Хун тили жумбоғи – Хитой иероглифлари ортидаги туркча ўзаклар


Сақлаш
18:04 / 12.10.2026 107 0

Евросиё ўтмишида чуқур из қолдирган бўлса-да, кейинчалик ўз довруғини буткул йўқотган оз сонли элатлардан бири “хун”лардир. Милоддан аввалги III–II асрлардан бошлаб хитой йилномаларида “Ҳсиунг-ну” кўринишида тилга олиниб, милоднинг илк асрларида лотинча ёзма манбаларда “Ҳун”, “Ун”, III–IV асрларга тегишли суғдча битикларда “Хун” ўлароқ эслатилган ушбу элат бугунги туркий элларнинг илк ота-боболаридан бири саналади. Деярли 1000 йилча Евросиё кенгликларида етакчилик қилган хунлар тилидан бир неча юзлаб сўз ва атамалар етиб келган бўлса-да, улар бўйича кенг қамровли изланишлар олиб борилмаган. Айниқса, ўзбек тилида хун тилини танитувчи ишлар кўнгилдагидек эмас.

 

Бундан 1,5–2 минг йил илгари турк эл-улусларига бешик бўлган бугунги Мўғулистон ерларидаги кенг далаларда яшаган кўплаб элат ва уруғларнинг бирлашувидан туғилган бу улуғ кўчманчи элат “Хан-шу” (Хан сулоласи ўтмиши), “Ши-жи” (Ўтмишдан эсдаликлар) каби хитойча ёзма манбалардан англашилишича, милоддан аввалги 209 йилда хунлар етакчиси Тоуман Шаню (Туман Ябғу)нинг ўғли Маодун Шаню (Баҳодур Ябғу) бошчилигида қаттиқ интизом остида Олтой, Саян, Сибир ва Ўрхун яйловларини бирлаштирган йирик кучга айланди.

 

Ушбу хунлар ўз бошқарувининг энг юқори чўққига чиққан кезларида Хитойнинг юқорисидаги Ордос ўлкаси (бугунги Ички Мўғулистон), Манжуриянинг шарқи билан Олтойдаги турк элларигача чўзилган кенг ерларга 500 йилча эгалик қилиб, ўнлаб йирик кўчманчи уюшмаларни ўз қўл остида бирлаштирди. Ғарбга юриш чоғида Еттисув – Ғарбий Олтой оралиғидаги Юечжи, уларнинг ғарбида – Тян-Шан (Тангритоғ) этакларидаги Усун уюшмалари бўйсунгач, Шарқий Туркистондаги ўтроқ бошқарувлар Хун ябғусига қарам бўлди. Еттисув теграларидаги ерлар – Амударё ва Сирдарё оралиғидаги ҳудудлар, айниқса, Сирдарёнинг юқори оқимидаги Фарғона (Довон), ўрта оқимларидаги Қанғ, Зарафшон – Қашқадарё қирғоқларидаги Суғд ўлкаси Хун бошқарувини тан олди.

 

Хунлар босимига чидай олмаган Юечжи бошқарувчилари янги юрт излаб ғарбга кўчиб, Амударёнинг юқори оқимидаги Бақтрияни қўлга киритдилар ва бу ерда Юечжи – Тўхор эли, кейинроқ эса Кушонлар атамаси остида танилдилар. Шу йўсин Хун эли ёлғиз Шарқий Осиё эмас, бутун Евросиё геосиёсий қиёфасини ўзгартирди.

 

Милоддан аввалги II-I асрларда Хитойдаги Хан эли билан узоққа чўзилган урушлардан сўнг, орадан кўп ўтмай, милоддан аввалги 53 йилда Хун бошлиғи Хуҳане хитойликларга бўйсунди. Орадан 5 йил ўтиб, милоддан аввалги 48 йилда Хун бошқаруви иккига – Шимолий (Олтой – Саян Сибир – Ўрхун) ва Жанубий бўлакка бўлинди. Жанубий хунлар Хан юрти ерлари ичида, Ордос теграсида ўрнашиб, асрлар ўтгач хитойликларга сингиб кетди. Хитойлаша бошлаган ушбу қатламдан 304 йилда Лиу Юан бошчилигида Хан-Чжао элати, сўнгра Жие (Қир) уруғидан бўлган Ши Ло бошчилигида Чао элати юзага келди. Ушбу элатлар тилидан бир неча ўнлаб сўз ва атамалар етиб келган бўлиб, қуйида тўхталиб ўтиладиган хунча сўзларнинг бир бўлаги ўша даврга тегишлидир.

