“Исмоилий дирҳамлар”дан “Кебекий”гача: Ўрта асрлар Мовароуннаҳр валюта бозорининг юксалиши ва таназзули


Сақлаш
15:00 / 05.10.2026 138 0

Ўрта асрларда Буюк Ипак йўлининг чорраҳаси бўлган Мовароуннаҳрда пул муносабатлари ва танга зарб қилиш тизими юқори даражада ривожланган эди. Ҳудуд иқтисодиётининг барқарорлиги муомаладаги тангаларнинг асиллигига боғлиқ бўлиб, пул сиёсати давлатнинг бош устунларидан бири ҳисобланган.

 

Араб босқинига қадар минтақада Кушон, Эфталий, Турк хоқонлиги ва Сосоний тангалари муомалада бўлган бўлса, VIII–IХ асрлардан бошлаб ягона исломий пул тизими кириб келди ва маҳаллий анъаналар билан уйғунлашди.

 

Мовароуннаҳр пул тизими олтин, кумуш ва мисдан фойдаланишга асосланган классик триметаллизм тамойилига таянган. Улар маълум иқтисодий қатлам доирасига хизмат қилган. Жумладан, динор (олтин) исломий анъанага кўра, оғирлиги 1 мисқол (тахминан 4,25 г) соф олтиндан иборат бўлган. Бироқ Мовароуннаҳрда, хусусан, Хоразмшоҳлар ва мўғуллар истилоси арафасида вазни 6-7 граммдан 12–15 граммгача етадиган йирик олтин динорлар ҳам зарб қилинган, улар оддий бозорларда деярли айланмаган. Йирик улгуржи савдо битимлари, халқаро карвон савдоси, солиқ ва ўлпонларни тўлаш, шунингдек, давлат ғазнасини шакллантириш учун қўлланилган.

 

Асоси кумушдан бўлган дирҳам танга-пули Мовароуннаҳр иқтисодиётининг ҳақиқий “ҳаракатлантирувчи кучи” ҳисобланган. IХ-Х асрларда Сомонийлар даврида зарб этилган соф кумуш дирҳамлар дунё миқёсида “Исмоилий дирҳамлар” номи билан шуҳрат қозонган. Уларнинг оғирлиги қарийб 3 грамм (2,97 г) бўлиб, асиллик даражаси 90-95% дан юқори бўлган. Мовароуннаҳрда ички бозор кумуш танқислиги ёки савдо талабларидан келиб чиқиб, бир неча ўзига хос дирҳам турларидан иборат бўлган. Хусусан, исмоилий дирҳамлари – халқаро валюта ролини ўйнаган соф кумуш танга-пуллар ҳисобланган. Мусайябий ва муҳаммадий дирҳамлари эса кумушга мис аралаштириб ясалган пастроқ сифатли танга-пуллар бўлиб, уларнинг қиймати давлат томонидан мажбурий курс асосида белгиланган. Фақат Мовароуннаҳрнинг ички бозорида амал қилган, ҳудуддан ташқарига олиб чиқилишига эса рухсат берилмаган.

 

Фалс мисдан зарб қилинган майда танга-чақалар бўлиб, асосан кундалик ҳаётдаги эҳтиёжлар – нон, гўшт, сабзавотлар сотиб олиш, ҳаммом ва ҳунармандлар хизмати учун тўловларни амалга оширишда ишлатилган. Мис пуллар маҳаллий характерга эга бўлиб, одатда асосан ўзи зарб этилган шаҳар ёки вилоят (масалан, Термиз, Фарғона, Шош фалслари) ҳудудларидагина қабул қилинган. Бошқа шаҳарга борганда савдогарлар уни маҳаллий фалсларга айирбошлашлари шарт эди.

 

 

Мовароуннаҳрда танга зарб қилиш тўлиқ давлат монополияси бўлиб, тангаларга ҳукмдор номи, унвонлари, зарб этилган йил, шаҳар номи ва Қуръон оятлари битилган. Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Ўш, Термиз, Урганч ва Кат шаҳарларининг зарбхоналари энг йириклари ҳисобланган.

