30 йилдан ошган автомобиллар учун жарима тўлаш тартиби бекор қилинди

Сақлаш
12:24 / 09.07.2026 90 0

Энди ишлаб чиқарилганига 30 йил ва ундан ортиқ бўлган автотранспорт воситалари эгаларининг ҳар йили БҲМнинг 30 баробари миқдорида экологик компенсация тўлаши бекор қилинмоқда. Бу ҳақда 8-июль куни Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги хабар берди.

 

Таъкидланишича, ҳукумат маъмурчилик ва мажбурлаш ўрнига, аҳолини иқтисодий рағбатлантирувчи бозор механизмларига эътибор қаратмоқда. Шу сабабли кўплаб баҳсларга сабаб бўлган мажбурий чора кенг жамоатчилик муҳокамалари ва келиб тушган эътирозлар асосида лойиҳадан бутунлай чиқариб ташланмоқда.

 

Қайд этилишича, Республикадаги қарийб 5 миллионга яқин автотранспорт воситаларининг 100 мингтаси носоз ҳолатда бўлиб, улар шаҳарлардаги жами зарарли ташламаларнинг 63 фоизига сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга, битта эски автомобиль утилизация қилинганда унинг вазнига қараб тонналаб металл ва пластикдан ташқари 50 килограммгача хавфли қаттиқ чиқиндилар ҳам ажралиб чиқади. Шу сабабли экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда автомобиль паркини янгилаб бориш мақсадида махсус меъёрий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган эди.

 

Энди эса очиқ ва шаффоф тендерлар асосида бир-биридан мустақил бўлган автомобилларни баҳолаш ҳамда қайта ишлаш корхоналари тармоғи яратилади. Эски автотранспорт воситалари бозор қийматида адолатли баҳоланади, ҳатто ҳаракати чекланган носоз машиналарни ҳам мутахассислар жойига чиққан ҳолда кўрикдан ўтказади. Автомобиль эгаларига баҳоланган қиймат миқдорида нақд пул тўланади ёки махсус ваучерлар тақдим этилади.

 

Шунингдек, фуқаролар ушбу ваучерлардан расмий дилерлардан янги автомобиль сотиб олишда бошланғич тўлов сифатида фойдаланишлари мумкин бўлади. Бунда янги машина нархидан ваучер қиймати чегириб ташланиб, қолган суммани 2 йилдан 7 йилгача бўлган муддатга мутлақо фоизсиз, бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилиши кўзда тутилмоқда.

 

Агарда фуқаро берилган ваучердан фойдаланмасликка қарор қилса, унинг қийматини бир ой ичида нақд пул шаклида қайтариб олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//