Ер юзидаги ҳар бир эл-улус ўзи яшаган иқлим шароитидан келиб чиқиб, кишилик жамияти тараққиётига хизмат қиладиган турфа касб-ҳунарларни яратган. Минг йиллар давомида бу касблар бойиб, янада такомиллашиб борган. Масалан, йирик дарё яқинида ўтроқ яшаган халқлар деҳқончилик билан кун кечириб, қишлоқ ва шаҳарларга асос солган бўлса, денгиз бўйлари аҳолиси кемасозлик ва халқаро савдода шуҳрат қозонган. Юксак тоғлар ва чексиз яйловларда чорва боққан эл-улуслар эса кўчманчи турмуш тарзини танлаган. Бу ҳолат муайян халқларнинг муайян соҳага ихтисослашувини таъминлаган: кимдир ёғочга ишлов беришда, бошқаси заргарлик, темирчилик ёки чармчиликда юксак маҳоратга эришган.
Кўчманчи турмуш кечириб, чорвасини кенг яйловларда боққан, айни пайтда ўтроқлашиб, шаҳарсозликда ҳам илғор бўлган туркий эл-улуслар мазкур касб-ҳунарларнинг деярли барчасини эгаллаган. Улар қўрқмас жангчи бўлиш билан бирга, йирик давлатларни бошқариб, юзлаб сулолаларга асос солган. Қарийб бир ярим минг йиллик ёзма манбалар таҳлили туркларнинг кундалик ҳаётида қуйидаги касб-ҳунарлар етакчи бўлганини кўрсатади: “беклик – бошқарувчилик”, “битигчилик – котиблик”, “этчилик – қассоблик”, “этукчилик – этикчилик ва терига ишлов бериш”, “экмакчилик – новвойлик”, “йўниғчилик – ёғочга ишлов бериш”, “бедизчилик – безакчилик”, “бўйуғчилик – бўёқчилик”, “темурчилик – темирчилик”, “авчилик – овчилик”, “сатиғчилик – савдо-сотиқ”, “кемичилик – кемачилик”, “эмчилик – табиблик” ва “ўтачилик – дори-дармон ясовчилик”.
Евросиё кенгликларининг шарқий қисмлари – Волга-Урал бўйлари, Жанубий Сибир ва Тян-Шан тоғларининг шимолий этакларида яшаган туркийлар табиатнинг инжиқликлари – тўхтовсиз ёмғирлар ва ойлаб чўзиладиган қор-бўронлар билан курашиб яшашга мажбур бўлганлар. Улар нафақат бошпаналарини иқлим шароитига мослаштирган, балки қор устида сирпаниш, юк ташиш, ов қилиш ва ҳарбий юришларда устунликка эришиш учун турли мосламалар ҳам ихтиро қилганлар [Тоган 1950; Йилдиз. 2019: 45–48]. Қадимги турк тилидан бугунги кунга қадар сақланиб келган “чана”, “чанғи”, “куйма”, “қизақ” каби сўз ва атамалар аждодларимизнинг табиат қийинчиликларини енгишдаги топқирлигидан далолат беради.
Бундан 1400 йил муқаддам ёзилган Ўрхун ёдгорликларидан бири – Кул-тегин битиктошида шундай сатрлар учрайди: “Сунгуг батымы қарығ сўкупан Кўгман йышығ тўға йўрип қырқыз бўдунуғ уда басдымыз – Сунги (найза) ботими қорни сўкиб (ёриб) Қирғиз халқини уйқуда босдик” [қар. Абдураҳмонов, Рустамов 1982: 108–109]. Манбадаги бу баён қўшинлар қорни икки томонга кураб йўл очганини ёки оёқларига махсус мосламалар тақиб ҳаракатланганини англатади. Хитой йилномаларида турклар орасида “ёғоч оёқли турклар” борлиги, улар оёқларига ёғочдан ясалган мосламалар боғлаб, қалин қор устида эркин юришгани ҳақида маълумотлар учраши бу далилни тасдиқлайди [Бичурин 1950, И]. IХ асрга оид, турк тилидан тибет тилига ўгирилган ҳужжатларда ҳам “уд-адағлиғ турклар” (сигир териси ва жунидан тикилган этик кийганлар) билан бир қаторда “ёғоч оёқли турклар” тилга олингани тарихий манбаларнинг ўзаро уйғунлигини кўрсатади [Абдуҳолиқ Абдурасул ўғли 1997: 72–77].
