Ўзбек жамиятидан узоқлашаётган шукроналик: сабаблар ва ечимлар


Сақлаш
19:22 / 06.10.2026 119 0

Бир пайтлар орзу қилган ишимизга кирдик, маошимиз ошди, уй олдик ёки узоқ кутган сафаримиз амалга ошди. Аввалига бу катта ютуқдек туюлади. Аммо орадан вақт ўтиб, кечаги орзу бугунги оддий ҳаётнинг бир қисмига айланади. Унинг ўрнини эса навбатдаги истак эгаллайди. Эришганларимиздан қониқмай янада кўпроғига интиламиз. Бу ношукурликми ёки инсоннинг ҳар нарсанинг яхшироғига интилиши табиий ҳолатми? Борини қадрлаш билан кўпроғига интилиш ўртасида чегара борми?

 

28 ёшли Сурайё бугун бир пайтлар ўзи орзу қилган ҳаётда яшаяпти. У Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидаги чекка қишлоқда туғилиб ўсган. Қишлоқдаги имкониятлар, иш ўринлари ва қизлар учун эркинликнинг чекланганини кўриб, шаҳарга чиқиш учун астойдил ҳаракат қилади.

 

Аввал қўшимча дарсларга қатнаб, Гулистонга ўқишга киради. Янги шаҳарга кўчиб келганида имкониятлари кенгайган, ҳаёти аввалгидан анча ўзгаргандек туюлиб, бир муддат ҳайратланиб қолади. Аммо вақт ўтиши билан Гулистонни Тошкент билан таққослай бошлайди ва бу сафар пойтахтга интилади. Тошкентга келади, ишлайди, ўз ўрнини топади, турмуш қуради, ўқишини халқаро олийгоҳнинг пойтахтдаги филиалида давом эттиради, вақт ўтиб фарзандли ҳам бўлади. Ниҳоят, узоқ йиллик меҳнатдан кейин бир пайтлар ўзи хоҳлаган шароитга эришади. Лекин барибир янада яхшироқ ҳаёт, юқорироқ мақсадлари томон интилишдан тўхтамайди.

 

Сурайё билим олиш, тан олиниш, муносабатлари ва яшаш шароитини яхшилаш борасида ўзини ҳеч қачон тўлиқ “етарли” деб ҳисобламаган. Ҳар сафар бир маррага етгач, кейингисига интилган.

 

“Мен учун яхши шароитнинг энг муҳим белгиси — эркинлик. Яхши маошли иш кўпроқ вақтимни олиб қўйса, ундан кетишни афзал кўраман. Бугун айнан шунинг учун ҳам чет элга кетишга ҳаракат қиляпман. Ўзим ва оилам яхши таълим, тиббиёт ва сифатли давлат хизматларидан фойдаланишимизни хоҳлайман”, – дейди у.

 

24 ёшли Малика эса бакалавр ва магистратурани тугатганига қарамай билими ҳақида ўйлаганда уни янада кўпроқ “бойитиш”ни хоҳлайди. “Чунки илмимнинг юксалиши молиявий юксалишимга илдиз бўлишини яхши биламан”, – дейди у.

 

25 ёшли Севара эса охирги икки йилда бир нечта давлатларга саёҳат қилиб, сафарларда ўзини яхшироқ англаб, эркин ҳис қилишини тушунгач, энди янада кўпроқ янги давлатларга боришни хоҳлайди.

 

“Ичимдан дунё нақадар кенг ва катта, биз эса ишга, уйга, ўқишга ёки узоғи қариндошимизникига бориш билан чекланиб қолаётгандекмиз, деган ҳислар ўтарди. Унда бу гўзал оламни ким кўради, деб саёҳатларга муҳаббат қўйдим”, – дейди у.

