“Менинг соғинчларим” – катта авлоднинг катта болалик хотиралари


Сақлаш
17:23 / 09.10.2026 151 0

Қош қораяди. Осмон четида юлдуз жилмаяди. Жазирама қайтиб, салқин тушади. Болалар уйларига кетиб, ҳувиллаган майдонда фақат биз қоламиз: уч ёшга етиб-етмаган Раъно синглим нам-салқин тупроққа чўзилиб ухлаб қолган. Мендан тўрт ёш катта Тожинисо опам тепага чиқиб ўтирибди, даладан қишлоққа келадиган йўлдан бир зум кўз узмайди, онамни кутаяпти. Мен ўртада ўтираман. Раҳмат укам қўшни болаларга қўшилиб кимнингдир уйига кирган... Ҳали уни излаб топиш керак... Бир куни укамни роса қидиргандик. Қариндошлар, қўни-қўшнилар оёққа қалқди. Ҳеч қаёқдан топилмади. Айниқса, онам, опаларим изиллаб излади. Ярим кечаси оғилга суяб қўйилган эски эшик орқасидан ўзи чиқиб келди. Ўша ёққа беркиниб, ухлаб қолган экан. Тунги салқин кучайганда совуқ ўтиб уйғонибди.

 

* * *

Соғинч нималигини жуда эрта билдим. Беш-олти ёшларда бўлсам керак, уйимизнинг ёнида, йўл бўйида экскаватор зовур қазир эди. Лекин ҳали зовурда сув йўқ. Ҳамма ёқни нам тупроқнинг иси тутган. Унинг бир ёнида тупроқ уюлади. Яқин орадаги уйлардан чиққан тенгқур болалар экскаватор ортида гоҳ зовурга сирғалиб тушамиз, гоҳ тупроқтепага ҳансираб чиқамиз. Қувалаш ўйнаймиз. Ўйнаётган пайтда мен онамни соғинаман. Онам тезроқ келса эди дейман. Чунки бу пайтда кун ботаётган бўлади. Айрим болаларнинг оналари уйда, қош қорайган сари ўғил-қизларини бир-бир чақириб, ҳовлига олиб кириб кетади. Баҳор холанинг сасига мендан бир ёш улуғ Абдулла жавоб бермайди: “Абдулла-ёв, Абдулла...” Абдулла тепалик ортига ётиб беркинади. Ўзиям афт-ангори, озғин бадани қуёшда шунчалик қорайганки, ерга ётса тупроққа қўшилиб кетади. Баҳор хола толхивични ўйнатиб, ялангоёқ келади. Ўн иккитами, ўн тўрттами фарзандларидан бири Абдуллани, Абдулладан каттаси-ю кичикларини олдига солиб уйга қувади. Кичиклари бошқа кўчага қочади, уйга киргиси келмайди-да... Энди Баҳор холанинг жағи очилади: “Сероб, ҳо Сероб!.. Ҳе... сенга от қўйганни...” Баҳор хола болаларини оддий уришмайди, исмларини қўшиққа солиб янийди: “Башарангга қара, ит яласа тўяди... Уйга кириб, заҳри-маргингга овқатингни емайсанми?..” Оналар болаларини қўшиқ билан уришади. Ҳар онанинг болаларини уришадиган ўз қўшиғи бор.

 

...Онам далада ишлайдиган аёллар билан бирга кетган тонг маҳали биз уйқуда бўлганмиз. Ҳар куни шу – эрталаб онамни кўрмаймиз. Биз – болалар  ётган супага вайиш орасидан қуёш нурлари тушади, кўзим қамашади, юзим қизийди, бошимни кўрпага буркайман. Охири офтобдан беркингани жой тополмай, эриниб уйғонаман. Аъзойи баданимда болалик чарчоғи тарқамаган. Супа ўртасида жигарранг, қуроқ дастурхон ўровли: унда онам тонгда, балки тунда тандирдан узган нондан иккита, оққанд, парварда бор. Ҳовли четида жилдираб оқаётган ариқчадан юзимни ювиб келаман. Тип-тиниқ, муздек сув энди мени уйғотади. Опам қозондан сут сузиб келади. Коса юзида қатлам-қатлам қаймоқ кўраман. Баъзида онам дастурхонга бир коса хом қаймоқ ёпиб кетади. Хом қаймоқ... мазза-да... атрофда товуқлар айланиб юради: қо-қо-қоғғғ...

