Тарихда Турк хоқонларининг қизлари бошқа мамлакатларга келин бўлиб кетгач, Асна, Ашина, Асена хотун каби насаб номлари билан аталган. Бу эса хоқонликнинг бош уруғи – Ашина номидан келиб чиққан. Улар бошқалардан ажралиб туриш учун ҳам фахрли уруғ номи билан ўзларини таништирган бўлиши мумкин, чунки Эронда ҳам, Хитойда ҳам улар шу исм билан улуғланган.
VI асрда Турон ва Эрон саройи тақдирида катта ўрин тутган Малика Асна Турк хоқони оиласидан ўзларининг мавқеидаги шоҳона хонадонга келин бўлган. Ғарбий Турк хоқони Истемининг қизи – Асна илк ўрта асрларда Шарқнинг қудратли давлатларидан бири – Сосонийлар давлатидаги илк туркий малика эди. У Туркзоданинг онаси, Хусрав Парвезнинг бувиси бўлган. Турк хоқонларининг турли аслзода ва шоҳона оилаларга келин бўлган қизлари кўп эди, аммо бу маликанинг довруғи тилларда достон бўлган. Маликанинг оқилалиги қудратли давлатларнинг қариндошлик алоқасини мустаҳкамлаган, ҳарбий тўқнашувларни тўхтатган, “насли ва асли тоза” шаҳзодаларнинг туғилишига сабаб бўлган, ҳарбий-сиёсий иттифоқларни янада кучли қилган, душманларга бирликда зарба берган.
Ўрта аср манбаларида турли номлар билан тилга олинган Асна ҳам туркий тарихда, ҳам форс тарихида улкан из қолдирган. Уни Туроннинг илк хоқони Афросиёб – Алп Эр Тўнганинг қизи Қазга ўхшатиш мумкин. Асна номи оддий келин ёки шаҳаншоҳнинг севимли хотини сифатида эмас, балки илк ўрта асрнинг машҳур сиёсий воқеалари сабаб тилга олинади. Онаси, туғилган йили, асл исми ҳақида маълумотлар мавжуд эмас. Унинг Эроннинг таниқли маликаси даражасига қандай кўтарилгани ҳақида фақат ёзма манбаларда қисқа маълумотлар бор, холос. Тадқиқотчи С.Г.Кляшторный унинг Эрондаги Сосонийлар саройига юборилишига Муқан хоқоннинг сиёсий қарорлари сабаб бўлганини илгари суради, гарчи у Истемининг қизи бўлса-да. Шу даврдаги эфталийлар, сосонийлар ва Турк хоқонлиги манфаатининг тўқнашуви каби воқеаларга ушбу маликанинг тақдири ҳам бирлашиб кетган эди.
Илк ўрта асрларда Турон ҳудуди эфталийлар, сосонийлар ва Турк хоқонлигининг сиёсий манфаатлари тўқнашган минтақага айланиб қолган эди. Маълумки, V аср охири – VI аср бошларида эфталийлар давлати таркибига Шарқий Туркистондан ташқари Марказий Осиё давлатлари – Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳамда Афғонистон, Покистон ва Шимоли-Ғарбий Ҳиндистон ерлари ҳам кирган. Улар Шимоли-Ғарбий Ҳиндистондан то Еттисувгача ва Хўтондан то сосонийлар Эрони ерларигача чўзилган улкан ҳудудда йирик империяни тузишга муваффақ бўлганлар.
Бу даврда Эрондаги сосонийлар давлати Хуросонда етакчи мавқеини сақлаб туриш мақсадида эфталийларнинг асосий рақибига айланган. Айниқса, Хусрав I Анушервон даврида сосонийлар Эрони фавқулодда ривожланган бир паллага кўтарилиб, эфталийларга товон тўлаш мажбуриятидан халос бўлиш учун қулай вазиятни кутаётган эди. Иккинчи томондан 552 йилда ташкил топган Марказий Евроосиёнинг катта империяси бўлган Турк хоқонлиги ҳам геополитик жараёнларда олдинги ўринларга чиқиб олиб, эфталийлар давлатига жиддий хавф туғдирувчи йирик сиёсий кучга айланган.
