Юртдошимиз, жаҳон адабиёти майдонида ўзининг салмоқли асарлари билан эътироф этилган ёзувчи ва таржимон Ҳамид Исмоилнинг 2026 йилги Нобель мукофоти номзодлари қаторида борлиги адабиётимиз тарихидаги муҳим воқеалардан бири бўлди. Хўш, бу ижодий парвоз бошланиши қандай кечган?
Таниқли журналист Паҳлавон Содиқнинг бундан ўттиз йил муқаддам – 1995 йил баҳорида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида чоп этилган, адиб билан қилган суҳбати айнан шу саволга жавоб беради. Унда Ҳамид Исмоилнинг Ғарб ва Шарқ қутблари, шахсият эркинлиги, мумтоз мерос ва ижодий изланишлар ҳақидаги ўша пайтдагиёқ теранлашган қарашлари акс этган. Бугун ушбу гурунгни қайта ўқиш орқали ёзувчининг йиллар давомида қандай эстетик эволюцияни босиб ўтганига гувоҳ бўласиз.
Қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган мазкур суҳбат ўқувчига Ҳамид Исмоил шахсияти ва ижод лабораториясини яқиндан таништиради.
(Шу ўринда эслатиб ўтамиз, Oyina.uz Ҳамид Исмоилнинг “Жинлар базми ёхуд катта ўйин” романи ҳақида аввалроқ икки қисмли таҳлилий мақола эълон қилган эди.)
Икки қутб орасида
– Ҳамид ака, сиз дунё кўрган шоирсиз. Айни пайтда ўзбек ва бутун умумтуркий шеъриятни ғарбда тарғиб қилаётган қалам аҳлларидан бирисиз. Ижодингизда кўпинча бир жиҳатни кузатаман: “Ўздан қочиш”. Сиз биз кўникиб қолган адабий ва нафақат адабий, балки ҳаётий қолипларни ҳам инкор қилишга тиришасиз. Айтинг-чи, бу “қочиш”, фалсафий маънода “мусбат” қочишми ёки “манфий”ми?
– Биласизми, “ўздан қочиш” дегани, “ўзингизни текшириш” дегани. Яъни бутун умр қилиб юрган ишим – “ўзимни текшириш”дан иборат. Масалан, ўзимни ўзимдан ажратиб кўришим. Аслида бу табиатан мумкин бўлмаган нарса. Истасам ҳам бу нарсадан ажрай олмайман. “Қочиш”га ҳаракатлар қилганман. Ёшликда “қочиш”га ҳаракатлар қиласиз. Ғарб адабиётини авайлайсиз. Ўзингизча янги нарсалар топишга уринасиз.
Мен ҳам рус тилида кўп ёздим. Бир томондан турғунлик деймиз, бошқа баъзи нарсалар... Одам ўзгаргиси келади. Бироқ хамиртурушинг, бутун вужудинг ўзбек бўлганидан кейин қочолмас экансан. Ёшликда жуда ғарбга берилиб, ўта сюрреалистларни ўқиб юрган пайтларимизда, русча шеърларда “уҳ, шу нарсани топдим” деб ўйлаганмиз, кейин қарасак, Навоийда айни шу нарса бошқачароқ шаклда ифода этилган экан. Истайсизми, истамайсизми, бу сизнинг табиатингиздан келиб чиққан.