 

Хун эли тарқалиб, кўпчилиги ғарбга – Шарқий Европага, сезиларли бир бўлаги эса Гансу ўлкаси – Шарқий Туркистон орқали жанубдан ғарбга, бундан 500 йилча илгари Юечжи – Тўхорлар бориб ерлашган Амударёнинг юқори оқимига йўл олдилар. Хунларнинг бу кўчишига туртки бўлган қардош эл – Сянби (Сарби, “Сабир / Сувор”) элатлар бирлашмаси Олтой билан Ордос ўлкаларида етакчи кучга айланди. Ушбу кўчманчи уюшма ичидан ажралиб чиққан Тъопа (Табғач) элати 386–534-йиллар оралиғида Шимолий Хитойда ҳукмронлик қилиб, Шимолий Вей улусини қурди ва “Тоба” (Тўба) атамаси остида танила бошлади. “Табғач” сўзи орқали Ўрхун битикларида тилга олинган бу элат тилига тегишли сўзлар шуни кўрсатадики, Сянби – Суворлар, уларнинг бир тармоғи бўлмиш Тоба – Табғачлар тили, ҳеч бўлмаганда уларнинг бир бўлаги турк тилида сўзлашган.

 

Хун, Ўғур, Ўн-Ўғур, Авар, Сувар, Булғор каби этник атамалар остида ғарбга – Қора денгиз бўйлари ва Шарқий Европага кўчган эл-улусларнинг бир бўлаги, айниқса, Сувар ва Булғорлар Волга бўйида ўрнашдилар. Кейинчалик чувашларнинг туб-боболари саналган булғорлар Ордос теграсидаги турк эллари билан яқин қариндош эдилар. Дунай бўйига кўчиб борган булғорлар билан Панонниягача етиб борган Аттила ҳунлари Олтой теграларидаги хун элатининг издошлари эдилар.

 

Хунлар ва уларнинг тармоқ эллари тилига оид сўзларга тўхталишдан олдин, бугунги изланувчилар орасида кенг тарқалган методологик ёндашувлардан бирига эътибор қаратайлик.

 

Айрим тилчилар Хунларни туркий эмас, Сибирнинг қадимги элатларидан бири – кет (палеосибирлик)лар билан тенглаштириб, хитой йилномаларидаги ўнлаб сўзларни бошқа илдизлардан қидирадилар. Бироқ улар тайга ва совуқ ўлкаларда яшаб, тирикчилиги асосан буғучилик ва балиқчиликдан иборат бўлган, кенг кўламли миграцияларга унчалик аралашмаган палеосибирликлар Ордос ўлкасига, ҳатто Хитой ичкариларига қандай қилиб кириб борганини изоҳлай олмайдилар. Энг муҳими, улар Гансу, Шарқий Туркистон, Еттисув, Сирдарё ва Амударё оралиғи, Волга-Уралбўйи, Қора денгиз шимоли ҳамда Шарқий Европа каби улкан ҳудудларни қандай сиёсий куч ва қудратга таяниб бошқарганини мантиқан асослаб беролмайдилар.

 

Қолаверса, хунлар турк эканига қарши чиқувчилар нега хитойликлар турк эл-улусларининг илк ота-боболари бўлмиш “Ди”, “Динглинг”, “Теле”, “Гянгун” (Қирғиз), “Гаоче” (Уйғур) тилларининг бир-бирига яқинлигини таъкидлаганлиги ҳақидаги маълумотлардан кўз юмишади? Шунингдек, улар эски чоғларда хунларни, илк ўрта асрларда Ашина туркларини яқиндан таниган суғдлар нега ҳар иккала элатни “Хун” атамаси остида тилга олганликларига эътибор қаратишмайди?!