Туркларнинг 550 йиллар атрофида жуан-жуанларга зарба бериши натижасида эфталийлар энг яқин ҳамкорларидан маҳрум бўлади. Сосонийлар Турк хоқонлигининг пайдо бўлишини хайрихоҳлик билан кутиб олади. Чунки умумий душман бўлган эфталийларга қарши курашиш учун иттифоқчи топилган эди. Қисқаси, сосонийлар ўз манфаатларига турклар воситасида эришишни мақсад қилган эдилар. Эфталийларга қарши турк-сосоний иттифоқи тузилган. Муқан хоқон тахминан 554 – 557 йилларда Эронга элчи юбориб, икки томонлама алоқа ва ишончни мустаҳкамлаш мақсадида амакиси Истеми ябғунинг қизи Асна (араб манбаларида Асна ёки Факим)ни сосонийлар шоҳи Хусрав I Анушервонга турмушга бергани ҳақида ёзади. Бу ердаги Асна исмида “Ашина” сулолавий номи яққол кўриниб туради.
Арман тарихчиси Себеос ўз асарида ушбу маликанинг исмини “т’еталийларнинг буюк ҳукмдори – Хоқоннинг қизи Каен” деб келтирган. Л.Н.Гумилев бу масала юзасидан икки хил фикрни билдирган. Бир ўринда “...Табарий бўйича эса никоҳ ҳам, иттифоқ ҳам эфталийлар билан урушдан бир йил аввал (иттифоқ ва никоҳнинг тузилиши 554 йилга тўғри келади демоқчи) бўлиб, бу уруш хитой манбаларига мувофиқ 555 йилда бошланган” дея таъкидлайди. Бошқа бир ўринда “форслар ва турклар ўртасида иттифоқ 560 йиллар атрофида тузилган бўлиб, уни тузишдан мақсад форслар учун “Перўз учун хун олиш”га интилиш бўлса, турклар эса Суғдиёнанинг гуллаб-яшнаган шаҳарларини эгаллаш ниятида бўлгани эди”, деб ёзади.
Фирдавсийнинг “Шоҳнома” асарида эса бу никоҳнинг бирмунча кейинроқ тузилгани айтилади, яъни эфталийлар турклар томонидан тор-мор қилинганидан сўнг Турк хоқони Нўширавон (Анушервон)га ўз қизини хотинликка бериш таклифи билан элчи жўнатган. Фирдавсий Асна ҳақида кўп маълумот бермаган. Хуллас, Аснанинг Сосонийлар шаҳаншоҳига турмушга чиққан санаси кўпчилик тадқиқотчиларни қизиқтирган. Чунки у орқали сосоний-турк иттифоқининг санасини аниқлаш мумкин бўлган. Л.Н.Гумилев Фирдавсийнинг маълумотига асосланиб, бу никоҳ 569 йилдан кейин тузилган, деб хулоса қилган. Бироқ бундай кеч санани бошқа тадқиқотчилар инкор этади. Чунки, ушбу никоҳдан туғилган шаҳзода Хурмазд IV отаси Хусрав I Анушервон вафотидан сўнг тахминан 579 йилда тахтга ўтирган ва ўғли ўспирин бўлган чоғда, яъни 590 йилнинг 6 февралида тахтдан туширилган. Асна Туркзоданинг онаси эди, шунинг учун ҳам Хурмазд IV ни турклар, яъни тоға томон қўллаб-қувватлаган.
Тадқиқотчи Ш.Адилов фикрича, Хусрав I Анушервоннинг Хурмазд IV дан олдин туғилган ўғил фарзандлари бўлган бўлиши мумкин. Шаҳаншоҳ ҳарамидаги барча хотинлардан фақат турклар маликасигина унга аслзодалик жиҳатидан тенг бўлганлиги учун унинг ўғли “Туркзода” Хурмазд IV қонуний равишда тахт вориси қилиб танланган, эҳтимол. Хурмазд IV нинг ёши масаласи юқоридаги хронологияга шубҳа уйғотади. Кўплаб олимлар фикрича, ушбу никоҳ 554 йили форсларнинг туркларга жўнатилган элчилиги жараёнида тузилган. Агар ўша йилда тузилган бўлса, тахминан 20 ёшлардаги Асна 535 йилларда туғилган, деб ҳисоблаш мумкин.
