Ўзбекча ўйламайдиган ўзбекларни етиштиряпмиз – рус тилли мактаблар хавфлари таҳлили


Сақлаш
17:10 / 14.10.2026 149 0

Вилоятларни билмадим-у, Тошкентда фарзандлари билан рус тилида гаплашишга одатланган, уларни русийзабон мактаб ва синфларга беришга интиладиганлар талайгина. Энг қизиғи, ўзлари рус тилини мукаммал билмайдиган, оилада ўзбекча гаплашадиган ота-оналар ҳам шунга ҳаракат қилишади. Уларнинг фикрича, бу қарор келажакда боланинг олий ўқув юртига кириш ва иш топиш имкониятларини кенгайтиради. Бир куни ота-оналар мажлисида қизи рус тилида ўқишга қиналаётганидан куюниб гапирган онадан: “Нега ўзбек синфига бермагансиз?” деб сўрасам, “Ўзим рус тилини билмаганим учун роса қийналганман”, дея жавоб берганди.

 

Аслида бу оддийгина танлов эмас. Мазкур жараёнга илмий нуқтаи назардан қарасак, унинг аниқ социолингвистик қонуниятларга бўйсунишини кўрамиз.

 

Америкалик социолингвист Жошуа Фишман маълум бир жамоатнинг бошқа нуфузлироқ, устувор тил фойдасига ўз она тилидан аста-секин воз кечиш жараёнини “тил кўчиши” (Language Shift) деб атайди. Олимнинг таъкидлашича, ҳар қандай тилнинг яшовчанлиги ва барқарорлигини белгиловчи ҳал қилувчи омил – бу унинг энг аввало оила ва кундалик жамоатчилик доирасида узлуксиз қўлланилишидир.

 

Ўз тилини унутаётган болалар

 

Кузатувларимга кўра, Тошкентдаги рус синфлари ўқувчиларининг 90 фоизини ўзбек болалари ташкил этади. Масаланинг энг оғриқли томони шундаки, мактаб таълимини рус тилида олган ва уйда ҳам шу тилда мулоқот қиладиган болаларнинг аксарияти 5-6-синфга бориб, ўзбек тилидаги оддий кундалик сўзлашув лаёқатидан ҳам маҳрум бўлиб қолишмоқда. Яқинда ўғлимнинг синфдоши уйимизга меҳмон бўлиб келди. Мен иш билан ташқарига чиқиб, қайтиб кирганимда ўғлим “Ассалому алайкум” деб қаршимга чиқди. Шунда ўртоғи ҳам кутилмаганда “Ассалому алайкум” деди. Ўғлим ҳайратини яширолмай, “Ўзбекча саломлашганингни биринчи марта эшитишим”, дея жилмайди. Ваҳоланки, у бола ўзбек.


– Бошқа тилли мактабларда ўзбек тилини ўқитиш масаласи, аввало, боғчадан бошланиши керак, – дейди филология фанлари доктори Ҳулкар Ҳамроева. – Ўзбекистондаги боғчаларнинг аксариятида устуворлик рус тилига берилган: шеърлар, қўшиқлар, тадбирлар ҳам асосан шу тилда. Табиийки, болада дастлабки тушунчалар ва борлиқ ҳақидаги тасаввур рус тилида шаклланади. Лекин кўп ҳолларда ўша тилнинг ўзи ҳам пухта ўргатилмайди. Оқибатда бола на рус, на ўзбек тилида эркин мулоқот қила олади – аралаш-қуралаш нутқ юзага келади. Фикримча, боғча тарбиячилари учун ҳам ўзбек тилини билиш даражасини аниқловчи сертификат жорий этиш керак. Негаки боғча – давлат тилига ҳурмат, буюк аждодларимиз ва миллий қадриятларимиз ҳақидаги илк тасаввур уйғонадиган муқаддас маскандир.