 

Бизнингча, бу каби чигалликлар ўз ечимини топмай келаётганининг бир неча сабаблари бор:

 

1.                 Хун тили бўйича ўзимиздан етук изланувчилар етишиб чиқмаган;

2.                 Тилчилар тарихда бўлиб ўтган воқеликларни етарлича тушуниб етишмаган;

3.                 Турли тиллардаги билгилар ўзаро солиштирилмаган;

4.                 Хунларнинг турк эканлиги атайлаб яширилади.

 

Хунлардай йирик элатнинг ўз тилида ёзган бирор битик бугунгача аниқланмагани учун бундай чигалликлар ечимсиз қолмоқда. Ўз вақтида Хитой – Хан элини титратган бу элатнинг тили уларга кучли ёв бўлмиш хитойлик йилномачилар қолдирган иероглифлар ичига “қамалиб” қолган. Энг ачинарлиси шундаки, биз ўз довруғини йитирган элнинг сўзларини бутунлай бошқа тузилишга эга тил орқали тиклашга уринамиз.

 

Бугунги кунда хун тили бўйича ўндан ортиқ бир-бирига қарши қараш кенг ёйилган. Улар орасида “Туркий қараш” энг кўп қўлловчига эга [Доерфер 1973]. Тилчилар қўлида хун тилини тиклаш учун бор-йўғи хитой йилномаларидан ажратиб олинган 190 тага яқин сўз билан милоднинг 329 йилига тегишли атиги 10 белгили битта хунча тўртлик бор [Пуллейбланк 1962].

 

Жўмбоқнинг туб ўзаги эса хитой иероглиф тизимининг тузилишига бориб тақалади. Эски хитой ёзуви кўчманчи элатлар тилига тегишли /л/–/р/, /ö/–/ü/ каби керакли товушларни ажратиб олишга йўл бермайди, уларни бир-бирига қориштириб юборади. Шунинг учун йилномалардаги белгилар турли изланувчилар томонидан бутунлай бошқача ўқилиб, турлича очиқланган. Ушбу тил жумбоқини ечиш, иероглифлар ортига яширинган ўзакларни эркин қилиш учун бугунги тилшуносликда икки йирик оқим юзага келди.

 

Улардан бири – Россиянинг таниқли тилшунос олимаси Анна Дйбо бўлиб, у қадимги хитой тилининг энг қаттиқ товушлари (Старостин оқими) негизида сўзларнинг товуш кўринишини қайта тиклашга интилади. Дйбо хун сўзларини қаттиқ товуш қолиплари негизида қатламларга ажратади ва унда турк, қадимги эронча, мўғулча, тўхор излари борлигини ҳам кўрсатади. Шу билан бирга, у Пуллейбланк илгари сурган “Хунну = Енисей тили” қарашига қаттиқ ишончсизлик билан қарайди.

 

Иккинчиси – таниқли турк тили билимдони Талат Текин бўлиб, у хун тилини тўғридан-тўғри эски туркча ва чуваш тиллари орқали ички ўзак сўзлар солиштируви йўлидан боради. Текин ўзидан олдинги Ширатори, Рамстедт, Базин, Габаин, Боодберг, Доерферларнинг ўқишларини битталаб кўздан кечириб, янгича ўқишни ўртага ташлайди. Ўз текширувларини кучайтириш учун Текин Тъопа (Тоба) атамаларини ҳам кўриб чиқади.

 

Ҳар иккала етук тилчи – Текин ва Дйбонинг қарашларидаги яқинлик шундаки, улар бир-биридан айри, бутунлай бошқа йўл тутган ҳолда деярли бир тўхтамга келадилар: хун тилининг сўз бойлигида кучли, кўз юмиб бўлмайдиган даражада туркча қатлам бор. Изланувчилар бутун хун тилини “туб туркча тил” деб аташдан тийилишса-да, унинг таянч сўз бойлиги туркий ўзакка эгалигига урғу беришади. Қуйида биз ушбу изланувчиларнинг қарашларидан келиб чиқиб, хун тилининг энг ишончли 10 та сўз кўрсаткичини, шунингдек, 329 йилги хунча тўртликнинг бугунги турк тилларида, айниқса, ўзбекчада сақланганига тўхталган ҳолда кўриб чиқамиз.

