Энди маҳалла раислари хусусий боғча, мактаб, клиника ва спорт иншоотлари қуриш учун ерни аукционга чиқариш ваколатига эга бўлади

Сақлаш
19:04 / 16.07.2026 106 0

Ўзбекистонда маҳаллаларда хусусий боғча, мактаб, клиника ва спорт иншоотлари қуриш учун ерни аукционга чиқариш ваколати ҳам маҳалла раисларига берилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил қилиш бўйича видеоселекторда айтиб ўтилди.

 

Таъкидланишича, Янги Қува маҳалласи мисолида аҳолини иш билан таъминлаш ва даромадини ошириш бўйича янги тартиб кўрсатиб ўтилди. Ушбу маҳаллада 51 нафар ишсиз фуқаро бор, уларнинг 4 нафари агротехникумни битирган ва хонадонида 10 сотихдан томорқаси мавжуд. Маҳалла раиси томорқада гул кўчатига ихтисослашган енгил конструкцияли иссиқхона қуриш учун маҳалла банкирига буюртма беради.

 

Қолган ишсиз аҳоли бўйича ҳам маҳалла раиси ким тадбиркор бўлмоқчи, қайси оила даромадини оширмоқчи, кимга кредит, ускуна ёки ер кераклигини аниқлаб, банкирга аниқ вазифа қўяди. Янги Қува маҳалласида боғча етишмаслиги сабаб 50 нафар бола қўшни маҳаллага қатнаяпти, ҳудудда эса 70 сотих бўш ер бор.

 

Шу муносабат маҳаллаларда хусусий боғча, мактаб, клиника ва спорт иншоотлари қуриш учун ерни аукционга чиқариш ваколати ҳам маҳалла раисларига берилади.

 

Бундан ташқари, йиғилишда маҳаллалар бюджетини мустаҳкамлаш бўйича ҳам янги ташаббуслар илгари сурилди. Жорий йил маҳаллалар бюджетига 600 миллиард сўм маблағ қолиши режа қилинган эди. Июнь ойидаги Президент фармони билан маҳаллада қоладиган ер ва мол-мулк солиғининг улуши 10 фоиздан 15 фоизга оширилди.

 

Санитария қоидаларини бузганлик ва ноқонуний қурилиш учун жарималарнинг 10 фоизи маҳаллага тушадиган бўлди. Шунингдек, 5 минг квадрат метргача бўш биноларни маҳалланинг ўзи сотувга чиқаришига рухсат берилди. Бунинг ҳисобидан маҳаллалар бюджетига яна 405 миллиард сўм тушади.

 

Энди маҳалладаги нотурар объектлардан тушган ер ва мулк солиғининг 5 фоизи ҳам маҳалланинг ўзига берилади. Бу орқали маҳаллалар ихтиёрида йилига яна 400 миллиард сўм маблағ қолади. Йил давомида энг кўп тадбиркорларни рўйхатга олган, энг кўп янги иш ўрни яратган, тушум даражаси энг юқори бўлган ва энг кўп қўшимча солиқ базаси топган 200 та маҳаллага 2 миллиард сўмдан мукофот берилади.

 

Умуман, янги ташаббуслар ҳисобига маҳаллалар бюджетига тушум бу йил 1 триллион 600 миллиард сўмга, келаси йилдан эса 2 триллион сўмга етади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//