Маҳмуд Кошғарий “Девону луғатит турк” асарида қорда “тоймоқ”, “сирпанмоқ” маъноларини англатувчи бир нечта сўзларни келтиради. Хусусан, “таймақ” феъли билан боғлиқ “тайдï – эр тайдï – одам тойди” тарзида изоҳ бериб ўтади [Кошғарий 1963, III: 262]. Бундан минг йил муқаддам ҳам туркийлар сирпанчиқ учишгани, ўзаро мусобақалашгани асардаги “ул анïӊ бирлä тайïшдï – у у билан тойишда баҳслашди” деган маълумотда ўз тасдиқини топади [Кошғарий 1963, III: 204].
“Тоймоқ” феъли Ўнадули (Анадолу) туркчаси каби айрим замонавий туркий тилларда унутилган бўлса-да, ўзбек тилида “сирпанмоқ” феъли билан синоним бўлган “тоймоқ” [тåймåқ] феълининг сақланиб қолгани диққатга сазовордир. Бу сўз билан боғлиқ бирликлар ўзбек халқ шеваларида ҳам учрайди: “тойма” [тåйма] – “музлаган ёки сирпанчиқ ерда ўйналадиган ўйин / сирпаниб ўйнамоқ”; “Болалар қишда тойма тойишади – Болалар қишда сирпанчиқ ўйнашади” (Қашқадарё вилояти, Кўкдала тумани Ҳардури қишлоғи) ва ҳоказо [Нафасов 2011: 291].
Қуйида қадимги турк тили ва бугунги туркий тилларда сақланган, қорда сирпаниш учун қўлланилган воситалар билан танишамиз:
1. Чана – “Қишда қор, муз қоплаган йўлда сирпаниб юрадиган чанғили аравача” [ЎТИЛ 2008: 453].
Бу сўз ўзбек, уйғур, қирғиз тилларида “чана”, қозоқ тилида “шана” шаклида қўлланади. Кўпчилик тилшунослар “чана” сўзини мўғулча “ча”, “цас” (“қор”), “ча/ған” (“оқ, оқ тус”) сўзлари билан чоғиштириб, уни туркий тилларга ўзлашган деб ҳисоблайдилар [Рйбатзки 2015: 280]. Ҳақиқатан ҳам, бундан минг йил олдин яшаган буюк лексикограф Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғатит турк” асарида бу ёки шунга ўхшаш атаманинг учрамаслиги мазкур қарашни оқлагандек кўринади.
Бироқ Маҳмуд Кошғарий луғатидаги “чанақ – ёғочдан ўйиб ишланган тузлуқ ва шу каби идишлар” деб изоҳланган сўз билан мўғул тилига нисбат бериладиган “чанаг” (тувак), “чана”, “сана”, “чарга” (қорда сирпанчиқ учишда ишлатиладиган ёғоч мослама) ўртасида ўзаро мантиқий боғлиқлик борлиги сезилади. Қадимги туркий тилда сўз охиридаги “қ”, “ғ” товушларининг баъзан тушиб қолиши эътиборга олинса, “чанақ ~ чана” сўзлари ўзаро яқин илдизга эга эканлиги англашилади. Иккинчи томондан, қадимги турк-мўғул қавмларида чанасимон мосламаларнинг илк кўриниши идиш турларидан бирига, аниқроғи, тоғорага ўхшаш бўлгани учун ҳам қорда ҳаракатланиш воситаси “чанақ” (чана) деб аталган бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Айтиш жоизки, “чана” сўзининг негизида мўғулча “ча”, “цас” (қор) ётади деб ҳисобловчи тадқиқотчилар ҳам мўғул тилларида от ясовчи -на қўшимчаси мавжуд эмаслигидан келиб чиқиб, бу сўзни соф мўғулча деб аташда иккиланадилар [Рйбатзки 2015: 280].
