Ўқитувчи таҳлил қилади: Ўқувчиларга қайси дарсликлар ёқяпти?


Сақлаш
18:46 / 30.09.2026 124 0

Таълим ҳамма замонда ўзгаришларга эҳтиёж сезган. Аммо бугун янгиланишлар шунчалик тез рўй бермоқдаки, уч йил олдин модага айланган янги педагогик технология кўп ўтмай эски методга айланиб қоляпти. Кишининг руҳий олами асосан мактабда бойитилишини инобатга оладиган бўлсак, дарсликларга шакл ва мазмун жиҳатидан янгиликлар киритиш кишидан ўзгача ёндашувни талаб қилади. 

 

Сўнгги йилларда «4K», «Bloom taksonomiyasi», «5E», «Problem based learning» ва шу каби бир қатор янги таълим технологиялари бир-бирига жуда тез ўрин бўшатиб берди ва навбати билан «тренд»га чиқди. Табиийки, дарсликлар ҳам бу янгиликларга мослаштирилиши давр талаби эди ва янгиланган адабиётлар бу талабга мос. Мисол сифатида 8-синф адабиёт дарслигини оладиган бўлсак, топшириқлар қисмида ўринли ўзгаришлар бор. «Жуфтликда ишланг», «Муҳокама қиламиз», «Тавсия», «Ижодий иш», «Тўғри-нотўғри ҳукмлар жадвали», «Икки томонлама кундалик», «Фаразлар жадвали», «Қиёсланг», «Гуруҳларда ишлаш», «Ўйлаб кўринг», «Тадқиқ қилинг», «Флаер тайёрлаш» сингари янгича ва ранг-баранг топшириқлар қўшилган. Булар бугунги тез чалғийдиган ва тез зерикадиган «интернет болалари»нинг диққатини жалб қила олади. 

 

«Мутолаадан олдин» рукни ҳам дарсликнинг ранг-баранглигини таъминлаган. Энг муҳими, бу рукн ўқувчини асар мутолаасига тайёрлайди. Дарсликнинг мундарижасида ҳам яхши ўзгаришлар бор. Масалан, аввалги 7-синф дарслигидан чиқариб ташланган «Равшан» достонини олайлик. Достоннинг шеърий қисмлари ўзига хос мусиқийликка эга ва болани айнан шу жиҳат кўпроқ жалб этади. Генрининг «Йигирма йилдан сўнг» ҳикояси эса у қадар жонли эмас, қандайдир хира. Генрининг катта ижодига ҳурмат сақлаган ҳолда бу ҳикояда чақнаш йўқлигини айтишга мажбурмиз. Ўқувчини жалб қиладиган бадиий элементлардан биронтаси кўзга ташланмади. Катта ёшдаги китобхонларга мўлжаллангандек. «Миркомилбойнинг қазо бўлган намози» ҳикояси ҳақида ўқувчиларим ҳикоя бир оз сунъийдек, ҳиссиёт уйғонмади ўқиганимизда дея фикр билдиришди. Ва бу ўқувчилар «Урушнинг сўнгги қурбони» ҳикоясини йиғлаб ўқиган ўқувчилар.

 

Ўз-ўзидан бир қанча саволлар туғилади: Ўсмирлар нимани завқ билан ўқийди? Нимадан туртки олади? Унинг руҳияти қандай? Бу саволларга жавоб топиш орқали сифатли дарслик тузиш йўлида катта қадам ташланади. Бу ўринда биз педагоглар ҳам турли сўровномалар ўтказиб туришимизга тўғри келади. 9-синф дарсликлари янгилангани боис мазкур синф ўқувчилари иштирокида сўровнома ўтказдим. Улар китобдан ва устознинг ёрдамидан фойдаланмаган ҳолда йил давомида адабиёт дарсида ўтилган мавзуларни эслаб ёзиши талаб этиларди. Қайси асар кўпроқ эсида қолган бўлса, шуни биринчи ёзиши ва шу тариқа рейтинг яратиши керак эди. Ёзма сўровномадан сўнг ҳар эҳтимолга қарши оғзаки сўровнома ҳам ташкил қилдим. Сўровнома якунида шундай рейтинг ҳосил бўлди:

 

1. «Чинор» романи;

2. «Ҳаётга муҳаббат» ҳикояси;

3. «Фарҳод ва Ширин» достони;

4. «Оқчорлоқ Жонатан Ливингстон» қиссаси;

5. Шавкат Раҳмон шеърлари ва «Бахшиёна».

