“Йиғлаган осмон эмас, менинг қалбим йиғлаган” – бугунги футбол ўйини ижтимоий тармоқларда қандай акс-садо берди?

Сақлаш
18:46 / 18.06.2026 127 0

Ўзбекистон футбол терма жамоаси ЖЧ–2026 даги тарихий ўйинда Колумбия термасига қарши 3:1 ҳисобида мағлубиятга учради. Бу ҳолатга ижтимоий тармоқ фаоллари турлича муносабат билдирмоқда. Oyina.uz ана шу фикрлардан айримларини келтириб ўтади.

 

 

Ҳусан Эрматов:

 

Ўйин нималарни кўрсатди?

 

Албатта, бу тарихий кунни кўп кутдик, курашларга бой ўйинни кузатдик, ички ҳаяжон, ҳадик билан... Байроғимиз майдон узра ёйилганда кўзлар ёшланди, Улуғимсан Ватанимни эшитиб янада ҳис-туйғуларга тўлди қалбимиз. Ўзи шу қўшиқ худди гимндек одамни руҳлантиради, улуғворлик, миллатнинг баланд мартабасини сўзини тушунмайдиганларга ҳам айтиб туради. Ким шу таклифни илгари сурган бўлса ҳам Отасига раҳмат! Ҳа, энди ўйинга қайтсак, умуман ёмон эмас. Колумбия билан ўйин бундан бошқача бўлиши ҳам қийин, албатта. Гол урганимиз эса Зўр! Аббосжонга тасаннолар айтдик. Охирги гол ортиқча бўлди, албатта. Фақат ўйинчиларни маломат қилмай турайлик, олдинда ҳали назарий жиҳатдан бўлса ҳам имкониятлар пайдо бўлиши мумкин. Муҳими, ўша майдонда дунёнинг устунларига қарши ўйнай бошладик, уларни шошириб қўяётганимиз, дарвозаларидан тўп олиб чиқишга мажбур қилаётганимиз... ҳозирча! Баландларга зинама-зина чиқилади.

 

 

 

Азиза Қурбонова:

 

“Нимага керак футбол” дея кўрманг

 

Ер шарининг нариги томонида яшаётган миллионлаб халқлар бу томондаги 40 млнлик ўзбек халқи борлигини билмасди ҳам эҳтимол. Севарани эшитмагандилар ҳам.

 

Бизни “стан”ларнинг исталган бирининг номи билан атамасликлари учун бизнинг бундай ҳикояларимиз кўп бўлиши керак.

 

Спорт, санъатнинг кучини ҳеч ким инкор қилолмайди.

 

Мана шунинг учун ҳам давлат бу соҳаларга инвестиция қилади. Натижасиям бошқа соҳаларга нисбатан тез бўй кўрсатади.

 

Инсонга шахсий бренд ўз манфаатларига етиш учун қанчалик ёрдам берса, мамлакат учун ҳам шундай ишлайди. Бизни қанча кўп билишса, бозорлар, шартномалар, бизга узатилган қўллар кўпаяди.

 

Этимиз жимирлаб, чумоли ўрмалаб, 2 соат ўтирдик. Менга энди “нимага керак футбол” дея кўрманг. Ямламай ютаман:)!

 

 

 

Достон Раҳмат:

 

Ажабмас, топ клубларга қараб йўл олса”

 

Бугунги ўйинда ҳаммадан ажралиб турган ва яхшироқ ўйин ўтказган йигит – Беҳруз Каримов. Унинг бугунги жуда чиройли зарбаси афсуски гол бўлмай қолди. Ўзим учун кашф қилдим шу 18 ёшли болани. Ажабмас, топ клубларга қараб йўл олса.

 

 

 

Шаҳноза Соатова:

 

“Бу қандай мухлислик?”

 

Суратдаги йигит бугун рекорд ўрнатибди – футбол бўйича жаҳон чемпионатида боши билан гол урган энг паст бўйли ўйинчи бўлибди! (таҳр.: Аббос Файзуллаев). Биринчи ўйинимиздаёқ рекордимиз бор. Ёқимли!

 

Умуман футболга ишқибозлик қилиш билан ўзингнинг терма жамоангга Мундиалда ишқибозлик қилиш – бошқа-бошқа нарсалар. Худди терма жамоамиз каби, биз мухлислар ҳам Жаҳон чемпионатида бугун дебют қилдик, яъни ўз жамоасига ватандош ўлароқ мухлислик қилиш маъносида.

 

Бу қандай мухлислик? Бу ерда холислик, экспертлик, ташқаридан туриб гап айтиш биринчи ўринда турмайди, ҳеч қандай фойда бермайди. Қолаверса, бундай қилиш жуда хиёнат демасак ҳам, дўстнинг иши эмас. Биз эса шунчаки дўст эмасмиз, биз майдонда ўзимиз ўйнаяпмиз. Шунга ҳозир айримларнинг тармоқлардаги негатив шарҳлари кўпчиликда норозилик туғдиряпти.