Эътиборлиси, “чана” сўзи қадимги туркча “чанақ” (тахминан ясси ёғоч идиш) ўзак асосида ясалганини ўзбек тилидаги лексик параллеллар ҳам қўллаб-қувватлайди. Ўзбек ва бошқа айрим туркий тилларда “чанақ” (чаноқ) сўзи сақланиб қолган бўлиб, ўзбек тилида у асосан “бош косаси, кўз косаси, умуман, косасимон суяклар; пахта кўсагининг ҳар бир хонаси” каби маъноларни билдиради [ЎТИЛ 2008: 456]. Бу сўзнинг ҳозирги маъноси “Девону луғатит турк”даги “чанақ – ёғочдан ўйиб ишланган тузлуқ ва шу каби идишлар” таърифидан унчалик узоқлашмагани қувонарлидир.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ўзбек тилининг изоҳли луғатида “чана” сўзи қадимги рус тилидаги “сани” сўзидан олинган деб изоҳланади [ЎТИЛ 2008: 453]. Бироқ юқоридаги таҳлиллар кўрсатадики, бу сўз аслида мўғул тиллари орқали, аниқроғи, қадимги туркча “чанақ”дан ўзлашиб, кейинчалик Марказий Осиё туркий тилларига қайтиб келган “чана”нинг славян (жумладан, рус) тилларига ўтган кўринишидир. Мўғул тилларидан халқа, қалмоқ, бурят ва ойрот тилларида “сана” сўзининг “чана, қордан сирпаниш учун ясалган ёғоч қурилма” маъносини англатиши ҳам ушбу фаразни янада кучайтиради [Рйбатзки 2015: 280]. Бунинг устига, кейинги бўлимда кўриб чиқиладиган “чанғи” сўзининг ҳам тубдан қадимги туркий характерга эгалиги бу фикрни тўла тасдиқлайди.
2. Чанғи – “Қорли жойлар, ботқоқ ерлар ва сув юзида таянч жойларни кенгайтириб, силжишни осонлаштирувчи, оёқларга маҳкамланувчи махсус мослама” [ЎТИЛ 2008: 457].
Ўзбек ва қирғиз тилларида “чанғи”, уйғур тилида “чаӊға”, қозоқ тилида “шаӊғы” шаклларида учрайдиган бу сўзни баъзи тадқиқотвчилар мўғулча “чана” сўзи билан айнанлаштирмоқчи бўлсалар-да, В.Рибатски унинг соф туркча сўз эканини таъкидлайди [Рйбатзки 2015: 281]. Рибатски “чанғи” сўзининг қадимги турк тилида -нғу, -нгу каби от ясовчи қўшимчалар мавжудлигидан келиб чиқиб, уни туркий илдизга эга деб қараган. Ҳам бажарадиган вазифаси, ҳам ясалиш асоси “чана” ва “чанғи” сўзларининг туб моҳиятда яқинлигини кўрсатади.