 

Болаларнинг танлови ёмон эмас а? Аслида улар ҳеч нарсани танламади. Энг кўп эсида қолганларини айтди, холос. Бу асарлар ўқувчи қалбига онгли равишда эмас, беихтиёр сингиб кетган. Айнан шу нуқтада адабиёт дарслигини тузишда қилинган тўғри танловлар юзага чиқиб келади. Рўйхатдагиларнинг деярли ҳаммаси китобга янгидан қўшилган. Демак, бу ўқув йилидаги (2025-2026) 9-синф адабиёт мажмуасининг ютуғини кўрсатади. Яъни мундарижада ўринли ўзгаришлар қилинган. Дарсликнинг топшириқлар қисми ҳам замонавий таълим ёндашувига мос. Бу дарслик фақат билиш кўникмасини эмас, қўллаш, таҳлил қилиш, яратиш, далиллаш, лойиҳалаш сингари ўнлаб кўникмаларни шакллантиради. Ўз-ўзидан бу машқлар «Шахсга йўналтирилган таълим», «Дифференциал таълим», «Ҳамкорликда ўқитиш», «Вазиятларни таҳлил қилиш», «Изланишга асосланган таълим» сингари замонавий методлар билан уйғунлашган. Дарвоқе, китобнинг дизайни менга жуда ёқди. Бари бир Ғафур Ғулом нашриёти улкан тажрибага эгалиги кўзга ташланган. Бир пайтлар интервьюда дарсликлар ҳаваскор хусусий нашриётларга берилиб тажриба қуёнчаси қилинмаслиги кераклигини айтган эдим. Мактаб дарсликларини тайёрлаш учун нашриётнинг узоқ ва шонли тарихи бўлиши лозим. Бунинг масъулияти бадиий китоб чоп этишдан кўра анча оғир. Бу китоблар бузилса, бадалини китобхонлар эмас, бутун миллат тўлайди. Адабиёт дарсликлари миллатнинг тафаккурига, қалбига ва менталитетига масъул.

 

Адабий танқидда «нимани айтиш эмас, қандай айтиш муҳим» деган қараш мавжуд. Дарслик муаллифлари ҳам қисман эмас, бутунлай ана шу шиорга таяниб иш кўрса, болаларнинг севимли адабиёт китоблари пайдо бўлади. Яъни «Улуғ салтанат» Амир Темурга бағишлангани учунгина 11-синф адабиётига киритилиши унчалик тўғри қарор эмаслигини ўқувчиларнинг муносабати кўрсатиб турибди. Шу паллада кимдир уларнинг савияси ва бадиий дидини дастак қилиши мумкин. Бунга жавобан бир нечта савол туғилади: нега «Улуғ салтанат»ни ўқий олмаган болалар «Чолиқуши»ни завқ-шавқ, ҳаяжон ва кўзда ёш билан ўқиб чиқади? Нима учун «Абулфайзхон» драмасига бир кўз югуртириб ёпиб қўядиган бола Чеховнинг «Гаров» ҳикояси ҳақида интернетга пост жойлайди?

 

Ватанпарварлик мавзусида бир нечта асар жойлаштирамиз. Лекин ўқувчилар учун ватан ҳақидаги энг зўр асар «Ҳелладос» ҳикояси бўлиб қолаверади. Болалар бу борада самимий. Улар ҳеч қандай назариясиз, шов-шув ва тарғиботларсиз, манипуляциясиз, соф иштиёқ билан мутолаа қилади. Катта ёшдаги китобхонларнинг фалон китоб ҳақидаги таассуроти ўзлариники ёки қандайдир тақризлар, шов-шувлар, тавсиялар орқали сингдирилган ёки сингдирилмаганини улар ҳар доим ҳам пайқамаслиги мумкин. Аммо ўқувчиларнинг қайсидир асар ҳақидаги баҳоси ўзиники. Бу фикр қанчалик эриш туюлмасин, улар бадииятни юқори ўринга қўяди. Биз Кафканинг «Эврилиш»ини шавқ билан ўқиб чиққан ўсмирларни «Абулфайзхон»га қизиқмаган нодон дея айблай олмаймиз.

