Танқид қилинаётган темир бекатларни “яшил бекат”ларга алмаштириш таклифи берилди

Сақлаш
12:35 / 14.07.2026 53 0

Тошкент шаҳрида жамоат транспорти бекатларини модернизация қилиш жараёни ҳамон турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Айниқса, ҳаво ҳарорати кескин кўтарилган бир шароитда пойтахтда янги қурилаётган аксарият бекатларда соя ва салқинлик етарли эмаслиги фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Экологик партияси ушбу эътирозларга ўз таклифлари билан чиқди.

 

Партия БРТ тизимини янада ривожлантириш билан бир қаторда, унинг бекатларини ҳам замонавий, экологик ва иқлим шароитига мос талаблар асосида такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади.

 

“Дунё тажрибасида автобус бекатларини кўкаламзорлаштириш, уларнинг том қисмига ўсимликлар экиш, қуёш панеллари ўрнатиш, энергия тежамкор LED ёритиш тизимларидан фойдаланиш, соя ва табиий ҳаво айланишини таъминлайдиган конструкцияларни жорий этиш амалиёти кенг қўлланилмоқда.

 

 

Партиямиз Тошкент шаҳрида “Яшил бекат” лойиҳасини пилот тартибида йўлга қўйишни таклиф этади”, дейилади партия мурожаатида.

 

Келтирилишича, дастлаб 10–20 та бекатда қуйидаги ечимларни синовдан ўтказиш мақсадга мувофиқ:

 

– қуёш нуридан тўлиқ ҳимоя қилувчи кенг ва иссиқликни қайтарувчи том конструкцияси;

– қуёш панеллари ва энергия тежамкор ёритиш тизими;

– иссиқ ва қуруқ иқлимга чидамли, кам сув талаб қиладиган маҳаллий ўсимликлар;

– табиий ҳаво айланишини таъминлайдиган очиқ ва хавфсиз конструксиялар;

– имкониятдан келиб чиқиб, велосипед турар жойлари ва ёмғир сувини йиғиш тизими.

 

Қайд этилишича, ушбу тажрибани тўғридан-тўғри кўчириш эмас, балки уни Тошкентнинг жазирама ва қуруқ иқлимига мослаштириш муҳимдир. “Яшил бекатлар” нафақат йўловчиларга соя ва қулайлик яратади, балки шаҳар ҳавосидаги чангни камайтириш, кичик яшил ҳудудларни кўпайтириш, энергияни тежаш ва пойтахтнинг экологик қиёфасини яхшилашга ҳам хизмат қилади.

 

“Шу муносабат билан мутасадди ташкилотларни янги қурилаётган ва фойдаланишга топширилган бекатларнинг қулайлиги, сояланиш даражаси ва иқлимга мослигини қайта кўриб чиқишга, фуқаролар фикрини ўрганишга ҳамда илғор экологик ечимларни жорий этишга чақирамиз”, дейилади муносабатда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//