Бир кунлик сабоқ ёхуд шахс ва тизимнинг миллийлашув оғриқлари ҳақидаги психологик манзара


Сақлаш
17:19 / 07.10.2026 153 0

(2019 йил воқеалари акс эттирилгани боис муассаса номи ва ҳарбий мурожаат шакли ўша даврга хос тарзда талқин этилди.)

 

Тонгги қуёш нурлари Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртининг нақшинкор дарвозасига урилиб, атрофга ўзгача виқор бахш этарди. Дарвоза олдида турган икки соқчининг кўзлари атрофга ҳушёр боқади. Ҳарбий либосдаги бир киши оғир, аммо иккиланиб ташлаётган қадамлари билан дарвозага яқинлаша бошлади. Капитан унвонидаги бу зобит атрофдаги биноларга ва теваракка синчковлик билан тикилар, қаерга келиб қолганини англашга уринарди.

 

У яқинлашиб, соқчига юзланди:

 

– Соқчи, училище машими?

 

Соқчи чаққонлик билан ҳарбийча салом-аликни жойига қўйди-да, жарангдор овоз билан дона-дона қилиб жавоб қайтарди:

 

– Саломатлик тилайман, ўртоқ капитан! Бу ер Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти.

 

Капитаннинг юзида норозилик ифодаси зоҳир бўлди, энсасини қотирди. Ўнг чўнтагини ковлаб-ковлаб изланини тополмади чоғи, чап чўнатигини ковлашга тушди. Сўнг ҳарбий гувоҳномасини истар-истамас чиқариб кўрсатаркан, минғирлади:

 

– Шу-да, нима фарқи бор... Мен капитан Раджабовман. Шу ерга ротация қилиндим, – у яна бир бор атрофга кўз ташлаб чиқди. – Бугундан хизматни бошлашим керак. Ичкарига хабар қил.

 

Соқчи рация тугмасини босиб, навбатчи қисмга вазиятни тушунтирди. Шундан сўнг бироз нари кетди.

 

Билим юрти бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари полковник Собиров ўз хизмат хонасида ҳужжатларга кўмилиб ўтирибди. Унинг нигоҳида эса ўзига ярашган хотиржамлик акс этиб турарди. Хонадаги ҳар бир буюм – жавондаги китоблар ҳам, стол устидаги қаламдону қоғозлар ҳам гўёки қатъий ҳарбий низомга бўйсунгандай, дид ва тартиб билан жой-жойига қўйилган. Полковник бир қарашда зерикарли кўринган қоғозбозлик ишларини мароқ билан бажарарди. Шу пайт эшик тақиллади. Қия очилган эшикдан бир майор ва унинг ортидан келаётган ҳалиги капитаннинг шарпаси кўринди.

 

Майор ичкари кираркан, бош кийимсиз бўлгани учун икки оёғини жуфтлаб, ҳарбийча салом берди. Унинг ортидан кирган капитан эса ўнг қўлини чаккасига олиб бориб, бу сафар ҳам ўз одатига содиқ қолди:

 

– Разрешите...

 

Полковник Собировнинг қалами қоғоз устида тўхтаб қолди. У бош кўтариб, остонада турган зобитга синовчан ва ўткир нигоҳ билан тикилди:

 

– Рухсат берайми? Келинг, ўртоқ капитан.

 

Капитан бу совуққон муомаладан ўзини йўқотиб қўйиб, тиржайганнамо шоша-пиша гапиришга тушди:

 

– Товарищ полковник...

 

Собиров унга яна бир бор ялт этиб қаради. Шундан кейин хона бўйлаб унинг кескин овози янгради:

 

– Ўртоқ полковник!

 

Капитаннинг пешонасини совуқ тер босди, қаддини ғоз тутиб, тараддуд ичида ўзини аранг қайта ўнглаб олди. Агар бошқа вазият бўлганида полковникка қарашга, унинг ўткир нигоҳларига дош беришга ўзида куч тополмасди. Аммо ҳозир вазият бошқача эди. Нима бўлган тақдирда ҳам “тилдан қолмаслик”, раҳбарият олдида биринчи таассуротни яхши томонга ўзгартиришга тиришарди. Аммо бу танишув қайси томонга қараб кетаётганини, полковникнинг эътирозлари сабабини ўзи ҳали тўлиқ англаб етмаётганди.

