Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёш оилаларга ижара пулининг бир қисми тўлаб берилади

Сақлаш
12:54 / 17.06.2026 59 0

“Ижтимоий реестр”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёш оилалар эндиликда турар жой ижараси харажатларининг бир қисмини давлат томонидан қоплатиш учун онлайн ариза топшириши мумкин. Бу ҳақда Рақамли технологиялар вазирлиги хабар берди.

 

Маълум қилинишича, компенсация 12 ойгача бўлган муддат давомида ҳар ой ижара тўловининг 50 фоизигача миқдорда ажратилади. Бунда Тошкент шаҳри, Нукус шаҳри ва вилоят марказларида базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) уч бараваригача, бошқа ҳудудларда эса БҲМнинг икки бараваригача бўлган қисми қопланади.

 

Компенсация маблағлари ҳар ой ариза берувчининг ижтимоий картасига ўтказиб берилади. Аризалар my.gov.uz портали ҳамда унинг мобил иловаси орқали қабул қилинади.

 

Шунингдек, уй эгаси ва ижарачи ўзаро яқин қариндош бўлса, компенсация тайинланмайди.

 

Мазкур ёрдамдан фойдаланувчи ёш оилалар 12 ой давомида волонтёрлик лойиҳаларида иштирок этиши, “Мутолаа” лойиҳаси доирасида ҳар ой камида битта китоб ўқиши ҳамда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги камида битта спорт ёки санъат тадбирида қатнашиши лозим.

 

Маълумот учун, ушбу хизмат ёш оилаларнинг уй-жой билан боғлиқ харажатларини камайтириш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга хизмат қилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//