Халқаро мақом фестивали ғолиблари аниқланди

Сақлаш
14:40 / 28.06.2026 84 0

Наманганда тўрт кун давом этган учинчи халқаро мақом санъати анжуманининг ёпилиш маросими Давлатобод туманидаги “Янги Ўзбекистон” боғида тантанали тарзда ўтказилди.

 

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маориф, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (“UNESCO”) ҳамда Ислом олами таълим, фан ва маданият ташкилоти (“ICESCO”) шафелиги остида ўтказилган учинчи халқаро мақом санъати анжуманида дунёнинг 80 дан зиёд давлатларидан 250 га яқин маданият ва санъат вакиллари иштирок этди.

 


Қайд этиш жоиз, халқаро саралаш танловида Озарбайжон, Покистон, Қирғиз Республикаси, Ҳиндистон, Нидерландия, Тожикистон, Қозоғистон, Туркия, Сурия, Грузия, Корея Республикаси, Япония, Туркманистон, Хитой Халқ Республикаси, Арманистон, Эрон Ислом Республикаси, Мўғулистон ҳамда мамлакатимизнинг маҳоратли ижодий жамоалари ҳамда яккахон ижрочилари синовдан ўтказилди. Танлов иштирокчиларининг ҳар бир чиқиши Озарбайжон, Франция, Туркия, Сербия, Қувайт, Канада ва Ўзбекистон вакилларидан иборат халқаро ҳакамлар ҳайъати томонидан ижрочилик маҳорати, миллий мақом анъаналарини сақлаш ва саҳна маданияти каби муҳим мезонлар асосида баҳоланди.

 


Якуний концерт дастурида юртимиз мақом усталари ҳамда Покистон, Грузия, Қозоғистон каби давлатлардан келган жамоалар ўз чиқишларини ҳавола қилди.

 

Анжуманнинг бош соврини – Гран-при Ўзбекистон давлат филармонияси Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Орифжон Эргашевга насиб этди.

 


Ўзбекистон давлат симфоник оркестри Миллий чолғулар ансамбли; озарбайжонлик Камила Набиева ва Муғом ансамбли; озарбайжонлик Нураддин Тагиев ва Теймур Жабраилов; Монголиянинг “Серендаваа Согтгерел” ансамбли фахрли биринчи ўринни эгаллашди.

 

 

Қозоғистоннинг “Қаған” этно-фолклор ансамбли; грузиялик Ошиқ Наргиле ва “Илалони” ансамбли; туркиялик Асуде Челебиоғлу ва Герчек Исмаил Ҳаққи; япониялик Шимономото Аюми, “Кото но Кай” ансамбли ва “Cспc–жапан” жамоаси фахрли иккинчи ўринга муносиб кўрилди.

 

 

Фахрли учинчи ўрин эса, “Янги Ўзбекистон” мақом ансамбли; Юнус Ражабий номидаги, Хоразм ва Қорақалпоғистон Республикаси мақом ансамбллари; Тожикистоннинг Фазлиддин Шаҳобов номидаги давлат “Шашмақом” ансамбли; “Туркман анъанавий халқ мусиқасининг классик триоси”; Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти магистр хонандалар ансамблига насиб қилди.

 

 

Халқаро танлов ғолиблари диплом, статуетка ва пул мукофотлари билан тақдирландилар.

 

 

Шунингдек, фаол ижрочиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида, “Энг яхши мақом хонандаси, Энг яхши мақом созандаси, Энг яхши мақом устози, Энг яхши мақом тарғиботчиси, Энг яхши ёш мақомчи, Энг яхши мақом бастакори каби номинациялар бўйича иштирокчилар рағбатлантирувчи мукофотлар билан тақдирланди.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//