 

– Ие, узр, ўртоқ полковник... Капитан Раджабов Мудофаа вазирининг тегишли буйруғига биноан хизматни давом эттириш учун Нукус гарнизонидан етиб келди.

 

Собиров стул суянчиғига ястанди. Унинг очиқ дераза томон қадалган нигоҳи ўша томонда бироз вақт қолиб кетди. Бу жимлик эса хонанинг ҳавосини янада оғирлаштираётгандек эди. Майор вазият яхши томонга қараб кетмаётганини сезар, капитан биринчи куннинг ўзидаёқ хато устига хато қилаётганини кўриб, уни хонага бошлаб келгани учун айбдордек ўнғайсизланарди. Ахир полковникнинг қўл остида хизмат қилаётганига яқинда уч йил тўлади. Унинг ҳозир нима дейишини, қандай реакция қилишини тахминан билиб турарди.

 

– Хўш, ўртоқ капитан, исмингиз нима? – сўради полковник дона-дона қилиб у томонга тикиларкан.

 

– Акром, ўртоқ полковник!

 

– Отангизнинг исми-чи?

 

– Аббос.

 

– Бобонгизнинг исми?

 

– Ражаб.

 

– Ражаб денг? – Полковник ёнида турган майорга маъноли қараб қўйди. Майор ҳамон ўша ўнғайсиз ҳолатда сўзсиз турарди. Сўнг нигоҳини яна капитанга қадади.

 

– Унда нимага фамилиянгизни “Раджабов” деб айтяпсиз?

 

Хонага гўё тош тушгандек жимжитлик чўкди. Бундай саволни кутмаган капитаннинг юзига қизиллик югурди, нима дейишини билмай, ҳарчанд кўзларини олиб қочишга уринмасин, бирор пана жой тополмасди. Унинг бу қадар довдираб қолганини кўрган Собиров вазиятни бироз юмшатди.

 

– Сафимизга хуш келибсиз, ўртоқ капитан. Қани, ўтиринг. Яқиндан танишиб оламиз, – деди у курсига ишора қилиб.

 

Ҳамма жойлашиб ўтиргач, Собиров сўзида давом этди.

 

– Демак, мен билим юрти бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари полковник Собиров бўламан. Сиз бугундан бошлаб мана шу бўлимда хизматни давом эттирасиз. Бугуноқ лавозим йўриқномангиз билан жиддий танишиб чиқинг, – у шундай деганча майорга қаради. Майор “хўп бўлади” дегандай бошини силкиб ишора қилди. – Яхши вақтда келдингиз, эртадан кейин билим юртимизнинг ташкил топган куни, ўртоқ капитан. Ҳар йилгидай катта байрам қилиб нишонлашга тайёргарлик кўряпмиз. Меҳмонларимиз шунга яраша бўлади. Сиз ҳам ўз ҳиссангизни қўшинг, Акромжон, – у шундай дегунча рўпарасида ўтирган капитан томон бироз бошини яқин олиб борди.

 

Капитан шартта ўрнидан турди-да, беихтиёр жавоб қайтарди:

 

– Есть!

 

Полковникнинг қошлари чимирилиб, қарашларида яна ўша талабчанлик пайдо бўлди.

 

– Ўртоқ Ражабов, ҳозиргина қайси бўлимда хизмат қилишингизни эслатиб ўтдим. Қолаверса, армиямиздаги ҳарбийча буйруқлар, савол-жавоблар давлат тилида олиб борилаётганига анча бўлган. Айнан ўзбек тилида, – Собиров бу гапга алоҳида урғу берди. – Ё хабарингиз йўқми?

 

Ражабов хатосини тушуниб, паст овозда тўнғиллади:

 

– Тушунарли, ўртоқ полковник.

 

– Унда ишга киришинглар. Рухсат.

 

Майор ва капитан ўринларидан қўзғалди. Улар энди чиқиб кетай деганида Собировнинг ёдига нимадир тушиб қолди.

