Ўн йилдан буён савдо соҳасидаман, баъзан ўзим ҳам уста сифатида ишлайман. Бошқа соҳаларни аниқ билмайман-у, сантехникада кўрганларим кўнглимни қаттиқ оғритди. Уста билан мижоз ўртасида ёлғон ва ўғрилик одатий ҳолга айланган. Ишлаб чиқарувчидан диллергача бутун занжир ҳалол меҳнатга эмас, ўзаро манфаатга, яъни бир-бирининг чўнтагига қараб қурилиб қолган.
Порахўрлик фақат амалдорлар ва давлат идораларининг касали эмас. Бу вирус жамиятнинг ҳар бир тармоғигача томир отган. Пора бермасанг иш битмайди, пора бермасанг савдо юрмайди. Оқибатда ҳалол савдо қилаётган, ҳалол ишлаётган одам ҳам шу тузумнинг зарбасини ўз елкасида кўтаряпти.
Диллер дўкончи усталарга хотинига ҳам раво кўрмаган илтифотни кўрсатади. Бонус, ҳафтада бир марта ош, чойхонада даврa, ойлик пул мукофоти, йилда бир марта хорижий саёҳат. Табассум билан кутиб олади, айтмасдан чой-кофе тутади. Лекин уста барибир каттароқ ҳақ тўлаганнинг ортидан кетади. Унга қандли чой ҳам, ҳурмат ҳам, асбоб-ускуна ҳам керак эмас, унга фақат пул керак.
1971 йилда суратга олинган “Учрашув” фильмида Эргаш Каримов икки меҳмонга тинмай мураббо, қаймоқ, сариёғ олиб чиқаверади, меҳмонлар эса ароқ кутиб ўтиради. Ароқ чиқавермагач, жуфтакни ростлашади. Аксар усталар ҳам худди шундай, уларга илтифот эмас, ахча керак.
Энди мижознинг аҳволини кўрайлик. Уста унга қиммат деталлар олдиради, мижоз эса устага ишонади. “Арзонроқ ва сифатлироқ дўкон бор экан-ку” деса, уста ўзига бонус бериладиган дўконга етаклайди. Баъзан атайин ортиқча ёздириб олади, ортганини мижозга билдирмай дўкончига қайтариб сотади.
Бир куни бир уста менга қўнғироқ қилди.
– Ука, иссиқ пол шлангининг метри неча пул?
– 10 минг сўм.
– Менга-чи?
– Уйингизга оляпсизми?
– Йўқ, мижозга.
– Унда нега менга деяпсиз?
У гапни дарров бошқа томонга бурди. Мақсади аниқ эди, мендан 9 минг сўмга олиб, мижозга 10 минг сўмдан ўтказиш.
Бу иллатнинг илдизи усталарнинг ўзида эмас, уларни шу йўлга солганларда. Ишлаб чиқарувчилар ва диллерлар усталарнинг миясини бонус билан заҳарлайди, “йил охиригача шунча миллионлик маҳсулот олсанг, машина совға”, “умра саёҳати” бор. Шундан кейин мижознинг эҳтиёжи, маҳсулотнинг сифати, нархнинг адолати устанинг назарида аҳамиятини йўқотади. Мақсад биттагина, бонусни олиш. Қанча кўп савдо – шунча кўп мукофот.
Ишлаб чиқарувчилар диллерларнинг, диллерлар усталарнинг миясини заҳарлайди, бонус, пул мукофоти, машина деб, усталар шунда мижозларнинг ҳақига хиёнат қилишни бошлайди.
Қўқонда олти-етти йил аввал бу иллат йўқ эди, бўлса ҳам пинхона эди. Тошкентда авжига чиққанди. Пойтахтга бориб уч-беш ой ишлаган устанинг психологияси ўзгариб қайтарди. Бугун эса чекка қишлоқда дўкон очсангиз ҳам, устага манфаат тегмаса, сиздан бир сўмлик нарса олмайди.
Илгари уста мижозга рўйхат ёзиб берарди, “мана бу фирмаларники яхши, шулардан бирини олаверинг” деб. Мижоз ўзи танлаб, ўзи олиб келарди. Ҳозир эса устанинг машҳур битта гапи бор, “фалон фирмадан олмасангиз, мен жавоб бермайман”. Мижоз эса “бор-э” деб, масъулиятни устага ташлаб қўяди. Шу тарзда ишонч ҳам, назорат ҳам, ҳалоллик ҳам қўлдан кетди.
Бундай йўл тутганларнинг кўпи шу дунёдаёқ жазосини олганини кўрдим. Бирининг боши касалдан чиқмади, бири геморрой билан узоқ ётиб қолди, бири жигар, яна бири буйрак етишмовчилиги билан азоб чекди. Кўплари ҳали шу йўлида юрибди. Тавба қилмаса, ҳолига вой.
Аммо энг оғир савол бошқа – биз қачон адашдик?
Ҳамма нарсани фойдага, бонусга, “менга нима тегади” деган ҳисобга бўйсундирган кунимиз адашдик. Сифат, ҳалоллик ва мижознинг ҳақи орқага чекинди. Ҳар бир бўғин ўз фойдасини “иш” устига қўшаверди, охирида ҳаммасини оддий одам тўлади. Нарх-наво шундай ошди.
Энди кўрайлик, бугун нима бўляпти. Биз тинмай танқид қиладиган хитойликлар ўзлари келиб завод ва фабрика қуряпти, бизга тенг нархга эмас, ундан ҳам арзонга сотяпти. Таржимонсиз, қўлидаги смартфонда бемалол гаплашиб, ўз машиналарида маҳаллий тадбиркорнинг эшиги олдигача мол олиб келиб беряпти.
Яъни ўзимиз ёмон кўрган “иш”ни ўз қўлимиз билан олдимизга олиб келдик. Катта фойда қиламиз деб, ундан ҳам катта рақобатни чақирдик. Фойда муаммога айланди.
Бу фақат сантехника дарди эмас. Электрчидан қурилиш молларигача, тиббиётдан олийгоҳгача – манфаатлар тўқнашуви деган вирус – ҳамма жойни заҳарлаган. Самимият, манфаатсиз яхшилик, ростгўйлик ва ҳалоллик аста-секин йўқолиб бормоқда.
Рақобат аслида сифат ва нарх бўйича бўлиши керак эди. Биз бир-биримизни синдиришни танладик. Ташқаридан келган рақиб айнан шу заифликдан фойдаланиб, бозорни ўз қўлига олиб турибди.
Эртага мана шулар барча маиший ва ижтимоий тармоқларни эгаллаб ўзимизни қул қилиб ишлатса шунда тавба қиламизми? Ҳозир тўхтаб, дўппини ечиб ўйлаб кўришнинг айни вақти, эртага кеч бўлади, товони жуда оғир бўлади.
Абдуллоҳ ЗИЁ
Тарих
Тарих
Жараён
Санъат
Жараён
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