Кичик сайёраларга ўзбек олимларининг номи берилди

Сақлаш
12:02 / 13.07.2026 66 0

2026 йил 9 июль куни Халқаро астрономия жамиятининг Кичик жисмлар бўйича қўмитаси (WGSBN) томонидан эълон қилинган расмий баёнотда икки кичик сайёра астероидга Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Астрономия институтининг икки нафар олими — Камолиддин Эргашев ва Отабек Бурҳонов номлари берилгани маълум қилинди

 

Хабарга кўра, янги номлар WGSBN Бюллетенининг 6-жилд, 11-сонида эълон қилинган. Эндиликда халқаро астрономик каталогларда ушбу осмон жисмлари (131358) Камолергашев ва (121339) Отабекбуркҳонов номлари билан қайд этилади.

 

«Халқаро каталогларда дастлаб 2001 КА2 рақами билан рўйхатга олинган астероид 2001 йил 19 майда Чехиядаги Ондрежов обсерваториясида чех астрономлари томонидан кашф этилган. Ушбу астероидга Астрономия институти катта илмий ходими Камолиддин Эргашев шарафига «Камолергашев» номи берилди», дейилади хабарда.

 

 

Расмий номлаш изоҳида Камолиддин Эргашев 2007 йилда Астрономия институтининг Астероидлар тадқиқотига қўшилгани ва 2024 йилда шу йўналишда фалсафа доктори илмий даражасини олгани таъкидланган. Унинг илмий фаолияти астероидлар фотометрияси, равшанлик эгри чизиқларини таҳлил қилиш, астероидларнинг физик хусусиятларини аниқлаш, шунингдек, астероид жуфтликлари, кластерлари ва қўшалоқ астероид тизимларини кузатиб ўрганишга қаратилгани айтилган.

 

«Халқаро каталогларда дастлаб 1999 ТО15 вақтинчалик белгиланишига эга бўлган астероид 1999 йил 13 октябрда чехиялик астрономлар томонидан кашф этилган. Астероидга Астрономия институти лаборатория мудири Отабек Бурҳонов шарафига «Отабекбуркҳонов» номи берилди», дейилади хабарда.

 

 

Расмий изоҳда Отабек Бурҳонов 2000 йилдан буён Улуғбек номидаги Астрономия институтида фаолият олиб бораётган астроном сифатида қайд этилган. У 2005 йилда фан номзоди илмий даражасини олган. Олимнинг тадқиқотлари оптик фотометрияга бағишланган бўлиб, астероидларнинг равшанлик эгри чизиқларини ўрганиш, ўзгарувчан юлдузлар, гравитацион линзаланган квазарлар ҳамда Майданак обсерваториясида гамма-чақнашларнинг кейинги оптик кузатувларини қамраб олади.

 

Астероидларга олимларнинг исмини бериш уларнинг илмий фаолияти ва фан ривожига қўшган ҳиссасини халқаро миқёсда эътироф этишнинг ўзига хос шаклидир. Энг муҳими, тасдиқланган номлар халқаро астрономик номенклатурага киритилади ҳамда келгусидаги илмий мақолалар, каталоглар ва эфемеридаларда объектларнинг расмий номи сифатида қўлланади. 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//