Маданият
“Рус тилида “фамилия” сўзи лотинча фамилиа сўзидан олинган. Бу атама Қадимги Римда оилани, уйдаги барча қариндош-қавмни билдирган – шу жумладан, қул, хўжайин ва қариндошларни умумлаштирган консептга эга бўлган. Рус тилига фамилия сўзи ХVII асрга яқин даврда кириб келган бўлиб, дастлаб клан, оилавий гуруҳ маъносини билдирган. Кейинчалик, ХВИИИ аср охири – ХIХ аср бошларида у ҳозирги “насл-насабни кўрсатадиган оилавий ном” маъносига эга бўлган. ХIХ-ХХ асрларда Россияда фамилия тушунчаси барқарор шаклга кирди. Масалан, ХVIII асргача шахсларни насаб ёки оилавий гуруҳ билан боғлаш учун махсус сўзлар бўлмаган, ҳатто славян тилида “прозвище, прозвание” (лақаб) ишлатилган. Кейинчалик фамилия оилавий номнинг стандарт атамаси бўлиб қолди.” Мазкур парча Қарши давлат университети таянч докторанти Ораста Шодмонқулованинг “Насл-насаб, оила идентификатори – фамилия тушунчаси тарихига назар” мақоласидан олинган. Турли тиллардаги “фамиля” терминининг этимологияси ва бугунги кундаги маъновий хусусиятлари таҳлилининг тўлиқ матни билан “Тил ва адабиёт таълими” журналининг 2026 йил 3-сонида танишинг.
“Одил Икром шеърларида замонавий инсоннинг руҳий изтироблари, ижтимоий дардлари ва кескин саволларини мумтоз шеъриятнинг кўп асрлик бадиий тафаккури билан уйғунлаштиради. Унинг ижодида ташбеҳ, истиора, ташхис, тазод, талмеҳ, таносуб, муболаға, такрор, ирсоли масал, тажоҳули ориф каби бадиий санъатлар ҳамда тасаввуфий қарашлар кенг қўлланган ва бу шоирнинг юксак поетик маҳоратини яққол кўрсатади. Улардан ҳар бирини алоҳида мисоллар орқали эмас, икки-уч бадиий санъат уйғунлашган мисралар воситасида кўрсатган маъқул. Бу, бир томондан, ўқувчининг вақтини тежайди, бошқа томондан эса, шоирнинг образ яратишдаги кўпқатламли услубини очиб беради.” “Шоир ким?” рукнида “Кўз ёшинг кўзингдан қадимийроқдир...” сарлавҳаси остида Шаҳриёр Шавкатнинг Одил Икром ижодига “юриш”ини ўқийсиз.
“Бугунги тил таълими амалиётида ўқитувчилар фаолиятида икки хил ёндашув кўзга ташланади. Айрим педагоглар ҳануз анъанавий қолиплардан чиқолмай, асосий эътиборни лингвистик компетенцияни шакллантиришга қаратмоқда. Бошқа бир гуруҳ эса дастур ва дарслик талабларига кўра, нутқий компетенцияларни ривожлантиришга урғу бермоқда. Биринчи ёндашувда ўқувчилар назарий билимга эга бўлса-да, уни амалий мулоқот жараёнида самарали қўллай олмайди. Иккинчи ҳолатда эса ўқувчилар она тилининг илмий асосларини етарлича англай олмайди. Ҳар икки ёндашув ҳам таълим самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади. Шу боис лингвистик ва нутқий компетенцияларни ўзаро уйғунликда ривожлантиришга хизмат қиладиган самарали методик механизмларни ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга жорий этиш долзарб илмий-методик вазифа бўлиб қолмоқда.” Андижон давлат педагогика институти профессори, педагогика фанлари доктори Валижон Қодировнинг Она тили таълими ва нутқ ўстириш жараёнида лингвистик ҳамда нутқий компетенцияларни биргаликда ривожлантириш ҳақида сўз борган “Она тили таълимида узилган ҳалқа” мақоласини мазкур сонда ўқийсиз.
Журналнинг кейинги саҳифаларида “Кўҳна жомадон бошлаб берган формула” (Шаҳобиддан Расулов), “Ҳам ошиқ, ҳам ориф хон” (Эргаш Очилов), “Мустақил фикрлаш ва нутқий компетенция” (Махсуда Обидова), “Толипованинг таҳрир мактаби” (Қундузхон Ҳусанбоева), “Бахт ўзи нимадир?” (Маҳмуда Валиева) мақолалари ҳамда “Францияда муҳим келишувларга эришилди” сарлавҳаси остидаги таълим янгиликларини ўқишингиз мумкин. Шунингдек, рус тили бўлимида “Аббос Саидов “Старик и его смирная собака” (Замира Нурманова), “По жизн с Абдулла Ариповым” (Николай Ильин), “Голос женщин в современной руской поэзии: творчество Веры Полозковой” (Илина Сиддикова), “Аудирование: уровни понимания и способы контроля при обучении иностранным языкам” (Саодат Исмаилова, Азиза Бедилова), “Эвфемизация как универсальная стратегия эколингвистики” (Тимур Алимов) каби мақолалар ўрин олган.
“Сунъий идрок дунёни рақамлаштирар экан, миллий ўзликларни икки хил сценарий кутмоқда: рақамли ассимилация (ютилиб кетиш) ёки рақамли ренессанс (қайтадан юксалиш). Ҳаммаси глобал технологияга қандай ёндашишимизга боғлиқ. Агар она тилимизни LLM (Large Language Model – катта тилли модел)ларга мукаммал интеграция қилмасак, ёш авлод СИ билан мулоқот учун инглизчага бутунлай ўтиб кетади. Бундан бу ёғига фақат уй ичидаги маиший мулоқот даражасига тушиб қолган ҳар қандай тилни рақамли ўлим кутади. Фольклоримиз, мумтоз адабиётимиз, шевалардаги бойликларимизгача рақамли форматга ўтказиб, глобал алгоритмларга озиқ қилиб берсакгина, ўзбек тили глобал ахборот майдонида тенг ҳуқуқли аъзога айланади. Суфиёна стратагема: ўлмасдан туриб ўлмоқ, ем бўлмасдан туриб ем қилмоқ керак!” “Муҳаррир минбари”дан олинган Фаррух Жабборбекнинг ушбу мулоҳазасини журналнинг мазкур сонига хулоса ўрнида келтирдик. “Тил ва адабиёт таълими”ни мутолаа қилинг, бугунги рақамлашаётган замонда истеъмолчигина бўлиб қолманг.
Жамият
Жамият
Илм-фан
Сиёсат
Илм-фан
Сиёсат
78140
Жамият
56918
Жамият
56170
Жамият
51222
Жамият
//
Изоҳ йўқ