Бир мисол: дарахт ўсар экан, унинг ичида қанча дарахтлар бирга ўсаётганини хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Ҳолбуки, бу катта дарахтнинг ичида ўтган йилги, ундан аввалги йилги, қўйингки, йигирма беш йил олдин ўтқазилган ниҳол бор. Шунга ўхшаб, бизнинг шаклланишимизда ҳам, истаймизми, йўқми, ота-боболаримиз ичимиздан “ўсиб чиқишади”. Бу ерда бир масъулият бор. Улар сизни яратишган экан, руҳий дунёнгизни шакллантиришган экан, сиз ҳам улар учун бир кўприксиз. Бу масалада икки хил қараш бор. Бири “одам ўз-ўзига хўжайин, ўз-ўзига соҳиб” деган ғарбона қараш; иккинчиси эса, одам Оллоҳ билан бошқа одамлар ўртасидаги, айтайлик, бир кўприк” деган шарқона қараш. Менга қонимдан, келиб чиқишимдан иккинчи нуқтаи назар яқинроқ. Яъни ҳақиқат бўлса, бошқа нарсалар бўлса, унга биз соҳиб эмас, балки шу нарсаларни етказиб берувчи бир воситачимиз. Шу жиҳатдан, ўзимнинг шахсий биографиямга қарайдиган бўлсам ҳам, мен бир воситачиман. Яъни менинг орқамда қанча инсонлар ўтиб кетишган. Кимлардир яшаган, кимлардир улгурмаган. Шуларнинг масъулияти сифатида бугунги кунда мен яшаб юрибман. Мен бугун Ҳамид Исмоил сифатида фақат ўзим учун жавобгармасман, айни пайтда бутун бошли шажара учун масъулман. Шундан хулоса қилишим мумкинки, ўзим масъул бўлган миллатга – ўзбекларга муносабатим менинг ўз-ўзимга муносабатимдир.
– Назаримда, суҳбатимиз ўз-ўзидан “мен” тушунчасига бориб тақаляпти. Шарқ адабиётида “мен” йўқ. Яъни “фард” тушунчаси истисно, балки “умма”, яъни “биз” бор, деган қарашлар мавжуд. “Мен” ғарб тафаккурида ҳоким бўлган бир нарса ва ғарбдаги бутун ғоявий курашларнинг асосида ана шу “мен” ётади, деган даъволар, сизнингча, тўғрими?
– Бу анча мураккаб савол. Бир томондан биз айтамизки, ўзбекчилик, бу – қавмчилик, ёки Ислом бу – қавмчилик, деймиз. Исломда умма бор, лекин шахс йўқ, деймиз. Умманинг шахс устидан устуворлиги ҳамиша таъкидланади. Бу бизнинг онгимизга сингиб кетган. Ҳаттоки, дейлик, шеъриятимизда. Анъанавий шеъриятимизда ҳамиша жумланинг бир сўз устидан устунлиги келади. Жумла, “умма” сифатида, дейлик, “шахс” ёки бир сўз устидан ҳамиша устун. Шунинг учун ўзбек шеърияти одатда сатрлар билан ёзилади. Сўзлар билан эмас-да, сатрлар билан.
Лекин ҳаракатлар бўлган. Исломнинг ўзида: Тасаввуф. Мансур Ҳалложни оласизми, кимни олманг, бу – Шахсият. Бевосита “Мен”га қайтиш. Шунинг учун буни Исломга йўйиш мумкин ҳам, мумкин эмас ҳам. Иккинчидан: Чўлпон шеъриятини олайлик, ёки шу аср боши шеъриятини. Чўлпоннинг ўзбек шеъриятидаги энг катта хизмати – сўзга сўзлигини қайтариб бергани, алоҳида сўзлар билан ёзганлигидир. Чўлпоннинг шеърлари ҳалигача юрак-юракларимизга, дейлик, бизнинг қўшиқчи шоирларимиз бор-у, шулар қадар сингимаган. Чунки бу мутлақо шахс нуқтаи назаридан яратилган шеърият.
Айтмоқчи бўлганим, ҳаракатлар бўлган. Менимча, ҳақиқат на у ёқда, на бу ёқда. На “мен”да, на “биз”да. Ўша “биз” “мен”лардан ташкил бўлади. Лекин “мен” “биз”лардан ажралиб “мен” бўлади. Биз ҳамиша ўзимизни чегаралашга ўрганиб қолганмиз. Ё у ҳақиқат, ё бу ҳақиқат, деб. “Қарс икки қўлдан чиқади” деймиз-у, аслида қарс – бир шапалоқ ҳам, иккинчи шапалоқ ҳам эмас, иккаласининг орасидан чиққан овоз. Шунга ўхшаб “ҳақиқат” ҳам “у” ёки “бу” эмас, балки ўртадагисидир.
Мана, Шарқ фалсафасини олиб кўринг: Аттордаги Семурғ образи. Ҳақиқат – Семурғ мужассам бир шакл эмас, балки ўттизта қушнинг босиб ўтган йўли (тариқат). Бу ерда ҳам ҳақиқат бир нуқта эмас, балки йўл, жараён сифатида кўрсатилади. Лекин буни ана шу “нуқта”да англайсиз. Яна юқоридаги мавзуга қайтяпмиз. Сиз ўзгарасиз. Сиз энди эски “мен” эмассиз, бошқа “мен”сиз, айни пайтда Сизнинг ичингизда илгариги “мен” ҳам бор. Дарахтнинг ичида бошқа дарахт бўлгани каби.
