Маданият
“Оддий мактаб ўқитувчисининг фақат дарс бераётган билимигина эмас, балки ўзини қандай тутиши, синфга кириб келишидан тортиб саломлашишигача, ўқувчиларнинг у ёки бу ҳаракатига муносабат билдиришигача – буларнинг бари устоз-шогирдлик юзага чиқиши учун жуда муҳим. Агар булар ҳисобга олинмаса, одам кўп нарса йўқотади. Чунки эси бор одам бировнинг хатоси билан тарбияланади. Эси йўқ одам бошини деворга бир уриб, ўзининг хатоси орқали тарбияланишига тўғри келади. Тамом эси йўқ одам эса бошини деворга қайта-қайта ураверади-ю, ўзининг хатосидан ҳам хулоса чиқармайди. Шу маънода, хавотирингизда ҳақиқатан ҳам жон бор, узилишлар юзага келиши мумкин. Узилиш юзага келаяпти ҳам.” Мазкур парча адабиётшунос олим, педагогика фанлари доктори Қозоқбой Йўлдошев билан бўлган “Қирқ биринчи усул сири” суҳбатидан олинган. Устоз-шогирдлик муносабатлари, унутилаётган қадриятлар ҳақида сўз борган суҳбатнинг тўлиқ матни билан “Маънавий ҳаёт” журналининг 2026 йил 2-сонида танишинг.
“Япониядаги болаларга йўналтирилган “Dento Bunka” (анъанавий маданият) таълим йўналиши мактаб дастурининг муҳим қисми ҳисобланади. Болалар кичик ёшидан миллий анъаналар, урф-одатлар ва маданий мерос билан таништирилади. Дастурнинг ўзига хос жиҳати шуки, анъанавий маданият мажбурий фан сифатида ўқитилади, дарслар доирасида ўқувчилар чой маросими, гул тузиш санъати ва хаттотлик каби амалий машғулотларда иштирок этади.” Фалсафа фанлари доктори, Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ходими Абдухолиқ Ташановнинг бугунги ахборот асрида миллий контентнинг аҳамияти ҳақидаги фикр-мулоҳазалари “Ҳар бир халқнинг ўз овози бўлсин” сарлавҳаси остида эълон қилинган.
“Япония парламенти биносига ташриф вақти қизиқ бир жиҳат эътиборимизни тортди. Қонун чиқарувчи идоранинг марказий толорида тўртта супа ўрнатилган экан. Учтасини Японияда конституциявий тузум ва парламент тизими такомилига улкан ҳисса қўшган Ито Ҳиробуми (1841–1909), Итагаки Тайсукэ (1837–1919), Окума Сигэнобу (1838–1922) каби атоқли арбобларнинг ҳайкали банд этган. Тўртинчи супа эса бўш. Хўш, рамзу тимсоллар тилида сўйламоқнинг ҳадисини олган японлар нима демоқчи? Назаримда, бўш тагкурси сиёсатда мукаммалликка эришиб бўлмаслиги, саркору сардорлар мудом изланиш, саъй-кўшишда давом этмоғи лозимлигига ишора.” “Қуёшни илк қаршилайдиган ўлка” мақоласида Собиржон Ёқубовнинг Японияга саёҳати давомидаги ҳайратлари билан танишасиз. Унда жонсарак халқни буюк миллатга айлантирган ёзилмаган “қоидалар” қаламга олинган.
Журналнинг кейинги саҳифаларида “Азим зотлар юртига муаззимлик ярашади” (Анвар Бобоев), “Ватан сарҳадларинг қароғимдадир” (Шодмонқул Салом), “Эзгулик сабоқлари” (Ғафур Шермуҳаммад), “От озиғи суворийга озиқ бўлмас” (Боту Алимов), “Оталар” (Собир Жумаев) мақолалари ва “Илм ва коинот чорраҳасида” (Отабек Бурҳонов ва Камолиддин Эргашев билан Шаҳноза Рофиева) суҳбатини ўқишингиз мумкин. Шунингдек, “Рамзлар ортидаги олам” (Байрам Али), “Илк миллиардер ёзувчи” (Азим Рўзиев), “Қалтис саволларга нозик жавоблар” (Ҳикматуллоҳ Тоштемиров), “Мувозанат посангиси” (Азиз Норқулов) мавзуларида сўз боради.
“Бугун биз истеъмолчилар жамияти билан рўбарў турибмиз! “Тезроқ, кўпроқ, яхшироқ” дея навбат талашиб турган катта издиҳомнинг қаршисидамиз. Бу издиҳомни ташкил этувчи кишилар ҳам, уларнинг беқиёс иштиёқи ҳам кеча ё бугун пайдо бўлмаган. Бу ижтимоий ҳолат битта мамлакат ёки миллат билан чегараланиб қолмайди ҳам. Жалолиддин Румийнинг ушбу ҳикматли сўзларини келтирсак, нима демоқчилигимиз янада ойдинлашади: “Тананг отдир, руҳинг унинг суворийси, От озиғи суворийга озиқ бўлмас”. Гап шундаки, биз отнинг қорнини тўйдираяпмиз-у, уни бошқарадиган суворийни унутиб қўймоқдамиз.” “От озиғи суворийга озиқ бўлмас” мақоласидан олинган ушбу парчани журналнинг мазкур сонига хулоса ўрнида келтирдик. “Маънавий ҳаёт”ни мутолаа қилинг, суворий (руҳ)ингизни-да озиқлантириб боринг.
Илм-фан
Илм-фан
Маданият
Жамият
Илм-фан
Жамият
78135
Жамият
56917
Жамият
56168
Жамият
51221
Жамият
//
Изоҳ йўқ