 

1.                 тäнгри – “кўк, тангри”. Хитойча ёзуви: 撐犁 чъенг-ли (< тъенг-ли). Хун бошлиғининг тўлиқ атоғи “чъенг-ли ку-тъу шан-йü” бу сўзни эски туркий тäнгри “кўк – осмон, кўк юзи, тангри” билан тўғридан-тўғри боғлайди [Текин 1993]. Доерфер сўз ичидаги -ñр- товуш бирикмасига ишончсизлик билан қараб, бу ҳолат унинг туркий бўла олмаслигини кўрсатишини илгари сурган эди. Текин эса бу эътирозга ёқут (саха) тилидаги таñара, чувашча тури (< таñри > таğри > тури) ўрнакларини келтиради. Унга кўра, бу ўзгариш тизимли ва изчил. Дйбо бу сўзни туркий қатламга киритади ва унинг деярли барча турк тилларида учрашига урғу беради. Ўзбек тилида бу сўз “тангри” (тäŋри) кўринишида эски туркчага уйғун шаклни сақлаб қолган.

 

2.                 сü – “қўшин, чериг”. Бу сўз уч айри йилномада ёзиб қолдирилган бўлиб, энг кўп учрайдиган хунча сўзлардан биридир. Биринчиси, Жие (Қир) уруғининг 310 йилги тўртлигида учраб, Рамстедт билан Доерфер ўқишида “šаw” кўринишида тикланиб, эски туркча “сü” (қўшин) билан тенглаштирилган [Дйбо 2007]. Иккинчиси, Текин текширган 329 йилги хунча қўшиғининг биринчи белгиси – 秀 сиу. Текин буни сü:кä “қўшинга” деб ўқийди [Текин 1993]. Учинчиси, Пуллейбланк томонидан хитойчада учрайдиган ўзга тилларга тегишли сўз ва атамалар тизмасида кўрсатиб ўтилган. Ўрхун битикларида, эски уйғурча ва қорахонийлар даври қўлёзмаларида сü сўзи “қўшин, уруш” маъносида кенг ишлатилган.

 

3.                 қут / қути – “қутлуғ, тангри қўллови, инъоми”. Хитойча ёзувда: 孤塗 ку-тъу (< куо-дъуо). Текин бу сўзни Ф.В.К.Мюллернинг тушунтиришига таяниб, эски туркий “қут” сўзи билан боғлайди [Текин 1993]. Cлаусон ҳам бу ўқишни тўғри деб билади. Ўрхун ва уйғурча битикларда “қут” сўзи хонлар билан бекларга юзланиш йўсинида ишлатилган: қанг-им қут-и “қутлуғ отам” ёки “отам улуғи”. Бундан келиб чиқиб, тäнгри қут-и ябгу – “Ябғунинг тäнгри (берган) қути (улуғлиги)” кўринишида қайта тикланади. Бу сўз барчасидан ҳам салмоқли бўлиб – хун унвонлар тизими билан эски туркий эл бошқаруви тушунчаси ўртасидаги тўғридан-тўғри боғлиқликнинг ёрқин ўрнакларидан биридир.

 

4.                 ябғу – унвон (атоқ). Хитойча ёзувда: 單于 шан-йü (< дъиан-гиwо = дъабгу/жабгу). Доерфер бошқа ёзувларини ҳам келтиради: 翕侯 ҳиеп-ҳо (< ğиеп-гу) билан 葉護 че-ҳу (< жебгу) [Доерфер ТМН IV]. Хитой ёзувида келтирилган турличалик ушбу сўзнинг икки ўтмишдаги босқичини – “жабгу” билан “ябгу” босқичларини кўрсатади. Арман, араб ва форс ёзма манбаларида “ябгу”, “жабгу”, “жебу”, “жибу” кўринишлари ҳам сақланиб қолган. Сўзнинг турли тиллардаги кўринишлари бир-бирини қўллаб-қувватлаб, унинг эски туркча товуш тизими ўтмишини ёритишда қўл келади.