 

Зарб технологияси қуйидагича ишлаган: конлардан олиб келинган металл махсус сехларда эритиб, кислоталар ёрдамида тозаланган; маълум ўлчамдаги лист ҳолатига келтирилиб, ундан бир хил оғирликдаги доирачалар қирқиб олинган. Ҳар бир танганинг оғирлиги ғазначилик тарозиларида ўлчанган. Тайёр металл доирача икки қолип орасига қўйилиб, устидан оғир болға билан урилган (бу жараён “сикка зарб қилиш” деб аталган).

 

Мовароуннаҳр иқтисодиёти шунчалик кенгайганки, нақд пул билан ҳисоб-китоб қилиш ноқулай ва хавфли бўлиб қолган. Бу эса ўрта асрларнинг ўзига хос банк тизими – “Саррофлик тизими”ни юзага келтиради. Саррофлик тизимида турли вилоятлар ва хорижий давлатлар тангаларининг таркибидаги соф металл миқдорини таҳлил қилиш ва уларнинг маҳаллий пулга нисбатан курсини аниқлаш муҳим аҳамиятга эга бўлган. Бой савдогарлар ва амалдорлар ўз маблағларини хавфсиз сақлаш учун саррофларга омонат сифатида топширишган.

 

Саррофлик тизимида чек (махсус муҳрланган пул ҳужжати) ҳужжатларидан кенг фойдаланилган ва бу тизим Буюк Ипак йўлидаги инқилобий янгилик ҳисобланган. Масалан, Бухородан Хитойга ёки Бағдодга отланган савдогар ўзи билан тонналаб оғир кумуш, олтин пулларни олиб юриши ноқулай ва жуда хавфли эди. Негаки, йўлларда қароқчилар хавфи юқори бўлган. Савдогар Бухородаги саррофга нақд пулни топшириб, эвазига чек олган. Белгиланган манзилга, масалан, Нишопур ёки Марвга етиб борганида, у ердаги шерик саррофга ўша ҳужжатни кўрсатиб, нақд пулларини тўлиқ қайтариб олган. Саррофлар ўзаро хат ёзишмалари ва ишончли курерлик тармоқлари орқали ҳисоб-китоб қилишган.

 

Х асрнинг охиридан бошлаб то ХIII асрнинг бошларига қадар бутун Яқин ва Ўрта Шарқ минтақасини, хусусан, Мовароуннаҳрни қамраб олган йирик иқтисодий ҳодиса – “кумуш инқирози” юзага келади. Бухоро, Самарқанд, Марв ва Урганч бозорларида юқори асиллик даражасига эга бўлган кумуш дирҳамлар кескин камайиб кетади. Бу эса ички ва ташқи товар айирбошлаш тизимини инқироз ёқасига олиб келади.

 

Танга-пул қадрсизланишини келтириб чиқарган асосий омиллардан бири конларнинг камайиб бориши ҳам эди. Минтақадаги энг йирик, хусусан, Шош (Илоқ) тоғ-кон ҳудудлари ва Бадахшон конлари асрлар давомида муттасил фойдаланилиши оқибатида захираларини тугатади. Давлат учун аввалги ҳажмдаги соф кумуш тангаларни зарб этиш имконсиз бўлиб қолади. Бундан ташқари мавжуд танга-пулларнинг ташқи савдо туфайли четга чиқиб кетиши ҳам вазиятни мураккаблаштиради. Хусусан, Сомонийлар даврида зарб этилган юқори сифатли дирҳамлар (Исмоилий дирҳамлари) бутун Европада юқори ишончга эга эди. Волга савдо йўли орқали миллионлаб Мовароуннаҳр тангалари Скандинавия, Болтиқбўйи ва қадимги Рус ерларига оқиб кетади ва у ерда хазина сифатида кўмилади. Шу тариқа, минтақа ўзининг қимматбаҳо металл базасини хорижга “экспорт” қилиб юборади.

