«Қўқон ҳолваси» географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди

Сақлаш
16:11 / 08.07.2026 58 0

Фарғона вилоятига хос «Қўқон ҳолваси» Адлия вазирлиги томонидан географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда Intelлектуал мулк агентлиги хабар берди.

 

Тарихий манбаларга кўра, Қўқон шаҳри қадимдан ҳунармандчилик ва миллий қандолатчилик ривожланган масканлардан бири ҳисобланади. Айнан шу ҳудудда шаклланган Қўқон ҳолваси ўзининг анъанавий тайёрлаш усули, таъми ва сифати билан нафақат мамлакатимизда, балки хорижда ҳам эътироф этилган.

 

Маҳсулотнинг географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилиши унинг номи ва анъанавий тайёрлаш технологиясининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлайди, шунингдек, маҳсулотнинг ўзига хослиги ва сифатини сақлашга хизмат қилади.

 

Мазкур рўйхатга олиш Фарғона вилоятининг гастрономик меросини асраш, ҳудуднинг миллий брендини ривожлантириш ҳамда уни халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш учун муҳим аҳамият касб этади.

 

Маълумот учун: географик кўрсаткич — маҳсулотнинг маълум бир ҳудудга мансублигини ҳамда унинг сифати, шуҳрати ва ўзига хос хусусиятлари айнан шу ҳудуднинг табиий-иқлимий ва ижтимоий-маданий омиллари билан боғлиқлигини тасдиқловчи интеллектуал мулк объектидир.

 

Аввалроқ Ғиждувон кулолчилик буюмлари, «Тошкент тўй оши», Бухоро вилоятига хос «Софи Оши», Зомин қозон патир, «Самарқанд қоғози», «Самарқанд нўхат шўраги», «Андижон дўпписи» ва «Сўқоқ сомсаси» кабилар ҳам географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилгани ҳақида хабар берилган эди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//