Сиёсат
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган Ислом цивилизацияси Халқаро форумининг очилиши муносабати билан форум иштирокчиларига мурожаат йўллади.
“Дунёнинг қирқдан ортиқ мамлакатларидан ташриф буюрган таниқли олимлар, нуфузли халқаро ташкилотларнинг вакиллари, давлат ва жамоат арбоблари, маданият ва диний конфессиялар намояндалари иштирок этаётган ушбу анжуманнинг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилаётгани чуқур тарихий ва рамзий маънога эга. Бу йирик халқаро тадбир жаҳон ҳамжамиятининг ислом цивилизациясига, унинг бой маънавий, илмий ва маданий меросига қизиқиш ва эътибори ортиб бораётганидан далолат беради”деди Президент.
Давлат раҳбари бутун инсониятнинг умумий бойлиги бўлган бу ноёб меросда минтақанинг ҳам муносиб ҳиссаси борлигини, мамлакат жаҳон илм-фани, маърифат ва маънавиятининг эътироф этилган йирик марказларидан ҳисобланишини таъкидлади. Шунингдек, “Улуғ ватандошларимиз – Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур Мирзо, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний сингари мумтоз алломаларнинг бебаҳо мероси жаҳон тафаккур хазинасидан муносиб ўрин эгаллайди”, дея айтиб ўтди.
“Юртимиз тарихида амалга оширилган, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс деб ном олган буюк юксалиш даврларида эришилган ноёб илмий-маданий ютуқлар ҳозирги кунда ҳам инсониятни янги марралар сари руҳлантириб келмоқда. Бугунги кунда Янги Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорликда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлидан қатъият билан бормоқда”, деди Президент.
Шавкат Мирзиёев мамлакатда ислом цивилизациясининг бой ва бетакрор меросини қайта тиклаш, асраб-авайлаш, ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини ҳам таъкидлади.
“Марказ қисқа вақт ичида ўтмиш билан келажакни, Шарқ билан Ғарбни, қадим анъаналар билан замонавий илмий ютуқларни ўзаро боғлайдиган интеллектуал кўприкка айланди. Шу боис, биз Ислом цивилизацияси I халқаро форумини турли давлатлар ва халқаро ташкилотлар, илмий марказлар, университетлар ва музейлар, кутубхоналар ва тадқиқот институтларининг интеллектуал салоҳиятини бирлаштирувчи глобал ҳамкорликнинг янги босқичи деб баҳолаймиз ва бу борада қўшма ҳаракатлар дастури қабул қилинишига умид билдирамиз”, деди давлат раҳбари.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев нутқ сўнгида Ислом сивилизатсияси марказида фундаментал илмий тадқиқотлар ўтказиш, халқаро форум ва конференсиялар ташкил этиш, қўшма нашрлар тайёрлаш, таълим дастурларини амалга оширишда барча иштирокчиларни ҳамкорликка чақирди.
Жаҳон
Илм-фан
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
78135
Жамият
56917
Жамият
56167
Жамият
51218
Жамият
//
Изоҳ йўқ