Қўқон хонлиги тарихида айрим никоҳлар оилавий муносабатдан кўра кенгроқ маъно касб этган. Улар ортида сулҳ, сиёсий муроса ва ҳокимиятлар ўртасидаги мувозанат масалалари турган. Минг Ойимнинг Норбўтахонга турмушга чиқиши ҳам ана шундай тарихий воқеалардан бири эди.
Асл исми Фахриннисо бўлган Минг Ойим кейинчалик саройда нафақат Норбўтахоннинг рафиқаси, балки “Давлат соҳиби” номи билан эътироф этилган нуфузли малика сифатида танилди.
Бироқ Минг Ойимнинг тарихий қиёфасини фақат саройдаги мавқеи билан белгилаб бўлмайди. Унинг номи бир томонда Фарғона сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеалар, иккинчи томонда эса мадраса, хонақоҳ, Қаландархона ва муҳтожларга кўрсатилган саховат билан боғланган. Шу жиҳатдан Минг Ойим ҳаётини ўрганиш – Қўқон хонлигида аёлларнинг нафақат саройдаги, балки сиёсий, маърифий ва ижтимоий ҳаётдаги ўрнини англаш имконини ҳам беради.
Минг Ойим Норбўтахоннинг иккинчи аёли, Олимхон ва Умархоннинг волидаcи, шунингдек, тарихчи Ҳакимхон Тўранинг ҳам бувиси эди. Муҳаммад Яҳёхон Хўқандийнинг “Олтун бешик” асарида у киши “Минг Ойим” сарлавҳаси остида алоҳида тилга олинади. Манбада қайд этилишича, Минг Ойим Олтун Бешик наслидан ҳамда Минг уруғининг зодагонларидан бўлган Имомқули Баҳодир Минг ибн Дўстқулибий Мингнинг қизи эди. Тахминан 1160/1747 йилда таваллуд топган [Олтун бешик, 545–549-б.].
Ҳакимхон Тўра “Мунтахаб ат-таворих”да Минг Ойим ҳақида ёзар экан, унинг Норбўтахон фарзандларининг уч нафари – Олимхон, Умархон ва ўз онасининг волидаси эканини таъкидлайди: “Иккинчиси амир Олимхон, кейингиси фақирнинг онаси, учинчиси амир Умархон, буларнинг ҳар учаласининг онаси Ирисқулибий ибн Дўстқул Баҳодирнинг укаси Имомқулибийнинг қизи бўлмиш давлат соҳиби Минг Ойим эди” [Мунтахаб ат-таворих].
Шу бир жумланинг ўзи Минг Ойимнинг Қўқон хонлиги тарихидаги ўрнини англаш учун кифоя. У киши нафақат икки буюк ҳукмдорнинг, балки тарихчи бир авлоднинг ҳам онаси эди.
Минг Ойимнинг Норбўтахон саройига келиши оддий никоҳ воқеаси эмас. Унинг замирида XVIII асрнинг иккинчи ярмида Фарғона водийсида кечган мураккаб сиёсий жараёнлар ётарди.
Норбўтахон тахтга келганидан кейин марказий ҳокимиятни мустаҳкамлашга интилди. Аммо Чуст, Наманган ва атроф ҳудудлардаги нуфузли беклар, жумладан Ирисқулибий билан муносабатлар кескинлашди. Ниҳоят, зиддият очиқ тўқнашувга айланди.
Ҳакимхон Тўранинг баёнида бу воқеалар жуда таъсирчан тасвирланган. Ирисқулибийнинг қариндошларидан икки нафар мирбачча Чуст вилоятида Норбўтахонга қарши қўзғолон кўтаради.
“Норбўтабий бу хабарни эшитибоқ, Хўжанд лашкари билан Сайҳун дарёсини кечиб ўтди ҳамда тезлик ва чаққонлик билан қўшинин Чуст вилоятига етказди. Икки орада шиддатли бир жанг бўлди”.
Жангда Норбўтахон устун келади. Чуст қалъаси унинг тасарруфига ўтади, Норбўтахон қўшини Наманган томон ҳаракат қила бошлайди. Ана шунда Ирисқулибий муросага келади ва сулҳ таклиф қилади.
Сулҳни мустаҳкамлашнинг энг ишончли йўли эса никоҳ эди. Ирисқулибий ўз укаси Имомқулибий ибн Дўстқул Баҳодирнинг қизи Минг Ойимни Норбўтахонга никоҳлаб беришни таклиф қилади.