Бошқа томондан, “чанғи” сўзини “чаноқ”дан бутунлай фарқли ўзакдан келиб чиққан деб қараб, унинг негизида шунга яқин маънодаги қадимги туркий феъл ётганини тахмин қилиш ҳам мумкин. Тўғри, қадимги турк тилида “чан-” ёки шунга ўхшаш феъл бевосита учрамайди. Бироқ туркий тилларда, жумладан ўзбек тилида кенг тарқалган “санқимоқ” (сандироқлаб, дайдиб бекор юрмоқ; саёқлик қилмоқ), “сандироқламоқ” (мақсадсиз равишда тентираб юрмоқ, санқимоқ) каби феъллар билан бир ўзакка эга бўлиши эҳтимолдан холи эмас [қаранг: ЎТИЛ 2008: 439, 443]. Маълумки, бугунги туркий тилларда бўлгани каби қадимги турк тилида ҳам “с ~ ч” товушлари ўзаро ўрин алмашиш хусусиятига эга: “санчмоқ ~ чанчмоқ”, “соч ~ чоч”, “сучуг ~ чучук”, “сўзма ~ чўзма”, “сизмоқ ~ чизмоқ” ва ҳоказо. Демак, “чанғи” сўзининг негизида “ҳаракатланаётганда йўналишни ўзгартириб, тентираган, эгри-бугри ҳолатда олдинга интилиш” маъносини англатувчи ёндош феъл ётади дейиш мантиққа яқинроқдир.
3. Куйма – “Йўловчи ташишга мўлжалланган усти ёпиқ арава – карета”.
Ўрта асрларда Олтин Ўрда ва унга қўшни ўлкалардаги турк-мўғул элатлари орасида қорда сирпаниб юриш учун мўлжалланган яна бир ўзига хос мослама кенг тарқалган бўлиб, у “қор куйма” (қар кüймä) деб юритилган. Бу сўз хоразмлик тарихнавис Ўтамиш Ҳожининг “Чингизнома” асарида учрайди. 1360-йилларнинг бошида Чингизий қўшин бошлиқларидан қўнғирот Нўғадай ўғли Оқ Ҳусайн Хоразм вилоятини бошқарган даврда Олтин Ўрда тахти учун курашларга аралаша бошлайди. У Ўзбекхон (1312–1342)нинг турмуш ўртоғи Той Туғли бегим ва бегим томонидан хон кўтарилган Бозорчи исмли шахсга қарши бошқа чингизийларни қўллаб-қувватлайди.
Асарда Той Туғли бегим тахт учун курашларга бош бўлгач, унга қарши кучлар чингизий Хизрхонни хон кўтариб, Сарой вилояти устига юриш қилгани қуйидагича баён этилади:
“Оқ Ҳусайн Хоразм лашкарин тамом иттифоқ қилиб, Оқкўлга бориб, Хизрхони мазкурни хон кўтариб, Сарой вилояти устунга юриди. Сарой устунда уруш бўлди. Бозорчи тақи бегим қўлға тушдилар. Бегимни бир қор-куйма (ёпиқ чана)га миндуруб, оғзини мазбут қилдилар. Тақи бир ийлик (асов) айғир отни екиб (қўшиб), бош солиғға (боши оққан томонга) қўя бердилар. Бу ийлик от аробани олиб қочиб ёбларға, қочуларға уруб эрди, то бегим ҳалок бўлди. Ўзбеклар Той Туғли бегимни Хизрхон ўлтуруб турур терлар” [Ўтамиш Ҳожи 2009: 37-38; Ötemiş Hacı 2025: 22].
Бундан кўринадики, ўша кезларда усти ёпиқ чана “қор-куйма” деб аталган ва уни олиб юришда айрим ўринларда отдан фойдаланилган. Шу ўринда айтиб ўтиш керак, “Чингизнома”ни ўзбекчалаштирган шарқшунос устоз Ғулом Карим
“қор-куйма” сўзини “қоркуям” кўринишида берган. Асарнинг Анадолу туркчасидаги нашрида турк тилшуноси Илёс Камолўғли бу сўзни “kar küyme” (қор куйме) шаклида келтириб ўтган [Ötemiş Hacı 2024: 22]. Бугунги қозоқ тилида мазкур сўз ўз маъносини сақлаб қолган бўлиб, улар йўловчи ташишга мўлжалланган усти ёпиқ арава – кареттеарни “күйме” деб атайдилар. Ўтамиш Ҳожининг ёзишича, Той Туғли бегим оғзи маҳкамланиб, ичига ўтирғизиб юборилган ва ариқлар ҳамда тўсиқларга урила-урила фожиали ўлимига сабаб бўлган “қор-куйма”дан ташқари, бошқа турдаги “куйма”лар ҳам мавжуд бўлган. Бундай қурилмалар асосан усти ёпиқ арава кўринишида бўлиб, қорда ҳаракатланишга мўлжалланганлари махсус равишда “қор-куйма” деб юритилган.