 

Фикр ва хулқ-атвор билан боғлиқ муаммолар устида ишлайдиган амалиётчи когнитив-терапевт Рахшона Козимованинг тушунтиришича, биз эришганимиздан янада кўпроқ хоҳлашимизнинг ўзи психологик муаммо эмас. Инсон яхши яшашни, кўпроқ пул топишни, билим олишни, ривожланишни хоҳлаши табиий. Муаммо инсоннинг қониқиши доимо кейинги шартлар — “Мана шу лавозимга чиқсам, ўзимдан мамнун бўламан”, “Шунча пул топсам, кейин етади”, “Шу вазнга тушсам, ниҳоят ўзимни яхши кўришни бошлайман” кабиларга боғланиб қолганида бошланиши мумкин.

 

 

Рахшона Козимованинг таъкидлашича, инсон ютуқларидан қониқиш қобилиятини йўқотиб, ўз қийматини фақат натижалари билан ўлчай бошласа, доимий таққослаш, хавотир, чарчоқ кабилар кузатилиб, ўзидан сурункали норозилик пайдо бўлса, бу ҳолатга жиддий қараш керак.

 

Масалан, Малика ҳам мақсадларига эришганда, албатта, хурсанд бўлади, лекин унга доим нимадир камдай туюлаверади. Бир йил аввал магистратурани тугатиб, университетга ишга кириш ва дарс ўтишни бошлаш унга мураккаб туюларди, уларнинг барини муваффақиятли бошлаб ҳам олди. Аммо эришилган бу марра ҳам тез орада “энди ўз устимда янада кўпроқ ишлашим керак” деган яна бир йирик мақсадга уланиб кетган.

 

Мутахассис бу ҳолат психологияда яхши ўрганилган тушунчаларидан бири бўлиб, ҳедоник адаптация (инсоннинг яхши ўзгаришлар ва қулайликларга аста-секин мослашиб қолиши) дейилишини айтади.

 

“Биз руҳияти ўзгарувчан шароитларга мослашишга мойил. Эволюцион нуқтаи назардан бу хусусият фойдали. Агар ҳар бир ижобий ёки салбий ўзгариш бизнинг диққатимизни бир хил куч билан узоқ вақт банд қилиб турганида, атрофдаги янги имконият ва хавфларга мослашиш қийинлашарди. Шу сабаб янги уй, юқори маош ёки узоқ кутилган ютуқ дастлаб кучли ҳиссий реакция уйғотсада, вақт ўтиши билан мия уни “янги нормал ҳолат” сифатида қабул қила бошлайди. Диққат эса яна ўзгараётган, етишмаётган ёки биз учун муҳим бўлган бошқа нарсаларга кўчади”, – дейди Рахшона Козимова.

 

Сурайё қандай мақсад бўлса ҳам, эришгандан кейин, хурсанд бўлиш учун ўзига вақт беради. У охирги бир йил давомида француз тилини бошланғич даражадан ўрганиб, яқинда имтиҳон топширди.

 

“Б2 даражага ҳаракат қилиб, Б1 олдим. Лекин бундан хафа эмасман. Ўзимни хурсанд қилиб, совғалар бердим, яқинларимдан ҳам “мажбурлаб” табрик олдим. Чунки бу менинг бир йиллик меҳнатимнинг маҳсули эди. Умуман, ҳар қандай меҳнатимдан кейин, озгина бўлса ҳам натижага эришсам, ўзимга дам олиш имконини бераман. Масалан, бир ҳафта, 10 кун тўйиб ухлашга, ортқича мақсадлар, ташвишлар, муаммолар, умуман, ҳеч нарсани ўйламасликка ҳаракат қиламан”, – дейди у.

 

Аммо шу билан бирга Сурайё кўзлаганидан пастроқ даража олиб, ўзи хоҳлаган натижага эришмагани учун бошқалар, масалан, оила аъзоларининг олдида бироз хижолат тортгани, бу ўз ўрнида жараёндан тўлиқ хурсанд бўлишига халақит берганини айтади.

