Тилимизда ўзимиз акс этамиз, шундай экан, агар сиз нозик фикрларни
аниқ ифодалаш учун тилимиз ниҳоятда камбағаллик қилади дейдиган бўлсангиз, очиғини айтинг: бундан кўра ҳаммамиз битта қолмай қирилиб кетганимиз яхши эмасми?
Маҳатма ГАНДИ
Қадимги Миср мифологиясида Осирис номли қудратли шоҳ номи тилга олинади. Афсонага кўра Осирис халқига деҳқончиликни ўргатиб, хат-саводини чиқарган. Аммо кейинчалик у ўз укаси томонидан хиёнаткорона ўлдирилади ва жасади майдаланиб, Мисрнинг турли томонларига сочиб юборилади. Бундан кўзланган мақсад ҳукмдорнинг номи ҳам, шони ҳам давр тўзонлари ичра тўзиб, йўқ бўлиб кетиши эди. Бироқ садоқатли хотини Изида эрининг тирилишидан умид узмайди. Қайиқда Нил дарёси бўйлаб сузиб, ҳукмдор жасадининг ҳар битта парчасини ахтариб топади. Кейин уларни бир бутун вужудга қовуштиради, натижада Осирисга абадий ҳаёт бахш этади...
Яхшилаб эътибор берсак, мазкур қадимий ривоятда ўлимнинг анча тугал таърифи яширин. Дарҳақиқат, ўлим – бўлиниш, сочилиш, бутуннинг бўлакларга ажралиб, бир-бири билан алоқасини йўқотишидир. Ҳарқалай, дунёда тиллар ўлими айнан шундай рўй беради. Ҳа, у бирданига йўқолмайди. Аввал шевалар, лаҳжалар, унутилаётган сўзларга бўлиниб, парчаланади. Сўнг ҳар парча ўз-ўзидан, ёлғиз ҳолда сўнади – чунки уларни бирлаштирувчи, бир бутунга йиғувчи куч қолмаган бўлади.
Тилшунослар башорат қиладики, бугун сайёрамиздаги тахминан етти мингга яқин тилнинг қарийб ярми асримиз охирига бориб худди шу тарзда бутунлай унутилиши мумкин. Онгимиз юзасига ўз-ўзидан изтиробли саволлар қалқиб чиқади. Хўш, унда садоқатли Изиданинг вазифасини ким бажара олади? Ким маълум халқнинг сочилиб кетган сўзлари, унутилаётган иборалари, эсдан чиқаётган оҳангларини бирма-бир топиб, бир вужудга бирлаштиради? Давлат сиёсатими, мактаб дарслигими, фанми, оммавий ахборот воситаларими?..
Санаб ўтганларимиз ҳам, шубҳасиз, муҳим. Лекин яхшилаб ўйлаб қарасак, бир ҳақиқат аён бўлади. Давлат тилни муҳофаза ё тарғиб қилиши, мактаб таълим бериши ё ўргатиши, фан эса таснифлаши ё луғатларга ажратиши мумкин. Бироқ тилни севдириш, унга табиий ҳаёт бағишлаш масаласида буларнинг ўзи камлик қилади. Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларга келсак, менга рости улар баъзан бу борада ёрдам бергандан кўра тўсиққа айланиб бораётгандек туюлади.
Ҳамон ўша савол очиқ. Ким Изиданинг вазифасини уддалайди? Бундай куч борми?.. Келинг, жавобни мозийдан излаб кўрамиз.
Ўрта асрларнинг сўнгги босқичи. Италияда фан, дин, давлат сиёсатига оид барча ёзишмалар қадимги Римдан мерос тилда олиб бориларди. Зодагонлар ва бошқа саводли кишилар Италиянинг жонли тилини қўпол, рангсиз санашар, айниқса санъат учун у мутлақо яроқсиз деб ҳисоблашарди. Шундай бир пайтда, аниқроғи 1320-йилларда Данте Алигйери ўзининг “Илоҳий комедия”сини ўша камситилган ва тараққиёт тобора сиқиб чиқараётган шевада ёзиб, бутун Европани ҳайратга солади. Асар шу қадар таъсирли чиқадики, унда акс этган тоскана шеваси аста-секин бутун Италиянинг адабий тилига айланади. Агар бир достон бир халқнинг тилига бешик бўлди дейиш мумкин бўлса, бу иборани айнан “Илоҳий комедия”га нисбатан қўллаш зарур. Кейинчалик қайсидир маънода Дантенинг издошлари ҳисобланган Петрарка, Боккаччолар тоскана шеваси нуфузини янада ошириб, уни оддий халқ ва зодагонлар орасида бирдай оммалаштириб юборади.