– Ғарб Уйғониш (ренессанс) маданияти ҳақида кўп гапирилади. Бу маданиятга шубҳа билан қаровчи баъзи тадқиқотчилар, биз тушунган маънодаги ренессанс Ғарбда пайдо бўлган эмас, у атай ўйлаб чиқарилган, ренессанс бир мафкурадир ва бу мафкура бўлмаса, Ғарб маданияти остин-устун бўлади, дейишади. Сизнинг бу масаладаги қаноатингиз қандай?
– Умуман, Ғарб билан Шарқнинг орасидаги бўлинишга келадиган бўлсак, ҳозир айтганимдай, сиз соҳибликка эгасиз, яъни шахс ўзини соҳиб дейди, бу – Ғарб қараши. Мусулмон Шарқида эса ҳамма нарса – Оллоҳга моликдир. Биз ижарачилармиз холос. Аслида одамзод шу икки қутбнинг орасида яшайди. Лекин мойиллик, тенденция доим бир томонда бўлади ёки иккинчи томонда. Ғарб ҳақиқатан ҳам шахсият томонига ўтиб кетган. Бунинг натижасида анча-мунча нарсаларни йўқотган, ғурбатларга ҳам дучор бўлган. Лекин шахсиятингизни бутунлай йўқотиб юборишингиз ҳам мумкин эмас, чунки Оллоҳ сизни шахс сифатида яратган. Оллоҳ ҳар бир инсоннинг зиммасига бир масъулиятни юклаб қўйган. Бўлмаса ҳаммамизни бир хил, айтайлик, гидраларга ўхшатиб яратиши мумкин эди-ку? Нима учун бизни турли қилиб яратди? Демак, бунда ҳам қандайдир ҳикмат бор. Биз шундан келиб чиқишимиз керак. Шахс эканмиз, шахсият ҳақида ҳам ўйлашимиз керак.
Айни пайтда бир бутун одамзод эканмиз, одамзодга хос хусусиятлар бизни бир-биримизга боғлаб туради, бунга ҳам маҳкуммиз. Шу ерда бир нарсани айтиб ўтмоқчиман: Ғарб билан Шарқ орасидаги фарқни чуқурлаштириш ҳам мумкин. Бироқ айни пайтда уларни бирлаштирувчи талайгина нуқталар бор. “Фауст”ни олайлик. “Фауст” Ғарб адабиётининг маҳсули. Асарнинг композициясига эътибор беринг. Фаустнинг босиб ўтган йўли айни “Мантиқ ут-тайр” ёки “Лисон ут-тайр”да босиб ўтилган йўл. Ёки “Хамса”. Нима учун Низомий алоҳида-алоҳида ёзган бешта достон бирлаштирилиб, кейин унга назиралар ёзила бошлади. Чунки уларнинг асосида инсонни инсон қилиб турган бешта асосий ғоя яширинган: Яъни, гўзаллик, эзгулик, ишқ, ҳокимият, адолат ғоялари.
“Искандарнома” ҳокимият, адолат ғояси билан суғорилган. “Лайли ва Мажнун” – ишқ ва ҳоказо... Жаҳон адабиётига назар соладиган бўлсак, ҳар бир адабиётнинг етук намояндалари айни шу шаклни қайтаришади. Масалан, Пушкинда тўртта кичик фожиа бор. Шулардан бири – “Мис чавандоз”. “Мис чавандоз” – “Искандарнома”дан бошқача эмас. Яъни одамнинг ҳокимиятга муносабати, адолат масаласи ва бошқа масалалар.
Шекспирни олинг. Унинг асарларидаги ғоялар ҳам “Хамса”даги ғояларнинг ўзгинаси. У бу чегарадан чиқолмайди. Одамзоднинг асли, табиати бор. Шунинг учун ҳам у “одамзод” дейилган. Бу Румийнинг “Маънавий маснавий”идаги машҳур ривоятни эслатади. Яъни бир бош узумни ҳар хил тилда айтиб юрибмиз. Чуқурроқ қарасак, ҳаммасининг замири бир. Интилиш бир – эзгуликка, гўзалликка, энг охирида, агар таъбир жоиз бўлса, Оллоҳга дейишимиз мумкин.
