ХIV асрнинг биринчи ярми Чиғатой улуси тарихида туб бурилиш даври бўлди. Бу даврда кўчманчи мўғул аристократияси ва ўтроқ ислом маданияти ўртасидаги кураш кескинлашди. Мазкур жараёнларни бевосита кузатган ва қоғозга туширган энг муҳим хорижий манбалардан бири – Ибн Баттутанинг “Саёҳатнома” асаридир. Унинг 1333 йилда Мовароуннаҳрга қилган саёҳати ва Қаршида Тармаширинхон саройида меҳмон бўлиши ўша давр давлатчилик анъаналарини ўрганишда бирламчи манба бўлиб хизмат қилади.
Ибн Баттутанинг асл исми Шамсиддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Иброҳим ал-Лавотий ат-Танжий бўлиб, илм-фан тарихида кўпроқ Ибн Баттута номи билан танилган. Унинг саёҳатлари 1326 йилда Маккада ҳаж амалларини бажаришдан бошланиб, Яқин Шарқ, Эрон, шунингдек, Шимолий ва Шарқий Африка ҳудудларини қамраб олган. Кейинчалик мўғул улуслари томон йўл олган сайёҳ дастлаб Олтин Ўрда, сўнгра унинг тасарруфидаги Хоразм ҳудудларида бўлади. Шундан сўнг Чиғатой улуси ҳудудларига кириб келиб, Бухоро, Самарқанд, Қарши, Термиз ва Балх шаҳарларини зиёрат қилади ҳамда Ҳирот, Кобул, Нишопур ва Машҳад орқали Ҳиндистонга сафарини давом эттиради. У ерда бир муддат ҳукмдор Муҳаммад ибн Туғлуқ саройида хизмат қилади.
Ибн Баттута сафарлари давомида Чиғатой улуси ҳукмдори Алоуддин Тармаширинхон саройига қилган ташрифига алоҳида ўрин беради. Сайёҳ 1333 йилда Термиз орқали Мовароуннаҳрга кириб келар экан, унинг диққат марказида бўлган асосий манзиллардан бири Насаф шаҳри эди. Унинг “Саёҳатнома” асарида бу ўлка нафақат географик, балки ижтимоий-маданий жиҳатдан ҳам батафсил тавсифланган.
Ибн Баттута Насафни (Қаршини) кўплаб боғ-роғлари бор, атрофи ям-яшил ва серсув маскан сифатида таърифлайди. Шаҳарнинг иқлими мўтадиллиги ва меваларининг мўллигини алоҳида қайд этади. Академик Н.Иброҳимов таъкидлаганидек, сайёҳнинг бу қайдлари Насафнинг ўша даврда Буюк Ипак йўлидаги энг обод иқтисодий марказлардан бири бўлганини тасдиқлайди.
Сайёҳ Насафдан икки мил узоқликда Чиғатой ҳукмдори Кебекхон (1318–1326) томонидан бунёд этилган муҳташам сарой ҳақида ҳам маълумот беради. У бу бинонинг мўғулча “Қарши” (яъни “Сарой”) деб аталишини тушунтириб ўтади. Ибн Баттута бу сарой атрофида янги турдаги шаҳар шаклланаётгани ва кўчманчи аристократиянинг ўтроқ ҳаёт тарзига мойиллиги кучаяётганини пайқаган дастлабки хорижий кузатувчилардан биридир.
Ибн Баттута Насаф аҳолисининг меҳмондўстлиги ва очиқкўнгиллигига юқори баҳо беради. Шаҳарда исломий муҳит устувор бўлиб, уламолар ва қозиларнинг мавқейи баланд бўлган. Сайёҳнинг ёзишича, Насаф нафақат маъмурий марказ, балки ҳунармандчилик ва карвон савдоси жадал ривожланган йирик иқтисодий тугун эди. Хон қароргоҳига етиб келганида, у ердаги ўзига хос муҳит Баттутани ҳайратда қолдиради. Сайёҳнинг қайдлари Тармаширинхон шахсияти ва мўғул саройида исломий қадриятлар чуқур илдиз отганини кўрсатади.