 

Шу ўринда 2022 йилгача чоп этилган дарсликларда муаллифни таништириш масаласи бир оз оқсагани ҳақида сўз юритсак. Масалан, олтинчи ва ўн биринчи синф адабиётидан Хуршид Давроннинг айрим шеърлари ўрин олган. Албатта, бу шоирнинг ҳар бир шеъри мулоҳазага ундайди. Лекин ўқувчи тасаввурида «Ота қабри» шеъри уларнинг барчасидан ёрқинроқ эмасми?! Жуда яхши эсимда: 5-синфга ўтганимда дарсликлар берилган куни кечки овқат устида дадам ва акаларим «Адабиёт» китобингда зўр ривоят бор, ўқиб кўр-чи», дейишди. Бу «Ота қабри» шеъри эди ва у менга ҳам жуда қаттиқ таъсир қилди. Шу тариқа бу бизнинг оилавий шеъримизга айланиб қолди!

 

Орадан йиллар ўтиб ўқувчиларим Хуршид Даврон ижодига киришолмай турганларида шу шеърни ўқиб бердим. Болалар тўлқинланиб кетишди ва «нега бу китобимизда йўқ?», деб сўрашди. «Худо хоҳласа, яна дарсликка қайтади», дедим. Беихтиёр «Бизда ҳам ватан мавзусида «Ҳелладос» билан битта туркумга киритишга арзийдиган асарлар бор» деган ўй кечди кўнглимдан. Шоирнинг дарсликка кирган «Шоир, қуш ва қиш» шеъри жуда тўғри танланган. Лекин «Ўғлим Темурга» шеъри ҳам шакл, ҳам мазмун жиҳатидан 6-синф боласи учун бир оз оғир, деб ўйлайман.

 

Юқоридаги фикримизга, яъни муаллифни танитиш масаласига қайтадиган бўлсак, дарсликларда Хуршид Давронни жуда яқиндан танитадиган, куйга солинган шеърлари ҳақида ҳеч гап йўқ. Азим Муллахонов ижросидаги «Ота» қўшиғи, Ғайрат Усмонов ижросидаги «Келмадингиз», «Икки қадам» тароналарини назарда тутяпман. Аслида мана шу куйлар ва «Ота қабри» шеъри Хуршид Давроннинг ташриф қоғози, назаримда. На улардан парча, на уларни тинглаб кўриш учун тавсия бор.

 

Хайриятки, янги дарсликлар, айниқса, 9-синф адабиёти мана шу бўшлиқни тўлдиргани билан ҳам қадрли. Уларда шеърларнинг МП3 варианти ва асарлар асосида ишланган кинофильм, спектакллардан фотолавҳалар ва уларга ўтиш учун ҳавола (ҚР код) қолдирилган. Бу жиҳат замонавий ўқувчининг дунёни кўпроқ визуал идрок қилишига жуда мос келади.

 

Инфографика, дизайн, техника ривожланган замондамиз. Ғафур Ғуломнинг бошқа атоқли адиблар билан тушган сурати адабиёт китобидан ўрин олиши жуда катта янгилик. Бу орқали адибнинг бошқа ижодкорлар билан алоқаларини расм билан жонлантирган ҳолда тақдим этиш, битта адиб таржимаи ҳолида бир нечта адибнинг қиёфасини таништириш жуда самарали бўлади. Ахир йил давомида 15 та адибни ўқисангиз-у лекин 30 та адибнинг расмини кўрган бўлсангиз ва кўпроқ таассурот билан ўқув йилини якунласангиз қандай яхши.