Манба бу лаҳзани ўша даврнинг нафис адабий тилида шундай ифодалайди:
“...Ирисқулибий укаси Имомқулибий ибн Дўстқул Баҳодирнинг қизи Давлат соҳиби (Минг ойим)ни амирликка муносиб Норбўтабий олийнеъматга никоҳлаб берадиган бўлди. Норбўтабий Ирисқулибийнинг бу таклифини қабул қилди ва ўз иффат қутиси ичидаги гавҳарни ўз никоҳига қаратди. Шундан сўнг Ирисқулибий билан юз кўришиб, орасида сақлаб юрган гина-кудуратни дилидан бутунлай чиқариб ташлади” [Мунтахаб ат-таворих, 245-б.].
Шундай қилиб, Минг Ойим саройга оддий келин эмас, икки сиёсий куч ўртасидаги сулҳнинг тирик рамзи сифатида кириб келди. Унинг никоҳи урушдан кейинги ярашувнинг кафолатига айланди.
Манбаларда Минг Ойимнинг “Давлат соҳиби” дея аталиши бежиз эмас. Унинг саройдаги мавқеи насл-насаби, ақлу заковати ва сиёсий муҳитда тутган ўрни билан мустаҳкамланган.
Тарихчи Ҳакимхон Тўранинг маълумотига кўра, Норбўтахоннинг олти ўғли ва беш қизи бўлган. Уларнинг Олимхон, Умархон ва “фақирнинг онаси” деб тилга олинган қизининг онаси Минг Ойим эди.
Бу фарзандлар кейинчалик Қўқон хонлиги тарихида катта ўрин тутди. Олимхон давлат бошқарувида янги босқични бошлаб берган ҳукмдорлардан бири бўлса, Умархон даври Қўқон адабий-маданий муҳитининг юксалиши билан боғлиқ. Шу маънода Минг Ойимни нафақат сарой маликаси, балки кейинги тарихга таъсир кўрсатган сулоланинг волидаларидан бири сифатида ҳам баҳолаш мумкин.
Минг Ойим ҳақидаги манбаларда унинг гўзаллиги ҳам алоҳида тилга олинади. Ривоятларга кўра, у киши ниҳоятда кўҳлик бўлган. Шу боис Минг Ойимни Зуҳро юлдузига қиёслаб “Зуҳро Ойим” деб ҳам атаганлар.
Аммо тарих унинг ҳуснини эмас, қилган ишларини узоқроқ сақлаб қолди.
Минг Ойимнинг номи, аввало, бунёдкорлик ва маърифат билан боғланади.
Минг Ойимнинг энг йирик бунёдкорлик ишларидан бири ўз номи билан аталган муҳташам мадрасадир. Мадрасаи Минг Ойим икки томонлама қурилгани учун “Қўш мадраса” деб ҳам аталган. У ҳижрий 1217, милодий 1802 йилда қуриб битказилган. Эътиборлиси, мадраса қурилишига Минг Ойимнинг ўз бисотларидаги зеб-зийнат буюмлари сарфланган.
Мадраса Қўқон шаҳридаги Чорсу майдонининг шарқий томонида, ҳозирги Алишер Навоий кўчасининг бошланиш қисмида жойлашган эди. У хон мадрасалари туркумига кирган. 81 та ҳужраси бўлган бу илм даргоҳида 1912 йилги маълумотларга кўра 200 нафар толиби илм ва 24 нафар мударрис фаолият юритган.
Бир вақтлар илм аҳли овози янграган бу маскан 1918 йилги урушда тўп ўқлари остида вайрон бўлди. Аммо мадрасанинг номи уни қурдирган Минг Ойим номи билан тарихда қолди.
Минг Ойимнинг эътибори мадраса билан чекланмаган. У тасаввуф аҳлига ҳам ҳомийлик қилган. Хўжандда яшаган Маъсума Отин Аброрхон Эшон хонақоҳида таълим олиб, савод чиқаради, ўша давр аёли учун мумкин бўлган илмларни эгаллайди ва кейинчалик қиз-жувонларга сабоқ беради. Тасаввуф йўлида камолотга эришгач, аёллар билан зикри самоъ маросимларини ўтказа бошлайди.
Бу маросимларда маликалар, жумладан Минг Ойим ҳам иштирок этган. Аброрхон Эшон вафотидан кейин хонақоҳ сўфий аёллар масканига айланади ва унга Минг Ойим ҳомийлик қилиб туради. Маъсума Отин вафот этганида (1788) унинг таъзия маросимини ҳам Минг Ойим муносиб тарзда ўтказади.
Минг Ойимнинг халқ хотирасида сақланиб қолишининг яна бир сабаби – унинг етим-есир, ғариб ва муҳтожларга бўлган муносабатидир. Манбаларда айтилишича, маҳр сифатида берилган ер-мулклардан келадиган даромадни етим-есирлар эҳтиёжига сарфлашни буюрган.
Бу саховатнинг энг таъсирли ҳикояларидан бири Минг Ойимнинг даҳмаси билан боғлиқ ривоятда сақланган.