 

Бу жараённи инсоннинг ички руҳияти билангина изоҳлаб бўлмайди. Канаданинг Алберта Университети ижтимоий фанлар факультети ва сиёсатшунослик кафедрасида таҳсил олган, Бритиш Колумбиа университетида докторантура босқичини тамомлаган социолог Дилсора Фозилованинг тушунтиришича, инсоннинг нимани исташи ва нимани етарли деб билиши ҳам аслида жамият таъсирида шаклланади.

 

Яъни инсон ўзида бор нарсани эмас, кўпинча бошқаларга нисбатан ҳам ўзининг қаерда турганини мезон қилади. Дастлаб қўшнисининг шароитига қараб ўзини баҳолаган одам ундан яхшироқ яшай бошласа, ўзини яна бошқа бир инсон билан таққослай бошлаши мумкин.

 

“Шу тариқа “янада кўпроқ” истаги баъзан шахсий эҳтиёждан ташқари, ижтимоий таққослаш орқали ҳам кучаяди. Одам ўзига чегара белгиламаса ва ўз ҳолатини доим бошқаларникига солиштириб борса, эришилган натижа ҳам узоқ вақт “етарли” бўлиб туюлмаслиги мумкин”, – дейди у.

 

Ижтимоий тармоқлар таққослаш майдонини қандай ўзгартирди?

 

Дилсора Фозилованинг фикрича, ижтимоий тармоқлар одамларнинг таққослаш доирасини кескин кенгайтирди. Олдин инсон ўзини қариндошлари, қўшнилари, ҳамкасблари ёки маҳалладошлари билан солиштирган бўлса, бугун айтайлик, Тошкентдаги одам Дубай, Истанбул, Канада ёки Америкадаги, ҳатто умуман танимайдиган инфлюенсерларнинг ҳаёти билан таққослайди.

 

“Бироқ бундай таққослаш кўпинча адолатли бўлмайди. Биз ўз ҳаётимизнинг тўлиқ версиясини бировнинг таҳрирланган ёки ажратиб олинган версияси билан солиштиряпмиз”, – дейди олима.

 

Бироқ когнитив-терапевт Рахшона Козимованинг таъкидлашича, биз ўзимизни бошқалар билан таққослашимиз Инстаграм билан пайдо бўлган одат эмас. Инсон ижтимоий тур сифатида тарихининг катта қисмини гуруҳлар ичида яшаб ўтказган ва бундай муҳитда ўзининг гуруҳдаги ўрнини тушуниш амалий аҳамиятга эга бўлган.

 

“Тасаввур қилинг, кичик бир гуруҳ ичида яшайсиз. Ким кучлироқ, ким овни яхшироқ билади, кимнинг гуруҳ ичидаги мавқейи юқорироқ, ким билан ҳамкорлик қилиш мумкин, сиз нимани бошқалардан яхшироқ ёки ёмонроқ қила оласиз — булар шунчаки қизиқиш учун керак бўлган маълумотлар бўлмаган. Гуруҳдаги мавқе, бошқалар билан муносабат ва ресурсларга эгалик қилиш — омон қолиш ҳамда фаровонлик билан боғлиқ бўлиши мумкин эди. Шунинг учун ўз имкониятимизни фақат ички мезон билан эмас, атрофимиздагиларга қараб ҳам баҳолаш фойдали ахборот беролади. Масалан, “мен тез югураманми?” деган саволга ёлғиз ўзи бўлиб жавоб бериш қийин. Чунки ўзимизни тез ёки секин, кучли ёки кучсиз, муваффақиятли ёки муваффақиятсиз деб баҳолашимизда кўпинча атрофимиздаги одамлар биз учун қиёсий мезонига айланади”, – дейди Козимова.

 

Шунинг учун ҳам ижтимоий таққослашнинг ўзи психологик нуқсон эмаслигини уқтиради мутахассис. Таққослаш бизга атрофимиздаги меъёрларни тушуниш, нимани яхшироқ қилишимиз мумкинлигини кўриш, кимдандир ниманидир ўрганиш ва ўз ҳолатимизни баҳолашга ёрдам бериши мумкин.