 

Бугун одамлар кўпроқ кўз билан ўйлаяпти, кўз билан ўрганяпти ва кўз билан ҳис қиляпти. Расмли тасаввур суяк-суягимизга сингиб кетди. Агар сиз болага «Шум бола» қиссаси кино қилингани ҳақида қўшимча маълумот бермоқчи бўлсангиз, буни айтманг. Саҳифанинг бир чеккасига фильмдан фотолавҳа жойланг ва унинг тагига ишлаб чиқарилган йилини қисқа қилиб ёзиб қўйинг. Бу медиамаконда тили чиққан авлодда таассурот ҳосил қилиш учун жуда самарали восита. Албатта, таржимаи ҳол қисмида матннинг ўрни ва роли қисқарсин демайман. Матн ва расмли маълумот бир-бирини тўлдириб, изоҳлаб турсин, демоқчиман. Яхши таржимаи ҳол, айниқса, у биринчи шахс тилидан ёзилган воқеабанд, ҳикоясифат биография бўлса, уни жадвалга солиб бўлмайди.

 

Модомики, сўз адибни ёрқин таништириш хусусида кетаётган экан, даврнинг ўзи ижодкорларнинг таржимаи ҳолига бир оз бўёқ берилишини тақозо қилади. Негаки, ёш авлод интернетда жозибадор автобиографиялар билан танишишни одат қилган. Қайсидир миллионер уларнинг қаҳрамонига айланган. Бу ерда фақат «шоҳона ҳаёт синдроми» эмас, балки, таъсирчан биография ҳам ўз ишини қилган. Нега шоир ва ёзувчиларнинг ҳаёт йўлини афсонадек, драма ёки трагедиядек кўрсатиб беришдек имкониятдан фойдаланмаслигимиз керак?! Назаримда, Абдулла Қаҳҳорнинг реалистик ҳикоялар битганига сабаб унинг алам ва изтиробга тўла болалигида. Кичик синфдалигимда акамларнинг адабиёт китобида Абдулла Қаҳҳорнинг ўкинч ва машаққатларга тўла таржимаи ҳолини ўқиган эдим. Бу бир умрлик хотира бўлиб қолди. Адашмасам, «Ўтмишдан эртаклар» қиссасидан олинган парча эди бу. Шу парчани қайтариш орқали «бир ўқ билан икки қуённи уриш» мумкин: биринчиси адибни яқиндан, автобиографик метод орқали танитиш, иккинчидан, ёзувчининг яна бир асарини «реклама» қилиш. Ўқувчи бир вақтнинг ўзида ҳам Абдулла Қаҳҳорнинг кечмишлари билан танишади, ҳам «Ўтмишдан эртаклар» асаридан парча ўқийди. Бу орқали саноқли саҳифадан унумли фойдаланиш мумкин.

 

Асарни автобиографик метод асосида таҳлил қилишда таржимаи ҳол намуналари беқиёс аҳамиятга эга. Кўп йиллар олдин бу анъана бор эди: Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Чингиз Айтматов, Эрнест-Сетон Томпсон сингари ижодкорларнинг ҳаёт йўлларини билиш орқали бизнинг авлодда бадиий ижодга қизиқиш кучайган. Айниқса, Сетон Томпсоннинг ўзи севган китобни сотиб олиш учун мисқоллаб пул йиғиш воқеаси синфдошларимни ниҳоятда илҳомлантиргани эсимда. Нолиётганимиз йўқ – ҳар тугул бу борада ҳам 9-синф дарслигида ажойиб ишлар қилинган. Ижодкорлар ўзи ҳақида ўзи «ҳикоя қилмоқда».

 

Менимча, энг муҳим масала – китобга ўқувчибоп асарларни жамлаш ва бу кишидан мослашувчанликни талаб қилади. Мен бу ўринда мутахассис бўла туриб, асарни ўқувчи нигоҳи билан кўра олишни назарда тутяпман. Масалан, «Евгений Онегин» 10-синф дарслиги учун тўғри танланган. «Дон Кихотнинг бошидан кечирганлари» ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Бу асарлар ўқувчиларни ижобий маънода мувозанатдан чиқара олди. Масалан, Татяна ва Онегиннинг мактубини ўқий туриб, ўпкаси тўлиб кетган шогирдларимиз ҳам бўлган.

