“Эй, қиймат ва қоматда шатранж пиёдаси” – Аждодларимизнинг шахмат билан боғлиқ ибора ва пичинглари


Сақлаш
12:22 / 13.10.2026 86 0

Туронда Сомонийлар сулоласи ҳукмронлиги (873–999) ўзбек давлатчилиги тарихида муҳим ўрин тутган. Бу давр Биринчи Уйғонишнинг муҳим қисми саналади. Айнан шу пайтда маданият, илм-фан соҳаларида йирик ўзгаришлар юз берди, буюк кашфиётлар амалга оширилди. Бу ўзгаришлар аҳолининг кундалик турмуши, машғулотлари ва ҳаттоки, тилида ҳам кўзга ташланади. Биламизки, ўтмишда аждодларимиз ишдан кейин дам олиш, чарчоқни чиқариш учун турли машғулотлар билан шуғулланишган, ҳар хил ўйинлар ўйнашган. Буларнинг энг севимлиларидан бири шахмат (шатранж) бўлган. 

 

Туронда икки минг йиллик тарихга эга мазкур ўйин, айниқса, Сомонийлар сулоласи даврида янада ривожланиб, шунчалик оммалашиб кетадики, ҳатто  шеъриятдан тортиб кундалик турмушгача у билан боғлиқ иборалар, ўхшатишлар пайдо бўлади. Масалан, шахматдаги пиёда салбий англамда қўлланилиб, у кўпинча кишилардаги кучсизликни, паст даражани ёки бошқа ёмон белгиларни билдирган. Бухоролик таниқли олим, шоир ва сиёсатчи Абу Ахмад ибн Абу Бакр Котиб (10 аср) ўз биродари тўғрисида қуйидаги шеърни ёзган (таржимаси):

 

Мен билан рақобатлашмоқчисан, лекин мен чопгандай чополмайсан.

Ахир, пиёдалар рухлар каби чопа оладими?

 

Бунда шоир сиёсатчи биродарини ўйиндаги кучсиз пиёдага, ўзини эса энг кучли дона – рухга ўхшатмоқда. Бу билан эса у қанча чиранма барибир мендек бўлолмайсан, ўз ҳаддингни бил, деган маънода биродарини огоҳлантирмоқда.

 

Ёки шу даврда Бухорода яшаган яна бир ижодкор Абул-Ҳасан Али ибн Ҳасан Лаҳҳом Харроний Сомонийлар бош вазири Утбийнинг яқинлари ва суҳбатдошларини мазах қилиб, қуйидаги шеърни ёзган (таржимаси):

 

Шайхнинг Ҳамддан бошқа ҳамма гумашталари шатранж ва нарднинг пиёдаларидир.

 

Бунда тилга олинган Абу Бакр Ҳамд ибн Шаҳмард Сомонийлар саройидаги хизматчи ёки котиб бўлган, бош вазири Утбийнинг суҳбатдошларидан саналган. Утбийни ёқтирмаган Абул-Ҳасан Лаҳҳом эса бевосита уни эмас, ёнидагиларни ҳажв қилади, уларнинг устидан кулади. Лаҳҳом айтишича, булар шахмат пиёдалари сингари кичкина, арзимас кишилар. Бундан англашилади-ки, бош вазир Утбий шундайлар билан дўст-улфат экан, демак, унинг ўзи ҳам паст даражадаги киши бўлиши мумкин. Шундай қилиб, Лаҳҳом шахматдаги оддий, паст даражадаги пиёдага ўхшатиши орқали Утбийнинг дўст-улфатларининг устидан кулиб қолмасдан унинг ўзига ҳам тош отади.

 

Шунингдек, бўйи паст ва қадри кам, ҳурмат кўрсатилмайдиган кишилар ҳам пиёдага ўхшатилган. Шоир Абу Усмон Ножим Саъд ибн Ҳасан ибн Шаддод Самъий (816 – 913) ўз шеърида бу бўйича зўр ўхшатиш топган (таржимаси):

 

Эй, қиймат ва қоматда шатранж пиёдаси.

 

Боболаримиз бу чоғда юқори мартабага кўтарилган, бироқ бунга арзимайдиган паст кишини тезлик билан фарзин бўлиб олган, яъни шахмат тахтасида 7 та катакни босиб ўтиб, фарзинликка чиққан пиёдага ўхшатишган. Бу ҳолат бўйича кўпинча араб шоири Абу Таммом Ҳабиб ибн Авс Тоийнинг қуйидаги байти эсланган:

 

Қани менга айт-чи, э пиёда, қачон (бундай) тезлик билан фарзин бўлиб қолдинг, мен бундай ўйламагандим?

 

Кишилар бир-бирларини таҳқир қилсалар ҳам, “у гўё пиёдага ўхшайди” дейишган. Бир киши ўринли бўлмаган вазифага келса, кўпчилик учун ғалати ёки ёқимсиз кўринадиган иш билан шуғулланса ҳам “пиёдадан чиққан фарзин” ибораси ишлатилган. Масалан, чиройли ғуломнинг ёнида оғир (хунук) кузатувчи юрган бўлса, шу ибора ишлатилган.

