Инсон умрининг чегараси қаергача?

Сақлаш
18:02 / 10.08.2026 53 0

Россиялик олимлар агар қариликнинг деярли барча сабаблари бартараф этилса, инсон умрининг табиий чегараси қанча бўлишини ҳисоблаб чиқишди. Бунинг учун улар янги математик модель яратишди.

 

Мутахассислар биринчи «қаримайдиган инсон» деган фаразий ҳолатни тасаввур қилишди. Бунда ўртача умр кўриш давомийлиги 1700 йилдан ҳам ошиб кетади. Лекин бу фараз пуч экан. Гап шундаки, соматик мутациялар(туғилгандан кейинги ҳужайралар бўлиниши ва ДНК нусхаланиши жараёнида тўпланиб борадиган кичик генетик хатолар) сабаб эҳтимолий назария хулосаси ўзгариб кетди. Якунда одамнинг ўртача умри 146 йилдан 194 йилгача (баъзи ҳисоб-китобларда — тахминан 156 йил) бўлиб чиқди. Бу ҳозирги ўртача умр кўриш давомийлиги бўлган 79 йилдан тахминан икки баробар кўп.

 

Тадқиқот шуни кўрсатдики, турли аъзолар мутацияларга турлича таъсирланади. Мия ва юрак энг заиф органлар ҳисобланади, чунки уларнинг муҳим ҳужайралари туғилгандан кейин деярли янгиланмайди ёки бўлинмайди. Жигар эса, аксинча, эскирган ҳужайраларни доимий янгилаб туради.

 

НЮ тиббиёт мактаби олими Жордан Вайснинг фикрича, одамларни мустақил ва соғлом ҳаётдан маҳрум қиладиган касалликлар — масалан, деменция (ақлий қобилиятнинг пасайиши) ва юрак етишмовчилиги — айнан шу янгиланмайдиган органларда кўпроқ учрайди. Яъни одамнинг неча йил умр кўриши ва неча йил соғлом яшаши орасидаги фарқ бутун танадаги умумий емирилиш эмас, балки айнан шу органларга боғлиқ.

 

Олимлар таъкидлашича, қариликнинг фақат битта белгисини йўқ қилишнинг ўзи умрни кескин узайтирмайди. Шу сабабли, охирги йилларда мутахассислар эътиборини шунчаки «умр узунлиги»дан «соғлом умр давомийлиги» (касаллик ва ногиронликсиз ўтадиган йиллар) тушунчасига қаратмоқда.

 

Ҳозиргача расман қайд этилган энг узоқ умр — 1997 йилда 122 ёшида вафот этган Жанна Калманга тегишли. Бу рақам мутахассислар тахмин қилган энг «камтарона», фақат мутацияларга асосланган башоратидан ҳам анча кам. «Қаримайдиган инсон» ҳақидаги назарий 1700 йилдан эса қиёслаб бўлмас даражада узоқда.

 

Тадқиқот муаллифларининг хулоса қилишича, қаришга қарши энг маъқул даволаш усуллари пайдо бўлса ҳам, инсон умри, эҳтимол, тахминан 200 йил атрофида чегараланиб қолади. Боиси, ДНКдаги мутациялар, бошқа барча омиллардан мустақил равишда ҳам, ўз таъсирини кўрсатади.

 

Шу билан бирга, мутахассислар ҳозирги кунда ҳам энг ишончли усул — соғлом турмуш тарзи (чекмаслик, нормал вазнни сақлаш, яхши ухлаш, саратон касалликларини олдиндан аниқлаш текширувларидан ўтиш ва қон босими билан холестеринни назорат қилиш) эканлигини таъкидлашади. Бундай чоралар одамнинг умрини тахминан 10 йилга узайтириши мумкинлиги илмий жиҳатдан исботланган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//