 

Мутаносиблик асар болада қанчалик таассурот қолдиргани билан ўлчаниши керак. 10-синф мажмуасидаги «Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ» романи ҳам ўқувчиларга «юқ»ди. Ижобий қабул қилинди. Бу ерда ғоя ёки сюжетдан ҳам кўра кўпроқ асарнинг тили кўп нарсани белгилаб берди. Айнан шу жиҳатни таъкидламоқчиман. Яъни асар ғоясини кўтариб турадиган «тиргак» бўлиши лозим. Бу ё ўткир сюжет ёки бадиий асар тили ёки қойилмақом тарзда олиб кирилган янги адабий услуб ҳам бўлиши мумкин. Шулар бўлмаса, болалар учун бу ғоя оддий баландпарвоз сўзлар бўлиб қолади. Албатта, «Илиада» достони дунё адабиётининг гултожи ҳисобланади. Аммо бу эпосга ўқувчиларимнинг «тили келишмади». Асар тили қайсидир маънода китобхонлик савиясини, маълум тайёргарликни талаб қилади. Ўзим ҳам бу достонни тўхтаб-тўхтаб, ўйга чўмиб ўқиганман. Асар, шубҳасиз, дурдона. Бироқ маълум даражага етиб ўқилганда. Аслида достон қай даражада маҳорат билан ўгирилганини ҳаммамиз яхши биламиз. Бу ёғи шунчаки мутаносиблик масаласи. Мактаб адабиёти китобларидаги бу жиҳат шоҳ асарларни ҳам аяб ўтирмайди. «Одиссея» ҳақида ҳам номутаносиблик борасидаги фикрларни такрорлашга тўғри келади. Албатта, адабиёт ўқитувчиси ҳам образларни жонлантириб, асарни бола учун соддалаштиради ва жозибасини етказишга ҳаракат қилади. Лекин ўқувчи бадиий асар матнини ўқиб, ҳис этиши керак-ку? Агар ҳамма нарсани ўқитувчи ҳикоя қилиб берса, унда дарс монологга айланиб қолади.

 

Дарсликка киритилаётган ҳар бир асар ўқувчи уни уйда ёлғиз ўқийдиган лаҳзага мўлжаллаб жойлаштирилиши яхши самара беради. Яъни муаллифлар асарни болага етказиш масаласини педагогнинг ёрдамисиз амалга ошириши лозим. Дейлик, мактабида адабиёт ўқитувчиси йўқ бўлган ўқувчи дарсликни мустақил ўқиб ҳам қалби ларзага келиши лозим. Масалан, мактабда менинг адабиёт устозим бўлмаган. Лекин адабиёт дарсликлари мени «етаклаб кета олган». Ва яна бир нарса: илғор ўқувчини эмас, қолоқ ўқувчини кўз олдига келтирган ҳолда адабиёт китобига тартиб берилса, мантиқан тўғри бўлади. Шундагина бутун синф ўқий оладиган дарслик пайдо бўлади. Буни дарслик сифатини туширмасдан, жўнлаштирмасдан қандайдир умумийликни топган ҳолда ҳам қилса бўлади.

 

Дарсликларда расмлардан ўринли фойдаланиш янги давр дарсликларининг нафасини беради. Қадимги дунё адабиёти бобининг кириш қисмида ўша давр асарларининг акс эттирилиши, ҳатто деворларга чизилган тасвирлар орқали яхлит ва ёрқин тасаввур бериш – замонавий дарслик яратишдаги ютуқларимиздан биридир. Дизайн бўйича чуқур билимга эга эмасман. Бироқ ўзимнинг ва ўқувчиларнинг дарсликка бўлган муносабатимиздан, китоб бизга бераётган ёқимли ҳиссиётдан унинг дизайни аъло даражада деган хулосага келдим. Асарларнинг асл қўлёзма вариантидан парчалар саҳифанинг чеккасида хазон рангида берилгани ўзгача манзарани ҳосил қилган ва дарслик кичик музей тусига кирган.