 

Яна бир хавотирли жиҳат – тил орқали миллатга бегона бўлган қарашларнинг кириб келиши. Масалан, айрим мактабларда ҳамон сақланиб қолган валс тушиш анъанасини олиб кўрайлик. Ўзбеклар қачон валс тушган? Бу миллий қадриятларимизга мутлақо ёт ҳолат. Таълим даргоҳини битиришга “муҳаббат” рақсининг нима алоқаси бор? Бугунги ўқувчиларнинг ўзбек тилига қизиқиши кескин пасайган. Навоий ғазалларию Абдулла Қаҳҳор ҳикоялари у ёқда турсин, уларнинг аксарияти оддий сўзлашув тилини ҳам билмайди. Бунга нафақат мактабдаги таълим, балки оиладаги эътиборсизлик, блогерларнинг тилни бузиб гапириши ва болаларнинг китоб ўқимай қўйгани сабаб деб ўйлайман.


Менинг фарзандларим ҳам рус синфида ўқишади. Аммо уйда фақат ўзбек тилида мулоқот қиламиз. Бобоси ва буваси филолог бўлгани учун уларга Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур рубоийларини, Чўлпон, Ҳамид Олимжон, Абдулла Орипов шеърларини ёдлатиб боришади. Афсуски, ҳамма оилада ҳам муҳит бундай эмас.

 

Ўзбек тилини бошқа тилли синфларга ўқитиш – она тили ўқитиш дегани эмас

 

Мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасалари тилнинг яшовчанлигини таъминлашда оила билан бир сафда туради. Бироқ бошқа тилли синфларда ўзбек тили қандай ўтилаётганини ўрганиб, муаммо ўйлаганимиздан кўра анча жиддийлигига гувоҳ бўлдим.

 

– 25 йил малака ошириш институтида ишлаб, минглаб ўқитувчиларга дарс бердим, – дейди педагогика фанлари номзоди, доцент Гулнора Муҳаммаджонова. – Ҳозир ўзбек тилини ўқитиш ўта оғриқли масалага айланган. Ўқувчилар фанга қизиқмаяпти, устозлар ҳам ўз устида етарли даражада ишламаяпти. Энг ачинарлиси – амалдаги дарсликлар талабга жавоб бермайди.

 

Ҳозирги дарсликларда қандай камчиликлар бор? Аввало, улар ўқувчи ёшига мос эмас, замон билан ҳамнафас ишланмаган. Дарслик ўқувчида тўртта асосий кўникмани – эшитиш, гапириш, ўқиш ва ёзишни шакллантириши керак. Шунингдек, ундаги мавзуларни ўқувчи мустақил ўргана ошлиши лозим. Аммо 10-синфларга дарс берган вақтим мавзуларда узвийлик йўқлигига, материаллар “боғдан-тоғдан” берилганига гувоҳ бўлганман. Грамматик қоидалар тизимли эмас. Ўқитувчи ўз устида ишлаб, изланиб, мавзуни очиб бера олса хўп-хўп, акси бўлса, ўқувчининг ўзлаштиришида бўшлиқлар юзага келиши муқаррар.

 

Мен кузатган яна бир камчилик, дарсликлардаги таржималарнинг баъзи жумлалари рус тилидан тўғридан-тўғри (калка) кўчирилгани яққол сезилиб туради.

 

Масалан, бир дарсликда “бакалажонлар, бодринглар” деган сўзларни учратиб, муаллифга қўнғироқ қилиб тушунтиргандим: “Ўзбек тилида сони ёки миқдори кўрсатилган отларга “лар” қўшилмайди, “бир кило баклажон” деб айтилади”. Ёки 3-синф дарслигида 43 сўздан иборат битта гапни кўриб хунобим ошган – бундай мураккаб гапни бошланғич синф ўқувчиси тугул, катталар ҳам бир ўқишда тушунмайди-ку! 2-синф “Ўзбек тили” дарслигида матн ва шеърлар берилган. Ҳали ҳарф ўрганаётган бола қандай қилиб бундай матнни ўқисин? Муаллифларга “Шеърни кимга ёдлатмоқчисиз, болагами, унинг ота-онасигами?” дегингиз келади.

