Самарқанд Марказий Осиёда экологик барқарор ва замонавий “яшил шаҳар” намунасига айлантирилади

Сақлаш
12:12 / 07.07.2026 63 0

Самарқанд шаҳрида жамоат транспорти ва такси хизматини 2030-йилгача тўлиқ электр транспортига ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Президентга Самарқанд шаҳрида Green Samarkand моделини жорий этиш бўйича тақдимотда хабар қилинди.

 

Лойиҳага кўра, Самарқанд Марказий Осиёда экологик барқарор, иқлимга мослашган ва замонавий “яшил шаҳар” намунасига айлантирилади.

 

2030-йилгача шаҳарда зарарли ташламалар ҳажмини камайтириш, ПМ2.5 ва ПМ10 заррачаларини 50 фоизга қисқартириш, қурилиш объектларидан чиқадиган чангни 80 фоизга камайтириш ҳамда яшил ҳудудлар улушини 30 фоизга етказиш режалаштирилган.

 

Шунингдек, “Яшил Самарқанд” лойиҳа офиси ташкил этилади. Шаҳарда янги қуриладиган ва реконструкция қилинадиган объектлар учун “яшил қурилиш” талаблари мажбурий бўлади.

Транспорт соҳасида 50 та электробус харид қилинади, 150 та янги светофор ўрнатилади. 2030-йилгача жамоат транспорти ва такси хизматини тўлиқ электр транспортига ўтказиш чоралари кўрилади.

 

Шу билан бирга, Park & Ride тизими жорий этилиб, пиёдалар ҳаракати устувор бўлган яшил туристик ҳудудлар ташкил қилинади, шаҳар марказига шахсий автотранспорт кириши босқичма-босқич камайтирилади.

 

Бундан ташқари, Самарқандда камида 4 та сунъий кўл, 10 та янги фаввора қурилади, 319 километр ариқлар тизими тикланади. Шаҳар атрофида 102,7 километрлик “яшил белбоғ” ташкил этилади. 300 гектар майдонда Green City Samarkand ҳудудини яратиш, Zero Waste Samarkand тизимини жорий қилиш ва Carbon Neutral Samarkand йўл харитасини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//