 

Отам... Отам онамдан аввал далага кетган, мол-қўйни ҳайдаб. Ишчилар тўпланиб иш бошига боргунча чорвани боқиб тўйдиради. Сўнг қўйларни муваққат қўрага қамайди, сигирларнинг қозиғини ариқ, зовур бўйига қоқади. Биз – болалар ёз бўйи отамни уйда топмаймиз, қачон даладан келади, қачон кетади – кўрмаймиз. Келиб-кетганини супада ёки дераза токчасида унутиб қолдирган салмоқли қўлсоатидан биламан. Соат қайишининг бир бандида шиша ичида Юрий Гагариннинг сурати, иккинчи бандида кўрсаткичи лиқиллаб турадиган компас бор. Қалпоқ, кўйлагининг ранги иссиқда ўнгиб кетган, супада ёнбошлаб, овқатини чала-чулпа ютиб, оёғидаги латта этикни ечишга ҳоли келмасдан чўзилиб ухлаб қолган одамни кўрганмисиз? Мен кўрганман. Ҳа, ўша одам менинг отам.

 

Отам... тўққиз фарзанднинг бор ташвишини елкасида кўтарган отам алоҳида китоб... Қачон олдидан чиқиб қолсам, мени кўтариб, бағрига босади. Уст-бошидан жазирама қуёшнинг ҳиди келади, шундай пайтларда негадир кўзимдан ёш сизади, ўзим сезмай қоламан. Отамни соғинаман. Бағрида туриб соғинаман...

 

Отам кучли, бақувват, мард, қаҳри қаттиқ, меҳри қайноқ... Уруш кўрган одам. Чапаевча мўйлов қўйган. Мабодо мўйловини бураб қўйса, тамом, ҳамма пилдирпис...

 

Баҳор. Ғўза икки қулоқ бўлган... Тўрт-бешта қўйимизни ҳайдаб мактаб стадиони атрофида боқаман. Майдонда ўйнаётган болаларга қўшилиб ёки уларни кузатиб чалғийман. Қўй қўйлигига боради, четдаги кўм-кўк, тиззага урадиган ўт қолиб, айнан ғўзага тушади. Ҳамманинг кўз олдида. Агроном-ҳосилот ёки бригадир кўриб қолиб, вовайломга қарамасдан қўйларни ҳайдаб кетади ва идора қошидаги четанга қамайди. Кимларнингдир молини, қўйини шу тахлит давлатга топширворган. Мен қўрқиб кетаман. Хабар бериш учун уйга чопаман. Қани энди оёғим ердан узилса... йўл унса... Бу ҳол кунда-кунора такрорланади. Уйимизга рўпара бўлишим билан қаршимда отам пайдо бўлади. Устида униққан кулранг, йўл-йўл, ранги ўчган, дазмол кўрмаган кастим-шими, бошда қалпоқ, оёқда малларанг ғижим латта этик. Мени кўриб уюлган қовоғи баттар уйилади, қўли билан “уйга боравер” деб ишора қилади. Уйимиз тепасида қоп-қора булутлар... Кўп ўтмай отам молларни олдига солиб ҳайдаб келади, битта ҳам камаймаган. Уйимиз устидаги булутлар бирдан тарқайди. Мен юрагимда ўзгариш сезаман...

  

Кейинчалик онамдан эшитганман: отам қирқ ёшида урушдан орттирган ўткир одатларидан мутлақо воз кечиб, бирдан тўлиқ намозга ўтган. Бу, демак, 1962 йилга тўғри келади.

 

...Ҳали мактабга чиқмаганман. Аноргул опам, икки жияним, поччам уйлари битгунча бизникида туришди. Уларга жуда ўрганиб қолдим. Бир куни уйимиз ёнига кузови баланд машина келиб тўхтади. Унга опамларнинг кўч-кўрони ортилди. Улар энди бутунлай кетишаркан. Қўшни аёллар келишди. Машина ёнида тўпланиб, опам билан бағирлашиб, йиғлашиб узоқ хўшлашдилар. Опам пешонамдан ўпганида мен ҳам йиғлавордим. Машина юриб, кўчадан чиққанида бағрим ўпирилиб тушгандек бўлди. Жиянларимгаям жуда ўрганиб қолган эдим. Қаерга кўчиб кетишаяпти деб сўрасам, тоғдан нарига дейишди. Кейин...