Аслида саволимизга узоқдан жавоб излаб нима қилдик. Худди шу вазифани ҳамма замонларнинг улуғ шоири, ўзимизнинг ҳазрат Навоий ҳам бир вақтлар ўз асарлари билан бажармаганмиди?
Кўплаб манбалар орқали маълумки, XV аср охирида туркий халқлар орасида форс тилида ижод қилиш урф бўлиб, туркийда гўзал шеъру ғазаллар яратиш имкони йўқ деб ҳисобланарди. Аммо Навоийнинг ҳали ёшлик даврларидаёқ ёзган ғазалларининг катта қисми туркийда битилган эди. Бу ғазаллар 1465–1466-йилларда мухлислари томонидан тўплам ҳолига келтирилган. Мазкур китобни навоийшунослар “Илк девон” номи билан юритади. Кейинроқ бу ғазаллар шоирнинг “Хазойинул-маоний” (“Маънолар хазинаси”) деб номланган тўрт жилдлик девонига асос бўлади.
Улуғ Навоий ўзининг 52 минг мисрадан иборат буюк “Хамса” достонини ҳам соф туркийда битади. Ва шу билан туркий тилнинг нуфузини ҳеч ким дахл қилолмайдиган даражада мустаҳкамлаб қўяди. Албатта, шеърият мулкининг султони фақат туркий тилда ижод қилишнинг ўзи билан чекланмаган. У “Муҳокаматул-луғатайн” асарида туркий тил сўз бойлиги ва ифода имконияти жиҳатидан форс тилидан асло қолишмаслигини, балки кўплаб маънодош сўзлар борасида устунлигини илмий исботлаб берганки, бу ҳам мавзумизга бевосита дахлдор далил.
Шунга ўхшаш ҳолатни яқин тарихда рус адабиёти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Тарихий жараёнлар сабаб Россияда ҳатто XIX асрга келиб ҳам барча расмий ва олий тоифадаги муносабатлар француз тилида кечар, рус тили уй тили ҳисобланарди. Моддий имконияти етарли бўлган оилалар фарзандлари учун француз тарбиячи ёллашар, шу тилда болалар тил, одоб, муомала маданиятидан сабоқ оларди. Натижада дворянлар оиласида ўсган кўплаб ўспиринлар ўз она тилидан кўра француз тилида яхшироқ гаплашарди. Рус тилида гаплашиш қолоқлик ва маданиятсизлик белгиси ҳисоблангани учун бундан ҳеч ким оғринмасди. Қайтанга фахр этарди. Шундай бир пайтда рус адабиёти осмонида Александр Пушкин отли порлоқ юлдуз пайдо бўлиб, шеърлари, достонлари, насрий асарлари воситасида рус тилининг бадиий жозибасини катта маҳорат билан кўрсата олди. Оқибатда рус тилига муносабат ҳам тубдан ўзгариб кетди. Шу сабаб Россияда “Пушкин ҳозирги рус адабий тилининг меъмори” деган ибора бор.
Мақоламизнинг айни қисмигача сиз билан адабиётнинг эътибордан четда қолаётган тилни улуғлаши борасида гаплашдик. Бироқ адабиёт шундай мўъжизавий куч эканки, у баъзида батамом унутилган бир тилни ҳам қайта оммалаштира оларкан.
XIX аср бошида Финландия Россия таркибидаги мухтор князлик бўлиб, швед тили бу ўлкада расмий тил ҳисобланарди. Фин тили эса турли шеваларга бўлиниб кетган, адабий шаклини йўқотган, деҳқон оилаларининг кичик гуруҳлари орасида сўнгги нафасини олаётган хаста эди. Шунда финландиялик шифокор ва адиб Элиас Лённрот йигирма йил давомида Карелия ўрмонларини кезиб, халқ орасидаги қадимий эпик қўшиқларни тўплайди ва уларни ягона сюжетга бирлаштириб, 1835 йилда “Калевала” достонини нашр эттиради. Унутилган миллий тил ва қаҳрамонлар дастлаб зиёлиларни, кейин оммани чуқур ҳаяжонга солади. Сўнг достон фин тилининг адабий тилга айланиш жараёнини бошлаб беради ва миллий уйғонишга – пировардида, 1917 йилдаги мустақилликка маънавий замин ҳозирлайди. Руслар Пушкинни рус адабий тили меъмори деб аташганидек, ҳозир финлар “Калевала” достонини фин тилининг расмий гувоҳномаси дейдилар.