 

10-синф адабиёт дарслигида (2025-2026) мундарижа ҳам ўрнига тушган, менимча. Чунки деярли ҳар бир даврдан ўқувчига мос асар берилган. Тегишли даврнинг батафсил маълумотлар билан бойитилиши ҳам болага керакли кўникмани беради. Айнан шу қисмларда маълумотлар батафсил берилиши қоғозбозликка ўтиб кетмайди. Дарвоқе, янги дарсликлардаги таржимаи ҳолларда маълумотбозлик касали тузалган. Адиб «фалон йили бу ерда ишлаган, фалон китоблари фалон йилларда чоп этилган» қабилидаги сон-саноқсиз йиллар энди йўқ. Бу борада дарслик муаллифларидан барча миннатдор.

 

Миллий ўзликни сақлаш ҳақида гап очганда, «Қутадғу билиг» ва «Девону лоғотит-турк» асарлари дарсликдан тушиб қолмаслиги кераклигига урғу бермасак бўлмайди. Бу манбалар бизнинг тилимиз, фольклоримиз, миллий руҳимиз. Ҳар сафар бу мавзулардан олдин синфга юзланиб: минг йил олдин тилимиз қандай ҳолатда бўлгани, аждодларимиз қандай гапирганини кўришни истайсизларми? деб сўрайман. Ўқувчиларга бу қизиқ туюлади. Мавзуга эътиборсиз бўлмайди. Менимча, инсон ўзининг илдизлари билан учрашганида шундай диққат билан кузатади. Бу манбалар билан бир қаторда «Тўнюқуқ»ни ҳам қайтаришимиз керак адабиёт китобларига. Бу битиклар қизиқарлилик банди бўйича эмас, миллий ўзлик ракурсидан қараган ҳолда мажмуада муқим қолиши шарт. Қолаверса, халқ қўшиқлари ва мақолларига ҳам ҳар бир дарсликдан кенг ўрин ажратилишини таклиф қиламан. Ҳар бир синфда фольклор намуналари бўлса, миллий тафаккуримиз глобаллашув таъсирида «ола-була» кўринишга келиб қолмайди. Халқ оғзаки ижодига кенг ўрин берилдими, демак, унда «бу денгиздан сув ичган» шоирларнинг халқ термалари йўлида битган шеърларига ҳам кенгроқ ўрин ажратилса, бу ўзини оқлайди деб ўйлайман. Хусусан, Тўра Сулаймоннинг фольклор йўлида ёзган шеърларига етарлича ўрин ажратилса, ёш авлодни миллий адабиётга, миллий оҳангларга ошно қилишда муҳим восита бўлар эди.

 

Дарсликларга китобхонни мувозанатдан чиқара оладиган асарлар киритилиши шартлиги ҳақида бот-бот такрорладик. Шундай савол юзага қалқиб чиқади: демак, «адабиёт»га фақат ўтмишдаги буюк шоирларимизни киритиш керакми? Йўқ, юқоридаги қарашлардан бундай хулоса келиб чиқмайди. Албатта, дарсликдан бугунги ёш, истеъдодли ижодкорларга ҳам ўрин ажратилиши керак. Алибек Анварий, Бек Али, Наргиза Одинаева, Шаҳриёр Шавкат, марҳум шоир Мансур Жумаев, Нурмуҳаммад Абдузоиров каби ижодкорлар шулар жумласидан. Албатта, бу рўйхатни давом эттирса бўлади. Бу авлод учун ҳам «адабиёт»дан камида 10 саҳифа ажратилишига лойиқ. Ҳар биридан ҳеч бўлмаганда битта шеър. Носирлардан эса кичик ҳикоя.