Ибн Баттута Тармаширинхонни кибрсиз ва оддий инсон сифатида тасвирлайди. Хоннинг очиқ ҳавода, оддий курсида ўтирган ҳолда фуқароларни қабул қилиши унинг эътиборини тортади. Сайёҳ суҳбат чоғида хон ўзини ҳукмдор каби эмас, балки самимий мезбон каби тутганини алоҳида таъкидлайди. Академик В.В.Бартолд қайд этганидек, Тармаширинхоннинг бу фазилати Чиғатой улусида “хон ва халқ” ўртасидаги масофанинг қисқаришига ҳамда ўтроқ аҳолининг унга бўлган ҳурмати ошишига хизмат қилган.
Шунингдек, Ибн Баттута Тармаширинхоннинг диндорлигига юқори баҳо беради. Хон ҳар куни масжидда жамоат билан бирга бомдод намозини ўқигачгина давлат ишларига киришган. Саройда уламолар, қозилар ва шайхларнинг нуфузи баланд бўлиши Чиғатой саройида қадимий мўғул “Яса” қонунлари билан бир қаторда шариат нормалари ҳам жорий қилинганидан далолат беради.
Сарой одобига кўра, хон меҳмонни диққат билан тинглаб, унга юксак эҳтиром кўрсатган. Ибн Баттута хон унга сафар харажатлари учун 700 олтин динор ва зотдор от ҳадя қилганини миннатдорлик билан эсга олади. Бу ҳолат мўғул-туркий ҳукмдорларнинг уламолар ва сайёҳларга нисбатан саховатпешалигининг ёрқин намунасидир.
Бироқ Тармаширинхоннинг ислом динига ҳаддан ташқари мойиллиги ва пойтахтни Мовароуннаҳрда сақлаб қолиши кўчманчи мўғул амирларига (улуснинг шарқий қисми – Или водийсидаги хонзодалар ва аслзодаларга) ёқмаётган эди. Сайёҳнинг ёзишича, хон “Яса” қоидаларини бузиб, ҳукмронлигининг сўнгги тўрт йилида Или минтақасига бормагани учун қурултойда айбланиб, тахтдан ағдарилади.
Тармаширинхоннинг тақдири ҳақида манбаларда қатл этилгани айтилса-да, “Саёҳатнома” муаллифининг таъкидлашича, у тирик қолиб Мовароуннаҳрни тарк этган ва дастлаб Ҳиндистонга қочиб паноҳ топган. Аввалроқ хоннинг ўғил ва қизлари ҳам Ҳиндистонга келиб жойлашган эди. Тармаширинхоннинг тириклиги унинг табиби ва ўғли томонидан тасдиқлангач, Ҳиндистон подшосининг вазири Хожа Жаҳон Аҳмад ибн Айёс ва бош амир Қутлухон хоннинг бу ерда қолиши давлат хавфсизлигига таҳдид солишини уқтирадилар. Негаки, ўша пайтда Ҳиндистонда Тармаширинхонга алоқадор қирқ минг фуқаро, шунингдек, унинг ўғли ва куёви яшаётган эди. Улар бирлашиб салтанатга хавф туғдириши мумкинлиги сабабли, подшо Тармаширинхонга совуқ муносабатда бўлиб, уни Ҳинд ва Синд мулкларидан чиқариб юборади.
Шундан сўнг Тармаширинхон аввал Кожа ва Макрон вилоятига, сўнгра Шерозга йўл олади. Шероз султони Абу Исҳоқ унга эҳтиром кўрсатиб, барча зарур шароитларни яратиб беради. Ибн Баттута Ҳиндистондан қайтаётиб Шерозга келганида Тармаширинхон ҳамон ўша ерда яшаётганидан хабар топади. Бироқ султон Абу Исҳоқнинг ижозати кераклиги ҳамда “бирор кўргулик юз беришидан эҳтиёт бўлиб”, у билан учрашмаганини ва кейинчалик бундан қаттиқ афсусланганини қайд этади.
