йўловчи сифатида қайд этилиб, уларга нисбатан назоратчилар томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 144-моддаси 5-қисмига асосан жарима жазоси қўлланиши белгиланган. мазкур ҳолатни аниқлаш учун ҳар бир назоратчида махсус планшетлар мавжуд. Махсус планшетлар ёрдамида йўл ҳақини амалга оширган карточкалари ёки банк карточкаларини ушбу планшетга теккизиш орқали уларнинг тўловни амалга оширгани ёки йўқлиги аниқланади. 2026 йилнинг ўтган 7 ойи мобайнида 82 мингдан ортиқ йўловчилар йўл ҳақини тўламаганликлари аниқланган. Ушбу ҳуқуқбузарлардан 2 миллиарддан зиёд жарима пуллари ундирилган», дейди Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш давлат муассасаси директори Муҳаммаджон Қаҳҳоров.

 

Мутахассиснинг қўшимча қилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 июндаги 266-сонли қарорида тегишли идораларга чиптасиз юрганлар учун жарима жазосини кучайтириш бўйича таклиф бериш вазифаси юклатилган. Бугунги кунда тегишли таклифлар ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатасига киритилган.

 

Таклифлар шундан иборатки, биринчи маротаба йўл ҳақини тўламаганлар учун БҲМнинг иккидан бир қисми, яъни 220 минг сўм, такроран содир этилса, БҲМнинг бир баробари, яъни 440 минг сўмгача жарима жазоси белгиланмоқда.

 

Бундан асосий мақсад – йўл ҳақи тушумининг тўлиқлигини таъминлаш, автобуслар ишининг шаффофлигини ошириш, ҳар бир бекат ва ҳар бир вақт кесимида йўловчиларни тушиб-чиқишини аниқ белгилаган ҳолда, унинг таҳлилига асосан жамоат транспорт ишини аниқ режалаштириш ҳамда шу йўналишлар ишини мувофиқлаштиришдир.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//