 

5.                 қинғирақ – “қинғир, эгри пичоқ, йўсин қиличи”. Хитой ёзувида: 徑路 кейҳ-рäҳ. Бу сўз Ҳиртҳ томонидан 1900-йилларда илгари сурилиб, Маҳмуд Кошғарий луғатидаги “қингирақ” – икки ёқламали эгри пичоқ билан тенглаштирилган [Дйбо 2007]. 徑路 кинг-лу (< кинг-лак) сўзи телеутча кингирак “икки юзли пичоқ”, қирғизча кингирак ва Карлгреннинг “кинг-лак” қайта тиклаши бу сўзнинг энг эски туркча сўзлардан бири эканини кўрсатади [Текин 1993]. Текин ва Дйбо бу сўзни “қингир” – эгри, қийшиқ ўзагига боғлайди. Ўзбекчадаги “қинғир” (эгри) сўзи ҳам шу негиздан келиб чиққан.

 

6.                 äпчи / äбчи – “хоннинг хотини, хотун”. Хитойча: ен-чи (< ем-чи = эбчи). Текин бу сўзни япон тилшуноси Ширатори изоҳига таяниб, уйғурча äпчи / äвчи “хотун, урғочи” билан боғлайди [Текин 1993]. Cодех Cуманиcусъда эпчи – фрау (урғочи/хотин), бугунги қирғизча эпчи, хакасча ипчи кўринишларида шу ўзак сақланиб қолган. Текинга кўра, бу сўз кейинчалик эски туркчадаги “қатун” (“эл бошлиғининг хотуни”)га ўрнини бўшатиб берган.

 

7.                 орду / ордо – “ўрда, турғоқ ер”. Хитой ёзувида: эу-та, во-лу-то, ао-тъот (мил. авв. II аср). Текин бу сўзни чуқур текшириб, тўғридан-тўғри туб туркча сўз деб билади [Текин 1993]. Cодех Cуманиcусъдаги ор – “ўр, чуқур”, “Қутадғу билиг”даги оро – “қоронғи ўра”, Олтой туркларидан шорчада ора – “тешик, қудуқ”, хакасча ора – “ер ости уйи” – буларнинг барчаси битта ўзакка бориб тақалади. Текиннинг фикрича, орду / ордо “ўрда” сўзининг туб маъноси “ер ости бошпана, уй” бўлиб, у кейинчалик кўчма маънода “эл бошлиғининг ўрдасига” айланган. Бу сўз сўнг Европа тилларига ҳам ўтган – немисча “Ҳорде” шу ўзакдан олинган. Ўзбек тилидаги “ўра” (чуқур, сабзавот сақлаш учун қазилган ер) сўзи ҳам шу негизга бориб тақалади.

 

8.                 будурчин – “бедана”. Хитойча ёзуви: 佛圖澄 бвит-дў-дҳий. Дйбо бу отни эски туркий будурчин “бедана” сўзи билан боғлайди [2007]: чувашча пŭржăган, хакасча пудурчун / пüдüчüн, қорахонийлар давридаги буδурсин (Маҳмуд Кошғарий). Бу сўз хунча ва эски туркчани солиштиришда энг қўл келадиган атамалардан биридир. Атоқли от эмас, кундалик ном (атама) бўлгани учун маъно жиҳатидан туб кўрсаткичлардан бири саналади. Қадимги туркларда шомонлар “қам” деб юритилган. “Будучин” сўзининг уларнинг лақаби ўрнида қўлланилиши қамларнинг ўз алқовларини қўшиқ йўсинида куйлаганидан, қолаверса, уларнинг овози бедананинг сайрашига ўхшатилганидан далолат беради.

