Бола ҳуқуқлари ва зўравонликдан жабрланганларни ҳимоя қилишга қаратилган қонунчилик такомиллаштирилди

Сақлаш
14:57 / 07.07.2026 60 0

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқларининг кафолатларини янада кучайтиришга ҳамда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун имзоланди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Шайхонтоҳур туман “Инсон” ижтимоий хизматлар марказида мазкур қонун юзасидан очиқ мулоқот  бўлиб ўтди.

 

Унда Агентлик масъул ходимлари қонундаги муҳим ўзгартириш ҳамда қўшимчалар бўйича маълумот бериб ўтди.

 

Таъкидланишича, қонун билан 2 та кодекс ва 4 та қонунга муҳим ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилди.

 

Оила кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги ҳамда Васийлик ва ҳомийлик тўғрисидаги қонунларга боланинг энг устун манфаатлари тушунчаси киритилди.

 

Мазкур тамойил БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ бўлиб, Грузия, Туркия, Россия, Руминия, Озарбайжон, Малайзия ва Молдова каби давлатлар қонунчилигида ҳам ўз аксини топган.

 

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги Қонунга киритилаётган ўзгартиришларга мувофиқ:

 

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига жабрланган шахслар манфаатларини кўзлаб судга давлат божини тўламасдан мурожаат қилиш ва уларнинг манфаатларини судда ваколатли вакил орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқи берилади.

 

Бу амалиёт Туркия, Грузия ва Буюк Британия тажрибасига ҳам мос келади.

 

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахс реабилитация марказига жойлаштирилганда:

 

унинг иш жойи (лавозими) сақлаб қолинади;

 

бир ойдан ошмаган муддатга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштириш учун ҳуқуқий асос яратилади.

 

Натижада тазйиқ ва зўравонликка учраган аёлларга давлат ижтимоий суғуртаси орқали тегишли нафақалар тайинланиб, уларнинг оғир ҳаётий вазиятда даромадсиз қолишининг олди олинади.

 

Давлат божи тўғрисидаги қонунга киритилаётган ўзгартиришларга кўра, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги ташкилотлар ҳам фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод этилади.

 

Мулоқотда ушбу ўзгартишлар болалар ҳамда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини янада самарали ҳимоя қилиш, уларнинг адолатга эришиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда ижтимоий ҳимоя тизимининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//