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Финландия ва Сингапур тажрибасини жорий этиш ҳақида гапирганда, бу методика йиллар давомида синалгани ва жамият эҳтиёжларига мослаштирилганини алоҳида таъкидлаган эди. Сингапурда ҳар бир синфда кўпи билан 16 нафаргача бола ўтиради. Тошкент мактабларида эса бу кўрсаткич 50 нафаргача етади. Ўзбек тили дарсларида синф икки гуруҳга бўлинган тақдирда ҳам, ҳар бир гуруҳда 20 тадан бола ўтирса, ҳафтасига атиги 3 соат дарс давомида уларга тил ўргатишнинг имкони йўқ.

 

Қолаверса, бир гуруҳда болаларнинг тил билиш даражаси, қабул қилиш усуллари, характери турлича бўлади. Қайсидир бола гапиришни яхши кўрса, бошқаси тинглашни, яна бири расм чизишни, айримлари эса синфдошлари гапирган гапларни умумлаштириб хулоса чиқаришни яхши уддалайди. Яъни бола дарсда ўз имкониятидан келиб чиқиб ишлаши керак.


Унутмаслигимиз керак: бошқа тилли синфларга ўзбек тили чет тили сифатида ўтилади, шунинг учун унинг методикаси она тили дарсларидан тубдан фарқ қилиши лозим. Асосий мақсад – ўқувчининг оғзаки ва ёзма нутқини ўстириш, исм-фамилиясини имло қоидаларига кўра тўғри ёза олиши, расмий ариза ва оддий кундалик мулоқот (масалан, ҳамкасбини туғилган куни билан табриклаш) кўникмасини шакллантиришдир.

 

Афсуски, ҳозир бу нозик жиҳатларга эътибор берилмаяпти. Ўзбек бўла туриб икки оғиз гапни тўғри боғлай олмайдиганлар ёки шунчаки “юқоридаги фикрларга қўшиламан” қабилида “камтарона” табрик билан кифояланадиганлар кўпайиб кетди. Эҳтимол, бу китоб ўқишга вақт ажратмаётганимиз, фикрламай қўйганимиз оқибатидир. Тажрибамда кузатганим, кўп ўқитувчилар ўзбек тили ўқитиш методикасини гап таҳлилидан бошлашади, ваҳоланки, фонетик таҳлилдан бошлаш керак. Йиллар давомида ишлаб, “нотўғри дарс ўтган эканман”, дея иқрор бўлган ўқитувчиларни ҳам кўрганман.

 

Олдин қандай бўлган?

 

Ўқувчининг ҳар қандай фанга қизиқиши кўп жиҳатдан ўқитувчининг маҳоратига боғлиқ. Гулнора Муҳаммаджонова бошқа тилли синфларда ўзбек тилидан дарс берадиган ўқитувчи нафақат тил қоидалари, балки Ўзбекистон тарихи ва маданиятини ҳам яхши билиши кераклигини таъкидлайди.

 

– Мен дарсларимда “Чинор остидаги дуэль” каби фильмлар, “Қирол Лир” сингари спектакллардан парчалар қўйиб эшиттирар, мавзуга мослаб ўзбек кино ва театр актёрларини бирма-бир ўқувчиларга таништирардим. Дарс пайтида шўхлик қилган ёки уйга вазифани бажармай келган ўқувчиларимга нисбатан ўзбек халқ мақолларини эслардим. “Аравани қуруқ олиб қочма”, “Эшакка тўқим, одамга либос” каби ибора, мақолларни қўлларканман, ўқувчиларда ўз-ўзидан уларнинг маъносини тушунишга бўлган қизиқиш ортарди. Ўтмишдаги буюк боболаримиз, маҳоратли спортчиларимиз, санъат арбоблари ҳақидаги жонли ҳикояларни тинглаш болаларга ҳар доим ўзгача завқ бағишлаган.

 

1996 йилда ўзбек тилини қўшиқлар ёрдамида ўргатиш методикасини ўйлаб топганман. Дарслар давомида ўзбек тилидаги 32 та машҳур қўшиқ эшиттириб бориб, сўнг сўзлари тушириб қолдирилган шу қўшиқ матнларини ўқувчиларга тарқатганмиз. Ўша пайтда ўқувчилар барча қўшиқларни ёд олган ва катта иштиёқ билан куйлаган. Энг “хит” бўлган тарона Абдулла Ориповнинг “Мен нечун севаман Ўзбекистонни” шеъри билан айтилган қўшиқ бўлган. Рус тилида таълим оладиган болаларнинг бу қўшиқни жўр бўлиб айтишини кўз олдингизга бир келтириб кўринг.