Аммо жуда кам ҳолатларда айрим мураккаб ҳодисалар рўй бериши мумкинки, адабиёт ҳамма вақт ҳам тилни мулоқот майдонида сақлаб қола олмас экан. Бундай вазиятларда у бундан-да теран, бундан-да сирли мўъжиза кўрсатаркан. Масалан, ҳозир лотин тилини ўз она тили сифатида кўрадиган бирорта халқ йўқ. Бироқ Цицерон, Вергилий, Овидий, Ҳораций, Сенека каби адиблар қолдирган адабий меросларда бу ўлик тилда яратилган асарлар, ундан олинган мисоллар, иқтибослар шу қадар кўп ва мукаммаллиги боис бугун мактаб партасида ўтирган ҳар қандай ўспирин қачондир лотин тили деган муҳташам тил бўлганини, унда буюк асарлар яратилганини яхши билади.
Қисқаси, юқоридагига ўхшаш мисолларни ўнлаб келтирса бўлади. Лекин улардан чиқарадиган хулосамиз ягоналигича қолаверади. Яъни, фақат муомаладагина мавжуд ҳар қандай тилга фақатгина китоб, хусусан, адабиёт ҳаёт бағишламас экан, у унутилиш хавфидан холи эмас, бунда халқнинг шу тилдаги жонли мулоқотининг савияси ва ўз тилига муносабати ҳам жуда муҳим. Аслида шу сабабга кўра қадимги достон, матал ва ривоятлар тил ва миллат куюнчаклари томонидан тўхтовсиз ёзиб борилади. Чунки кўҳна достонлар, қўшиқ ва маталлар нафақат дилимизни тоза сақлаш, балки тилимизни, маданиятимизни соф сақлаш учун ҳам жуда зарур. Жумладан, таниқли шоир Ҳамид Олимжон ва атоқли фолклоршунос олим Ҳоди Зариф томонидан ёзиб олиниб, илк бор 1938 йилда яхлит китоб ҳолида чоп этилган “Алпомиш” достонини мутолаа қилар экан, бугунги кун ўқувчиси ота-боболарининг дунёқараши бир неча аср илгари қандай бўлганини англаш баробарида, қандай гаплашганидан ҳам бохабар бўлади. Ўзбек тилининг архаик қатламларини, бой ифода имкониятини ўзлаштиради. Зеро, юқорида тилга олганимиз ҳазрат Навоийдан кейин XX аср бошларида Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Элбек, Боту, Ашурали Зоҳирий каби жадидлар бекорга ўзбек тилининг софлиги, тараққийси учун курашмаганлар. Улар тил тарбияси – миллат тарбияси эканини теран англашган. Шу ўринда айтиш лозимки, Қодирий бобонинг она тилимиз хирмонига қўшган ҳиссаси беқиёсдир.
Афсуслар бўлсин, рақамли технологиялар асри ҳар бир халқ тилига янги, айни пайтда ўзига хос синов юкламоқда. Интернет – тўртармоқ аро кезиб юрмиш инкубатордан чиққандай бир хил матнлар, қисқа хабарлар, айниқса турли рамз ва туйғу ишора-белгилари инсоннинг сўзга эҳтиёжини тобора торайтиб бораётгандек... Бир вақтлар инсон ўз туйғусини ифодалаш учун ўнлаб қиёс, оҳангдор жумлалар қидирган бўлса, бугун 😰 қабилидаги биргина белги қайғунинг, армоннинг, соғинчнинг, надоматнинг... ўрнини босаяпти. Рост, бу белги қулай, тезкор, тилдан тилга таржима қилишга муҳтож эмас. Лекин айни шу қулайлик ортида катта бир йўқотиш яширин: у сездирмасдан туйғунинг юзлаб товланишларини, қирраларини унутишимизга сабаб бўлаётир.