 

Бир кишини бошқача деб билишган бўлса-ю, у ўйланганидан яхшироқ эканлиги маълум бўлиб қолса, бунда ҳам пиёда ва фарзин ўхшатишлари қўлланилган. Масалан, Сомонийлар сулоласи чоғидаги таниқли давлат арбоби, котиб, истеъдодли шоир Абу Али Муҳаммад ибн Исо Домғоний ижодида бу бўйича шеър бор:

 

Уни сенинг тўғрингда пиёда қилиб юрганимда,

Менинг олдимга фарзин бўлиб келганини эслайсанми?

 

Баъзан фарзин сўзининг ўзи ҳам салбий англамдаги ўхшатишлар учун ишлатилган. Бунга мисол асли Тоҳирийлар сулоласидан бўлган ва Сомонийлар чоғида Бухорода фаолият юритган сиёсатчи, моҳир шоир Абу Таййиб Тоҳир ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Тоҳир Тоҳирий ижодида учрайди:

 

Э Қуброий (тахаллусли) Талҳа, сен амирлар орасида югурдаксан,

Агар (амир) шоҳ бўлса, сен унинг саҳро кўчманчиларидан (бўлган) фарзинисан.

 

Бунда шоир ҳажв қилинаётган Талха отли кишини Қуброий, яъни такаббур, кеккайган, деб атаб, амирлар орасида юрса-да, у аслида югурдак ва қадри паст эканлигини айтмоқда. Агар Сомоний амир шахматдаги шоҳ бўлса, Талха сахро кўчманчиларидан чиққан, яъни таги паст фарзинга ўхшатилмоқда. Бунда ҳам “фарзинга чиққан пиёда” иборасидагидек маъно тушунилмоқда.

 

Бу чоғда туронликлар шахматдаги бошқа доналарни қатнаштириб ҳам турли ўхшатишлар, киноя-пичинглар ўйлаб топишган. Масалан, бирор кўргиликка йўлиққан кишига нисбатан “шоҳни рухнинг уриши ўлдирди” ибораси ишлатилган. Бундай дейилишига сабаб ҳам бор. Бу жараёнда шахматда фарзин бир катаккина турли томонга юра олган. Рух эса унга қараганда анча кучлироқ бўлиб, олдинга ва ёнга етти катаккача силжиган. Шунинг учун ҳам шоҳ учун душман фарзинидан кўра рух кўпроқ муаммо туғдирган, мотлар ҳам кўпинча шу дона билан қилинган. Иборанинг пайдо бўлиши шу сабаблар билан ҳам боғлиқ.

 

Шунингдек, эл орасида турли ҳолатларда, масалан, дастурхон тепасида одобсизлик қилаётганлар учун “шатранж тахтасидаги рух”, кўпроқ май ичиб қўйганлар учун “шатранж тахтасида от кўпайиб кетди” иборалари кенг ишлатилган. Икки киши жанжаллашса,  “шатранж тахтасидаги сен кимсан?” деб сўкишишган.

 

Шахматдаги фил эса олакўзлик, ўз уккикўзлик рамзи бўлган. Масалан, араб халифалигида вазирлик ва бошқа лавозимларда ишлаган туронлик Бармакийлар сулоласидан бўлган Абулҳасан Аҳмад ибн Жаъфар ибн Мусо ибн Яҳё ибн Холид Бармакий (839 – 936) олакўзлиги учун Жаҳза (олакўзли, уккикўз) деб лақабланган. У тўғрисида шоир ибн Румий шатранж фили ўхшатишини қўллаб қуйидаги шеърни ёзган (таржимаси):

 

Жаҳзага олакўзликни шатранж фили ва қисқичбақадан олишни хабар қилдим.

Афсус унинг надимларига-ки, қулоқлар лаззат олиши учун кўзлар азобланишини ўзларига олганлар.

 

Табиатда филнинг ва қисқичбақанинг кўзлари олалиги, чўччайма эканлиги маълум. Шоир эса фил ҳайвонидаги бу белгини шахматдаги филга кўчиряпти. Бу ўхшатишни эса Жаҳзага тенглаб ўтяпти.

 

Сомонийлар сулоласи ҳукмронлиги даврида шаҳарларда, айниқса, пойтахт Бухорода эл ойдинларининг уйларида адабий мажлислар, илмий суҳбатлар тез-тез ўтказилган. Бу суҳбатлар чоғида гўзал шеърлар ҳам ўқилган, ўйин-кулгу қилинган. Албатта, ушбу йиғинларда шахмат ўйнашгани ҳам табиий.

 

Сомонийлар сулоласи даврида Туркистонда ҳамма ҳам шахматни ёқтирган эмас. Олим-у фозиллар орасида уни ёмон кўрувчилар ҳам учраган. Бу фақат динга доир жараён бўлмасдан, айрим кишилар ўз феъллари сабаб бу ўйинни хушламаган. Масалан, 10 асрда Бухорода ижод қилган шоир Абулқосим Кисравий шахматни ёқтирмагани маълум.