Шунингдек, тадқиқотчи Ш.А.Адилов ҳам Хусрав I нинг туркийлар маликасига уйланиши ва Хурмазд IV нинг туғилиши даври VI асрнинг 50-йилларига тўғри келади, деб ҳисоблаган. Мазкур воқеалардан кейин туркларнинг эфталийларга қарши кураши бошланиб кетган. Демак, юқоридаги маълумотлардан келиб чиқади-ки, тахминан 554 йилларда турклар ва сосонийлар ўртасида иттифоқ тузилиб, никоҳ йўли билан янада мустаҳкамланган ва шу йилнинг ўзидаёқ турклар эфталийларга қарши курашни бошлаб юборган. Хусрав I Анушервон туркларнинг эфталийларга ҳужум қилиши натижасида Тохаристонни эфталийлардан қайтариб олишга муваффақ бўлади. В.П.Мокринин фикрича, Хусрав I Анушервон ва Истеми ябғу хоқоннинг қизи ўртасидаги никоҳ 554 йилда форсларнинг туркларга юборган элчилиги жараёнида тузилган.
Бироқ бу Туркзоданинг онаси – Асна ва форс-турк қариндошлик алоқаси эроншунос Шапур Шаҳбозий томонидан рад этилган. У буни хронологик жиҳатдан муаммоли деб ҳисоблаган, чунки манбаларда Хурмазд IV отаси томонидан эфталийлар ҳудудлари сосонийлар ва турклар ўртасида тақсимланганидан кейин Истемининг таҳдидини жиловлаш учун юборилгани қайд этилади. Айрим тарихчиларнинг фикрича, Хурмазд IV тахминан 540 йилда туғилган бўлиши мумкин; унинг ўғли Хусрав II эса тахминан 570 йилда туғилган. Аммо бу хронологиялар кўпчиликни чалғитади.
VII аср арман тарихчиси Себеос Хурмазд IV нинг онасини “турклар хоқонининг қизи” деб атайди ва унинг исмини Каен деб келтиради. Масъудий эса уни Факум деб атаб, турклар, яъни хазарлар ҳукмдорининг қизи бўлганини таъкидлайди. Шаҳбозий немис шарқшуноси Ёзеф Марквартнинг фикрини қўллаб-қувватлаган. Марквартнинг тахминига кўра, Хурмазд IV нинг она томондан бобоси хазарлар хоқони бўлган; бошқа манбаларда хазарлар кўпинча “турклар” деб аталган. Шу фикр ҳақиқатга яқин, чунки VI асрда хазарлар ҳали қудратли давлат эмасди. Турк хоқони Муқан хоқон ҳам Ашина исмли икки маликани бирини Эронга, бирини Хитойга келин сифатида юборгани маълум. Ўрта аср эроний географи Ибн Хўрдодбек ҳам Хусрав I ва хазарлар хоқони ўз қизларини бир-бирига турмушга бериш ҳақида келишганини қайд этади ва бу ерда ҳам анахронизмни кўриш мумкин.
Шундай қилиб, Хурмазд IV нинг нафақат Сосонийлар сулоласидан бўлган Хусрав I Анушервоннинг авлоди, балки она томондан туркий хоқон сулоласи билан ҳам қариндош бўлган, деган қараш мавжуд. Себеоснинг таърифига кўра, бу насаб Туркода Хурмазд I ни ота томондан аждодларидан ҳам улуғроқ, она томондан қариндошлари каби қудратли ва шиддатли қилган. Бироқ замонавий тарихчи Майкл Боннер Хурмазд IV нинг онаси аслида эфталийлар сулоласига мансуб малика бўлганини, кейинчалик эса у янглиш равишда келиб чиқиши туркий ёки хазар деб талқин қилинганини тахмин қилади. Аммо бу ҳам тўғри эмас, сосонийлар ва турклар иттифоқи қудалик орқали айнан эфталийларга қарши тузилган эди.
Хуллас, Сосонийлар сулоласига келин бўлган Асна ҳақида шу маълумотлар маълум. У Эрондаги кейинги аёл маликалар учун илҳом манбаи ва намуна бўлган бўлиши мумкин. Чунки Беруний ўз асарида Сосонийлар сулоласи ҳукмдорлари шажараси ҳақида маълумот берар экан, Бурандухт ва Озармидухт исмли Сосонийлар сулоласининг VII аср бошларида тахтга чиққан икки аёл ҳукмдорининг номини келтиради. Қизиғи улардан олдин бирорта аёл ушбу шажарадан ўрин олмаган. Улар Сосонийлар шоҳи Хусрав II Парвиз (590–628)нинг қизлари бўлган. Ушбу икки опа-сингил Аснанинг чевараси эди.