– Ҳатто Дантенинг “Илоҳий комедия”даги шеърий шаклни Исломдан кейинги Андалусия шеъриятидан олгани ҳақида фикрлар юради...
– Шундай. Инсоният доим бир-биридан ўрганади. Шарқдан Ғарб олади, Ғарбдан Шарқ, чунки биз икки қутб орасидамиз. Моҳиятга қайтадиган бўлсак, бола – инсон икки қутб – аёл ва эркак орасида туғилади. Демак, ҳаммаси табиий бир жараён.
– Ижодий интеллигенция ҳар қандай тузумда социалист бўлиб қолаверади, деган фикр бор. Яъни капитализмда ҳам, коммунизмда ҳам у ҳақларини ҳимоя қилиши керак бўлган, у эзилиб қарайдиган мазлум бир қатлам бўлади. Мана, сиз анчадан бери Лондонда яшаяпсиз. Шубҳасиз, у ерда инсон ва инсон, инсон ва жамият ўртасидаги муносабатлар биздагидан фарқ қилади. Аммо биздагидан мукаммалроқ деб айта оласизми?..
– Албатта, мен ҳам ҳаётимда кўп нарсаларни кўрдим, кўп нарсалардан хулоса чиқардим, нималаргадир интилдим. Баъзи ерларда бурнимни қонатдим, баъзи ерларда бир нарсаларга эришдим. Эртанги фикрим ўзгариши мумкин. Бироқ ҳозир ўйлаётганим, хулоса қиладиган бўлсам, шундан иборат: одамнинг бутун дунёни бахтли қиламан, деб уриниши беҳуда. Биласизми, бу бироз сафсатабозликка ўхшаб кетади. Албатта, бундай фикрлар бўлиши керак. Масалан, бутун дунёнинг бир бурчагида “MacDonalds” пайдо бўлаётган бўлса, иккинчи бир бурчагида “MacDonalds”нинг картошкасини етказиб бериш ҳисобига ўрмонлар камайиб кетяпти. Кимдир қайғуриши керак бу ҳақда. Ҳаммамиз қайғуришимиз керак. Инсон энг аввал ўзидан бошлаши керак. Халқ, деймиз. Сиз ҳам халқсиз, мен ҳам халқман. Халқ деган ибора, бўш ибора. Уни тўлдирувчи бизлармиз. Оллоҳ бизни баркамол қилиб яратиши мумкин эди. Яратмаганики, бизларнинг баркамолликка интилишимизга асос бўлса керак. Баркамолликка интилишни эса “мен”дан бошлаш керак. Чунки “биз”га тўнкаб қўйишдан осони йўқ. Баъзан ҳамма айбни тузумга ёки замонга тўнкаймиз. Энг охирида одам ўзига тўнкай бошлайди. Аксинча бўлиши керак. Бироқ бунга эришиш жуда қийин.
– Яқинда қўлимга бир китоб тушиб қолди. “Йўл” деб номланган мазкур китобнинг муаллифи ўзбек китобхонларига мутлақо нотаниш бўлган исм – БЕЛГИ. Китобни ўқувчиларга тақдим қилар экан, Сиз (сўзбошиси – Ҳамид Исмоилники – П.С.) ўзбек шеъриятида уч йўл борлиги, булардан биринчиси Навоий, иккинчиси Чўлпон ва учинчиси Белгининг йўли эканини қайд этгансиз. Бу ерда муболаға йўқми?
– Муболаға бор. Лекин биласизми, Белги ҳолатида бир хусусият бор. Аслида, у ўша, биз билган ўзаклардан чиқиб келади. Интилишлари ҳам ўша ўзаклардан. Улардан узилиб қолган эмас. Яна ҳалиги саволларга қайтиб келяпмиз. Менимча, ҳаммаси онгдан бошланади. Яъни хамиртуруш онгда пайдо бўлади.