 

Кейин бир кун тонгда қўй боқиб туриб ойнадай тиниқ уфққа қарадим. У томонда, қишлоқ четида ферма – молхона бор. Ундан нари пахтазор, ундан нари дала, кейин тўқай, сўнг дарё, ундан нарида эса тоғ. Мен тоғдан нарини, опамларни кўрмоқчи бўлдим. Бирдан... Тўсатдан... кўрдим... Ана, ана, тоғ бағрида ўрмалаб бораётган гугурт қутидан ҳам кичик машинани пайқадим. Гугурт қути оқариб-ялтираб кўринган тасмадеккина йўлга тиллақўнғиз каби ёпишиб ҳаракатланмоқда. Бу худди ўша... опамларни олиб кетган машина... шундай хаёл қиламан. Пилдираб бораяпти... Кўзимдан ёш чиқиб кетди, ёш эмас, соғинч тизиллади. Беихтиёр:

 

Осмон тиниқ кўк шоҳи,

Оқ булут кезар гоҳи.

Гулларга кўмилади

Қантак ўрикнинг шохи...

 

...Раъно чиқди гулбоққа,

Эрталаб гул узмоққа.

Вожатий опасига

Гулни ҳадя қилмоққа... 

 

деган шеърларни пичирладим, қандайдир ўртаниб кетдим. Улар Тожинисо опам мактаб китобида ўқиганида ёдимда қолган.

 

Мактабга чиққандимми-йўқми, уйимиз тўрида турган телевизордан “Ҳур қизлар” фильмини кўрсатишди. У йилларда уруш кинолари ётволиб кўриларди. Мен – бола, мижжа қоқмай кўрдим. Беш гулдай қиз кинода эмас, менинг юрагимда нобуд бўлди... Ўша ерда бўлиб қолишни, беш қиз учун бошқача қасос олишни истардим. Стадионда ёки дала четида қўй боқарканман, кино воқеалари эсимга тушиб, кўзимдан ёш чиқиб кетарди.

 

Кейинчалик “Солдат отаси” деган кинони кўрганимда шундай ҳолатга тушдим... Ҳали ҳаётимда катта воқеалар рўй беришини, уларга ҳозирдан тараддуд кўришим кераклигини ҳис қилдим.

 

Бундан олдин эски уйда яшаган пайтимизни, қишлар, баҳорларни эслайман. У бир айтиб адо қилиб бўлмас афсона эди. Тонгда азон чақириғидан уйғонаман – хона четида отам намоз ўқияпти. Тинглаб, сўзларни ичимда такрорлаб ётаман. Бироздан кейин сандиқ-радиода лаппак – пластинка айланади, қўшиқ янграйди: “Ҳар йигитнинг аслин билай десангиз... Биров билан ошно бўлай десангиз...”, “Таълим берган устозингдан айрилма...”. Мен отамдан “маъракада ўтириб-туриш” нима дегани деб сўраганимни эслайман. Отам қўшиқ маъносини эринмасдан тушунтириб, менга дўстлик хусусида илк сабоқ берган эди. Энди қўшиқдан келиб чиқиб, тенгдош дўстларимни таққослайман. Жўраларимнинг энг садоқатлилари мен билан тўқайга борадиганлари бўлса керак.

 

Дарвоқе, тўқай...  

 

Мен Раҳимбой акам билан тўқайга қўй боқиб бораман. Кун бўйи тўқайда юрамиз. Нонни булоқ сувига бўктириб еймиз. Қўзиқорин излаймиз. Тепаликлар ёнбошида тупроқ бўртиб туради. Қўлимиздаги юлғун новдасидан синдириб олинган чўп билан четга сурамиз, тагидан қўзиқориннинг оқ қалпоғи кўринади. Бошимиздан қалпоқни олиб, ичига терилган қўзиқоринларни соламиз. Тўлиб кетади. Айниқса чақмоқ чақиб, момақалдироқ гумбурлаб, енгил ёмғир ёғиб ўтгач, ўнгирлар, далалар қўзиқоринга тўлади. Одамлар қўзиқорин момақалдироқ билан бирга кўкдан тушади дейишади.

 

Тўқайда ўтин сероб. Мен ўтин териб, яланг жойга тўплайман. Ўт ёқамиз. Гулханнинг икки четида иккита ясси тош. Шу тошлар устида ўтирамиз. Тош олов тафтида яхшигина қизийди. Қўзиқоринларни чўғда тоблаймиз, баъзан чўққа кўмамиз. Энг осони қўзиқоринни тозалаб, чўққа тўнкариб қўйиш. У бир зумда иссиқда куяди ва вишиллаб суви чиқади. Шунда газит парчасига ўралган тузни қўзиқоринга сепаман. Ҳавога қўзиқориннинг иштаҳани қўзғатувчи ҳиди ёйилади. Эҳ, у қўзиқоринларнинг таъми ҳали-ҳали оғзимда...