 

“Аммо замонавий шароитда таққослаш майдони кескин кенгайгани ҳақиқатан жиддий муаммо. Бир инсоннинг даромадини, бошқасининг ташқи кўринишини, учинчисининг оилавий ҳаётини, тўртинчисининг саёҳатини, бешинчисининг карьерасини кўрамиз. Кейин эса мана шу турли одамларнинг энг яхши жиҳатларидан йиғилган “мукаммал образ”ини ўзимизнинг ягона реал ҳаётимиз билан таққослашни бошлаймиз. Тасаввур қилинг, менинг оддий сешанба куним бошқа одамнинг Малдивдаги энг чиройли 15 сониясига қарши турибди”, – дейди когнитив-терапевт.

 

Натижада инсон ўз шароити яхшиланган бўлса ҳам, ўзини аввалгидек муваффақиятли ҳис қилмаслиги мумкин. Масалан, беш миллион сўм маош олиб, 10 миллионни орзу қилган одам мақсадига эришгач, 30–40 миллион топаётганларни кўра бошласа, кеча катта ютуқ бўлиб кўринган жорий даромади бугун унга камдек туюлиши мумкин.

 

Бундай таққослаш Сурайёнинг ҳаётида ҳам бор. У Инстаграмъга кирганида ўзи танлаган йўлда аллақачон мақсадига эришган одамларни кўриб, баъзан ўзини етарлича ҳаракат қилмаётгандек ҳис қилишини яширмайди. Айниқса, эътибори оила, фарзанд ва ишга тенг йўналиб, булар асосий мақсади учун ҳаракатини секинлаштираётгандек туюлган пайтлар ҳам бўлиб туради.

 

Аммо Сурайё бу ҳолатни узоқ давом эттирмасликка ҳаракат қилади, яқинлари ёки турмуш ўртоғи билан суҳбатлашиб, аслида у ҳам ҳаракат қилаётгани, натижаларга ҳам эришаётганини тушунади, ҳар кимнинг шароити ва бошлаган вақти турлича экани ҳақидаги хулосаларга келади.

 

Сурайё шу билан бирга, ижтимоий тармоқлардан ўзига мотивация ҳам олади. Ўзбекистондан четга чиқиб, ўз мақсадларига эришган инсонларни кузатиб, ўзига “одам қилган ишни одам қилади, улар ҳам қачонлардир “нолдан бошлаган”, демак, мен ҳам уддалай оламан”, деб дадил қадам ташлашда давом этади.

 

Малика ҳам ижтимоий тармоқлардаги айрим ютуқларни ўзига мотивация сифатида қабул қилади. Масалан, кимдир янги даражадаги диплом, сертификат олганини кўрса, бу мақсадига ўзи ҳам яқин қолганини эслаб, ҳавасланиб қўяди. Севара ҳам Инстаграмъда ўз соҳасида мунтазам ривожланаётган бир қизни кузатиб, ундан мотивация олишини айтади.

 

“Таққослаш — инсон психологиясининг табиий қисми. Шунинг учун ўзимизни бошқалар билан умуман таққосламасликка уринишдан кўра, бу таққослаш бизга қандай таъсир қилаётганини кузатиш фойдалироқ. Баъзан бировнинг ютуғи бизга янги имкониятларни кўрсатади, нимагадир интилишга ундайди. Баъзан эса бошқаларнинг ҳаётини кузатавериб, ўзимиз эришган ютуқларни оддий ёки қадрсиздек кўра бошлаймиз. Муаммо таққослашнинг ўзида эмас, у ҳаётимизга қандай қарашимизни ўзгартириб юбораётганида”, – дейди Рахшона Козимова.

 

Шукроналик ўзбек жамиятидан узоқлашяптими?

 

Ижтимоий тармоқлардаги таққослашлардан тўхташ инсонни аввало ўз ҳаётига, ундаги яхши нарсаларга эътибор қаратишига ундайди. Бу эса шукроналик мавзусига олиб келади. Рахшона Козимованинг тушунтиришича, психологияда шукроналик шунчаки “борига қаноат қилиш”ни англатмайди. Бу инсон ҳаётидаги ижобий нарсаларни пайқаши, уларнинг қийматини тан олиши ва уларни доимий равишда ўз-ўзидан бўлиши керак бўлган нарсадек қабул қилмаслиги билан боғлиқ ҳолат.