 

Қорахонийлар даврига келиб ҳукмдорлар кумуш тақчиллигини сунъий йўл билан ҳал қилмоқчи бўладилар. Расмий зарбхоналар “кумушсимон мис тангалар” чиқара бошлашади. Бу тангалар аслида мисдан қуйилиб, устига юпқа қатламда кумуш суви юритилган ёки таркибидаги соф кумуш миқдори 5-10% гача тушириб юборилганди. Савдогар ва ҳунармандлар янги дирҳамларнинг аслида мисдан иборат эканини англагач, бозорда табиий ҳимоя механизми ишга тушади ва нон, гўшт, кийим-кечак, чорва моллари нархи 5-10 бараваргача кўтарилиб кетади. Савдогарлар маҳсулотни номинал қийматда қабул қилишдан бош тортиб, тўловни фақат танганинг мавжуд вазни (тарозига қўйган ҳолда) ва ундаги соф кумуш миқдорига қараб талаб қила бошлашади. Натижада, “ёмон пул яхши пулни муомаладан сиқиб чиқаради” деган иқтисодий қонуният ўрта асрлар мисолида яққол ўз исботини топади. Аҳоли қўлидаги эски, соф кумуш тангаларни хазина сифатида уйларига яшира бошлашади. Бозорларда эса асосан қадрсиз, сифати бузилган мис-кумуш аралашма тангалар муомалада қолади.

 

Мўғуллар истилоси арафасида, Ануштегин-Хоразмшоҳлар сулоласи султонлари Такаш ва Алауддин Муҳаммад даврида давлат ҳудуди анча кенгаяди. Аммо бу ҳарбий қудрат ички иқтисодиётда инқирозни юзага келтиради. Негаки, улкан армияни таъминлаш, мудофаа иншоотларини қуриш ғазнадан беҳисоб маблағ талаб қиларди. Султонлар катта ҳажмдаги олтин динорларни оммавий зарб қилишга ўтадилар. Бироқ шошилинч ва хомашё етишмовчилиги сабабли олтиннинг асиллик даражаси кескин пасайиб кетади, тангалар вазни эса аниқ стандартга эга бўлмай, 4 граммдан 12 граммгача ўйнаб туради. Бу ҳолат Мовароуннаҳр валюта бозорида тартибсизликни келтириб чиқаради. Бухоро ва Самарқанд саррофлари Хоразмшоҳлар динорларини махсус “миҳак тоши” ёрдамида текширмасдан қабул қилмайдиган бўладилар. Бу эса чакана савдони секинлаштириб, пул қадрини янада тушириб юборади.

 

Мўғуллар истилосидан сўнг Чиғатой улуси узоқ вақт иқтисодий ва сиёсий тарқоқликда яшайди. Ҳар бир маҳаллий амир ёки ноиб ўз ҳудудида ўзбошимчалик билан ҳар хил вазндаги танга-пулларни зарб қила бошлайди. Бу тартибсизликка Чиғатой улуси ҳукмдори Кебекхон (1318–1326) чек қўяди. У Марказий Осиё тарихидаги энг мукаммал ва тизимли пул ислоҳотини амалга оширади. Кебекхон муомаладаги барча қалбаки, сифатсиз ва мис аралашган пулларни таъқиқлайди, қатъий кумуш танга-пулини жорий этади. Муомалага чиқарилган янги сифатли танга-пуллар халқ орасида “Кебекий” номи билан машҳур бўлган. Тарихий анъанага кўра “динор” атамаси олтин пулга нисбатан ишлатилган бўлса-да, Кебекхон ҳам ўзининг йирик кумуш тангаларини шу ном билан атайди. Унинг оғирлиги қарийб 8 грамм соф кумушдан иборат бўлган. “Дирҳам” динорнинг кичик бир бўлаги бўлиб, қиймат жиҳатидан динорнинг 1/6 қисмига тенг эди.

 

Кебекхоннинг пул ислоҳати натижасида маҳаллий ҳукмдорларнинг ўзбошимчалик билан пул чиқариш ҳуқуқи тугатилади. Барча зарбхоналар ягона давлат андозасига бўйсундирилади ва марказий назорат Самарқанд ҳамда Бухоро шаҳарларига берилади. Давлат томонидан кафолатланган соф кумуш пулларнинг муомалага киритилиши халқ ва савдогарларнинг пулга бўлган ишончини қайтаради. Нарх-наво барқарорлашади ва сунъий қимматчиликка чек қўйилади. Натижада “кебекий” динор ва дирҳамлари Буюк Ипак йўли бўйлаб Хитой чегараларидан то Олтин Ўрда ва Эрон ҳудудларигача бўлган улкан ҳудудда “халқаро валюта”га айланади. Мазкур муваффақиятли тизим кейинчалик Амир Темур ва Темурийлар даври молия тизими учун ҳам асос бўлиб хизмат қилади. Темурийлар Кебекхоннинг вазн ўлчовларини деярли ўзгаришсиз сақлаб қолган ҳолда, йирик кумуш динорни бутун жаҳонга машҳур бўлган танга номи билан атай бошлайдилар.