 

Нега қўзиқорин дейилади, биласизми? Чунки қўзиқорин чиндан ҳам қўзининг қорнига ўхшайди. Буни қўзи боққан, сўйилган қўй қорнини кўрганлар яхши билади.

 

Тўқай адоғидаги дарёга қармоқ ташлаб балиқ тутамиз. Мириқиб чўмиламиз. Тупроққа ағнаб, қумга кўмиламиз. Қуёш иссиғида таниб бўлмас даражада қораямиз. Баданлар мисдек ялтирайди. Кейин илондек пўст ташлаймиз. Жасур, бақувват йигитлар – уларнинг орасида катта акам, амакимнинг ўғиллари ҳам бор – асов дарёдан сузиб ўтишади. Уларга ҳавас қиламан.

 

Тўқайда ҳар хил жониворлар бўлади. Анча кейин отамдан эшитгандим: отам охирги марта 1948 йили – оиламиз тўнғичи Шодигул опам туғилган йили тўқайда йўлбарс боласини кўрган экан. Йўлбарс 1950-йилларнинг ўрталаригача, бўри, шоқол, тўнғиз асримиз бошигача бўлган, қуён, ўрдак, ғоз, юмронқозиқ, типратикан, тошбақа, тулки ва бургут, калхат каби йиртқич қушлар ҳозир ҳам мўл дейишади.

 

Қоронғида қўй ҳайдаб тўқайдан қайтар эканмиз, чарчоқнинг зўридан эртага албатта пахтага бораман, дала яқинроқ дердим ўзимга ўзим. Лекин негадир тонгда яна тўқайга қўй ҳайдаётган акамга эргашардим...

 

1973 йилнинг ёзи. Иккинчи синфга кўчганман. Таътил энди бошланган. Июн ойининг бошлари. Тенгдош бўлаларим Расул, Баҳром билан қўй боқиб юриб, қишлоқ пастидаги катта зовурда чўмиламиз. Ер кенг, жониворлар ўз эркида юради. Уйдан узоқлиги учун бизни ҳеч ким назорат қилмайди. Қўй-молларни “навбат-навбат қайтариш” деб эълон қиламиз-да, кун бўйи сувдан чиқмаймиз. Шунда мен мазам қочиб, касал бўлиб қолдим. Иситма қилиб алаҳлайман. Онам духтирга олиб борди. Йигирма кун ўша касалхонада бўлдим. Битта палатага бир ўзимни ётқизишган. Бир ҳафтадан кўпроқ отам ёнимда бўлди. Менга  ўрнимдан туришни, юришни тақиқлашди. Отам тепамда, қўлида рўмол, мени тинимсиз елпийди, дам-бадам докани ҳўллаб, пешонамга босади. Иссиғим тушмайди. Кийимларимни ечиб отаман. Отам у ёқ-бу ёққа чиққанда кароватнинг тагига тушиб ётиб оламан. Тақир пол салқинроқ туюлади. Ўшанда отам елҳайдар – вентилятор топтириб келди. Ўша пайтдаги энг замонавийси. Кулранг темирдан, парраклари жигарранг қалин резин. Отам далага, пахтага чиқиши керак экан – кетди. Энди онам менга қарамоқда. Ўн беш кунларда касалим нима экани маълум бўлди: хавфли! “Тезёрдам” машинаси мени катта шаҳардаги юқумли касалликлар шифохонасига олиб бораётир. Ота-онам ёнимда, ўртада чўзилиб ётибман. Кўнглим айнийди. Алаҳлайман. Ғўлдираганимни кейин сезаман. Тепамдаги оқ халат бошимга энгашиб, нималардир дейди. Онам менга катта оқ олма тутади. Тишлаб уза олмайман, узсам чайнаёлмайман. Мажбурлашади, аммо фақат сувини шимийман.

 

Тоғ йўлидан бораяпмиз. Икки тарафни арча қоплаган. Осмонда бургут айланаётганини ойнадан кўраман. Катта шаҳарда касалхонада салкам икки ой ётаман. Кунора навбат-навбат онам, отам, акам келиб хабар олади. Бозор нони – нонвой нон таъмини ўшанда сезганман. Онам-отамни, уйни жуда соғинаман. Менинг шу ёзим касалхонада ўтди. Ўша кезларда онамни, айниқса отамни ўйласам, кўзимга ёш келади, ичим ачийди.