 

“Масалан, биз соғлом бўлганимизда ҳар куни соғлиғимиз ҳақида ўйламаймиз. Яқинларимиз доим ёнимизда бўлса, унинг мавжудлиги ҳам кундалик ҳаётнинг одатий қисмига айланади. Шукроналик эса баъзан мана шу “одатдаги” нарсаларнинг ҳам аслида биз учун қадрли эканини қайта пайқаш имконини беради. Лекин шукроналикни мажбуриятга айлантирмаслик керак. Инсон бир вақтнинг ўзида ҳаётидаги яхши нарсалар учун миннатдор бўлиши ва нимадандир норози бўлиши мумкин. Бу икки ҳолат бир-бирини инкор қилмайди”, – дейди у.

 

Социолог Дилсора Фозилованинг таъкидлашича, бугун ўзбеклар учун бахт мезонлари бутунлай ўзгарди, дейиш учун бизга бу мавзудаги тадқиқотлар, таҳлиллар керак бўлади. Лекин социологик жиҳатдан шукроналикка сабаб бўладиган яхши ҳаётнинг мезонлари кўпайиб бормоқда. У фикрини америкалик психолог Абрахам Маслоунинг эҳтиёжлар иерархияси мисолида тушунтиради. Маслоуга кўра, қорни оч ва совқотган одам бахтни фақат тўқлик ва бошпанада кўради. Буларга етишгач, эртанги кунидан кўнгли тинч бўлишини хоҳлаб, муқим иш, барқарор даромад, соғлиқ ва ижтимоий ҳимояга интилади.

 

 

Уларга ҳам эришган одамда меҳрга, дўстликка, оилага ва бировга керак бўлишга эҳтиёж туғилади. У ёлғизликдан қочиб, ўзига яқин даврани излайди. Кейин эса жамиятда ҳурмат топиш, унинг меҳнати ва шахсиятини бошқалар қадрлашини хоҳлайди.

 

Булардан кейин ҳам хоҳишлар тугамайди. Энди инсон ўз билими, иқтидори ва қобилиятини тўлиқ намоён этиш, кучли мутахассис бўлиш, ижод қилиш ва ўз имкониятларининг чўққисига чиқишни бахтнинг мезони сифатида белгилайди. Яъни инсон кўп ҳолларда қорни тўйгач, қадри ҳақида ўйлай бошлайди.

 

Дилсора Фозилованинг таъкидлашича, анъанавий жамиятларда бахтнинг мезонлари кўпроқ оила, фарзанд, соғлик, обрў, маҳалла ва қариндошлар ўртасидаги инсонларнинг мавқейи, уй-жой каби тушунчалар билан боғланган. Булар бугунги жамиятда ҳам муҳим, лекин бозор иқтисодиёти, миграция, урбанлаштириш ва айниқса, ижтимоий тармоқларнинг вужудга келиши ҳаётимизга янгидан-янги мезонларни қўшмоқда.

 

“Демак, энди қандай уйда яшашингиз, қанақа машина ҳайдашингиз, қанақа кийим кийиб, қанақа дам олишингиз, фарзандларингиз қанақа жойларда ўқиши, улар билан қандай вақт ўтказишингиз, болаларингиз ёки оилангиз томонидан қанчалик севилганингиз, қанчалик кўпроқ гул олганингиз ва буларни кўрсатиш бахтнинг мезонларига айланиб боряпти. Яъни шахснинг ўзи яхши яшашигина етарли эмас. Яхши яшаётганлигини бошқаларга кўрсатсагина у бахтли бўлади”, – дейди олима.

