Олий суд Деновда уйи бузилган оила ҳақида муносабат билдирди

Сақлаш
14:46 / 11.08.2026 61 0

8-август куни ижтимоий тармоқларда Деновда фуқаронинг уйи Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан огоҳлантиришсиз бузилаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Олий суд матбуот хизмати ҳолат юзасидан баёнот бериб, суд нега бундай қарор чиқарганини тушунтирди.

 

Маълумотларга кўра, уй-жой Денов туманлараро фуқаролик ишлари бўйича судининг 2025-йил 29-декабрдаги ижро ҳужжати асосида бузилган.

 

Суд қарорига кўра, Денов тумани Ғалаба массиви Чуқурқишлоқ маҳалласида жойлашган “Раҳмон Тараққиёт Омад Чорвачилик Боғдорчилик” корхонасига тегишли суғориладиган экин ерининг 0,20 гектар қисми ўзбошимчалик билан эгалланган. Ушбу ҳудудда қурилган уй-жой ва ёрдамчи биноларни бузиш ҳамда ер майдонини асл ҳолатига келтириш белгиланган. Ер майдонини Абдусалом Аҳмадов ва Насиба Чариева ўзбошимчалик билан эгаллаб, унда уй-жой ва ёрдамчи бинолар қурган.

 

Олий суд бу ҳолатда асосий масала ернинг суғориладиган қишлоқ хўжалиги ери эканида эканини таъкидлади. Қонунчиликка кўра, суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари фуқароларнинг хусусий мулкига ўтказилиши мумкин эмас. 2024-йил 5-августдаги ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ва уларда қурилган бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисидаги қонунда ҳам бундай ерлар бўйича чекловлар белгиланган.

 

Олий суд баёнотида суғориладиган ерлар мамлакат озиқ-овқат хавфсизлиги учун муҳим экани қайд этилди.

Шунингдек, мазкур ер расман “Раҳмон Тараққиёт Омад” корхонасига тегишли бўлган. Шу сабабли ерни ноқонуний эгаллаш нафақат давлат манфаатларига, балки ундан қонуний фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган корхонанинг ҳуқуқларига ҳам дахлдор экани таъкидланган.

 

Олий суд маълумотига кўра, жавобгарлар ерни эгаллаб, қурилиш ишларини олиб бориш жараёнида масъул органлар, кадастр, маҳалла ва ер тузиш хизмати томонидан бир неча марта огоҳлантирилган.

 

Яъни, суд қарорида уй-жойни бузиш чораси ҳуқуқбузарлик аниқланган заҳоти қўлланмагани қайд этилган. Аввал қонунбузарликни бошқа йўллар билан бартараф этиш чоралари кўрилган.

 

Суд фақат бошқа чоралар натижа бермаган, ернинг суғориладиган қишлоқ хўжалиги ери экани ва унинг тоифасини ўзгартириш мумкин эмаслиги аниқланган ҳолатдагина бузиш каби қатъий чорани қўллаган.

 

Олий суд матбуот хизмати маълумотига кўра, Насиба Чариева суғориладиган ер участкасини ноқонуний эгаллаб олгани учун жиноий жавобгарликка ҳам тортилган.

 

Суд қарори кучга кирган. Бироқ 2026-йил 13-март куни тафтиш инстансияси инсонпарварлик нуқтайи назаридан қарор ижросини вақтинча тўхтатиб турган.

 

Олий суд баёнотида қайд этилишича, аризачига қонунбузарлик оқибатларини ихтиёрий равишда бартараф этиш учун қарийб икки йилга яқин имконият берилган.

 

Шундан сўнг суд ҳужжати ижроси давом эттирилган. МИБ маълумотига кўра, 7-август куни ноқонуний қурилмалар бузилиб, суд ҳужжати ижроси тўлиқ таъминланган.

 

Воқеадан сўнг Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов уйи бузилган эр-хотин билан учрашган. Фуқаронинг уй-жой масаласи эътибордан четда қолмаслиги ва манфаатлари таъминланиши мақсадида унга янги турар жой қуриб берилиши маълум қилинган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//