Жаҳон
10 июнь куни Канада ҳукумати «Рақамли хавфсизлик тўғрисида»ги қонун лойиҳасини парламентга тақдим этди. Унга кўра, 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланади, бироқ муайян хавфсизлик стандартларига жавоб берадиган платформалар бундан мустасно бўлади.
Reuters нашри ҳукумат расмийсига таяниб ёзишича, мазкур қонун лойиҳаси Канадада хавфсизлик стандартларини белгилаш учун рақамли регулятор ташкил этишни кўзда тутади. Бу йўл билан сунъий интеллект (АИ) чатботларини ҳам хавфсизроқ қилиш режалаштирилган.
Талабларга риоя қилмаган компаниялар глобал даромадларининг 3 фоизи миқдорида ёки 10 миллион Канада долларигача (7,2 миллион АҚШ доллари) жаримага тортилиши мумкин.
«Ижтимоий тармоқ платформалари ва сунъий интеллект чатботлари эътиборни жалб қилиш учун мўлжалланган. Улар болалик даврининг соғлом ривожланишини қўллаб-қувватламайди ва кўплаб ёш канадаликлар учун хавотир, яккаланиб қолиш, тушкунлик ҳамда бир қатор бошқа руҳий саломатлик муаммолари манбайига айланди», деган Канада ўзлиги ва маданияти вазири Марк Миллер.
«Ушбу қонунчилик ёш канадаликлар учун хавфсизроқ муҳитни таъминлайди ва уларга шахсан мулоқот қилиш, дўстлик алоқаларини ўрнатиш, мактабда эътиборни жамлаш ҳамда ҳаётда ривожланишлари учун реал дунё кўникмаларини ўрганиш имкониятини беради», дея қўшимча қилган вазир.
Ҳукумат расмийлари брифингда қонун лойиҳасининг қабул қилиниши учун бир йил кетишини маълум қилган. Бундан ташқари, ҳужжат қабул қилингандан кейин рақамли регуляторни ташкил этиш учун яна 18 ой вақт кетиши мумкин.
Торонто университетининг технология ва махфийлик масалаларига ихтисослашган доценти Бретт Керавей Канададаги чеклов бошқа давлатлар тақиқларидан кўра кенг қамровлироқ бўлишини айтди.
«Канаданинг сиёсати платформалар учун янада мураккаб мажбуриятлар тўпламини келтириб чиқаради. Унинг мақсади ижтимоий тармоқлар экотизимини болалар учун хавфсизроқ қилиш мақсадида уни қайта лойиҳалашдир. Австралия қонуни эса шунчаки экотизимга киришни чеклашга қаратилган.
Бундан ташқари, унинг кўлами ҳам кенгроқ. Чунки Канада қонуни сунъий интеллект масаласини ҳам қамраб олади», дейди мутахассис.
Қонун лойиҳасининг парламентга киритилиши Канададаги оммавий отишмалардан бирида жабр кўрган оилалар ОпенАИ компаниясини судга берганидан бир неча ҳафта ўтиб юз берди.
2026-ил йил 10 февраль куни Канададаги ўрта мактаблардан бирида қуролланган шахс 7 кишини отиб ўлдирган ва 25 киши жароҳатланганди. Кейинроқ у ўзини ҳам отиб ўлдирган.
Ўша ҳужумдан жабрланганлар оилаларининг таъкидлашича, компания гумон қилинаётган қотил ҳужумни ChatGPT’да режалаштираётганини билган, бироқ полицияни огоҳлантирмаган. OpenAI ҳозирча ушбу иш юзасидан изоҳ бермаган.
Ижтимоий тармоқларнинг болаларга таъсирини тартибга солиш тенденцияси 2025 йилда Австралия томонидан бошланганди. Мамлакат 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаган дунёдаги биринчи давлатга айланганди.
Илм-фан
Илм-фан
Маданият
Жамият
Илм-фан
Жамият
78135
Жамият
56917
Жамият
56168
Жамият
51221
Жамият
//
Изоҳ йўқ