 

Дилсора Фозилова социолог сифатида буни қадриятларнинг йўқолиши деб талқин қилмайди. Балки шукроналикнинг ижтимоий контексти ва ифодалаш шакллари ўзгараётган бўлиши мумкинлигини айтади.

 

“Ўзбек жамиятида шукр, қаноат, борига барака, исроф қилмаслик каби тушунчалар ҳам диний тарафдан, ҳам маданий тарафдан жуда кўп эътироф этилади ва бунинг кучли илдизлари бор. Улар йўқолиб кетди, деб айтиш жуда қийин”, – дейди у.

 

Капитализм шукроналикка қандай таъсир қилади?

 

Дилсора Фозилова одам бир вақтнинг ўзида икки хил норматив тизим ичида яшаши мумкинлигини айтади. Яъни “борига шукр қил” деган фикр ва “бундан ҳам яхшироқ бўлиши мумкин” деган фикр бир пайтда, бир инсоннинг ҳаётида бўлиши мумкин.

 

“Айниқса, капиталистик тизимда шукроналикдан кўра, сен кўпроқ нарсага эришишинг мумкин, бунинг учун кўпроқ ҳаракат қилишинг керак, деган тарғибот устунлик қилади. Бугун рақобат жамиятида яшаймиз. Бу жамиятда узлуксиз ҳаракат бор. Буларга ўз устимизда ишлаш, кечаю кундуз ҳаракат қилиб, ўзимизни яхшилашга бўлган интилишлар мисол бўлиши мумкин”, – дейди у.

 

Аммо мутахассисга кўра, капитализм одамларни очкўз қилади, дейиш билан уни ҳаддан ташқари соддалаштириб қўйган бўламиз. Капиталистик иқтисодиётнинг ишлаши учун ишлаб чиқариш билан бир қаторда истеъмолнинг давомийлиги ҳам муҳим. Агар миллионлаб одамлар, “Йўқ, менинг телефоним бор, олганимга беш йил бўлди, ҳали ҳам яхши ишлайди, бошқасига эҳтиёжим йўқ”, “Машинам бор, юриб турибди, менга шунинг ўзи етади”, ёки “3-4 та кийим бор, шуни ювиб-ювиб кияман, бошқа олмайман” дейдиган бўлса, жамият мезонлари ўзгариб кетади.

 

“Шу ерда ғалати қарама-қаршилик бор. Жамият учун шукроналик яхши деймизу, лекин одамлар бори билан бахтли бўлса, жамиятда кескин бурилиш пайдо бўлиши мумкинлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Агар одамлар бирданига анча кам харид қилишни бошласа, иқтисодий қийинчиликлар юзага келиши мумкин. Чунки биз ҳозирги замонда ҳамманинг миясига “ол, кейинги даражага чиқ!” деган фикрини қуйиб қўйганмиз. Агар бундай бўлмаса, корхоналарнинг савдоси қулайди. Ишлаб чиқариш ва иш ўринлари камаяди. Ишсиз қолган одамлар харажатини янада камайтиради. Истеъмолнинг кескин камайиши оқибатсиз ёки ҳаммага бир хил таъсир қиладиган жараён эмас”, – дейди олима.

 

Шу билан бирга, камроқ истеъмол капитализмни автоматик равишда қулатади деган хулосага ҳам келиш керакмас. Ўзгариш бошқа йўл билан ҳам кетиши мумкин. Яъни одамлар тез-тез кийим ёки телефон алмаштирмасдан таълим, маданият, дам олиш, ўзини парвариш қилиш, тўғри овқатланиш, сифатли хизматларга эътиборини қаратиши мумкин. Эҳтиёжларимиз моддий томондан камайса, бошқа тарафга қараб ўсиши мумкин. Натижада иқтисодиётнинг айрим тармоқлари қисқариб, бошқалари, масалан, узоқ хизмат қиладиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ёки таъмирлаш хизматлари вужудга келади. Ва бундай ўтишда бир жойдан ишини йўқотганлар бошқа жойда давом эттириши ҳам мумкин бўлади.