 

9.                 тäмир – “темир”. Хитой ёзувида: 鐵伐 тъиеҳ-фаҳ (< тиет-бат / тиеба = тебäр). Дйбо ва Текиннинг қарашлари бу сўзда бир-биридан бироз фарқ қилади – икки тилшунос орасидаги камдан-кам учрайдиган қарама-қарши тутумлардан биридир. Дйбо бу сўзни қадимги хитойча “тиет-мҳwит” орқали туркча “темüр”га боғлайди. Текин эса бу сўзни эски туркча тäмир (темир) билан солиштириб, шор ва лебед диалектларидаги тäбир, сагайча тебир кўринишлари тäмирдан эмас, балки ундан-да эски тäбäр кўринишидан келиб чиққанини илгари суради. Иккала изоҳ ҳам бу сўзнинг туркча ўзакка эгалигини инкор этмайди. Ўзбекча “темир” сўзи Ўрхун битикларидаги “темир”, “тäмир” негизига бориб тақалади.

 

10.             Хунча тўртлик (329 йил)

秀支 替戻岡 僕谷 劢禿當

сиу-къи – тъи-ли-канг – пуҳ-коҳ – кü-тъу-танг

Бу тўртлик милодий 329 йилда Чин-шу йилномасида келтирилган бўлиб, Шимолий Хитойда хун авлодидан чиққан Ши Лонинг будист шоири Фотученг тилидан айтилган. Ширатори (1902), Рамстедт (1922), Базин (1948), Габаин (1950) ва Доерфер (1973) бу тўртликни турлича ўқишган: Доерфер ҳатто ҳазил йўли билан уни “аккадча ҳам ўқиса бўлади” деган. Текин барча олдинги ўқишларни бирма-бир кўздан кечиргач, ўзининг тўлиқ грамматик тизимга эга янги ўқишини ўртага қўяди [Текин 1993]:

 

сü:г(и)ти тиликанг, бугукги туктанг.

 

“Қўшинни сафлантириб ташиқинг (чиқинг), Бугукни тутинг!”

 

Грамматик кўрсаткичлар: тил-иканг – таши- (“чиқмоқ”) феълининг л-шевадаги кўриниши + 2-шахс кўплик буйруқ қўшимчаси -анг; -ги – белгили тўлдирувчи келишиги; тук-танг – тут- (“тутмоқ”) феълининг буйруқ шакли. Бу тўртлик шунчаки сўзлар йиғиндиси эмас, балки мукаммал грамматик тузилишга эга бутун бир матндир. Шу боис у Хун тилининг туркий тиллар оиласига мансублигини исботловчи энг салмоқли илмий далиллардан бири саналади.

 

Ҳунча

хитойча ўқилиши

ўзбекча кўриниши

тиликанг

тъи-ли-канг

Ташиқинг (чиқинг)! (буйруқ)

туктанг

кü-тъу-танг

тутиб олинг

Шанйü

шан-йü 

Ябғу; кенг ва улуғ

қут

ку-тъу

Қутлуғ, ҳазрат, илоҳий улуғлик

сü:кä

сиу-къи   

қўшинга

Тäнгри

чъенг-ли

кўк, тангри

Орун

рой/лунг

Ўрин, жой, тахт (топоним)

Сü

šаw / сиу-къи

қўшин, лашкар

қинграқ

кейҳ-рäҳ

эгри пичоқ, қинғир

гüд-тüг

 

сурув, тўда

будурчин

бwит-дö-дҳий

Бедана, битбилдиқ

қарсақ

кwан cжí

дашт тулкиси, қарсоқ

дурук/дурак (туроқ)

д(ҳ)wäҳ рäк

қабр, дафн жойи

äпчи/äбчи

ен-чи    

хоннинг хотини, хотун

 

Юқорида кўриб чиқилган сўзлар ва 329 йилги хунча тўртлик бир нарсани аниқ кўрсатади: хун тили тўғрисидаги жумбоқ тўла-тўкис ечилмаган бўлса-да, унинг сўз бойлигида туркча ўзакка эга қатлам мавжудлиги аниқ ва бу ҳолат хун тили бўйича илгари сурилган бошқа қарашларга қараганда анча асослироқдир.

