«Ортиқча хавотирга ҳеч қандай асос йўқ» – ЎзР ФА

Сақлаш
12:33 / 06.07.2026 57 0

Хабарингиз бор, бугун ижтимоий тармоқларда Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи ёпилаётгани ҳақида хабар тарқалди.

 

Ўзбекистон Фанлар академияси ҳолат юзасидан билдирган расмий муносабатга кўра, айрим маълумотлар нотўғри ёки тўлиқ бўлмаган талқинларда ёритилаётгани жамоатчилик орасида турлича муносабат ва асоссиз хавотирларни келтириб чиқармоқда.

 

Маълум қилинишича, музейда амалга оширилаётган ишлар унинг фаолиятини тўхтатиш ёки маданий меросга зарар етказишга эмас, аксинча, ноёб қўлёзмалар, архив материаллари ва бошқа музей бойликларини янада ишончли шароитда сақлаш, уларни рақамлаштириш ҳамда келажак авлодларга безиён етказишга қаратилган. Амалга оширилаётган жараёнлар белгиланган тартиб ва меъёрий ҳужжатлар асосида ташкил этилмоқда ҳамда ортиқча хавотирга ҳеч қандай асос йўқ.

 

Таъкидланишича, музей учун Янги Тошкент шаҳрида янги бино ажратилган бўлиб, у ишга тушгунга қадар: музей фондидаги қўлёзма ва тошбосма манбалар, шунингдек, «Ўзбекистон ёзувчилари ва шоирлари архиви» фонди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига, музейнинг бошқа экспонатлари эса Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Антропология институтига вақтинчалик сақлаш учун кўчириб ўтказилмоқда.

 

«Бу ишларнинг асосий мақсади — янги музей биноси фойдаланишга топширилгунга қадар бебаҳо маданий меросимизни замонавий ва муносиб шароитларда сақлаш, унинг бутлиги ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда кейинчалик Алишер Навоий номидаги давлат Адабиёт музейининг янги биносига тўлиқ кўчиришдан иборат», дейилади муносабатда.

 

ФА асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиш борасидаги юксак эътибори ва хайрихоҳлиги учун самимий миннатдорчилик билдирди.

 

Маълумот ўрнида келтирилишича, 2026 йилнинг 9 июнь куни белгиланган меъёрий талаблар асосида музейнинг масъул ходимлари томонидан музейда сақланаётган 847 дона нодир қўлёзма манбалар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг махсус сақлаш хоналарига кўчирилиб жойлаштирилган. Айни пайтда қўлёзмаларни муҳофаза қилиш ва вақтинча сақлаш тартибига оид зарур ҳужжатлар расмийлаштириш босқичида турибди.

 

Ҳозирги вақтда музей томошабинлар ва тадқиқотчилар учун вақтинча ёпилган бўлса-да, муассаса ходимлари ўз хизмат вазифаларини тўлиқ бажармоқда. Айни пайтга қадар 1 491 дона тошбосма манба, 439 та папкадаги фото-нусхалар, 145 та папкадаги плёнка ва негативлар, шу билан бирга, 1 416 512 та ҳужжатни ўз ичига олган «Ўзбекистон ёзувчилари ва шоирлари архиви» фонди бирламчи хатловдан ўтказилган. Ҳозирда музей экспонатларини бирламчи хатловдан ўтказиш ишлари изчил давом этмоқда.

 

«Мазкур ишлар музей фаолиятини такомиллаштириш, унинг моддий-техник базасини яхшилаш ва маданий мерос объектларини янада ишончли муҳофаза қилишга қаратилган. Барча жараёнлар қонунчилик талаблари асосида, масъул мутахассислар иштирокида амалга оширилмоқда.

 

Шу сабабли жамоатчиликдан ижтимоий тармоқларда тарқалаётган асоссиз хабарларга эмас, расмий маълумотларга таянишларини сўраймиз», дейилади ФА расмий муносабатида.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//