Битирувчи талабаларга 2 млн сўмгача қўшимча ойлик стипендия берилади

Сақлаш
09:45 / 05.06.2026 71 0

Ўзбекистонда олий таълим муассасалари битирувчи босқич талабаларининг бандлигини таъминлашга қаратилган «Менинг биринчи касбим» дастури жорий этилади. Бу президентнинг ёшлар бандлигини қўллаб-қувватлашга оид қарорида белгиланди.


Қарорга кўра, дастур доирасида ОТМ, иш берувчи ва талаба ўртасида уч томонлама шартнома тузилади. Шартнома асосида талабаларга амалиёт даврида ҳар ой базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваригача, яъни 2 млн 60 минг сўмгача қўшимча стипендия тўланади.


Шунингдек, истиқболли стартап лойиҳаларининг намунавий моделини яратиш харажатларининг 50 фоизигача қисми қоплаб берилади. Зарурат туғилганда, талабаларни хориждаги ОТМ ва корхоналарда қисқа муддатли курсларда ўқитиш учун 20 млн 600 минг сўмгача маблағ ажратилади.

 

Дастур ижросини молиялаштириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан 15 млн доллар эквивалентида маблағ йўналтирилади. Бундан ташқари, қарор билан талаба ва ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзли кредитлар ажратиш ҳамда қарийб 100 мингта янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//