Жамият
Кеча, 7 август куни Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси қошида Блогерлар ижодий кенгаши иш бошлагани маълум қилинди.
Хабарга кўра, кенгаш раиси этиб тилшунос, журналист ва блогер Элдор Асанов сайланган.
Таъкидланишича, мазкур кенгашнинг ташкил этилиши Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг замонавий медиа маконида масъулиятли контент яратиш, соҳа вакилларининг касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш ҳамда очиқ ва конструктив мулоқот майдонини шакллантиришга қаратилган изчил фаолиятининг навбатдаги муҳим босқичи ҳисобланади.
Бироқ Асановнинг ўзи кенгаш раислигидан воз кечганини билдирди.
“Эрталабдан Ўзбекистон журналистлари уюшмаси ҳузурида Блогерлар кенгаши тузилди ва унга Элдор Асанов раис бўлди, деган хабарлар тарқалди. Шу масалада тушунтириш бериб ўтишни лозим топдим.
Кеча, 7 август куни Уюшма бир гуруҳ блогерларни йиғиб, Блогерлар кенгаши тузиш мақсадини эълон қилди ва унда раисликни менга таклиф қилди”, дейди у.
Асановнинг айтишича, у кенгаш ўрнига клуб тузишни, клуб орқали журналистлар билан мулоқот қилиб туришни, уларни қўллаб-қувватлашни ва бундай клубга раҳбар керак эмаслигини айтган. Шунга қарамай, Журналистлар уюшмаси вакиллари, албатта, кенгаш кераклигини ва унга бир раис кераклигини айтиб, ёрдам беришини илтимос қилишган. Кейин у маслаҳатлашиб кўришини билдирган ва масалани кенг ёритмай туришларини сўраган. Аммо янгилик тарқалган ва кутилгандек реакция бўлган.
“Аслида давлат ташкилотлари, нодавлат ташкилотлари ҳузурида турли (жамоатчилик, васийлик, экспертлик, ижодий ва ҳ.к.) кенгашлар бор. Улар ҳар замонда йиғилиб, жамоатчилик фикрини ташкилот вакилларига етказиб туради, таклифлар беради. Кенгаш аъзолари одатда жамоатчилик асосида ишлайди, яъни ўртада моддий манфаат ҳам йўқ. Бу ҳам шу каби бир оддий кенгаш эди.
Эрталабдан бир дунё хейт ва ортиқча гап эшитиб олдим. Воқеалар кутганимдек ривожлангани учун кенгашнинг келажакдаги фаолияти ҳам нотўғри талқинлар гирдобида қолишини тахмин қилдим. Биринчи кунданоқ мен берган таклифга риоя этилмагани айниқса кўнглимни хира қилди.
Шу боис уюшма раҳбариятига телефон қилиб, раисликдан воз кечганимни хабар қилдим. Кўрсатилган ишонч учун миннатдорман, ташкилот фаолиятини компетенциям доирасида доим қўллаб-қувватлайман, аммо бундай ташаббуслар қандай кутиб олинишини ва бунинг оқибатини яхши билганим учун шундай қарорга келдим. Менга ортиқча босим керак эмас, асосий фаолиятим билан боғлиқ муаммоларим етарли”, деган Элдор Асанов ўз саҳифасида.
Шунингдек, у кенгаш фаолияти фойдали ва самарали бўлишига умид билдириб, уюшмага бу ташаббусда омад тилаган.
Маълумот учун, шу йилнинг 3 июнь куни ўтказилган “Лойиҳалар куни” тақдимот тадбирида блогерларнинг касбий салоҳиятини ошириш, уларнинг медиа саводхонлигини ривожлантириш, ёш блогерлар авлодини шакллантириш ҳамда иқтидорли контент яратувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Блогерлар ижодий кенгаши”ни тузиш ташаббуси илгари сурилган эди.
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
78183
Жамият
56937
Жамият
56191
Жамият
51236
Жамият
//
Изоҳ йўқ