 

Ҳурматли ватандошлар, азиз мухлислар. Бу ўйин, ҳозир ўйнаётган 48 жамоанинг 47 таси барибир чемпион бўлолмайди, охирига бориб биргина жамоа чемпион бўлади. Лекин энг асосийси, биз ўзбекистонликлар ҳозирги  бирлигимизни, ҳамжиҳатлигимизни ютқизиб қўймаслигимиз керак. Қўйинглар ўша “экспертликни” барибир майдонда ҳаммаси бошқача кетяпти. Тўп думалоқ, майдон текис. Не не кучли жамоалар ҳам қоқилади.

 

Биз бугун бутун дунёга нақадар жипс ва буюк халқ эканимизни кўрсатадиган палла. Шу фурсатни ютқазмайлик. Жамоамизни муносиб қўллаб, ҳар қандай натижада ҳам ғолиблигимизни баралла намойиш этайлик. Биз ахир Мундиалдамиз! Ҳали олдинда ўйинлар бор, ҳали олдинда яна кўп жаҳон чемпионатлари бор. Бугун тарих яратаётган мана шу авлод ортидан янги ва кучлироқ яна авлодлар келади. Бугун биз уларнинг мотивацияси, келажакка умиди ва шижоатини сақлашга ҳам масъулмиз.

 

Журналист Азиза  Қурбонова спорт имиж ва мамлакат бренди учун нақадар фойдали эканини жуда чиройли очиб берибди. Унинг фикрларига қўшилган ҳолда шуни айтаманки, спорт бу халқни бирлаштириб, бир кучга айлантирадиган нарса. Яъни нафақат ташқи дунёда, балки ўзимизда ҳам катта пуллар сарфланадиган мафкура, миллий ўзликни англаш, ягона ва ҳамжиҳат халқ бўлиш каби йўналишларда узоқ йилларда эришиладиган натижани бир деганда олиб келадиган кучли идеологиядир. Биз 34 йил шунга қараб юрдик, бугун келдик, бундан лаззатланинглар.

 

Барчамизга муборак бўлсин! Олға, Ўзбекистон!!

 

 

 

Шарофиддин Тўлаганов:

 

“Йиғлаган осмон эмас, менинг қалбим йиғлаган”

 

“Йиғлаган осмон эмас, менинг қалбим йиғлаган” (Охунжон Мадалиевнинг қўшиғи) Бугун Тошкентда ёмғир ёғди. Тан олиш керак, “Оқ бўрилар” ёмон ўйнамади. Майдон текис, тўп думалоқ. Кимдир ютади, кимдир имкониятни вақтинча бой беради. Тушкунликка ўрин йўқ. Ўзбекистон футболи барибир тарихга кирди. Олдинда умид бор. Граф Монте Кристо айтганидек, “Кутмоқ ва умид қилмоқ керак”. Олға, Ўзбекистон!

 

 

 

Маъмура Зоҳидова:

 

“Айланайин энг биринчи ГОЛларингдан”

 

Гол нимадир, воз кечилган ҳаловатдир,

Эр йигитлар шиддатига далолатдир,

Дунёларни ҳавас билан қаратгувчи

Туронзамин қудратига кафолатдир.

 

Оқ бўрилар, Худо берган йўлларингдан,

Фаришталар қўрисин ўнг-сўлларингдан.

Жаҳон футбол дарвозаси кутиб олган

Айланайин энг биринчи ГОЛларингдан!

 

 

 

Нишона Исаева:

 

Колумбда бор аламим маним…

 

 

 

Бекзодбек Муродович:

 

“Муҳими тарих яратилди”

 

Жамоамиз ЖЧда дебют қиляпти, бу катта байрам, тарихий воқеа!

 

Шундай пайтда йигитларни қўллаш ўрнига, ижтимоий тармоқларда турли сарлавҳа остида пост қўйиш шартми? Фикр билдиришда заррача масъулият ва ҳис-туйғу йўқ, ватанпарварлик деган тушунчаси ҳам йўқ, мутлақо бефаросатлик! Ишонайлик, қоъллаб-қувватлайлик. Муҳими тарих яратилди.

 

 

 

Нозим Ашуралиев:

 

Раҳмат, йигитлар!

 

Жаҳон чемпионатидаги ўйинда Гоооол деб ҳайқириш завқини бергани учун йигитларга раҳмат.

 

 

 

Адҳам Арслон:

 

Умуртқасиз, мағлубиятга кўникиб қолган авлоддан асрасин

 

Энг муҳими, болаларга мағлубият алам қилди. Аввал ютқазса ҳам тишини кавлаб, самолётда қарта ўйнаб кетаверарди. Ўзимизнинг қоракўзлардан қўймасин. Ҳеч бўлмаса, эртага юртга қайтсам, маҳалланинг болаларига нима дейман деб ўйлайди. Кучи етгунча югуради. Шуниси муҳим. Умуртқасиз, мағлубиятга кўникиб қолган авлоддан Худо асрасин.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//