 

Ўзи болаликдан дардга осон чалинадиган эдим. Шунинг учун бўлса керак, онам билан отам мени бошқача яхши кўришарди. Яна бир жиҳат борки, дардмандроқ бўлган одам ўз-ўзидан бироз эркароқ, хаёлкашроқ ҳам бўлади. шоирликка очилган йўлда ўша гоҳ қувончли, гоҳ изтиробли хаёлларнинг ҳам ўрни бор...

 

* * *

1974 йил апрелда бағри қайноқ Қизириққа кўчиб келдик. Катта опам – Шодигул опам билан иккинчи синф ўқувчиси мен хат ёзишамиз. “Ушбу ёзаётган хатим тез кунлар ичида етиб бориб маълум бўлсинки...” деб бошлайман хатларимни. Бу иборани опамдан ўрганганман. Опам – ўрта мактабнинг олий маълумотли тарих ўқитувчиси, уч боланинг онаси – эринмасдан менинг эзма хатларимга жавоб ёзади. Хатда жиянларимни номма-ном сўрайман, опам ҳам номма-ном жавоб ёзади ва биз томонни синчиклаб сўрайди. Муаллим эмасми, қизил қалам билан хатларимдаги хатоларни тузатиб ўзимга қайтариб юборган вақтлари ҳам бўлган. Хат ёзганимда, опамнинг хатларини ўқиётганимда негадир кўзимдан ёш сизади. Шу хатлар туфайли оқ қоғозга ёзишга қизиқдим. Шу хатлар менга хатосиз ёзиш кераклигини ўргатди. Опамнинг хатлари устоз бўлди менга. Менга соғинчдан, оқибатдан, меҳрдан дарс берди...

 

Янги жойда уйимиз энг четда эди, ҳали ток тортилмаган, чироқ йўқ, беш-олти ойми, кўпроқми, чироқсиз яшадик. Лампа чироқ ёқардик. Чироқ ёруғида дарс қилардик, китоб ўқирдик. Сувни мактаб ёнидаги крандан каттароқларимиз челакда, бизга ўхшаган болалар катта темир чойгумларда таширдик.

 

“Игна тўн тикади, лекин ўзи ялонғоч қолади” дейилганидек, бу ерда ҳам турмуш осон кечмади. Бу ерда ҳам ота-онамнинг умри далада, пахтазорда ўтди. Оиламиз эрта баҳорда дала бошига, полиз тепасига кўчиб чиқиб, қамишдан чайла ёки шах-шаббадан капа тиклар, кеч кузгача ўша ерда яшардик. Ёзнинг иссиғи экин-тикин тугул одамниям эрта пиширади... У иссиқларда одам тугул тош ҳам пишарди. Қизириқмисан – қизириқ!

 

Биз болалар нима қилиб бўлса ҳам рўзғорга ёрдамимиз тегсин деб катталарнинг атрофида эрта-кеч куймаланамиз. Катта майдонларда мошни ўтоқ қилардик, полизда, пахтазорда кетмон чопардик, ўрилган ўтни боғлардик. Зим-зиё тунларда отам, акам, опам билан ёнма-ён туриб ўт, маккажўхори ўрардик, ой ёруғида жўхори ситардик, пода ўтган пайкаллардан тезак терардик. Халта тўла бўлса, кўтаролмасдик, шунинг учун бўлаларим Соҳибназар, Олим, укам Раҳмат, мен ярим халта-ярим халта қилиб тезак таширканмиз, рўзғорга нафимиз текканидан хурсанд эдик. Отам – тиниб-тинчимайдиган одам, туш пайтларидаям бизни тиндирмасди: янтоқ чопардик, қуриган ўтларни боғлардик, қўйларнинг жунини олардик, ягана, чеканка, пахта терими... ҳаммасида ҳозиру нозир эдик. Отам нўхта, мурват, қозиққа ўхшаш ашқол-дашқолларни ўзи ясар, ҳаммамизнинг оёқкийимларимизни ўзи таъмирларди. Бунинг учун керак бўладиган учи қайрилган махсус ускуна, қисқич, искана, бигиз, ҳар хил мих, ипак ип алоҳида темир қутида турарди. Тешилган кирза этикнинг қўнжини кесиб, тагини ковуш қилиб берарди. Мол боғланадиган каноп ипни ўзи эшарди. У киши ерда ўтириб, билагидан канопни ўтказар, роса тоб бериб, учини менга тутқазарди. Мен арқоннинг узунлиги қанча бўлиши керак бўлса, шунча масофага бориб келаверардим. Арқон эшиш биз – болалар учун байрам эди, чунки бу юмуш жараёнида чайла соясида турса бўларди. Шу ўринда отамнинг бир-икки гапини эслагим келди: “Молга қарасанг семиради, болага қарасанг одам бўлади”, “Ёмон одам динга кирса ҳам ўзгармайди, ёмонлигича қолади”.

