Ўзбекистонда экстремистик материалларни биринчи марта тарқатганлар жиноий жавобгарликка тортилмаслиги мумкин

Сақлаш
13:23 / 13.08.2026 54 0

Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган қонун муҳокама қилиниб, сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Маълум қилинишича, ушбу ҳужжат билан Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда бошқа қатор қонунларга муҳим ўзгаришлар киритилмоқда.

 

Амалдаги тартибга кўра, экстремистик мазмундаги материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш билан боғлиқ айрим қилмишлар тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка сабаб бўлиб келаётган эди. Сенатда муҳокама қилинган янги қонунга мувофиқ, экстремизм, сепаратизм ёки ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тайёрлаш, уларни тарқатиш мақсадида сақлаш, шунингдек, экстремистик ва террорчилик ташкилотларининг атрибутлари ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ва сақлаш ҳолати биринчи марта содир этилганда эндиликда маъмурий жавобгарликка тортилади.

 

Жиноий жавобгарлик фақат қилмиш маъмурий жазо қўллангандан кейин такроран содир этилгандагина юзага келади. Бу ёндашув адашган фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаган ҳолда, уларни тўғри йўлга қайтариш ва қайта ижтимоийлаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.

 

Шунингдек, жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид соладиган материалларни сақлаш ёки тарқатишда иштирок этган шахс ҳокимият органларига ўз вақтида хабар берса ва оғир оқибатлар келиб чиқишининг олдини олишга фаол кўмаклашса, жиноятнинг бошқа таркиби бўлмаса, жиноий жавобгарликдан озод этилиши белгиланмоқда.

 

Ҳужжатда экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотларни тузиш, уларга раҳбарлик қилиш ва уларда иштирок этганлик учун жавобгарлик чоралари ҳам қайта кўриб чиқилиб, табақалаштирилмоқда.

 

Амалдаги қонунчиликда ушбу ҳаракатларнинг барчасига бир хилда 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши назарда тутилган эди. Янги тартибга кўра, ижтимоий хавфи унча катта бўлмаган қилмиш — бундай ташкилотларда иштирок этганлик учун енгилроқ, уларни тузиш ёки раҳбарлик қилганлик учун эса оғирроқ санкциялар белгиланиши кўзда тутилмоқда.

Фото: Олий Мажлис Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлисидан

 

Шунингдек, ҳужжат билан “диний экстремизм” атамаси “экстремизм” атамаси билан алмаштирилмоқда. Сенат мажлисида қайд этилишича, мазкур ёндашув экстремизмни муайян дин билан боғлаш амалиётига қатъий чек қўйиш ҳамда қонунчиликда ягона ҳуқуқий ёндашувни таъминлашга хизмат қилади.

 

Амалдаги қонунчиликда турлича талқинларга йўл қўйиб келган “экстремизм” тушунчасининг чегаралари аниқлаштирилмоқда. Шу пайтгача умумий ва мавҳум иборалар билан ифодаланган бу тушунчага эндиликда аниқ саккизта хатти-ҳаракат доираси асосида қатъий таъриф белгиланмоқда. Бу ҳуқуқни қўллаш амалиётида уни кенгайтирилган ҳолда субъектив талқин қилишнинг олдини олишга хизмат қилиши таъкидланди.

Янги қонун билан мазкур йўналишдаги профилактика ва хавфсизлик механизмлари бутунлай янги босқичга олиб чиқиш кўзда тутилган. Хусусан, ҳужжат доирасида қуйидаги муҳим йўналишлар ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланмоқда:

 

Давлат дастурлари ва президент назорати: экстремизмнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича махсус давлат дастурлари ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилиши белгиланмоқда. Ушбу дастур бевосита Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан тасдиқланиши кўзда тутилмоқда.

Электрон реестрлар: экстремистик ташкилотлар ва материалларнинг ягона электрон реестрини юритиш тартиби жорий этилиб, шаффофлик ва тезкор назорат механизмлари кучайтирилмоқда.

Хабар берганларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш: экстремистик фаолият ёки таҳдидлар ҳақида ўз вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берган шахсларнинг шахсий маълумотлари сир сақланиши қатъий кафолатланмоқда. Шунингдек, уларни давлат томонидан тўлиқ ҳимоя қилиш (шу жумладан, хавфсизлик чораларини қўллаш) ва моддий-маънавий жиҳатдан рағбатлантириш механизмлари белгиланмоқда.

Илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш: илгари амалда бўлмаган тамойил — экстремизмга қарши кураш соҳасидаги илмий тадқиқотларни давлат томонидан бевосита қўллаб-қувватлаш масаласи қонун даражасида мустаҳкамланди.

 

Муҳокамалар якунида мазкур қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//