“Саёҳатнома” муаллифи ўз асарида Тармаширинхондан аввалги ва кейинги хонлар ҳақида ҳам муҳим маълумотларни келтиради. Жумладан, унда Чиғатой улусининг машҳур ҳукмдорларидан бири Кебекхон тўғрисида ҳам қимматли далиллар мавжуд. Ибн Баттута Мовароуннаҳрга келганида (1333) Кебекхон вафот этганига қарийб етти йил бўлган эди. Шунга қарамай, сайёҳ маҳаллий аҳоли орасида унинг адолати ҳақида сақланиб қолган ривоятларни ёзиб қолдирган. Бу ҳикоялар Чиғатой улусида қонун устуворлиги қанчалик юқори даражада бўлганини кўрсатиб беради.
Ибн Баттута келтирган энг машҳур ривоятлардан бири оддий аёлнинг шикоятига бағишланган. Унга кўра, бир аёл Кебекхон ҳузурига келиб, хоннинг нуфузли амирларидан бири унинг сутини тортиб олиб ичиб қўйганидан шикоят қилади. Кебекхон дарҳол амирни чақиртириб, ҳақиқатни аниқлаш мақсадида унинг қорнини ёрдиради. Ошқозондан сут чиққач, зулм қилган амир қатъий жазоланиб, қатл этилади. Бу кескин чора “Яса” қонунлари нафақат оддий халқ, балки юқори табақа вакиллари учун ҳам баробар эканлигини амалда исботлаган.
Ибн Баттута Кебекхон даврида Мовароуннаҳрда ўрнатилган хавфсизлик даражасини юксак баҳолайди. Унинг ёзишича, ўша замонда бир аёл бир товоқ тилла билан ёлғиз ҳолда бутун мамлакатни бехавотир кесиб ўта олган. Бу ҳолат ўша давр учун “адолатли жамият” мезони бўлиб, халқ хотирасида “Кебекхон – адолатли подшоҳ” образини муҳрлаган. Академик В.В.Бартолд Ибн Баттута маълумотларига таяниб, Кебекхоннинг бу каби қатъий чоралари мўғул зодагонларининг ўзбошимчалигини жиловлашда ҳал қилувчи рол ўйнаганини таъкидлайди. Кебекхоннинг адолати шунчаки жазо беришдан иборат бўлмай, балки ўтроқ аҳоли – ҳунарманд ва деҳқонлар мулкини ҳарбийларнинг тажовузидан ҳимоя қилиш орқали мамлакат иқтисодиётини тиклашга қаратилган эди.
Ибн Баттутанинг “Саёҳатнома”си Чиғатой улуси пойтахтининг Еттисувдан Мовароуннаҳрга кўчирилиши ва Қарши шаҳрининг бунёд этилишини ўрганишда энг ишончли манбалардан биридир. Кебекхонгача бўлган Чиғатой хонлари асосан Шарқий Туркистон ва Еттисув яйловларида истиқомат қилишган. Сайёҳ Кебекхон Насаф яқинида ўрнашиб, ўзи учун махсус қароргоҳ қурдирганини қайд этади. Бу қадам шахсий қулайликдагина эмас, балки давлат бошқарувини ўтроқ деҳқончилик ва савдо марказларига яқинлаштириш стратегиясидан далолат беради. Муаррих ёзганидек: “У (Кебекхон) Насафдан икки мил узоқликда бир сарой қурдирди. Мўғул тилида саройни “Қарши” деб атайдилар”.
Сайёҳнинг мазкур гувоҳлиги бугунги кунда Ўзбекистоннинг йирик марказларидан бири бўлган Қарши шаҳрининг номи айнан Кебекхон саройидан келиб чиққанини илмий жиҳатдан асослайди. Ибн Баттута Насаф ва унинг атрофидаги Қарши саройи ҳудудини обод, боғ-роғларга бой ва серсув ўлка сифатида тасвирлайди. Унинг ёзишича, Кебекхон даврида бу ерда нафақат хон қароргоҳи, балки ҳунармандлар, савдогарлар ва уламолар яшайдиган янги турдаги шаҳар маркази шаклланган. Академик Н.Иброҳимов таъкидлаганидек, Кебекхоннинг бу фаолияти Мовароуннаҳрда ўтроқлашув жараёнини тезлаштирган ва кейинчалик Амир Темур давридаги буюк шаҳарсозлик анъаналари учун пойдевор яратган. Шаҳарсозлик кўчманчи мўғул зодагонларини ўтроқ ҳаёт тарзига жалб қилишнинг муҳим воситаси эди. Ибн Баттута Кебекхон вафотидан кейин ҳам ушбу саройнинг нуфузи сақланиб қолгани ва Тармаширинхон ҳам айнан шу ерда меҳмонларни қабул қилганини кўрсатиб ўтади.