 

Иккала тилшунос олим – Анна Дйбо (Россия солиштирма тилшунослик мактаби) ва Талат Текин (туркология оқими) бутунлай бошқа-бошқа услубий йўналишлар ва тадқиқот методларидан фойдаланган ҳолда бир хил тўхтамга келишган. Бу оддий тасодиф эмас, балки икки мустақил илмий йўлнинг бир нуқтада кесишуви бўлиб, илмий ишончлилик учун энг кучли далил саналади. Тäнгри, сü, қут, ябғу, қинғирақ, äпчи, орду, будурчин, тäмир каби сўзлар ягона тил илдизларига бориб тақалишини яққол кўрсатади.

 

Шу билан бирга, Дйбонинг изланишлари хунча сўз бойлигида ёлғиз туркий излар эмас, балки эронча, тўхор ва мўғулча қатламлар ҳам борлигини кўрсатади. Бу ҳолат хун элининг “бир тил – бир элат” шаклида эмас, балки кўплаб элатлар ва тилларни ўз ичига олган йирик сиёсий уюшма бўлганини тасдиқлайди. Шунинг учун “хун тили” дейишдан кўра, “хун бирлашмаси тили” атамасини қўллаш илмий жиҳатдан тўғрироқдир.

 

Милодий 329 йилга оид хунча тўртлик ушбу тадқиқотларнинг чўққиси ҳисобланади. У шунчаки алоҳида сўз ёки унвон эмас, балки мукаммал грамматик тузилишга эга бутун бир матндир. “Сü:г(и)ти тиликанг, бугукги туктанг” – яъни “Қўшинни сафлантириб чиқинг, Бугукни тутинг!” – деб таржима қилинувчи мазкур мисрадаги буйруқ шакллари, белгили тушум келишиги ва феъл ўзаклари туркий тиллар қоидаларига тўла мос келади. Фонетик ва морфологик жиҳатдан яхлит туркча тузилишга эга ушбу тўртлик хун тилининг туркий табиатини исботловчи энг салмоқли далиллардан бири бўлиб қолмоқда.

 

Хун эли шонли довруғи билан тарих туб қатламларига сингиб кетган бўлса-да, хитой иероглифлари ортида яшириниб қолган тäнгри, сü, қут, орду каби сўзлар асло унутилгани йўқ. Улар бугунги туркий тилларда, Ўрхун битикларида, Маҳмуд Кошғарий “Девону луғати турк”ида, ҳатто Европа тилларидаги “horde” сўзида ҳам ўз ҳаётини давом эттирмоқда.

 

Алпарслон БОБОЁРОВ

 

Қўлланилган адабиётлар рўйхати

Бирламчи манбалар:

Ши-жи (史記) – Сима Сзян. Қадимги Хитой тарихи (Ўтмишдан эсдаликлар).

Хан-шу (漢書) – Хан сулоласи тарихи.

Чин-шу (晉書) – Чин сулоласи тарихи.

Иккиламчи манбалар:

1.                 Bazin, L. (1948). Un texte oghouz du IVe siècle.

2.                 Boodberg, P. A. (1936). The Language of the T'o-pa Wei.

3.                 Clauson, G. (1972). An Etymological Dictionary of Pre-Thirteenth-Century Turkish. Oxford University Press.

4.                 Doerfer, G. (1973). Zur Sprache der Hunnen. Central Asiatic Journal.

5.                 Doerfer, G. (1963–1975). Türkische und mongolische Elemente im Neupersischen (TMN). Band IV. Wiesbaden: Harrassowitz.

6.                 Dybo, A. V. (2007). Lingvisticheskie kontakty rannikh tyurkov: Leksicheskiy fond. Pratyrkskiy period. Moskva: Vostochnaya literatura.

7.                 Gabain, A. von (1950). Alt-Hunnisches.

8.                 Hirth, F. (1900). Die Ahnentafel der Attila-Hunnen. München.

9.                 Маҳмуд Кошғарий (ХИ). Девону луғатит-турк.

10.             Pulleyblank, E. G. (1962). The Hsiung-nu Language / The Consonant System of Old Chinese. Asia Major.

11.             Tekin, T. (1993). Hunların Dili. Ankara: Türk Dil Kurumu Yayınları.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 40027
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//