Маданият
Дунёга машҳур каштачилар сирасига XIX асрнинг охири ва XX аср бошларида Ўзбекистон жанубида, Тожикистон ва Шимолий Афғонистонда яшаб келган лақай ва қўнғирот уруғининг ўзбек аёллари ҳам киради.
Маълумки, қўнғиротлар ҳозир ҳам Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари аҳолисининг салмоқли қисмини ташкил этади. Лақайлар эса XX аср бошларидаги сиёсий тузилмалар тазйиқи остида Тожикистон ва Афғонистонга кўчиб ўтишган.
Таъкидланишича, 1925-йилдан кейин лақай ва қўнғирот каштачилик анъанаси аста-секин сусая бошлаган. Ва шунинг учун ҳам фақат уларнинг санъати гуллаган даврдаги нодир маҳсулларгина бизни ўзининг экспрессив ранглар уйғунлиги ва сирли нақшлари билан завқлантиради, холос.
Лақай ва қўнғирот кашталарининг энг муҳим тури – халтача-илгич (бирор жойга осиб қўйиладиган тўрва) саналади. Уларнинг уч тури мавжуд: табоқлов, от-тўрва, ва увуқ-қоп. Табоқлов – идишларни сақлаш ёки ташиш учун конверт шаклида тўртбурчак ёки квадрат тўрвача (табақ – товоқ) саналган. От-тўрва эса байрам пайтида отларнинг кўкрагига осиб қўйиладиган тўрва бўлиб, у табоқловдан устки ёпқичининг йўқлиги билан фарқ қилади (яъни у конверт шаклига эга эмас).
Шунингдек, увуқ-қоп – кўчиш вақтида отларга ортиш учун икки бўлиб, тўплаб боғланган ўтовларнинг ўқларини, яъни синч таёқларини жойлашга мўлжалланган тўрва ҳисобланади. Илгичнинг бу тури чўзинчоқ бешбурчак шаклига эга. Шаклига кўра бу каштачилик буюми қўйларнинг жунини қирқишга мўлжалланган қайчиларни сақлаш учун тайёрланган қайчидон бўлган.
Бундан ташқари, кўчманчилар ҳаётида жуда ҳам қадрли саналган ойналарни сақлаш учун мўлжалланган – ойнахалта, чой солиб қўйиш учун – чойхалта, пул солиб қўйиш учун – пулхалта ва бошқа яна кўплаб махсус тикилган халтачалар мавжуд бўлган.
Ҳозиргача олимлар “дашт” каштачилик нақшларининг мазмунини тўлиқ очиб бера олишмаяпти. Улар орасида энг жумбоқлиларидан бири – лақайларнинг аёл гавдасига ўхшаш ўқ қопида учрайдиган, устида икки томонга тарвақайлаган бурама шох шаклидаги “қуббали (ёки гумбазли)” мотив ҳисобланади.
Ушбу мотивда қадимги туркийларнинг илоҳаси, ҳомиладор аёллар ҳомийси, тангричилик пантеонидаги асосий сиймолардан бири – Умай она билан боғлиқ белгилар яққол кўзга ташланади. Бачадон – Умай исмининг маъноларидан бири, шунинг учун ҳам бу мотивда бачадон образини кўришимиз учун етарли сабаблар бор.
Илм-фан
Илм-фан
Маданият
Жамият
Илм-фан
Жамият
78135
Жамият
56917
Жамият
56168
Жамият
51221
Жамият
//
Изоҳ йўқ