Сайёҳ Мовароуннаҳрда бўлар экан, Кебекхоннинг ислом дини ва унинг вакилларига бўлган ҳурмати ҳақида ҳам ижобий фикрларни баён этади. Гарчи Кебекхон исломни расман қабул қилмаган бўлса-да, унинг сиёсати ўтроқ мусулмон аҳолининг маданий ва диний қадриятларини қўллаб-қувватлашга қаратилган эди. Муаррих унинг уламоларни қадрлагани, уларга эҳтиром кўрсатгани ва диний муассасаларнинг дахлсизлигини таъминлаганини ёзади. Академик В.В.Бартолд таъкидлаганидек, Кебекхон исломни шахсан қабул қилмаган бўлса-да, мусулмон маданияти ва шариат нормаларини давлат бошқарувида барқарорлик ўрнатувчи муҳим омил деб билган.
Ибн Баттута Кебекхоннинг уламолар билан суҳбатлашишни хуш кўриши ва муҳим қарорларда уларнинг фикрига қулоқ тутгани ҳақидаги халқ орасидаги қарашларни қайд этади. Бу ҳолат мўғулнинг анъанавий “Яса” қонунлари ва исломий ҳуқуқий нормалар Мовароуннаҳрда ўзаро мувозанатда бўлганидан далолат беради. Асарда Кебекхон мусулмонлар учун тинчлик ва адолат кафолати бўлган ҳукмдор сифатида гавдаланади. Шунингдек, унинг ислоҳотлари доирасида масжид ва мадрасаларга қарашли вақф ерларининг дахлсизлиги сақлаб қолиниши уламолар табақасининг иқтисодий мустақиллигини ва хон ҳокимиятини қўллаб-қувватлашини таъминлаган.
Хулоса қилиб айтганда, Ибн Баттутанинг Чиғатой улуси пойтахти – Қарши шаҳрига ташрифи ва Тармаширинхон саройидаги кузатувлари ХIV асрнинг биринчи ярмида Мовароуннаҳрда ўтроқлашув ва исломлашув жараёнлари давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганини кўрсатади. Кебекхон асос солган “Қарши” саройи тавсифи мўғул зодагонларининг шаҳар маданиятига юз тутганини моддий жиҳатдан исботласа, халқ хотирасидаги унинг адолати ҳақидаги ривоятлар минтақада кучли ҳуқуқий тартиб ўрнатилганидан далолат беради. Бу маълумотлар Чиғатой улусининг ғарбий қисмида ижтимоий-иқтисодий барқарорлик қарор топгани ва Буюк Ипак йўлидаги Насаф каби шаҳарларнинг стратегик мавқейи юксалганини тасдиқловчи бирламчи манба бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, сайёҳнинг Тармаширинхон шахси, унинг диндорлиги ва уламоларга юксак эҳтироми ҳақидаги қайдлари Чиғатой саройида исломий қадриятлар нафақат эътиқод, балки давлат бошқаруви этикети даражасига кўтарилганини очиб беради. Ибн Баттута гувоҳ бўлган ушбу маънавий ва маъмурий трансформация жараёнлари кўчманчи анъаналар ва ўтроқ ислом маданиятининг ўзаро қоришувини ифодалаб, келгусида Амир Темур салтанатининг мукаммал давлатчилик тизими шаклланиши учун муҳим тарихий-маданий пойдевор вазифасини ўтаган.
Шаҳло МАХАМОВА,
Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети тадқиқотчиси
Тарих
Тарих
Жараён
Санъат
Жараён
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