Тиббиёт ташкилотлари бўйлаб «сирли мижоз» тадбирларига старт берилди

Сақлаш
16:12 / 12.06.2026 70 0

Ўзбекистондаги тиббиёт ташкилотларида аудио ёки видеокузатув мосламаларидан яширин фойдаланган ҳолда "Сирли мижоз" тадбири ўтказилади. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.


Истеъмолчилар хусусий ёки давлат тиббиёт ташкилотларига ташриф буюрганда клиник протоколлардан четга чиқиб бошқа диагностик аппаратларда қўшимча текширувларни ўтказиш, шифокор билан келишилган жойларда керак бўлмаган текширувлар ёки таҳлилларни (анализларни) топширтириш, айнан ушбу касаллик учун керак бўлмаган дори ёки БФҚларни қўшимча равишда буюриш ҳолатлари бўйича ижтимоий тармоқларда эътирозлар кўплаб учрамоқда.

 

Қўмитада шу каби ҳолатлар юзасидан шикоятлар 2025 йил мос даврида 53 тани ташкил этган бўлса, 2026 йил ўтган даврида 2,3 баробарга ортиб, 127 тани ташкил этган.


Тиббиёт соҳасида шундай ҳолатларни олдини олиш, профилактика қилиш учун Рақобат қўмитаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан келишув меморандуми имзоланди. Бунда, вазирлик клиник протоколларга амал қилинганлиги ёки четга чиқилганлиги бўйича тегишли хулоса беради.
 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 22.10.2025 йилдаги 667-сон қарори тасдиқланган билан Дори воситаларини ва тиббий буюмларни тайинлаш, реализация қилиш ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини назорат қилишда «сирли мижоз» тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисида низом талаблари доирасида тадбирлар ўтказиш белгиланган.

 

Рақобат қўмитаси мулкчилик шаклидан қатъий назар барча тиббиёт ташкилотлари истеъмолчиларга ортиқча оворагарчиликларсиз белгиланган тартибда хизмат кўрсатиб, тўғри ва тушунарли маълумот тақдим этишларини сўраб, “Сирли мижоз” тадбирларини ўтказишга старт берилганлиги маълум қилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//