Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази мутахассиси Абдувоҳид Аҳмадалиев жавоб берди.
– Пластик картамга номаълум одамдан пул тушди. Банк ходимига боғландим, пулнинг эгасини топиб беролмади. Ана шу пулни кимга ё қаерга топширсам тўғри қилган бўламан?
– Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Мазкур пулни эгаси излаб келмайди деган гумон ғолиб бўлгунча кутилади. Эгаси чиқиб қолса берилади, чиқмаса, эгасининг номидан садақа қилиб юборилади.
Ҳозир кибержиноятчилар бировлардан ўғирлаган пулларини бегона одамларнинг пластик картасига тушириб, кейин телефон орқали боғланиб, ўша маблағни бошқа картага ўтказишни илтимос қилмоқда. Кўп ҳолларда бу пулга қўшиб карта эгасининг ҳам пули ечиб олинаяпти. Шундай ҳолатларга дуч келинса, мутасадди идораларга мурожаат қилиш керак бўлади.
* * *
– Тўй қилишга имкониятим йўқ. Қиз билан келишиб тўй қилмасдан турмуш қурсак бўладими?
– Уйланиш учун албатта тўй қилиш вожиб эмас, балки суннатдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобийларга тўй қилишни тавсия қилган. У зот ҳам тўй қилган, баъзи тўйларида дастурхонда ҳатто гўшт бўлмаган.
Аслида никоҳ дуруст бўлиши учун етарли гувоҳлар ҳузурида келин ва куёв розилигини очиқ-ойдин айтишлари ва буни гувоҳлар ҳамда ўзлари эшитишлари кифоя.
Тўйдан мақсад никоҳни эълон қилиб қўйишдир. Суннат адо топиши учун танишларга, қўни-қўшниларга оз бўлса-да, ширинликлар тарқатиш ҳам кифоя. Аммо куёв ҳам, келин ҳам ота-онасига, яқинларига билдирмай, яширинча никоҳланиши мақбул эмас. Кўп ҳолларда бундай никоҳлар узоққа бормайди.
* * *
– Даллол уй сотмоқчи бўлган шахсга мижоз топиб берди. Уй сотилди, орадан кўп ўтмай савдо бузилди. Мазкур ҳолатда даллол иш ҳақини талаб қила оладими? Агар олган бўлса, қайтариб бериши керакми?
– Даллол бу ҳолатда хизмат ҳақини олишга ҳақли, олган бўлса қайтариб беришга мажбур эмас. Чунки икки томон уйни олди-сотди қилишлари билан унинг хизмати якунига етган. Уламолар бу масалага тикувчини мисол қилиб келтирганлар. Масалан, тикувчи кийим тикиб бергандан сўнг мижоз уни йиртиб юборса ҳам тикувчи хизмати учун ҳақини олади.
Демак, уй ёки бошқа нарсанинг олди-сотдисидан кейин ўртадаги келишув бекор бўлган тақдирда ҳам даллол қилган иши учун ҳақ олиши жоиз.
Агар даллол сотувчидан хизмат ҳақи ундириш мақсадида биров билан тил бириктириб, сохта харидор олиб борса ва шу орқали манфаат кўрмоқчи бўлса, бу – оғир гуноҳ. Бу иш фирибгарлик ва одамларнинг молини ботил йўл билан ейиш ҳисобланади. Бу йўл билан топилган даромад ҳаром.
* * *
– Халқимизда “Онасини кўриб қизини ол” деган мақол бор. Бу ибора шариатга қанчалик тўғри келади, она ахлоқсиз бўлса, қизи ҳам шунақа бўлавермайди-ку?
– Бу ибора оят, ҳадис, диний ҳукм ёки шариат қоидаси эмас, балки халқнинг хулосасидир. Она фарзанд учун энг яқин тарбиячи ва намуна бўлгани сабабли аксар ҳолларда қизлар онасидан кўп нарсани ўрганади. Лекин буни ҳамма ҳолатга татбиқ қилиш тўғри эмас. Чунки ислом динида ҳар бир инсон қилган амали учун ўзи жавоб беради. Айрим ҳолларда яхши ота-онадан ноқобил фарзандлар туғилиши ёки, аксинча, ёмон кишиларнинг фарзанди солиҳ инсон бўлиб етишиши мумкин. Масалан, Нуҳ алайҳиссаломнинг фарзанди кофир бўлган бўлса, Али розияллоҳу анҳунинг отаси Абу Толиб мусулмон бўлмаган. Бу шуни кўрсатадики, инсоннинг ахлоқи фақат ота-онага боғлиқ эмас.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтади: “Аёл тўрт нарса учун никоҳланади: моли учун, насаби учун, жамоли учун ва дини учун. Сен диндорини танлагин, барака топкур” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Бу ҳадисдан аён бўладики, никоҳда энг асосий мезон қизнинг ўзи қандай инсон эканидир, фақат онасига ёки оиласига қараб ҳукм чиқариш тўғри эмас. Аммо бегона қизнинг иймон-эътиқоди, тақво ва диндорлик даражасини аниқлаш осон иш эмас. Қизнинг ҳолатини билмаган киши унинг оиласидагилар, хусусан, онасига қараб тахминий хулоса қилиши мумкин. Халқимиздаги мазкур мақол шу маънодан келиб чиқиб айтилган.