 

– Айтгандай, капитан Ражабов, эртага сиз учун масъулиятли кун. Билим юртимиз бошлиғи касалхонада даволанаётган бир фахрий ўқитувчимизни кўргани боради. Ҳозир бошлиққа етиб келганингиз ва хизматни бошлаганингиз ҳақида билдирги беринг. Сўнг эртага эрталаб яна бир офицер билан биргаликда уларга ҳамроҳлик қиласиз. Баҳонада танишиб ҳам оласиз. Кечикмасдан келинг, бошлиқ бундай одамларни ёқтирмайди.

 

Собиров самимий гапирарди. Аммо баъзи сўзларга ортиқча урғу бериб юбориш одати кўпинча унга панд берарди. Шунинг учун ҳам унвони ва мавқеи тенг сафдошлари унинг маърузаларига кўп тоқат қилолмас, иложсизликдан, баъзан эса “юзинг-кўзинг” деб жим эшитарди. Ҳозир ҳам Ражабовнинг хаёлидан шунга ўхшаш ўйлар ўтди. У асабийлашганидан ўзини назорат қилолмай, яна ўша эски одатига кўра баланд овозда тасдиқлади.

 

– Есть!

 

Полковник бош силкиб “бўпти, кетаверинг” дегандек ишора қилди. Улар чиқиб кетгач, стол устидаги ҳужжатларни қайта тартибга келтираркан, ўз-ўзига пичирлади:

 

– Есть, так точно, разрешите... Эҳҳҳ!

 

У кўксининг туб-тубидан келган оғир, илиқ нафасни чиқариб юборди. Қулоқлари остида бир пайтлар эски иттифоқ казармаларида янграган тушунарсиз ва қўпол буйруқлар қайта жаранглаб кетгандек бўлди. Тил билмай қисиниб-қимтиниб турган, маъносини яхши англамагани учун бошига ҳақоратомуз сўкишлар ёғилаётган қоракўз ўзбек йигитларининг мунғайган кўзлари кўз ўнгида бир-бир жонланди. Совуқ саф майдонларида ҳайқириб айтилган, ичи ғовак, мафкуравий ёлғонга йўғрилган ўша бемаъни саф қўшиқларининг совуқ акс-садоси қулоқлари остида жаранглагандай бўлди.

 

Собиров беихтиёр сесканиб кетди. Ўша азоблар, ўша таҳқирлар бошқа бировнинг эмас, ўз ёшлигининг, ўз умрининг бир қисми эди. У кунларни кўп қатори Собиров ҳам яшаб ўтган-ку, қандоқ унутсин?

 

* * *

Шаҳар аллақачон уйғониб, кундалик шовқин-суронини бошлаб юборган, кўчалардаги машиналар оқими пиёдалар шошма-шошарлигига қоришиб кетган эди. Катта йўл бўйида турган капитан Ражабовнинг сабри эса тугаб борарди. Олдидан зувиллаб ўтаётган машиналарга жаҳл билан қўл кўтарар, чангини тўзғитиб кетган ҳайдовчилар ортидан ғудраниб сўкиниб қўярди.

 

У соатининг югурик милига қарайвериб, пастки лабини қон чиққудек тишлади. Вақт эса ғизиллаб ўтиб борар, ҳар бир сония кечикиш унга қимматга тушишини биларди. Ниҳоят, бир “Нексия” тормозини чийиллатиб, тумшуғини унинг ёнига бурди.

 

Капитан эшикни очди-ю, ўзини ичкарига урди:

 

– Укам, яхшимисиз? Училищега ҳайданг тез!

 

– Ассалому алайкум. Майли, ака, – деди ҳайдовчи хотиржам.

 

Бироз вақт ўтиб машина манзилга етиб келди. Капитан ташқарига отилиб чиқди-ю, жойида қотиб қолди. У йўл бўйи телефонидан бошини кўтармагани учун йўналишга эътибор ҳам бермаган эди. Қаршисида эса кечаги виқорли ҳарбий даргоҳ эмас, фуқаролик кийимида кулишиб кириб-чиқиб юрган йигит-қизлар билан тўла оддий таълим муассасаси турарди. Унинг кўзлари косасидан чиққудек бўлди. Сўнг жонҳолатда машинанинг очиқ олд ойнасига эгилди. Ҳали қўзғалишга улгурмаган машина ҳайдовчиси ҳайрон бўлиб қолди.