 

1974 йилнинг ёзи. Катталар тонгдан далага ишга кетади. Уйда бола-бақра қоламиз. Энг каттамиз – опам. Айни туш пайти, нафас қайтадиган иссиқда қишлоқдан сентр (совхоз маркази)га – уч-тўрт чақирим йўлга бўлаларимиз билан бирга пиёда борамиз. У ерда китоб дўкони бор. Дўкондан тўплаган танга-чақаларимизни қўшиб, китоблар – асосан рангли, расмли, эртак китоблар сотиб оламиз. Сўнг уйга келиб, ётволиб ўқиймиз. Назаримда, шу китоблар биринчи устозларим бўлди. Назаримда, шу китоблардан илк сабоқларни олдим.

 

Қизғин ёз. Тезроқ кеч тушишини кутаман. Негаки, кечки овқатдан кейин у-бу юмушлар бажарилади-да, ўринларга ётилади. Кундуз иссиқ бўлса-да, тунлар салқин, чўл тунининг ёқимли шабадаси эсади. Осмон тўла юлдуз, бир-биридан катта, бир-биридан ёрқин, қўл чўзса еткудек... Борлиқ жаҳонни ёритиб тўлин ой тўлғонади. Негадир уни онамга менгзайман. Чигиртка-ю чирилловуқларнинг чириллаши ҳам тиниб бормоқда.

 

Тахта сўрининг ўртасида опам ўтирибди, бир ёнида Раъно синглим, бошқа ёнида Зулайҳо, Саида бўлаларим, атрофда биз каби далага кўчиб чиққан қўшниларимизнинг қизлари, болалар... Опам эртак айтади. Бир пасдан кейин ҳамма эртакка кўчиб ўтади. Ҳеч ким қимир этмайди, овоз чиқармайди. Опамнинг эртаклари айниқса мени буткул сеҳрлайди. Тош ёрилиб, орасига беркинган қизга, дев жангда оёқларини узиб ташлаган, кундузлари тошлар орасига беркиниб, тунда бошқаларнинг полизига тушиб, одамлигини билмасликлари учун қовун-тарвузни жайрага ўхшаб еган йигитга, подшонинг қизига алданган Бунёдга раҳмим келади. Маликани қимматбаҳо тақинчоқлари билан ютиб юборган наҳангни, тиканзорга дўнган тароқни, денгизга айланган ойнани кўз олдимга келтириб ҳайратланаман. Қоработирларни ёмон кўраман, Тоҳир-Зуҳраларга меҳрим товланади. Опам ҳар гал янги эртак айтади, сўрасаккина такрорлайди.

 

Опамнинг эртак денгизи бормиди, тугамасди.

 

Бу эртаклар менинг кўнглимни тарбиялаган, қалбимга меҳрдан сабоқ берган.

 

Ўн бир ёшимдан бошлаб ҳар куни тонг қоронғисида турардим, кунчиқар оқармаган, кўкда юлдузлар жимирлайди. Бошқаларни безовта қилмаслик учун лойсупанинг четида ётаман. Онам мен ётган томондан келиб, пашшахонани кўтариб, “Болам, жон болам, турақол, қўйларингни ёйиб кел...” дейди, кечаги болачарчоқ тўрида эринчоқ керишсам, отам бир оғиз “Тур!..” дейди. Шу заҳоти отилиб тураман. Кўпинча бу чоғда отам аллақачон катта кетмонини кўтариб, эгатларга сув тарагани кетган бўлади. Мабодо ҳали кетмаган бўлса, “Тур!..” деган турткини албатта эшитардим. Зинғиллаб бориб қўра эрганагини очаман. Қўйлар ҳам ўрганган: шу паллада бараварига маърайверади.

 

Қўй бир қоринлаб тўйиб, ўтламай, бир-бирининг соясига калласини тиққан чошгоҳ маҳал яна уйга қайтаман. Бироз дам олиб, нонушта қилиб, ўроғимни олиб ғўза ичидан ўт ўришга жўнайман. Тўрхалтага кичикроқ қовун ёки тарвуз... Ўроқнинг тиғини ўт билан тозалаб артиб, қовунни сўйиб ейман. Ҳам чанқоқни босади, ҳам қорин тўяди. Баланд ғўза дим қайтариб, нафас олиш қийинлашади.