Хусрав II вафотидан кейин Сосонийлар давлатида сиёсий беқарорлик кучайиб, тахт учун ички курашлар авж олган даврда мазкур икки малика ҳам давлат бошқарувида муҳим ўрин эгаллаган. Улар ушбу жасоратни момоси Аснадан олган бўлса ажаб эмас. Буран (Бӯрон, Пūрāн) тахминан 630 йилда Сосонийлар тахтига ўтирган, унинг исми аслида Турон бўлиши ҳам мумкин. Бурандухт номи туширилган Сосоний тангалари ҳам сақланиб қолган бўлиб, улар унинг расмий ҳукмдор сифатида тан олинганини тасдиқлайди. Унинг ҳукмронлиги узоқ давом этмаган ва тахминан 631 йилда вафот этган. Озармидухт (Āзармīгдухт) эса Бураннинг синглиси бўлиб, Хусрав II Парвиздан кейинги оғир сиёсий инқироз даврида Сосонийлар тахтига чиққан. Унинг ҳукмронлиги тахминан 630 йилда бошланган ва манбаларда бир неча ой давом этгани қайд этилади. Озармидухтнинг ҳам номи туширилган тангалар мавжуд бўлиб, бу унинг Сосонийлар давлатининг расмий ҳукмдори бўлганини нумизматик жиҳатдан тасдиқлайди. Малика Асна Эрон дунёсидаги Турон чечаги эди, у “Шоҳнома”да ҳам тилга олинди, араб ва арман тарихёзарлари томонидан бир неча асрлар кейин ҳам эсланди.
Феруза ЖУМАНИЁЗОВА,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
1. Адылов Ш.Т. Из политической истории Западного Согда (в свете проблемы «тирании Абруя» и тюрко-сасанидского конфликта) // История материальной культуры Узбекистана.
2. Адылов Ш.Т., Мирзаахмедов Д.К. Из истории древнего города Вардана и владения Обавия // История материальной культуры Узбекистана. – 2001. – Вып. 32. – С. 150–157.
3. Артамонов М.И. История хазар. – Ленинград: Издательство Государственного Эрмитажа, 1962. – 523 с.
4. Аскаров А.А. Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи. – Тошкент: Ўзбекистон НМИУ, 2015. – 690 б.
5. Гумилев Л.Н. Древние тюрки. – Москва: Наука.
6. Гумилев Л.Н. Қадимги турклар. – Тошкент: Фан.
7. История народов Узбекистана. С древнейших времен до начала XVI века: в 2 т. Т. I. – Ташкент: Издательство Академии наук Узбекской ССР, 1950.
8. Литвинский А. The Hephtalite Empire // History of Civilizations of Central Asia. Vol. III. The Crossroads of Civilizations: A.D. 250 to 750. – Paris: UNESCO Publishing, 1996. – P. 135–162.
9. Массон В.М., Ромодин В.А. История Афганистана. Т. I.
10. Мокрынин В.П. Сирийские и армянские источники о становлении Тюркского каганата // Источниковедение Кыргызстана с древности до конца XIX в. – Бишкек: Илим, 2004. – С. 64–73.
11. Нёльдеке Т. Geschichte der Perser und Araber zur Zeit der Sasaniden: aus der arabischen Chronik des Tabari übersetzt und mit ausführlichen Erläuterungen und Ergänzungen versehn. – Leiden: E.J. Brill, 1879.
12. Тер-Мкртичян Л.Х. Армянские источники о Средней Азии V–VII вв. / Отв. ред. С.Т. Еремян. – Москва: Наука, 1979. – 98 с. (NYU Faculty Digital Archive)
13. Фирдоуси. Шахнаме. Т. VI. От начала царствования Йездгерда, сына Бахрама Гура, до конца книги / Пер. Ц.Б. Бану-Лахути и В.Г. Берзнева. – Москва: Наука, 1989.
14. Chavannes E. Documents sur les Tou-Kiue (Turcs) occidentaux. – Saint-Pétersbourg, 1903.
15. Chavannes E. Notes additionnelles sur les Tou-Kiue (Turcs) occidentaux // T’oung Pao. – Leiden, 1904. – Série II. – Vol. II. – P. 1–109.
16. Chavannes E. Çin yıllıklarına göre Batı Türkleri / Çev. M. Koç. – İstanbul: Selenge Yayınları, 2007.
17. Litvinsky B.A. The Hephtalite Empire // History of Civilizations of Central Asia. Vol. III. The Crossroads of Civilizations: A.D. 250 to 750. – Paris: UNESCO Publishing, 1996. – P. 135–162.
18. Nöldeke Th. Geschichte der Perser und Araber zur Zeit der Sasaniden. – Leiden: E.J. Brill, 1879.
Тарих
Тарих
Жараён
Санъат
Жараён
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