 

У шахмат ўйнайдиганларнинг яқинига бормас, бундай кишиларнинг камчиликларини кўп айтар экан. Кисравий шахмат тўғрисида шундай деган: “Шатранжбоз бой бўлса, фақат бахиллигини, камбағал бўлса, фақат текинхўрлигини кўрасан. Нодир ва совуқ хабарлар асосан шатранж ҳақида бўлади. Агар у тўғрида бирор хабар келса, “қаттиқ совуқ келди” дейилади. У тўғрида мисол келтирганда фақат сўкиб, ҳақорат қилиб ва жирканиб айтишади”.

 

Кейинги даврларда ҳам боболаримиз тилида шахматга доир иборалар, киноя-пичинглар янада ривожланиб, бойиб борди. Бироқ шахмат доналари орқали қилинган ўхшатишлар анча ўзгаришга учрагани сезилади. Шунингдек, қардош халқлар тарихида ҳам шу каби ўхшатишлар бўлганини манбалар орқали билишимиз мумкин. Масалан, озарбойжонлик таниқли шоир Афзалиддин Хоқоний (11-12 асрлар) нозик иборалар ёрдамида шахмат мавзусидан унумли  фойдаланган:

 

Бир вазир бўлиб эгри юрмоқдан

Бир пиёда бўлиб тўғри юрмоқ афзалдир.

 

Билинади-ки, бу чоғларда шахматдаги пиёда тўғриликни, фарзин эса эгриликни англата бошлаган. Кейинги даврларда ҳам шу тушунча кучая борган. Масалан, озарбойжонлик яна бир таниқли шоир Низомий Ганжавий (11-12 асрлар) ёзади:

 

Одат сари доим тўғри юрувчи аскар,

Вазир бўлгач, дарровоқ эгри йўл танлар.

 

Яъни оддий одамлар-пиёдалар тўғри юрадилар. Вазир-фарзинлар қинғир йўл тутадилар. Бир пайтлар оддий бўлган (пиёда) кишилар юқори амал-мартабага эришиб (фарзин бўлгач) босар-тусарини билмай эгрилик томон кетишади. Шоир шу йўсинда дунё адолатсизликларига ўз муносабатини билдиради.

 

Бу англам буюк ўзбек шоири Алишер Навоийда ҳам учрайди:

 

Шоҳ ёнин фарзин каби айлар мақом этмиш нетонг,

Рострашлар арсадин гар тутсалар рухдек қироқ.

 

Демак, шоҳ ёнини фарзин каби қинғирлар эгаллаб олибдилар, бинобарин, рухдек тўғри юрадиганларнинг чеккага чиқиб қолишлари ажабланарли эмас. Шоир бу байтда подшо саройидаги амир-амалдорлар эгри кишилардир, подшо ундайларни ўзига яқин тутади, тўғри кишилар эса подшодан узоқ турадилар, деган ғояни шахмат доналарининг дастлабки ўрни ва юриш тартиби орқали кўрсатиб берган.

 

Шу хилдаги байтлар, ҳаттоки, Муҳаммад Ризо Огаҳийда ҳам бор:

 

Ростравлик, Огаҳий, рухдек сани солмиш йироқ,

Қурби шоҳ тўғри эдинг кажрав жанг фарзин каби.

 

Бошқа байт:

 

Рух каби шаҳдин йироқ ўлмай десанг бу арсада

Ҳар тарафга мойил ўл, андоқ-ки, фарзин, эй кўнгил!

 

Хулоса қилиб айтиш мумкин-ки, минг йилдан ортиқ вақт илгари Сомонийлар сулоласи даврида аждодларимиз шахматни жуда севган, бу ўйин уларнинг асосий кўнгилочар машғулотларидан бири бўлган. Буни ўша пайтлардаги аҳолининг тилидаги шахмат билан боғлиқ иборалар, ўхшатишлар ва киноя-пичинглар тасдиқлайди. Халқнинг дунёқарашини, тафаккурини кўрсатувчи мазкур тил бирликлари кейинги даврларда ҳам янада ривожланиб, бойиб борган.

 

 

  Ислом БЎРИЕВ,

ЎзР ФА Шарқшунослик институти кичик илмий ходими 

 

Фойдаланилган манба ва адабиётлар:

 

1. Абу Мансур Саолибий. Ятиммат ад-даҳр фи маҳосин аҳл ал-аср. Тошкент, 1976.

2. Абу Мансур Саолибий. Ажойиб маълумотлар. Тошкент, 1995.

3. Мамажон Муҳиддинов. Ақл мўжизаси. Тошкент, 1986.

4. Мамажон Муҳиддинов. Шахмат. Тошкент, 1992.

5. Мамажон Муҳиддинов. Шахмат – кони ҳикмат. Тошкент, 1995.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 40027
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//