Инглиз ёзувчиси Жорж Оруэллнинг “1984” романида қизиқ бир жараён тасвирланган. Романда “Янги тил” деган хаёлий тизимга асосан ҳукумат атайлаб одамларнинг сўз бойлигини йилдан йилга қисқартириб боради. Сабаби оддий. Агар одамнинг онгида бир тушунчани ифодаловчи сўз бўлмаса, у ўша тушунча ҳақида чуқур ўйлай олмайди. Бора-бора унутади. Оқибатда тил билан бирга унинг тафаккури ҳам қашшоқлашади. Ички дунёси бўм-бўш, тафаккури қашшоқ одамни эса бошқаришдан осони йўқ. У ўзининг азоб-уқубатлари манбаини тушунмайди. Берилган нарсани ейди, айтилган ишни бажаради, ҳеч қачон ҳеч нарсадан норози бўлмайди...
Тилшуносларнинг кузатишича, ижтимоий тармоқлардаги ўртача хабар узунлиги йилдан йилга қисқариб бормоқда. Мураккаб гап тузилмалари содда, ихчам жумлаларга ўрнини бўшатиб бераяпти. Айниқса ёшлар орасида фикрни имкон қадар қисқа, юзаки ифода этиш урф бўлаяпти. Бу ерда гап қисқаликнинг ўзида эмас. Гап қисқаликка теранликдан воз кечиш эвазига эришилаётганида. “Ok”, “Wauv” каби тайёр иборалар туфайли тилининг шакли ўзгараётганига ҳам, бўтқага айланиб бораётганига ҳам бефарқ бир жамият шаклланаётганида. Ваҳоланки, Эшқобил Шукурнинг “Бобосўз изидан” китобида қушуйқу ва қишуйқу сўзлари келтирилган. У ерда ҳам гапни қисқа ифодалашга интилишни кўрасиз. Бироқ у кўр-кўрона истеъмолчилик эвазига эмас, кузатувчанлик, дунёни образли кўриш эвазига ҳосил қилинган. Масалан, инсон “қишуйқу” дейиш учун аввало изғирин ва узоқ қиш фаслини, сўнг қайси бир ғор ёки ғовакда мудраб ётган илон, айиқ каби мавжудотларнинг ҳолатини кўз олдига келтириши, унинг уйқу ҳолатини бошқа уйқу ҳолатлари билан таққослаши, кейин ушбу манзарани миясида қайта ишлаши зарур. Мазкур ҳолат, таъбир жоиз бўлса, чўққидан пастга разм солиб, сўнг кўрганларини битта жумлага сиғдиришга ўхшайди. Яъни, бу асрлар давомида пишиб етилган, хотиранинг минг бир пучмоқларидан унган қисқалик. “Ок” эса бўшлиқдан, фикрсизликдан, тасаввур торлигидан унган қисқаликдир.
Дарҳақиқат, гап рақамли технологиялар асрига ўз-ўзидан боғланмади. Бугун дунё тилларининг бўлакланиши, сочилиши, бир-бири билан қоришиши ҳар доимгидан ҳам жадаллаб кетди. Дунёнинг маънавий силкинишларига назар солсангиз, тилнинг парокандалиги миллат деган азим вужудни ҳам ҳеч кимга сездирмай пармалаб бораверишига гувоҳ бўласиз. Натижада улкан маданият, катта цивилизациялар ўз-ўзидан емирилиб боради. Шунда ўйлаб қоласан киши. Балки бугунги давримиз адабиётнинг зиммасига олдинги даврлардагидан ҳам оғирроқ вазифаларни юклаётгандир? Зотан, гап бошидан бери асослашга тиришганимиздек, бу борада адабиёт энг асосий таянч, энг асосий қурол, айни пайтда мангу метин қўрғон. Фақат угина сочилиб, қашшоқлашиб бораётган тилни йиғиш, бойитиш, теранлаштириш, асраш вазифасини мукаммал бажара олади. У юксалишда, ривожланишда давом этар экан, миллат ҳам, миллатнинг бирламчи белгиси саналмиш тил ҳам ҳукмдор Осирисдай абадий ҳаёт кечиради.
Байрам АЛИ
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2026 йил 3-сон.
“Тилнинг мангу қўрғони” мақоласи
Тарих
Тарих
Жараён
Санъат
Жараён
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