Япония энергия самарадорлигини ошириш учун Ўзбекистонга деярли 230 млн доллар кредит ажратади

Сақлаш
09:16 / 15.06.2026 52 0

Япония ҳукумати Ўзбекистонга давлат бинолари ва саноат секторида энергия самарадорлигини ошириш учун 36,8 миллиард иена (тахминан 229,4 миллион доллар) миқдорида кредит ажратади. Икки лойиҳа бўйича алмашинув ноталари 10 июнь куни Тошкентда имзоланди. Бу ҳақда Япония элчихонаси хабар берди.


Ҳужжатларни Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Хирата Кендзи ва Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров имзолади.

 

Биринчи лойиҳа – «Давлат биноларининг энергия самарадорлигини ошириш» – 21,79 миллиард иенагача (136 миллион доллар) кредит ажратишни кўзда тутади. Иккинчиси – «Саноат секторида энергия самарадорлигини ошириш» – 14,97 миллиард иенагача (93,4 миллион доллар) маблағни қамраб олади.


Ҳар иккала кредит 25 йил муддатга, шу жумладан, 7 йиллик имтиёзли давр билан берилмоқда. Кредитнинг асосий қисми бўйича фоиз ставкаси 2,4 фоизни, консалтинг хизматлари бўйича эса 0,8 фоизни ташкил этади.

 

Япония элчихонаси маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг энергия таъминоти қазиб олинадиган ёнилғига (асосан газ) боғлиқ бўлиб, ЯИМ бирлигига тўғри келадиган энергия истеъмоли ва иссиқхона газлари чиқиндилари кўрсаткичлари дунёдаги ўртача кўрсаткичларга нисбатан «ҳаддан ташқари юқори»лигича қолмоқда. Шу муносабат билан, энергия тежаш чора-тадбирларини амалга ошириш кечиктириб бўлмайдиган вазифа деб аталмоқда.

 

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг хабар беришича, ижтимоий соҳа биноларида энергия самарадорлигини ошириш лойиҳаси мактаблар ва соғлиқни сақлаш муассасаларида энергия тежовчи ускуналар ҳамда замонавий технологияларни жорий этишни кўзда тутади. Бундан мақсад энергия истеъмолини оптималлаштириш, ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ва ижтимоий инфратузилма объектларининг умумий энергия самарадорлигини оширишдан иборат.

 

Иккинчи лойиҳа корхоналар ва тадбиркорлик субъектларининг энергия тежовчи технологияларга киритадиган инвестицияларини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Унинг доирасида саноатда энергия самарадорлигини оширишга доир ташаббусларни молиялаштириш учун паст фоизли узоқ муддатли кредитлар ажратилиши кўзда тутилган.


Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маълум қилишича, учрашувда иқтисодий, ижтимоий соҳалардаги ва инсон капиталини рижвожлантириш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, амалдаги лойиҳаларнинг самарадорлиги ҳамда истиқболдаги қўшма ташаббуслар ҳам муҳокама қилинди.


Хусусан, томонлар энергия тежаш, қишлоқ хўжалиги (жумладан, чорвачилик), «Бир қишлоқ – бир маҳсулот» дастури, соғлиқни сақлаш, кадрлар тайёрлаш ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқди.


Япония элчихонасининг таъкидлашича, ушбу лойиҳалар 2025 йил декабрь ойида бўлиб ўтган «Марказий Осиё + Япония» мулоқотининг биринчи саммити якунлари бўйича Токио декларациясида мустаҳкамлаб қўйилган ҳамкорликнинг учта устувор йўналишидан бири — «Яшил тараққиёт ва барқарорлик» йўналишининг амалий ижроси бўлди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//