Жамият
Шавкат Мирзиёев 7-июль куни давлат бошқарувининг ягона интеграциялашган рақамли платформасини жорий этиш, стартаплар экотизимини ривожлантириш ҳамда телекоммуникация соҳасида тадбиркорлик муҳитини яхшилаш юзасидан тақдимот билан танишди.
Хабар қилинишича, давлат бошқарувида маълумотлар базалари ва ахборот тизимлари турли идоралар кесимида тарқоқ ҳолда шакллангани, уларни таҳлил қилиш ва қарор қабул қилиш жараёнларида ягона ёндашув етишмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Шу боис, давлат бошқарувининг ягона интеграциялашган рақамли платформасини босқичма-босқич жорий этиш таклиф қилинди. Мазкур тизим орқали ҳудуд иқтисодиёти, инвестиция, экология, хавфсизлик масалалари, аҳолини қийнаётган муаммолар, маҳаллаларнинг фаровонлик даражаси, фазовий маълумотлар, объектлар ва харита қатламлари ягона платформада акс эттирилади.
Платформа сунъий интеллект технологиялари асосида маълумотларни таҳлил қилиш, ҳудудлар кесимида муаммоларни барвақт аниқлаш, қарорлар ижросини мониторинг қилиш, ресурсларни тўғри йўналтириш ва бошқарув самарадорлигини ошириш имконини беради. Давлат раҳбари жорий йилда ушбу рақамли бошқарув тизимини пойтахтда, келгуси йилдан эса барча ҳудудларда жорий қилиш зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, миллий навигация тизимини яратиш таклифи билдирилди. Бугунги кунда мамлакатимизда мазкур йўналишда асосан хорижий платформалардан фойдаланилаётгани қайд этилди. Миллий навигация тизими геомаълумотларни ягона стандарт асосида шакллантириш, транспорт, логистика, тезкор хизматлар, шаҳарсозлик ва давлат хизматларини сифатли ташкил этишга хизмат қилади.
Соҳада ўзи ишини бошламоқчи бўлган ёшлар учун “Келажак тадбиркори” дастури доирасида 2 йил имтиёзли давр билан 7 йил муддатга 15 фоиз ставкада 530 миллион сўмгача кредитлар ажратиш таклиф қилинди. Олис ва чекка ҳудудларда фаолият юритадиган тадбиркорлар учун имтиёзли тариф режалари ишлаб чиқилади.
Тақдимот давомида Ўзбекистон БМТнинг “Электрон ҳукумат” рейтингида 24 поғона юқорилагани, 2030 йилга қадар мамлакатни ушбу йўналишда кучли 30 та давлат қаторига киритиш мақсад қилингани ҳам маълум қилинди.
Президент таклифни маъқуллаб, давлат идоралари маълумотларини интеграция қилиш, рақамли хизматлар сифатини ошириш, киберхавфсизлик ва шахсий маълумотлар ҳимоясини таъминлаш, соҳада хусусий сектор учун янада қулай муҳит яратиш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.
Жамият
Жамият
Илм-фан
Сиёсат
Илм-фан
Сиёсат
78140
Жамият
56918
Жамият
56170
Жамият
51222
Жамият
//
Изоҳ йўқ