 

Ўрта асрларда Мовароуннаҳр иқтисодиёти ривожланиб, пул муомаласи кенгайгани сари давлат пул тизимига путур етказувчи яширин жиноий гуруҳлар – сохта пул ясовчилар фаолияти ҳам кучайиб боради. Бу тоифа жиноятчилар ўша давр манбаларида “қаллоб”, “музаввир” (“сохталаштирувчи”) ёки “заббоф” номлари билан тилга олинади. Уларнинг фаолияти давлатнинг молиявий барқарорлигига тўғридан-тўғри таҳдид ҳисобланган.

 

Мовароуннаҳрнинг яширин устахоналарида қаллоблар пулларни сохталаштиришнинг бир неча мураккаб ва устамонликка асосланган усулларини қўллашган. Хусусан, “танга қирқиш” усули энг кенг тарқалган усул бўлиб, бунда муомаладаги қонуний ва соф олтин динор ёки кумуш дирҳамларнинг четлари махсус қайчи ёки эговлар билан сездирмасдан қирқиб олинган. Танганинг марказий қисмидаги ҳукмдор исми, унвони ва Қуръон оятлари битилган қисми шикастланмагани сабабли, қаллоблар уни бозорда ўз номинал қийматида ишлатишга уринишган. Қирқиб олинган қимматбаҳо металл парчалари эса эритилиб, янги қалбаки тангалар ясаш учун ишлатилган. Бу жараён бозорда пулларнинг умумий вазни камайишига ва молия тизимининг таназзулга учрашига олиб келган.

 

Шунингдек, баъзи давлат зарбхоналарининг сотқин ходимлари ёки қонунбузар заргарлар олтин ва кумуш тангалар таркибига мис, қўрғошин, рух, қалай каби арзон металларни белгиланган меъёрдан бир неча баробар кўп қўшиб юборишган. Бундай тангалар ташқи кўринишидан аслидан фарқ қилмаса-да, уларнинг мавжуд қиймати ва асиллик даражаси жуда паст бўлган. Шунингдек, сохта тангаларни кўпайтиришда металл суви юритиш усули ҳам қўлланилган. Бу усул ўрта асрларда энг кенг тарқалган фиргарлик тури ҳисобланиб, арзон мис, қалай ёки қўрғошиндан тайёрланган танга қолиплари устига юпқа қатламда соф олтин ёки кумуш суви юритилган. Бундай тангалар манбаларда “музаввир тангалар” деб аталган. Уларни бир қарашда ҳақиқийсидан ажратиш жуда қийин бўлган.

 

Мовароуннаҳр давлатлари ички бозорни қалбаки пуллардан ҳимоя қилиш ва валюта барқарорлигини таъминлаш учун қатъий давлат назорати тизимини жорий этган. Бозорлардаги иқтисодий хавфсизликни таъминлаш бевосита “муҳтасиб” зиммасига юклатилган. Муҳтасиб ва унинг махсус ёрдамчилари ҳар куни бозор расталарини, баққоллар, доришунослар ва заргарларнинг фаолиятини назорат қилган. Улар тарозиларнинг тўғрилиги билан бирга савдогарлар қўлидаги пулларнинг асиллигини ҳам текширишган. Агар бирор кимсанинг ёнидан сохта пул топилса, муҳтасиб уни ҳибсга олиш, молларини мусодара қилиш ва қозига топшириш ваколатига эга бўлган.