 

– Укам, нима қилганингиз бу? Қаерга олиб келдингиз мени? Хизматга кечикдим-ку! – Ражабов қўлини пахса қилганча ўшқирар, бечора ҳайдовчи эса ҳеч нарсани тушунмай унга қараб турарди. Охири чидолмади.

 

– Ие, ака, қизиқмисиз? Ўзингиз “училище” дедингиз. Мана, шаҳардаги битта-ю битта училище шу-да. Яна нима хоҳлайсиз мендан? Ичкарига ҳам опкириб қўяйми ёки? – у ҳам зарда қилишда капитандан қолишмас экан. Ражабов бироз ҳовуридан тушди.

 

– Нимага бунақа қиласиз ахир? – оғирроқ бўлишга ҳаракат қиларди у. – Мен Чирчиқ билим юртини айтгандим, ука!

 

– Ундай деб мана энди айтяпсиз, ака, – энди ҳайдовчи ҳам ҳовурини босиб олган, ўта босиқлик билан жавоб қайтарарди. – Ўша ёққа боришингиз керакми? Ўтиринг, обориб қўяман.

 

Назорат-ўтказиш жойидан ҳансираб кириб келган капитан Ражабов кутилмаганда билим юрти ҳовлисидаги кенг йўлак бўйлаб у томон келаётган Собировга рўбаро бўлиб қолди. Капитан мутлақо иложсиз аҳволда эди. Қўлини чаккасига олиб борган пайт бошини зўрға кўтарди-ю, тағин яна айбдорона бош эгганча туриб қолди.

 

– Ўртоқ полковник, гап шундаки... – нимадир дейиши керак эди, аммо ўша “нимадир”ни тополмади.

 

– Ўртоқ капитан, гап шундаки, сиз айтилган вақтга етиб келолмадингиз. – шу лаҳзада Собировнинг овозида ғазабдан кўра кўпроқ умидсизлик оҳанги яққол сезилиб турарди. – Афсуски, энди унинг сабабларини муҳокама қилгандан фойда йўқ.

 

Ражабовнинг елкалари тушиб кетди. Ўрганиб қолган тили бўлса яна ўзидан олдин иш кўрсатди.

 

– Келганимдан виговор оламанми?..

 

– Виговор эмас, огоҳлантириш, ўртоқ Ражабов, – деди Собиров босиқлик ва қатъият оҳангида. – Аммо бахтингиз шуки, янги лавозимда хизматни бошлаб, “хол қўйган”ларга ҳарбий низом бўйича олти ойгача интизомий таъсир чоралари қўлланилмайди. Буни оғзаки огоҳлантириш деб қабул қилишингиз мумкин.

 

Шу пайт йўл бўйлаб гурсиллаган қадам товушлари эшитилди. Қаддини тик тутганча шаҳдам қадам ташлаб келаётган бир гуруҳ курсантлар анча яқин келиб қолганди.

 

Улар яқинлашиши билан бошловчининг ўктам ва жарангдор овози янгради:

 

– Гу-уруҳ, ўнгга қараб ростлан!

 

Бўлажак офицерлар бир маромда қадам ташлаб, ўзбекча саф қўшиғини баралла куйлаганча ўта бошлади. Уларнинг овозида, сўзларида қандайдир мардонаворлик, ўзига ярашган шижоат, ёшликнинг куч-ғайрати бор эди. Полковник Собиров курсантларга қараб ҳарбийча салом бериб турар, сўнг юзида илиқ табассум пайдо бўлиб, ҳозиргина курсантлар баралла айтиб ўтган қўшиқни хиргойи қилганча йўлида давом этди. Капитан Ражабов эса жойидан жилай демасди. Узоқлашиб бораётган саф қўшиғининг жаранги унинг қулоқлари остида гумбирларди.

 

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 40028
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//