Бугун дунё мислсиз тезлик билан ўзгариб бормоқда. Рақамли технологиялар, сунъий интеллект, ижтимоий тармоқлар ва қисқа видеолар инсоннинг фикрлаш услубини ҳам ўзгартирмоқда. Бир неча сониялик лавҳаларга ўрганиб қолган авлод икки соат давом этадиган спектаклни сабр билан кузата оладими? Театр олдидаги энг катта синов ҳам мана шунда. Чунки театр тезкор таассурот эмас, балки тафаккур, мушоҳада ва ички кечинмалар санъатидир.
Театрнинг энг муҳим қаҳрамони залда ўтирган томошабиндир. Томошабинсиз спектакль – овозсиз қўшиқ, тингловчисиз куй, ўқувчисиз китоб кабидир. Шунинг учун ҳам бугунги кунда “Театрга қандай томошабин керак?” деган савол нафақат маданият аҳли, балки жамиятнинг ҳар бир онгли аъзосини ўйлантириши зарур.
Бугунги томошабин, аввало, сабрли бўлиши керак. Чунки саҳнада айтилаётган ҳар бир сўз, ҳар бир сукут, ҳар бир нигоҳ бежиз эмас. Театр томошабиндан алоҳида эътиборни, тинглашни, ҳис қилишни талаб қилади. Афсуски, айрим ҳолларда спектакль давомида телефон экранига тикилиб ўтирган, суратга олиш билан банд бўлган ёки асар мазмунига эмас, фақат актёрнинг машҳурлигига қизиқадиган кишиларни ҳам учратамиз. Бу эса театрнинг асл моҳиятини англамасликдан далолат беради.
Театрга келиш оддий ҳордиқ эмас, маънавий учрашувдир. Инсон саҳна қаршисига фақат вақт ўтказиш учун эмас, ўзини англаш, ўз қалбига назар ташлаш учун келиши керак. Чунки спектакль тугаганидан кейин парда ёпилади, аммо томошабиннинг қалбида янги саволлар очилади. У ўз ҳаётини, муносабатларини, қарашларини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлади. Демак, театр инсонни ўзгартирадиган мактабдир. Бундай мактабга эса билим олишни истайдиган, фикрлашдан қўрқмайдиган томошабин зарур. Ундан ташқари, бугунги театрга танқидий фикрлайдиган томошабин ҳам керак. Ҳар қандай спектаклни кўркўрона мақташ ёки аксинча, тушунмай туриб инкор этиш санъат ривожига хизмат қилмайди. Томошабин спектаклни таҳлил қила олса, образлар моҳиятини англай олса, режиссёр ғоясини ҳис қилса, санъаткор ҳам янада масъулият билан ижод қилади. Театр ва томошабин ўртасидаги ана шу фикрий мулоқот ҳақиқий санъатни юзага чиқаради.
Умуман олганда, бугунги театрга, энг аввало, онгли, дидли, сабрли, китобхон, миллий қадриятларга содиқ, танқидий фикрлай оладиган ва санъатни чин дилдан севувчи томошабин керак. Ана шундай томошабин бор жойда театр яшайди, театр яшаган жамиятда эса маънавият юксалади. Зеро, саҳна нурини актёр ёқади, аммо унинг ҳароратини томошабин қалби сақлаб қолади. Театрнинг эртанги куни ҳам, бугунги қудрати ҳам айнан мана шу қалбларнинг уйғоқлигига боғлиқ.
Афсуски, бугунги кунда айрим томошабинлар театр одобига етарлича риоя қилмайди. Спектакль вақтида телефонда гаплашиш, баланд овозда суҳбатлашиш, кечикиб кириш ёки саҳна давом этаётган пайтда зални тарк этиш нафақат актёрга, балки бошқа томошабинларга ҳам ҳурматсизликдир. Театр маданияти фақат саҳнада эмас, залда ҳам намоён бўлади. Маданиятли томошабин актёрнинг меҳнатини қадрлайди, унинг ижодига эҳтиром билан қарайди.
