Илм-фан
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Биринчи Туркология қурултойининг 100 йиллигига бағишланган халқаро конгресс қатнашчиларини табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
«Аввало, туркий дунёнинг қадимий ва бой тарихи, илмий ва маданий меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этишдек ғоят муҳим ишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган сиз, азизларни бугунги халқаро конгресснинг очилиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Бундан бир аср муқаддам, 1926 йилда Боку шаҳрида ўтказилган биринчи Туркология қурултойи туркий халқларнинг илм-фани ва маданий ҳаёти ривожида янги даврни бошлаб берган катта тарихий воқеа бўлган эди. Мазкур қурултойда 11 нафар таниқли ўзбек зиёлиси иштирок этганини биз ҳамиша фахр билан эсга оламиз», дейилади Президент табригида.
Бугун ушбу қутлуғ санани халқаро ҳамжамият вакиллари иштирокида кенг нишонлар эканмиз, ушбу анжуман туркий халқларни бирлаштириб турган муштарак қадриятларга юксак ҳурмат ва эҳтиром ифодасидир.
Ҳеч шубҳасиз, миллий хотирамизда ўчмас из қолдирган ўша тарихий қурултой ҳақида сўз юритганда, туркий дунё жадидларининг буюк хизматларини яна бир бор эътироф этамиз.
Дарҳақиқат, ХИХ асрнинг охири ва ХХ асрнинг бошларида улуғ маърифатпарвар Исмоил Ғаспирали «Тилда, фикрда, ишда бирлик» деган эзгу ғоя асосида бошлаб берган улкан ишлар бутун туркий оламда қудратли миллий уйғониш ҳаракатига айланди.
Мазкур ҳаракат сафларида Ўзбекистондан Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Исъҳоқхон Ибрат, Абдулҳамид Чўлпон ва Абдулла Қодирий каби фидойи зиёлилар фаол иштирок этиб, туркий халқлар ўртасида илм-маърифат, таълим-тарбия ва маданий тараққиёт ғояларини кенг ёйишда алоҳида жонбозлик кўрсатдилар.
Афсуски, мустабид сиёсат туфайли бу қаҳрамон аждодларимизнинг асосий қисми мудҳиш қатағонлар қурбонига айланди. Аммо уларнинг эзгу ғоялари, илмий мероси ва маърифатпарварлик анъаналари биз учун бугунги кунда ҳам ибрат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда.
Янги Ўзбекистонда тарихий адолатни тиклаш, жадид намояндаларининг меросини чуқур ўрганиш, уларнинг илмий ва адабий асарларини кенг тарғиб этиш, табаррук номларини абадийлаштириш ҳамда ёш авлодни уларнинг маънавий жасорати руҳида тарбиялаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
«Албатта, туркий давлатлар билан илм-фан, маданият, таълим ва инновациялар соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантиришда ҳам биз умумий ўтмишимиздаги ижобий тажрибаларга таянамиз.
Табиийки, дунё янги тараққиёт босқичига қадам қўяётган бугунги шароитда туркология фани олдида ҳам янги-янги долзарб вазифалар пайдо бўлмоқда.
Айниқса, сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш, қўлёзмаларни рақамлаштириш, умумтуркий электрон луғатлар ва тил корпусларини яратиш, тарихий манбаларни биргаликда тадқиқ этиш, ёш турколог тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш ва академик алмашинув дастурларини кенгайтириш каби йўналишларда ҳамжиҳат иш олиб боришни замоннинг ўзи талаб этмоқда», дейилади табрикномада.
Президент бу борадаги ҳамкорлик истиқболларини янада кенгайтириш мақсадида биринчи Туркология қурултойининг 100 йиллиги муносабати билан туркий давлатларнинг етакчи илмий марказлари иштирокида «Туркий дунё маърифатпарварлари» халқаро илмий-энциклопедик лойиҳасини яратиш ҳамда жадидлик ҳаракати намояндаларининг барча асарлари ва архив ҳужжатларининг ягона рақамли кутубхонасини шакллантиришни таклиф қилди.
Шавкат Мирзиёев конгресс иштирокчиларига илмий ҳамда ижодий фаолиятда ютуқ ва омадлар, конгресс ишига эса муваффақият тилади.
Илм-фан
Илм-фан
Маданият
Жамият
Илм-фан
Жамият
78135
Жамият
56917
Жамият
56168
Жамият
51221
Жамият
//
Изоҳ йўқ