 

“Капитализм ривожланиб бораётган жойда мусобақа жуда кучли бўлади. Рақобат кучли жойда эса ўсиш ҳам юқори бўлади. Агар биз борига қаноатланишни кучайтириб, мусобақаларни камайтирсак, кейинги қадамимиз қандай бўлади, деган савол ўртага чиқади. Бу ерда чуқур таҳлилларсиз бир нима дейиш қийин. Яъни биз иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришларга тайёр бўлишимиз керак ва ўша ўзгаришларнинг нималигини билмаймиз”, – дейди Дилсора Фозилова.

 

Олиманинг таъкидлашича, капитализм дунёга кириб келганда кўплаб олимлар унинг яхши-ёмон тарафлари ҳақида китоблар ёзган, назариялар яратган. Немис файласуфи Карл Маркс “Капитал” китобида ҳар қандай маҳсулотнинг қиймати унинг қанчалик қадрланиши билан боғлиқ экани, биз ўша қадрни ўзимиз қуришимиз ҳақида айтиб ўтган.

 

“Масалан, янги чиққан iPhoneʼга шундай қиймат яратамизки, инсонлар ҳамма нарсани қўйиб, паст маошда ишлаши ва бошқа муҳимроқ муаммолари бўлишига қарамай, ўша телефонга етишишни истайди ва олганда ўзини бахтли ҳисоблайди”, – дейди Фозилова.

 

Америкалик иқтисодчи ва социолог Торстейн Вебленга кўра, инсонлар товарларни фақат уларнинг амалий эҳтиёжи учун эмас, балки жамиятда ўзининг юқори статуси, бойлиги ва ижтимоий мавқейини бошқаларга кўрсатиб қўйиш учун сотиб олади.

 

Француз социологи Пер Бурдиё эса инсоннинг диди, танлови, кийиниши, эшитадиган мусиқаси ёки овқатланиш одатлари шунчаки шахсий хоҳиш эмас, балки ижтимоий синф ва капитални (маданий ва ижтимоий) намоён қилиш воситаси эканини кўрсатиб беради. Яъни, дид орқали жамиятда синфий ва ижтимоий чегаралар белгиланади ва фарқланади.

 

Шукроналик “бозор маҳсулоти”га айланяптими?

 

Ижтимоий тармоқларда шукроналикни “ўргатувчи” курслар, тренингларнинг кўпаяётгани кузатилмоқда. Дилсора Фозилова буни жуда қизиқ социологик парадокс деб атайди. Авваллари оилада, диний таълимда, маҳаллада ёки кундалик ҳаётда ўргатилган, умуман олганда табиий пайдо бўладиган шукроналикни энди одамлар ўттиз кунлик чалленжлар, пулли курслар орқали ўрганяпти.

 

Унинг таъкидлашича, шукроналик бозор маҳсулотига аллақачон айланиб улгурган. Жамият бир вақтнинг ўзида эҳтиёж яратиб, ўша эҳтиёжлардан чарчаган одамга “ечим” сотяпти. Мисол учун, бугун ҳаётнинг табиий даврий босқичи бўлган кексайишга айб сифатида қаралиб, ёшроқ кўриниш тарғиб қилинади.

 

“Ёш кўриниш учун турли таклифлар бериб, охири йўқ босимлар юкланади, кейин хотин-қизлар ҳар хил жарроҳлик амалиёти ёки уколлар қилдирса, буни қоралашади ҳам. Бошқа индустрияда эса табиий кексайиш ҳақида гапириб, “секинлашинг, ўзингизни севинг, борига шукр қилинг, ички хотиржамликни топинг”, деб уқтирилади. Бу ҳам бир зиддият. Ва бунинг учун ҳам маҳсулот, тренинг, илова ёки китоблар таклиф қилинади. Яъни ҳар иккисида ҳам маҳсулотни сотиш биринчи ўринда туради”, – дейди олима.

 

Тақиқ ечим бўлмайди. Нима қилиш керак?