Демак, бундан асрлар муқаддам турли элат ва уруғларга бўлинган турк эл-улуслари, айниқса уларнинг Евросиё кенгликларининг Волқа-Урал бўйлари, Жанубий Сибир, Олтой ва Тян-Шан тоғларининг шимолий этаклари каби совуқ, қорли ўлкаларида яшаган қисми табиатнинг инжиқликлари – тинимсиз ёмғирлар ва қалин қорларга қарши курашиб, улар билан “тил топишиб” яшаганлар. Улар турли қийинчиликларни енгиш йўлларини излаб топиб, ўзига хос мослама ва жиҳозларни яратишни ўрганиб олганлар. Жумладан, чаноқ (чана) – тоғора кўринишидаги ясси, пастак ёғоч идишларни нафақат уй-рўзғор ишларида, балки қорли ва музли тоғ этакларини осонроқ ошиб ўтиш, буғу ва марал каби ўрмон ҳайвонларини овлашда, шунингдек, қорли ўлкалардаги рақибларга қарши курашда унумли қўллаганлар. Қадимги туркларнинг бу каби ихтиролари ва улар билан боғлиқ лексик қатламнинг қўшни ҳамда қардош мўғул, кейинчалик эса славян эл-улусларига ўзлашгани туркийларнинг Евросиё маконида кенг тарқалиб, ўзига хос моддий маданиятини бошқа халқларга ҳам ёйганидан далолат беради.
Ғайбулла БОБОЁРОВ,
тарих фанлари доктори, профессор
Қўлланилган адабиётлар:
1. Абдураҳманов Ғ., Рустамов А. Қадимги туркий тил. Тошкент: Ўқитувчи, 1982.
2. Абдуҳолиқ Абдурасул ўғли. Туркий халқлар тарихига оид тибетча ҳужжат // Ўзбекистонда ижтимоий фанлар. Тошкент, 1997. №6. Б. 7277.
3. Бичурин Н. Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах, обитавших в Средней Азии в древние времена. В 3-х томах. Том I. М. - Л.: Изд. АН СССР, 1950.
4. Кошғарий, Маҳмуд. Туркий сўзлар девони (Девону-луғот ит-турк) / Таржимон ва нашрга тайёрловчи С.М.Муталлибов. 3-том. Тошкент: Фан, 1963.
5. Нафасов Т. Қашқадарё ўзбек халқ сўзлари луғати. Тошкент: Муҳаррир, 2011.
6. Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Ч ҳарфи. А.Мадвалиев таҳрири остида. Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2008.
7. Ўтамиш Ҳожи ибн Муҳаммад Дўстий. Ўтамиш ҳожи тарихи. Нашрга тайёрловчи ва сўзбоши муаллифи Ғ.Карим. Тошкент: O‘zbekiston, 2009.
8. Ötemiş Hacı. Çengiz-Name. Hazırlayan İlyas Kemaloğlu. Ankara: TTK, 2024.
9. Rybatzki V. Mongolic words in Özbek (II). Words beginning with č-, j-, y-. // Acta Linguistica Petropolitana. Transactions of the Institute for Linguistic Studies. Vol. XI, part 3. St. Petersburg, 2015. P. 380-398.
10. Togan A. Zeki Velidi. Eski Türklerde Kayakçılık // Erciyes Kayseri Halkevi Dergisi, (1950). C. XII. S. 82-83, 21, 24-25.
11. Yıldız O. Eski Türklerin Kış Sporu Kayakçılık // Genç Kalemler. Tarih, Düşünce ve Kültür Dergisi. Yil 5, Sayi 6 (2019). S. 45–48.
Тарих
Тарих
Жараён
Санъат
Жараён
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