Кредит ва микроқарзлар рекламасига ўзгартиришлар киритилмоқда

Сақлаш
16:12 / 13.08.2026 53 0

Олий Мажлис Сенати 7-август куни реклама тўғрисидаги қонунга кредитлар ва микроқарзлар рекламасида молиявий хавф-хатарлар ҳақида мажбурий огоҳлантиришни назарда тутувчи ўзгартиришларни маъқуллади.

 

Сенатда ушбу ўзгартиришлар зарурати аҳолига кредит ажратиш ҳажми ва қарз юкининг ортиши билан изоҳланди. Маълумотларга кўра, 2026-йил 1-январь ҳолатига тижорат банкларида микроқарз олувчилар сони деярли 2,7 млн кишига етди ва бир йилда 37 фоизга ошди. Битта қарз олувчига тўғри келадиган микроқарз шартномаларининг ўртача сони 1,7 тадан 1,9 тага кўпайди.

 

Қонун бўйича маърузада таъкидланганидек, кредит маҳсулотлари рекламаси нафақат қарз шартлари ҳақида хабар бериши, балки истеъмолчини ўз тўлов қобилиятини нотўғри баҳолаш ва қарз мажбуриятларини бажармаслик оқибатлари ҳақида ҳам огоҳлантириши керак.

 

“Кредит маҳсулотлари рекламасида истеъмолчиларни ўз тўлов қобилиятини тўғри баҳолай олмаслик ва қарз мажбуриятларини бажармаслик молиявий хавф-хатарларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилишини таъминлаш зарурати юзага келди”, — деди сенатор Ўктамжон Охунов ўз маърузасида.

 

Ўзгартиришлар фақат кредит рекламасига тегишли эмас. Аҳоли ва тадбиркорларнинг суғурта борасидаги саводхонлигини оширишга қаратилган маълумотларни ижтимоий маълумотлар сирасига киритиш таклиф этилмоқда.

 

Бундан ташқари, тегишли соҳалардаги ваколатли давлат органлари бундай ижтимоий маълумотларнинг реклама берувчиси сифатида чиқишлари мумкин бўлади.

 

Таъкидланишича, ушбу ўзгартиришлар фуқароларнинг суғурта хизматлари ҳақидаги ишончли маълумотлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, уларга бўлган ишончни ошириш ва бир вақтнинг ўзида аҳоли ҳамда тадбиркорларни кредитлар билан боғлиқ молиявий хавф-хатарлар ҳақида яхшироқ хабардор қилиш имконини беради.

 

Ўзгартиришлар билан “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 43-моддаси кредит, шу жумладан микроқарз рекламасида мажбурий огоҳлантириш талаби билан тўлдирилмоқда. “Кредит, шу жумладан микроқарз рекламасида ушбу хизматлар бўйича қарз мажбуриятларини бажармаслик молиявий хавф-хатарларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш бўлиши керак. Бундай огоҳлантириш рекламанинг асосий майдони ёки вақтининг камида 10 фоизини эгаллаши лозим”, — дейилади сенаторларга тақдим этилган нормада.

 

Молиявий хизматлар рекламаси учун ҳам умумийроқ талаб жорий этилмоқда. Унда бундай хизматлардан фойдаланиш ва мажбуриятларни бажармаслик молиявий хавф-хатарларни келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш бўлиши шарт.

Муҳокама чоғида сенатор Покиза Аҳмеджанова огоҳлантириш майдонининг 10 фоизлик талабига риоя этилишини назорат қилиш қанчалик реал эканини сўради.

 

“Қонунчилик аналогиясига кўра, огоҳлантиришлар ва қўшимча маълумотлар реклама майдонининг 10 фоизини эгаллаши керак. Бундай талаблар бугунги кунда, хусусан, дори воситалари, алкоголь маҳсулотлари ва концерт-томоша тадбирлари учун белгиланган”, — деди Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Давлатов.

 

Қўмита вакили, шунингдек, ташқи реклама учун конструксияларнинг стандарт ўлчамлари аллақачон белгиланганини қайд этди. Мисол тариқасида у cитй форматидаги конструксияларни 2 кв. м, билбордларни 18 кв. м ва мега форматдаги конструксияларни 50 кв. м деб атади. Унинг таъкидлашича, бу огоҳлантиришнинг зарур майдонини назорат қилишнинг аниқ механизмларини қўллаш имконини беради.

 

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда онлайн реклама мониторинги механизми ҳам ишлаб чиқилмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//