Ривоятга кўра, камбағал бир эр-хотин Минг Ойимнинг ерларида меҳнат қилиб кун кечирар эди. Малика уларнинг тўйини ҳам ўз ҳисобидан қилиб берди. Кейинчалик эр савдо билан шуғулланиб, анча бойиб кетди. Бироқ ишлари орқага кетиб, бор-будидан айрилди.
У яна Минг Ойимдан ёрдам сўради. Малика унга юз тиллои бухорий бериб, “Эринг ишини юргизиб олсин”, деди.
Савдогар ишини қайта тиклаб, яна бойиб кетади. Энди у Минг Ойимга миннатдорлик юзасидан юз тиллони қайтармоқчи бўлганида, малика: “Мен қарз берганим йўқ эди”, деб тиллони олмайди.
Минг Ойим вафот этганидан кейин ўша инсон бу яхшиликни унутмайди. Малика учун даҳма қурилаётганини эшитиб, ўша юз тиллони даҳма қурилишига ишлатишни илтимос қилади. Ривоятга кўра, масала Шайхулисломга ҳавола қилинади ва у киши маблағни ҳалол деб топиб, қурилишга сарфлашга рухсат беради.
Катта Қабристондаги Даҳмаи Модари Хон ҳам Минг Ойим номи билан боғлиқ ёдгорликлардан биридир. Умархон онаси учун қурилган бу даҳма атрофида бугунгача турли ривоятлар юради.
Минг Ойим Қаландархона ободончилигида ҳам иштирок этган. Қаландархона тасаввуф аҳли истиқомат қиладиган, зикри самоъ ўтказиладиган ва ғариблар учун меҳмонхона вазифасини бажарадиган маскан эди. Демак, Минг Ойим учун ободончилик фақат кўзга кўринадиган иморатлар қуриш эмас эди. Мадраса – илм учун, хонақоҳ – маърифат ва руҳий тарбия учун, қаландархона эса ғариблар ва дарвешлар учун хизмат қилган.
Минг Ойим сиймосини биргина унвон ёки мавқе билан ифодалаб бўлмайди. У Норбўтахоннинг рафиқаси, Олимхон ва Умархоннинг онаси, Ҳакимхон Тўранинг бувиси эди. Бироқ унинг тарихдаги ўрни ҳукмрон сулола доирасидан анча кенг. Унинг ҳаёти сиёсий тангликни сулҳга айлантирган дипломатик никоҳдан тортиб, илм-фан ва маърифат ҳомийлигигача бўлган катта йўлни ўз ичига олади. Тарих саҳифаларида у баъзан “Минг Ойим”, баъзан “Давлат соҳиби”, халқ хотирасида эса “Зуҳро Ойим” сифатида тилга олинади.
Жаҳон тарихидаги буюк аёллар сиймолари каби Минг Ойимнинг ҳам ҳақиқий мероси сарой деворлари ортида қолиб кетмади. У Хўжанд ва Қўқон маданий қатламларига сингиб кетди. Ундан мерос асосий ёдгорлик – жамиятда тинчликни сақлаб қолгани, илмга йўл очгани ва халқ хотирасида эзгу ном қолдирганидир.
Зумрадхон ХАТАМОВА,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1. Муҳаммад Яхё Хўқандий. Олтун бешик. 2025 йил. – Б. 687.
2. Худоёрхонзода. Анжум ат-таворих. / Сўз боши, илова муаллифлари: Ҳ.Бобобеков , И.Сулаймоновларники, таржима ва изоҳлар: Воҳидов Ш. – Тошкент: Фан ва технология, 2014. – 348б
3. Мулла Ниёз Муҳаммад Хўқандий. Ибратул ҳавоқин (Тарихи Шоҳруҳий). – Тошкент: Turon zamin ziyo, 2014.
4. Муҳаммад Ҳакимхон Тўра. Мунтаҳаб ат-таворих. ЎзФАШИ № 592, № 594, № 596 қўлёзмалар. Ўша муаллиф. Ўша асар. / Таржима, муқаддима, изоҳлар ва кўрсаткичлар муаллифи: Воҳидов Ш. – Тошкент: Янги аср авлоди, 2010. – 716 б.;
5. Мирза Олим Мушриф. Ансоб ус салотин ва таворих ул – хавоқин. / Нашрга тайёрловчилар А. Матгозиев, М.Усмонова. – Тошкент, 1995. – 128 б
6. Мулло Олим Махдум Хожи. Тарихи Туркистон.– Қарши: Насаф, 1992. – 148 б.; Ўша муаллиф. Тарихи Туркистон. / Сўз боши ва изоҳлар: Ш.Вохидовники, араб ёзувидан табдил Ш.Вохидов ва Р.Холикованики. Кўрсаткичлар Ш.Вохидов ва Д.Сангированики. – Тошкент: Янги аср авлоди, 2008. – 242-б.
Тарих
Тарих
Жараён
Санъат
Жараён
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