Туркий дунё фуқаролари ўзаро визасиз ҳаракатланиши мумкин

Сақлаш
16:47 / 06.08.2026 47 0

Туркий давлатлар ташкилоти Туркия расмийлари билан биргаликда ТДТга аъзо давлатлар фуқароларига хорижий паспортларсиз, миллий гувоҳномалар (паспорт, ID)нинг ўзи билан чегараларни кесиб ўтиш имконини берувчи Turkic ID лойиҳаси устида ишлаламоқда. Бу ҳақда Оқ партия раиси ўринбосари Куршад Зорлу Анқара шаҳрида бўлиб ўтган тадбирда маълум қилди.

 

Ушбу ташаббус фуқароларнинг туркий давлатларда ҳаракатланишини соддалаштириш, иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, туризмни ривожлантириш ва туркий дунё давлатлари ўртасида гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган. Ҳозирда ТДТга аъзо давлатлар лойиҳада иштирок этмоқда. Кузатувчи мақомига эга бўлган Туркманистон ҳали бу ташаббусга қўшилишини эълон қилмади.

 

Агар лойиҳа тўлиқ амалга оширилса, бу туркий дунё тарихидаги энг муҳим интеграция босқичларидан бири бўлиб, одамларнинг эркин ҳаракатланиши, бизнес ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар очади. Қайд этилишича, ушбу тартиб ҳозирга қадар Озарбойжон ва Шимолий Кипр турк республикалари ўртасида амал қилади.

 

Бу ҳақда гапирган Зорлу саёҳатларга оид рақамларга ҳам тўхталиб ўтди. Унга кўра, Туркиядан туркий давлатларга саёҳат қилувчилар сони йилига 1 миллион нафарни, туркий давлатлардан Туркияга саёҳат қилувчилар эса тахминан 3,5 миллион нафарни ташкил этади. Ушбу кўрсатгичларни ошириш учун авиакомпаниялар билан музокаралар олиб бориш ҳамда нархларга ва рейсларга ўзгартиришлар киритиш назарда тутилган.

 

Тадбирда Куршад Зорлу шунингдек, умумий музей картаси ҳақида ҳам сўз юритган. Қайд этилишича, бу ва яна туркийларни бирлаштирувчи қатор сюрпризлар ҳақида октябрь ойи охири, Туркия Республикаси байрами кунида бўлиб ўтадиган, Туркиянинг ўзи мезбонлик қилиши кутилаётган ТДТнинг 13-сессиясида батафсил маълумот берилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//