 

Бозор майдонларида жойлашган саррофхоналар қалбаки пулларга қарши курашда давлатнинг асосий кўмакчиси ҳисобланган. Тажрибали саррофлар танганинг ерга ташлангандаги жарангидан ёки ранги ва металл ҳидидан сохталигини дарҳол пайқашган. Улар шунингдек, ҳар бир танганинг таркибини махсус “миҳак тоши” устига ишқаб кўриш ва ғазначилик тарозиларида ўлчаш орқали аниқлашган. Сохта пул аниқланган тақдирда, у муомаладан дарҳол чиқарилган ва йўқ қилинган.

 

Ўрта асрлар ижтимоий-ҳуқуқий онгида сохта пул ясаш давлат хавфсизлигига дахл қилиш, ҳукмдор номига тажовуз ва иқтисодий исён сифатида баҳоланган. Чунки муомаладаги ҳар бир расмий тангада ҳукмдорнинг исми, унвонлари ва муқаддас калималар битилган эди. Шу сабаб қаллобларга нисбатан шафқатсиз жазолар қўлланилган. Шариат қонунларига кўра, ўғрилик ва фирибгарликнинг энг оғир кўриниши сифатида қўл кесиш жазоси кенг қўлланилган. Биринчи марта қўлга тушган сохтакорнинг ўнг қўли (панжалари) асосан жамоат олдида кесиб ташланган. Агар у чап қўли билан яна мазкур жиноятга қўл урса, чап оёғи ҳам кесилган. Бу жазо қаллобни жисмоний жиҳатдан қайта металл билан ишлай олмайдиган мажруҳ ҳолатига келтирган.

 

Шунингдек, томоққа ёки қулоққа қайноқ метал қуйиш билан боғлиқ жазо ҳам мавжуд бўлиб, бу жазо тури ўрта асрларнинг энг мудҳиш рамзий жазоларидан ҳисобланган. Жиноятчи қайси металлдан (мис, қўрғошин ёки рух) қалбаки танга ясаб халқни ва давлатни алдаган бўлса, ўша металл бозор майдонида халқ кўз ўнгида махсус идишда эритилган. Қайноқ, суюқ ҳолатдаги металл қаллобнинг томоғига ёки қулоқларига қуйилган. Жиноятчи ички аъзоларининг фожиали куйиши оқибатида даҳшатли азоблар билан вафот этган. Хоразмшоҳлар даврида ва мўғуллар истилосидан кейинги Чиғатой улуси даврида йирик иқтисодий зарар келтирган қаллоблар тўдасига нисбатан “қайнаб турган қозонга ташлаш” билан боғлиқ жазо тури ҳам қўлланилган. Шаҳар марказий майдонида йирик қозонларда сув, ўсимлик мойи ёки қорамой қайнатилиб, жиноятчилар тириклайин қозон ичига ташланган.

 

Темурийлар ва улардан кейинги ўзбек хонликлари даврида сохта пул ясовчи жиноий гуруҳлар асосан дорга осилган. Бошқаларга ибрат ва огоҳлантириш бўлиши учун, уларнинг жасадлари бўлакларга бўлиниб, шаҳар дарвозаларига ва марказий бозор расталарига осиб қўйилган. Бу аҳолида давлат қонунларига нисбатан сўзсиз итоаткорлик ҳиссини уйғотиш мақсадида қилинган.

 

Ўрта асрларда Мовароуннаҳрнинг валюта бозори даврининг энг тараққий этган молия тизимларидан бири бўлиб, саррофлик ва чек каби халқаро тўлов воситалари минтақанинг иқтисодий қудратини намоён этган. Давлат иқтисодиётининг асоси бўлган пул тизимини қадрсизланишдан асраш, бозорда тартиб ўрнатиш ва пул сохтакорлигига чек қўйиш учун қўлланилган шафқатсиз жазолар тизими ўша давр талабларидан келиб чиққан қатъий чоралар ҳисобланган. Бу кескин назорат Буюк Ипак йўлидаги халқаро савдогарларнинг Мовароуннаҳр бозорларига бўлган ишончини оширишга ва минтақада асрлар давомида иқтисодий барқарорликни таъминлашга хизмат қилган.

 

Шаҳло МАХАМОВА,

Педагогика ва иқтисодиёт университети ўқитувчиси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 40028
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//