“Ҳақиқат қаршисида тазарру” – “Тафаккур” журналининг янги сонида нималарни ўқиймиз?

Сақлаш
17:09 / 09.07.2026 59 0

“Испанча уят” тушунчаси ҳам жуда теран. Инсон ўзгалар қилмишидан-да уяла билса – унинг қалби ҳали тирик. Аммо бугун баъзан ноҳақликни кўриб индамаймиз, ҳатто унга шерикдек, уни маъқуллаган каби чапак чаламиз. Бу фақат ахлоқий оғиш эмас, виждоннинг секин-аста ҳалокатга юз тутмоғи эмасми?! Баъзан ўйлайман: биз ахборот кўпайган замонда яшаяпмиз, бу бир тарафдан яхши, аммо маънавий ҳушёрлик сусайиб кетмаяптими? Одамлар ҳақиқатдан кўра шовқинни хуш қабул қилмаяптими? Қийматлар эмас, қийқириқлар қадрланиб қолмаяптими? Ғафлат – билмасликдан туғилади, аммо бугуннинг хатари – билиб туриб бефарқ бўлмоқдир. Замонавий уятсизликнинг энг қўрқинчли жиҳати – унинг одатга айланаётганида. Агар ёлғон оммалашса, маддоҳлик истеъдод саналса, ҳақиқат кулги бўлиб кўринса... бу – маънавий иқлимнинг қаҳратони бўлмай нима, ахир?!” “Қуёшни кафт билан тўсмоқ” суҳбатида глобаллашув муҳитида қадрият, минталитет, миллийликнинг ўлчамларида кечаётган манзаралар ҳақида гап боради. Шоира Фарида Афрўз билан бўлган суҳбатнинг тўлиқ матнини “Тафаккур” журналининг 2026 йил 2-сонида ўқинг.

 

“Назаримизда, партияларнинг мафкуравий асослари ва дастурий ғоялари умумий ва бир-бирига ўхшаш тарзда ифодаланган бўлиб, улар орасидаги принципиал фарқни илғаш қийин. Партиявий платформаларда илгари сурилаётган ғоялар халқчилликдан йироқ. Уларнинг ташқи сиёсат бўйича позицияси ҳам аниқ эмас. Умуман олганда, жамоатчилик ва партиялар доирасида мафкуравий дискурс суст бўлгани боис партиялар ўз фаолиятига асос қилиб олган ғояларга жиддий ишлов берилмаган. Масалан, либерал-демократия ғояси бугунги кунда жаҳон сиёсати ҳамда илмий доираларда турлича талқин қилинмоқда, хусусан, либерализм таназзули ҳақида баҳслар авж олган.” Юқорида келтирилган парча Санжар Саидовнинг “Рақобатсиз тараққиёт бўлмас” мақоласидан олинган. Унинг тўлиқ матни билан журнал саҳифаларида танишасиз.

 

“Болаларда ўз она тили – ўзбек тилини билиш даражаси тушиб кетяпти. Чунки биринчи синфга қатнайдиган, мактабдан сўнг уйини топиб келиши ҳам қийин бўлган жужуқ бир эмас, учта тилни ўрганишга мажбур. Аслида, у ҳали она тилида бир амаллаб гапиради, у ёғини сўрасангиз. Бунақа “ақлий штурм”нинг нафидан кўра зиёни кўпроқ бўлмасмикан? Яна, рус ва инглиз тили дарслари учун бу соатлар асосан ўзбек тили ҳисобидан олиб берилади. Яъни боланинг она тилини билиш даражаси ўсмай қолади. Биз тил билиш деганда тест саволларига жавоб бериб, балл тўплашни эмас, бирон воқеани чиройли баён этиб қоғозга тушира олиш, маданиятли одам бўлиб гапириш каби бирламчи талабларни кўзда тутяпмиз.” Журналнинг “Ақл мунозараси” рукнида Зуҳриддин Исомиддиновнинг “Булбул очган какку боласи” мақоласини ўқийсиз. Унда мактабларда ўқитилаётган хорижий лисонлар ва ўзбек тилини бой бериш хавфи ҳақида сўз боради.

 

Журналнинг кейинги саҳифаларидан “Бузилган низом, йўқолган ишонч” (Фазлиддин Равшанов), “Юракдаги чақинлар” (Эшқобил Шукур), “Ўзбекча рангтасвир йўли” (Гулгора Раҳмон), “Ҳақиқат қаршисида тазарру” (Аҳмаджон Мелибоев) мақолалари, “Мардуд. Тасалли” (Виктор Алимасов) эссеси, “Тил кечирса ҳам дил кечирмас” (Назира Боймуродова), “Куни иримга қолган илм” (Бернард Шоу. Рус тилидан Шоҳсанам Рўзимат қизи таржимаси) ҳикматлари ҳамда “Мутолаа – виждон тавбаси” (Ойдиннисо) мутолааси ўрин олган. Журналнинг талқин ва тадқиқотлар рукнида “Инсоний, виждоний вазифа” (Гулноза Нуртоева), “Бордан – сарват, йўқдан – меҳнат” (Шоазим Шозамонов, Гавҳаршодбегим Холматова), “Шайбонийлар: сиёсат ва адабиёт” (Рустам Жабборов), “Икки ой нишонланган байрам” (Шавкат Бобожонов) мақолалари эълон қилинган.

 

“Ўткан кунлар”да муаллиф уятсизликни шунчаки айб эмас, маънавий ҳалокат сифатида талқин қилади. Инсон баъзан оғир ҳақоратни кечирар, аммо “уятсиз” деган сўз кўнглини умрбод оғритиши мумкин. Демак, бу калимада халқнинг ахлоқий мезонлари мужассам. Бугун эса афсуски, биз хавфли бир чегарага келиб қолгандекмиз. Илгари одамлар гуноҳдан уяларди, бугун эса маъсиятини кўз-кўз қилишдан тортинмайди ҳам. Илгари номақбул ишлар пичирлаб гапириларди, бугун эса қарсаклар билан кутиб олинади. Бу ҳол... одамни қўрқитади. Зеро, ёмонликнинг оддий ҳолга айланиши – улкан ижтимоий фожиа!” “Қуёшни кафт билан тўсмоқ” суҳбатидан олинган ушбу парчани журналнинг мазкур сонига хулоса ўрнида келтирдик. “Тафаккур” билан хавфли чегараларда огоҳ туринг.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//