Ўзбекистонда даромадларни қайта тақсимлашни қўллаб-қувватлаш даражаси пасайган – Тадқиқот

Сақлаш
13:03 / 17.08.2026 74 0

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий сиёсат лабораторияси тақдим қилган маълумотга кўра, 2016–2022 йилларда Ўзбекистонда даромадларни қайта тақсимлашни қўллаб-қувватлаш сезиларли даражада камайган. Масалан, камбағалларга ёрдам бериш учун даромадининг бир қисмини бериш ёки қўшимча солиқ тўлашга тайёр бўлганлар улуши 2016 йилда 90,3 фоиз бўлган бўлса, 2022 йилда 63,5 фоизгача тушган.

 

Тадқиқотда даромади юқори респондентлар қайта тақсимлашни камроқ қўллаб-қувватлаши маълум бўлган. Яъни бойроқ респондентлар камбағалларга ёрдам, таълим ва соғлиқни сақлаш йўналишларининг барчасида қайта тақсимлашга нисбатан пастроқ хайрихоҳлик билдирган.

 

Катта уй хўжаликларида яшовчи респондентлар эса қайта тақсимлашни кўпроқ қўллаб-қувватлаган (эҳтимол, ўзига ҳам ёрдам керак бўлиши мумкин). Бу ижтимоий сиёсатни ишлаб чиқишда оилалар таркиби ва ҳажмини ҳисобга олиш муҳимлигини кўрсатади.

 

Маҳаллий ҳокимиятларга кўпроқ ишонган респондентлар ҳам таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида даромадларни қайта тақсимлашни кўпроқ қўллаб-қувватлаган. Камбағалларга ёрдам бериш бўйича эса бундай боғлиқлик статистик жиҳатдан аҳамиятли эмас.

 

Бозор иқтисодиётини энг яхши иқтисодий тизим деб ҳисобловчи ҳамда ҳаётда муваффақиятга қаттиқ меҳнат орқали эришиш мумкинлигига ишонган респондентлар ҳам, худди бойлар каби қайта тақсимлашни камроқ қўллаб-қувватлаган. 

 

Тадқиқотда ёзилишича, таҳлил натижалари анъанавий «юқорилаш мобиллиги проспекти» гипотезасидан фарқли натижани кўрсатади: келажакда ижтимоий мобилликни кутаётган респондентлар қайта тақсимлашни кўпроқ қўллаб-қувватлайди.

 

Респондентнинг ўзи ёки отасининг олий маълумотга эга бўлиши қайта тақсимлаш ҳақидаги муносабатга статистик жиҳатдан аҳамиятли таъсир кўрсатмаган.

 

Хулосага кўра, натижалар қайта тақсимлаш сиёсатини ишлаб чиқишда уй хўжаликлари хусусиятларини ҳисобга олиш, маҳаллий институтларга ишончни мустаҳкамлаш, ижтимоий мобиллик имкониятларини кенгайтириш ва юқори даромадли қатламларнинг ижтимоий масъулиятини ошириш муҳимлигини кўрсатади.

 

Маълумот учун, ушбу таҳлил Ўзбекистонда иқтисодий трансформатсия даврида даромадларни қайта тақсимлашга бўлган муносабат қандай ўзгарганини ва бу муносабатни шакллантирувчи омилларни ўрганган.

 

Таҳлилда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг «Ўтиш давридаги ҳаёт» (Life in Transition) сўровномасининг 2016 ва 2022 йиллардаги маълумотларидан фойдаланилиб, аҳолининг қайта тақсимлашни қўллаб-қувватлаш даражаси таққосланган ҳамда унга таъсир қилувчи омиллар логистика регрессияси ёрдамида таҳлил қилинган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//