Ёзувчи ва жамият деймиз, шу муносабатларни сиёсатга аралашиш, сиёсат қилиш, деймиз. Ёзувчининг кучи, менимча, сиёсатчининг кучидан анча буюкроқ. Масалан, Абдулла Қодирий ҳеч қачон сиёсат билан шуғулланмаган. Лекин унинг 20-йилларда маҳкамада айтган сўзларини эсланг: “Мен ҳаммасига чидашим мумкин. Модомики, шу қора кўзлар менинг ўлимимни истаётган экан, менга ўлим жазосини беринглар”. Бу сўзлар бизнинг онгимизни ағдар-тўнтар қилиб юборади. Одамни ағдариб ташлайди. Ваҳоланки, Қодирий сиёсий памфлет ёзиб ҳам бизнинг онгимизни бунчалик ларзага сола олмаган бўлур эди. Шундай ҳолатга тушадиган бўлсак, кўз олдимизга Абдулла Қодирий келади. Уяламиз, шарманда бўламиз унинг олдида. Шундай ҳолатлар инсонни тарбиялайди. Шу нуқтаи назардан ҳозир онгимизда қандайдир силжишлар бўляпти. Бир томондан, биз “ўзбекчилик”ка ҳаддан ташқари боғланиб қолаётгандаймиз. Аслида бундай эмас. Аслида ҳаёт сиз билан биз ўйлагандан анча мураккаброқ. Ёки тарих фақат бизнинг тарихимиз дер эканмиз, бошқаларнинг ҳам тарихи борлигини унутиб қўямиз. Биз бошқаларга боғлиқмиз. Айтайлик, Афлотун бўлмаганда, Ибн Сино бўлмас эди ёки Ибн Сино бўлмаганда Ҳегел бўлмас эди.
Албатта, ўзбекчиликнинг ўзига хос томонларини тарғиб қилиш керак, миллий онгни шакллантириш керак, мен бунга қарши эмасман. Лекин унутмаслик керакки, биз одамзодмиз. Одамзоднинг бошқа қавмларидан айри ҳолда бор бўлолмаймиз.
Ҳозирги замон шеъриятимизда худди шу жиҳатдан силжишлар бор. Ўзимиз ўзбек бўла туриб, ўзбекчилигимиздан ҳеч қачон воз кечмаган ҳолда, дунёга кўзларимизни каттароқ очишимиз керак. Шу Белгида бор, менимча. Шунинг учун мен уни ўқувчига бироз муболаға қилишдан ўзимни тиёлмадим. Ўзим ҳам бир пайтлар шундай ҳаракатлар қилганман. Лекин менинг ҳаракатим кўпроқ эксперимент тариқасида бўларди. Яъни уларда табиийлик етишмас эди. Белгида эса табиийлик бор. Кучаниш йўқ, унда аввалдан “шу шеърни ашула қилиб ёзаман” деган мақсад йўқ. Ҳаммаси табиий. Менимча, бу жуда муҳим. Белги бир қарашда анъаналаримиздан узоққа ўхшайди. Аслида ундай эмас. Эсингизда бўлса, биз яқин-яқингача баъзи шоирларимизни анъаналаримиздан узоқликда айблаб келдик. Лекин сал кенгроқ қараганимизда кўрдикки, улар ҳам бутун вужуди, мушоҳада тарзи билан анъаналаримизга боғлиқ ва бир ўзбекнинг онги ўша шоирларда ёки Белгида бўлгани каби фарқли бир тўхтамга келиши мумкин экан.
– Келгуси режаларингиз ҳақида гапириб берсангиз.
– Ўйлаб қўйган ниятларим талайгина. Кейинги пайтда асосан наср билан шуғулланяпман. Ҳозирги ҳолатим, биласизми, сал тиниш жараёнига ўхшайди. Ҳилватнишинлик жараёни. Адабий мунозараларга кўпам эҳтиёжим йўқдек. Ҳозирги насллардан ёшлигим бироз узоқлашиб қолганиданми, баъзи нарсаларга масъулиятсизлик, ҳавойилик билан қарашга ўрганиб қолганман. Ана шу ҳавойиликдан қутилиб, бироз ишлаш ниятидаман...
Суҳбатдош Паҳлавон СОДИҚ.
Тошкент, 1995 йил.
Тарих
Тарих
Жараён
Санъат
Жараён
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