* * *
– Хотиним бурнини тештириб, унга тилла ёки кумуш тақмоқчи. Унинг шундай қилиши жоизми?
– Динимизда аёлларга меъёридан ошмаган ҳолда тилла ва кумушдан ясалган тақинчоқлар тақишига рухсат берилган. Бизнинг юртларда тақинчоқларни қулоқ, бармоқ, билак ва бўйинга тақиш урф бўлган. Уламолар бурунга тақинчоқ тақиш фақат бу иш урфга кирган юрт аёллари учун жоиз дейишган. Шу сабабдан ўша юртларда яшовчи аёлларга бурунни тештириш худди қулоқ тештириш каби жоиз. Бизнинг юртларда одат тусига кирмагани боис аёллар бундай ишлардан тийилиши тавсия этилади.
* * *
– Тиллафуруш заргарга тиллани музорабага беради. Заргар ундан тақинчоқ ясаб сотади. Келган пулга яна тилла сотиб олиб, шундай иш қилади. Ишни тугатиб, фойдани тақсимлашда тиллафуруш берган тилласини ҳамда тегишли фойдани олади. Шундай қилиш жоизми?
– Музорабанинг тўғри амалга ошиши учун бир қанча шартлар талаб этилади. Шулардан бири унга киритилаётган сармоя пул шаклида бўлишидир. Бугун кундалик олди-бердида тиллани пул сифатида ишлатиш урф бўлмаган. Савдо-сотиқда ҳеч ким тилла билан нарх белгиламайди, тиллага савдо ҳам қилинмайди. Шу сабабли тиллани сармоя сифатида киритиш жоиз эмас.
Агар сармоядор ишюритувчига “Шу тиллани сотинг ва пулини сармоя сифатида ишлатинг. Иш тугагач, сармояни ва фойдани шу ҳисобда оламан” деса, бу ҳолатда тилла вакиллик йўли билан нақдлаштирилган ва сармоя нақд пул кўринишида бўлгани туфайли жоиз ҳисобланади.
Агар кимдир саволдаги каби ножоиз шаклда келишув тузиб иш юритаётган бўлса, уни тўхтатиб, тўғрилаши керак. Унгача кўрилган фойда ва зарар сармоядорнинг ўзига бўлиб, меҳнат қилувчи томонга ажри мисл, яъни бажарган ишига яраша бозор нархидаги ҳақ берилади.
* * *
– Отам оталик қилмаган, моддий ва маънавий таъминламаган, ҳозир кам кўришиб турамиз. Шундай бўлса ҳам унинг розилигини олишим керакми? Нотўғри савол берган бўлсам узр.
– Шариатимизда отанинг ҳам, фарзанднинг ҳам ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари бор. Аммо отанинг масъулиятсиз ё золим бўлиши фарзанд зиммасидан унга яхшилик қилиш, ҳурмат кўрсатиш ва силаи раҳм қилиш мажбуриятини соқит қилмайди. Қолаверса, ҳадисларда Аллоҳнинг розилиги отанинг розилигига боғлиқ экани айтилган.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Роббнинг розилиги отанинг розилигида ва Роббнинг ғазаби отанинг ғазабидадир” деди” (Имом Термизий ривояти).
Шу сабабли отангизнинг ўтмишдаги хатолари ва ҳозирги бепарволигига қарамай бу дунёда унинг розилигини олишга ҳаракат қилишингиз, учрашганда очиқ юз ва ҳурмат билан кутиб олиб, ҳол сўрашингиз ва ундан алоқани бутунлай узиб юбормаслигингиз лозим.