 

Тушда чайлада соялаб ўтирганимизда отам даладан келади. Икки қўлида қовун-тарвуз. Тушликдан сўнг... Кун қиёмда... Энди ҳаммамизни полизга олиб чиқади. Кечки палакнинг пуштасини юмшатиб, бўғзига тупроқ тортиб чиқиш керак. Онам чой дамлаб, палакнинг орасига қуёш тушмайдиган қилиб қўйган. Чой, шабада эсаётгани учунми, муздек бўлади. Агар чойнакда сув бўлса, чойдек совумайди, аксинча, сояда ҳам илиб қолади. Чайланинг тагида қалин қамиш-қиёқ соясидаги сувли чуқурга сопол кўза ташлаб қўйилган, у Шеробод кўзаси, уни отам атайин Шерободга бориб олиб келган. Кўза сувга тўла. Оғзига латта тиқилган. Намли кўзада сув салқин туради.

 

Сизга ҳикоя қилаётган бу кечмишларим фақат ўзимники эмас, балки мен қатори униб-ўсган минглаб болаларнинг – бутун бир авлоднинг кечмишларидир.

 

Шундай тушлик танаффусларида “Шарқ юлдузи”, “Гулистон”, “Муштум”, “Фан ва турмуш” журналларини, “Ўзбекистон маданияти” ва бошқа газеталарни ўқийман. Уларни катталардан кимдир иш билан қишлоққа тушганда, хатлар билан бирга почтадан олиб келган. Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўтмишдан эртаклар”, “Синчалак”, Лев Толстойнинг “Болалик. Ўсмирлик. Ёшлик”, Рашод Нури Гунтекиннинг “Чолиқуши”, Ўлмас Умарбековнинг “Севгим-севгилим...”, Мирзакалон Исмоилийнинг “Одамийлик қиссаси”, Одил Ёқубовнинг “Эр бошига иш тушса...” китобларини, Ҳамид Олимжон, Миртемир, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Омон Матжон, Пушкин, Лермонтовнинг шеърий тўпламларини ва яна бир қанча керак-нокерак китобларни ўқиганман ўшанда. Ўша пайкаллар ҳам саводхон эди жуда. Китобга онам қизиқади. Шу қизиқиш менга ҳам ўтган. Онамга шеърларни, “Одамийлик қиссаси”ни бир неча кун давомида тўлиқ ўқиб берганман. Лекин китобларни ёшимга қараб ўқимайман, қўлимга тушганини ўқийвераман.

 

Шу пайтгача ўқиганларимни жамлаб, бугунги шеъриятнинг етакчи тенденцияларини кузатиб, айтишим мумкинки, поэзия ҳеч қачон хонакилаштирилмаслиги, экинлаштирилмаслиги, районлаштирилмаслиги керак. Шундагина поэзияда стихия – ўз эрки, ўз-ўзича рўй берадиган ҳаракат бўлади.

 

Шеъриятда доим стихия бўлиши керак.

 

У пайтда... Китоб, айниқса шеър ўқисам, ўзимнинг ҳам нималардир ёзгим келади. Бир фурсат аввал – январ, феврал ойларида, қуёшли қиш кунларида ҳовли четидаги ғўзапоя ғарами устида офтобда тобланиб китоб ўқиб ўтирганимда ҳам шундай ҳолатга тушганман. Қоплон итимиз ғарам устига, ёнимга сакраб чиқиб, дам-бадам қўлимдаги китобни ҳидлайди, менга суйкалади. Китобни ўқиётиб, тўхтаб қоламан. Воқеаларни китобдагидек эмас, хаёлимда ўзимга ёққандек давом эттираман. Мен бўлганимда мана бундай  ёзардим деб ўйлайман. Чиройли муқовали китобларни кўриб, ўзимнинг ҳам шундай китобларим бўлишини хоҳлайман.

 

Ёзги таътилда эдик. Уйда дафтарларга (кейинчалик ўша биринчи дафтарлар йўқолиб кетди) ёзиб юрган машқларимни оқ қоғозга кўчириб чиқдим. Опам мени туман газетаси таҳририятига олиб борадиган, ёзганларимни таҳририятдагиларга кўрсатадиган бўлди. Эрталаб уйдан чиқиб, автобус бекати сари борарканмиз, мен бошқаларнинг ҳовлисида ўсган гулларни қўлим билан кўрсатардим: “Қаранг, қандайлар чиройли... Қаранг, уйимиздаги гулдан экан...”. Опам бировнинг уйи, ҳовлисидаги нарсаларни бармоғинг билан кўрсатма деди. Сўнг жим кетаман...