 

Ўзбек тилини зўр ўтадиган, фидойи ўқитувчилар етарли эди. Бир ўқитувчини биламан, ўқувчиларини таниқли ўзбек адиб ва шоирлари қабрини зиёрат қилиш учун Чиғатой қабристонига олиб борган. Йўл-йўлакай уларга қабристонга кириш ва зиёрат қилиш одоби ҳақида айтиб берган.

 

Тўғриси, устознинг ҳикояларини эшитиб, келажакка умид уйғонди, хаёлимдан “мана, қилса бўлар экан-ку” деган фикр ўтди. Шу кунгача бир неча боргина ўзбек тилида “тоза” гапира оладиган бошқа миллат вакилларини учратганман. Уларнинг аксарияти тилни мактабда эмас, маҳаллада ўрганганини айтган.

 

Ўз тилига садоқат – ватаний ишдир... 

 

Одамда тилни ўрганишга эҳтиёж табиий бўлиши керак. Ўзбек маҳалласида катта бўлган рус ўғил-қизларнинг аксарияти ўзбек тилида жуда равон гапиради. Ўзбек тили уларга тенгқурлар билан мулоқотга киришиш, маълум жамоага мансубликни ҳис қилиш, уйда нимадир бузилиб қолса, уста чақириш каби эҳтиёжлар учун зарур бўлган. Болалигидан хорижда ишлашга ёки ўқишга “дастурланадиган”, рус ёки инглиз тилида контент кўрадиган, китоб ўқийдиган, тенгдошлари билан мулоқот қиладиган бола ўз-ўзидан ўзбек тили ҳақида ўйламайди. Ва... ўзбек тилида ўйламайди.

 

Иккинчиси – ўзбек тилида ўйламаслиги бутунлай бошқа масала. Зеро, тил бу нафақат мулоқот воситаси, балки авлодларни бир-бири билан боғловчи занжир, миллий ўзлик белгиси, анъана ва қадриятлар тажассуми ҳамдир. Ўзбекнинг қувончи, ўзбекнинг қайғуси, орзу-умидлари ва кундалик ташвишларини бошқа тилда бор бўйича ифодалаб бўладими? Албатта, йўқ.

 

Бошқа тилдаги бирор ибора ёки жумлани ўзбек тилига тўғридан-тўғри таржима қилсангиз, у тўмтоқ ва нотабиий жаранглаши турган гап. Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир инсон ўзини шу жамиятнинг тўлақонли аъзосидек ҳис қилиш учун ўзбекча ҳазил, муомала маданиятини, ўзбекча муносабат ўрнатиш қоидаларини билиши керак.

 

Яна бир муҳим жиҳат – мактаб битирувчиларининг ишга жойлашиш масаласи. Агар улар ўзбек тилини яхши билмаса, меҳнат бозоридаги имкониятлари, табиийки, чекланади. Охирги пайтлар дўкон сотувчиси, самолёт борт кузатувчилари, дастёр (официант)лардан ўзбекча гапиришни талаб қилиш ҳолатлари кўпайди. Бу тенденция давом этса, ёшларнинг ўзида ҳам ўзбек тилини ўрганишга бўлган рағбат табиатан кучайиши аниқ. Аммо масаланинг илдизи барибир боғча ва мактабда ўзбек тилининг ўқитилиш даражаси, тилга қаратилаётган чинакам эътиборга бориб тақалади.

 

Мен мақоламни баландпарвоз гаплар билан якунламоқчи эмасман. Хулосам қисқа: ўттиз йилдан ошиқ вақт давомида ўзбек тили ҳақида гапирдик, аммо кутилган туб натижага эриша олганимиз йўқ. Келинг, энди шунчаки ЎЗБЕК ТИЛИДА гапирамиз. Ва фарзандларимизни ҳам шунга ўргатамиз.

 

Исҳоқхон тўра Ибрат айтганидек: “Бизнинг ёшлар, албатта, бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат – бу ватаний ишдир”.

 

Висола ҚАРШИБОЕВА

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 40028
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//