* * *
– Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ота жаннатнинг ўрта эшигидир. Хоҳла, бу эшикни сақла, хоҳла зое қил” деган экан. Шуни изоҳлаб берсангиз. Ўрта эшик деганда нима тушунилади?
– Ҳа, ҳақиқатан шундай ҳадис бор, уни имом Термизий раҳимаҳуллоҳ Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ота жаннат эшикларининг ўртасидир. Хоҳласанг, ўша эшикни муҳофаза қил ёки зое қил” деганини эшитганман”.
Муҳаддис уламолар мазкур ҳадиснинг мазмунини тушунтириб беришган. “Ўрта” деб таржима қилинган сўз ҳадисда авсат деб келган. Авсат сўзининг бир эмас, бир неча маъноси бор. Ўрта деган маънодан ташқари энг яхши, энг тўғри, мўътадил деган маъноларда ҳам келади.
Аллома Қози Байзовий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Яъни (жаннат) эшикларининг энг яхшиси ва энг олийсидир. Бунинг маъноси шуки: жаннатга киришга ва унинг олий даражаларига эришишга восита бўладиган энг гўзал нарса ота-онага итоат қилиш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва кўнгилларини риоя қилишдир”.
Бошқа уламолар бундай дейишган: “Албатта, жаннатнинг бир неча эшиги бор ва уларнинг ичида кириш учун энг гўзали ўртадагисидир. Ўша ўрта эшикдан киришга сабаб бўладиган амал эса ота-онанинг ҳақларини адо этишдир”.
* * *
– Товуқ уйда сўйилганда қайноқ сув қуйиб пати юлинади. Шундай тозаланган товуқ гўштини ейиш мумкинми?
– Бошқа ҳайвонлардан фарқли ўлароқ товуқ сўйилгандан кейин устидан қайноқ сув қуйиш ёки сувга солиб қўйиш ҳолати мавжуд. Патини осон юлиш учун устидан қайноқ сув қуйиш товуқ гўштини истеъмолга яроқсиз қилмайди. Мазкур ҳолатда қайноқ сув сабабли товуқ ичидаги нажосатлар гўштнинг ичигача сизиб ўтиб, уни нажосат қилиб қўйиши мумкин. Одатда бундай ҳолат товуқни қайноқ сувга узоқ муддат солиб қўйишда кузатилади.
Қайноқ сув қуйиб пати юлингач, товуқ ичини тозалаб, нажосат ва еб бўлмайдиган аъзоларни олиб ташлаш, гўштни яхшилаб ювиш лозим.
Агар патини юлишда товуқ қайноқ сувга солиб қўйилган бўлса, бу ҳолатда икки жиҳатга аҳамият бериш зарур:
1. Сув ўта иссиқ бўлмаслиги керак. Агар сув ўта иссиқ бўлса, товуқ ичидаги нажосатлар гўштга сингиб кетиши мумкин.
2. Товуқ қайноқ сувда ичидаги нажосат тарқайдиган даражада кўп қолмаса, яъни нажосат гўштнинг ичигача сизиб кирадиган вақтгача турмаса гўшт ҳаром бўлмайди.
Замонавий ҳалол стандартларни ишлаб чиқишда олимлар сувнинг турли ҳароратларда товуқ гўштига кўрсатадиган таъсирини ўрганиб чиқишган. Бу тадқиқотларнинг хулосаси шуки, гўшт тўқималари ва терига 70 даражадан юқори ҳароратнинг ўзиёқ қайнаш даражасидаги таъсирни беради, яъни тери ва тўқималарни пишириб, нажосатнинг ичкарига сўрилишига шароит яратади. Шунинг учун бир қатор олимлар мазкур жараёнда сувнинг ҳарорати 60–64 даражадан ошмаслиги кераклигини таъкидлаган. Жумладан, Покистоннинг PS:3733 стандартида сувнинг ҳарорати 60 даража целсийгача, товуқнинг сувда туриш муддати эса 50-60 сониягача деб белгиланган. Ҳиндистондаги «Jamiat Ulama-i-Hind Halal Trust» ташкилотининг стандартида эса сувнинг ҳарорати 64 даражадан ошмаслиги, товуқнинг сувда қолиш муддати 100 сониядан кўп бўлмаслиги керак дейилган. Малайзия ҳалол стандартига (JAKIM) кўра бу ҳарорат 55 даража (±1 даража) бўлиши ва жонлиқ сувда кўпи билан 120 сония ушлаб турилиши лозим. Валлоҳу аълам.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2026 йил 3-сон.
Тарих
Тарих
Жараён
Санъат
Жараён
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