Яна бир муаммо, театрни фақат кулги маскани деб билишдир. Албатта, комедия инсон руҳини енгиллаштиради. Аммо театрнинг вазифаси фақат кулдириш эмас. У йиғлатади, ўйлантиради, огоҳлантиради, баъзан эса сукут орқали минглаб сўз айтади. Агар томошабин фақат кулгили спектаклларни излаб, фалсафий ёки ижтимоий драмалардан юз ўгирса, театрнинг тарбиявий қудрати чекланиб қолади.
Театрга китобларни кўп мутолаа қиладиган томошабин керак. Китоб ўқиган инсон образларни чуқурроқ англайди, тарихий воқеаларни яхшироқ тушунади, рамзий маъноларни тезроқ илғайди. Бундай томошабин спектаклдан завқланиш билан бирга ундан сабоқ ҳам олади. Китоб ва театр бир-бирини бойитадиган икки буюк маънавий макондир. Ёшлар масаласи ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Бугунги ёш авлод эртанги театрнинг асосий томошабини бўлади. Агар бугун уларда театрга меҳр уйғотилмаса, эртага заллар бўш қолиши мумкин. Шу боис ота-оналар, мактаблар, олий таълим муассасалари ва маданият муассасалари ёшларни театр билан мунтазам таништириб бориши зарур. Театрга илк бор кирган боланинг қалбида санъатга муҳаббат уйғонса, у келажакда ҳам бу масканга қайта-қайта келади.
Шу билан бирга, театрнинг ўзи ҳам замон билан ҳамнафас бўлиши керак. Сифатли драматургия, пухта режиссура, кучли актёрлик мактаби, замонавий саҳна ечимлари ва долзарб мавзулар томошабинни ўзига тортади. Агар спектакль етук бўлса, ундаги ҳақиқат юракка етиб борса, томошабин яна театрга қайтади. Демак, театр ва томошабин бир-бирини тарбиялайдиган икки қанотдир. Чунки ҳозирги глобаллашув даврида миллий қадриятларни асраш ҳам театр зиммасидаги муҳим вазифалардан биридир. Миллий руҳни ҳис қиладиган томошабин саҳнадаги тарихий образлар, урф-одатлар, она тилининг жозибаси ва халқнинг маънавий меросини чуқурроқ англайди. Бундай томошабин миллатнинг маданий хотирасини сақлашга ҳам хизмат қилади. Театр фақат бугунни эмас, ўтмиш ва келажакни ҳам боғлайдиган кўприкдир.
Китоб ва театр бирбирини бойитадиган икки буюк маънавий макондир. Ёшлар масаласи ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Бугунги ёш авлод эртанги театрнинг асосий томошабини бўлади. Агар бугун уларда театрга меҳр уйғотилмаса, эртага заллар бўш қолиши мумкин. Шу боис ота-оналар, мактаблар, олий таълим муассасалари ва маданият муассасалари ёшларни театр билан мунтазам таништириб бориши зарур.
Бугунги театрга шовқин солувчи эмас, фикрлайдиган томошабин керак. Мода учун эмас, маънавий эҳтиёж билан келадиган томошабин керак. Қарсак чалишни эмас, асарнинг моҳиятини ҳис қилишни биладиган томошабин керак. Телефон экранидан кўра саҳнадаги инсон тақдирига кўпроқ қизиқадиган томошабин керак. Фақат томоша қиладиган эмас, ҳис қиладиган, мушоҳада юритадиган ва хулоса чиқарадиган томошабин керак
Бахтиёр САМИЕВ,
Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси ҳузуридаги
“Театр танқидчилари ва драматургия” клуби аъзоси
“Адолат” газетаси, 2026 йил 40 сон.
“Бугунги театрга қандай томошабин керак?” мақоласи
Тарих
Тарих
Жараён
Санъат
Жараён
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