 

Социологнинг таъкидлашича, бу жараёнда инсонларни айблашдан кўра, уларнинг хоҳишлари ва эҳтиёжларини шакллантираётган ижтимоий тизимни тушуниш муҳимроқ. Одамларга шунчаки “шукр қилинг” дейиш етарли эмас. Агар муаммо ижтимоий тизимлар ва бугунги давр билан ҳам боғлиқ бўлса, унинг ечимини фақат алоҳида инсоннинг зиммасига юклаш тўғри ҳам эмас.

 

“Жамиятда муваффақият тушунчасининг ўзини ҳам кенгайтириш мумкин. Агар яхши ҳаёт фақат даромад, уй-жой, машина ва мартаба билан ўлчанмаса, бўш вақт, оила, жамоага тегишлилик, соғлом ижтимоий муносабатлар, хавфсизлик, мазмунли меҳнат ва ҳаёт сифати ҳам муваффақият мезонларига айланса, инсоннинг яхши ҳаёт ҳақидаги тасаввури ҳам кенгаяди”, – дейди олима.

 

Бунда инсоннинг ижтимоий тармоқлар билан кундалик муносабати ҳам муҳим. Дилсора Фозилованинг фикрича, ижтимоий тармоқларнинг инсон руҳий ҳолатига таъсир қилишининг олдини олиш учун уларни тақиқлаш ечим бўлолмайди. Бунинг ўрнига, одамларнинг медиа саводхонлигини ошириш ва кўрилаётган контент ортидаги реалликни англашига ёрдам бериш керак.

 

Когнитив-терапевт Рахшона Козимованинг таъкидлашича, “Инстаграмъни ўчириб ташланг” ёки “бошқалар билан ўзингизни солиштирманг” дейиш жуда оддий тавсия бўлади. “Ижтимоий тармоқлар ҳаётимизнинг бир қисмига айланган экан, улардан бутунлай қочишдан кўра, улар билан қандай муносабат қураётганимизга эътибор бериш муҳим”, – дейди у.

 

Бунинг учун, масалан, лентани онгли равишда тозалаш мумкин. Агар маълум бир саҳифа ёки контентни кўргач, мунтазам равишда ўзингиздан, даромадингиздан ёки ҳаётингиздан норози бўлиб қолсангиз, бундай контентни кузатишда давом этиш шарт эмас.

 

Кейинги қадам — ижтимоий тармоққа автоматик киришни камайтириш. Кўпчилик ижтимоий тармоқларга онгли равишда эмас, балки телефонни қўлига олиши биланоқ автоматик тарзда кириб, узоқ вақт қолиб кетади. Билдиришномаларни ўчириш, иловани бош экрандан олиб ташлаш ёки ундан фойдаланиш вақтини чеклаш – ижтимоий тармоқдан фойдаланишни автоматик одатдан онгли танловга айлантиришга ёрдам беради.

 

 

Шунингдек, қачон бундай контентга кўпроқ таъсирчан бўлишингизни кузатиш ҳам муҳим. Чарчаганингизда, ишингиз юришмай турганида ёки ўзингиздан норози пайтингизда бировнинг “мукаммал ҳаёти” одатдагидан кучлироқ таъсир қилиши мумкин. Буни англашнинг ўзи ҳам ижтимоий тармоқдаги вазиятни танқидийроқ баҳолашга ёрдам беради.

 

Рахшона Козимова эса энг муҳим ҳимоя воситаси сифатида офлайн ҳаёт улушини оширишни тавсия қилади. Одам ўз вақтининг катта қисмини бошқалар ҳаётини кузатишга сарфлаган сари, уларнинг турмуши ўз тасаввурида мукаммаллашиб боради. Ишлаш, ўрганиш, яқинлар билан вақт ўтказиш, спорт, сайр, севимли машғулотлар ёки оддий кундалик ҳаёт билан банд бўлиш каби реал ҳаёт фаолликлари эса шахсий ривожланиш ва мамнуният ҳиссини қайтаради.

 

Зиёда Рамазонова,

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 39685
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//