 

Саккизинчи синфда бир оқкўнгил, аълочи, орзулари мўл синфдошим билан китоб алмашиб ўқийдиган бўлдик. У бадиий китоблар ўқишга қизиқар, мен ҳам китоб ўқишни яхши кўрардим. Китобларнинг орасида хатлар бўларди. Хатда бир-биримизга ўқиган китобларимиз, янги адабий қаҳрамонлар тўғрисида гапирардик, баҳслашардик. Доим тоза-озода, ёқаси оппоқ кийимлар кияр, энгил-бошини ўзи дазмоллаб, ўзига қараб, сочларини тараб юрарди. Адабиётдан олимпиадада қатнашганим ва яна қатнашмоқчи эканимни билиб, менга “Адабиёт назарияси” деган муқоваси кўк, яп-янги китобни эсдаликка берди. Мен унга Ойбекнинг “Улуғ йўл” романини совға қилдим. Ўшанда ундан ортда қолмаслик учун кўп китоб ўқийдиган, эринмасдан қоғоз қоралайдиган бўлдим.

 

* * *

– Ана, ана, онам келаяпти! – деб бақиради опам қувонч билан. Салқин тупроқда ухлаб ётган синглим уйғониб кетади. Қоронғида беш-олти аёлнинг шарпаси кўринади. Уларнинг қўлларида тахланган кичик тугун-дастурхон, бошларида бир-бир фартук ўт. Оналар ғўза чопиғида эгатлардан чиққан ўтни тўплаб бошларида кўтариб келишмоқда. Онамга қараб чопамиз. Муштипарим энгашиб қиз-ўғилларини бағрига босади. “Она...” десак, исмимизни айтмайди, “жон...” дейди. Онам бизни уйга кирмаганимиз, ҳануз оч-наҳор ўтирганимиз, устибошимиз бир аҳволдалиги учун уришса эди дейман. Йўқ, онам уришмайди. 

 

Онам билан келаётган аёлларнинг қадамлари тезлашади, узоқлашиб уйларига кетишади. Энди онам устидаги чанг-ғуборни қоққач, рўзғорга қарайди: қозон, капкир тиқирлайди, ўчоқ, тандирда ўт ёнади. Сигир соғилади. Орада катта қозонда сув иситилиб, кулда кир ювилади. Тонгда бир тандир нон узилади.

 

Уйғониб, шошиб ўринга қарайман: мен билан укамникидан бошқа барча жойлар – кўрпа-тўшаклар йиғиштирилган. Демак, ота-онам далага кетиб бўлишган...

 

Шунда онам билан отамни соғинганимдан йиғлаб юбораман...

 

* * *

Агар мен... Мабодо мен... шоир бўлолган бўлсам, мени китоблар эмас, ота-онамнинг тақдири, улар чеккан заҳмату меҳнат, бу катта дунёдаги кичик оиламизнинг қисмати шоир қилган бўлса керак деб ўйлайман. Менинг энг биринчи муаллимларим, устозларим, устоздан ҳам зиёдларим ота-онам бўлган. Улар ўқиш-ёзишда жудаям саводли эмас эди. Лекин мени меҳнатга, ҳалолликка, тўғриликка ўргатдилар. Улар ҳали ҳаётда ёвузлик, шафқатсизлик, хиёнат, иймонсизлик, адолатсизлик, тенгсизлик  қирилиб битмаганини сўзсиз, таъкидсиз уқтирдилар.

 

Уларнинг ҳаёти мен учун дарс бўлди. Мен ўша болалигим ўтган жойлардан жуда олисда яшайман. У тарафларга йўлим тушиб қолса ҳам қишлоғимга боришга юрагим дов бермайди. Ўша мени улғайтган далалар, дарё-ю тўқайзорлар ва одамлар энди йўқлигини ҳис қиламан. Мен ўшаларни беҳуда излашимни сезиб у томонларга боришдан қўрқаман. Бу қўрқув Раҳмат укам йўқолиб қолган оқшомдагидан кўра каттароқ, маъноси теранроқ...

 

У жойларда ҳам янги замон сарвати қад керган албатта. Мен ўша азиз дамларим, қутлуғ манзилларимни бузилмаган, ўзгармаган ҳолида қалбимда олиб юргим келади.

 

Ҳа, мен ҳаётим давомида ўша воқеалардан чиқиб кетмадим... кетолмадим... Ҳа, мен бир умр эту суягимгача, руҳу юрагимгача қишлоқ одами бўлиб қолдим. Ўша ҳаётни ватан деб танидим. Ўша одамларни халқим деб билдим...

 

Салим АШУР

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2026 йил 3-сон.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 40027
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//