 

Биринчидан, ўқувчи ўз замондошининг ҳисларини, бугунги ҳаёт нафасини туйиши жуда муҳим. Иккинчидан, бу глобаллашув даврида ҳам ёзишдан тўхтамаган истеъдодлар учун катта рағбат, фаолиятига берилган муносиб мукофот бўлади. Катта истеъдодларни тор давралар эмас, бутун халқ таниши лозим. Қолаверса, ўқувчилар бугунги ёш ижодкорларнинг нафис ижодидан баҳраманд бўлишга ҳақли. Масалан, мактаб боласи учун Наргиза Одинаеванинг қуйидаги сатрлари ватан туйғусини гўзал ҳис эттиради:

 

Синглимнинг ўсмаси оқмасин,

Юзига термилиб тураман.

Акамга кўзим тик боқмасин

Юрагим эгилиб тураман.

 

Ўзбекчиликнинг нақадар гўзал тасвири. Самимий фахр туйғусини беради кишига. Шеър шундай оддий сўзлар билан давом этади:

 

Онам сут пишириб тонг саҳар,

Зуҳрони энг аввал кўради.

Отамнинг елкаси бир шаҳар –

Биз қурган орзулар туради.

 

Ватан ҳақида мана бундай ёзиш ҳам мумкин. Содда, самимий, тиниқ ва ҳаётий. Ҳа, айнан ҳаётий. Ва юртпарварлик туйғусидан анча олис бўлган ўқувчига мана шу ватан образи кўпроқ таниш. Мен ёш авлод замондош шоирларининг шундай шеърларидан бехабар ва бебаҳралигидан хафаман. Дарслик тузишда олийгоҳларнинг профессор-ўқитувчилари мактаб педагоглари билан бамаслаҳат ишлаши керак экан. Бутунлай бир тарафга топшириб қўйилса, ўта илмий, зерикарли ёки юзаки, силлиқ асарлар билан тўла китоблар пайдо бўлиб қолади.

 

Ҳозир биз педагоглар учун бир ноқулайлик пайдо бўлган. Бир неча йилдан бери амалда бўлган 11-синф адабиётидаги айрим мавзулар янги 10-синф дарслигида ҳам пайдо бўлмоқда. Масалан, Машраб ижоди, «Гўрўғлининг туғилиши» достони, «Қаролар фалсафаси», «Садди Искандарий» достони ва ҳоказолар. Албатта, навбатдаги 11-синф китоби янгиланиб, ҳозирги янги 10-синф дарслигининг мантиқий давомига айланиши мақсад қилингани, шубҳасиз. Лекин бу муддат чўзилмоқда. Яъни бу йилги битирувчилар юқорида саналган асарларни ҳар иккала китобда ҳам ўқиди. Ўринсиз такрорлаш ўқувчиларни зериктириб, китобга ажратилган бир нечта саҳифанинг, салкам бир ўқув чорагининг ва болалардаги қизиқишнинг ҳавога совурилишига сабаб бўлди. Чунки, ҳар ўн секундда янги видео кўрувчи авлод бир нарсада, бир хилликда узоқ қолишни истамайди. Демак, дарсликларни янгилашда ҳам қандайдир тизимлаштиришга муҳтожмиз.

 

Афсуски, янги китобларда мактаб дарслигига ярашмайдиган услубий хатоликларга ҳам кўзим тушди. Масалан, 8-синф адабиётида «назардан кечириш» ибораси оҳанг жиҳатидан жуда ғализ тузилган. Биздан олдинги давр кишиларига нисбатан «Ўтмишдошларимиз» сўзи ҳам мантиқан хатó қўлланган. «Шерали Жўраев ушбу шеър асосида куйланган «Кетма, баҳор» қўшиғини тингланг» деган жумла нимани англатади ўзбек тилида? Гапда ҳаракатнинг эгаси турган бўлса, мажҳул нисбатдаги феълга нима бор? Мажҳул нисбат ҳаракатнинг эгаси номаълум бўлган гапда ишлатилади-ку?! Жумлани тўғри тузиш учун филолог бўлиш шарт эмас. Юқоридаги сўз ва жумлалар китобни варақлаб ўтирганимда тасодифан кўзга ташланган хатолар. Бундай нуқсонлар қанчалигини аниқ билмайман. Бироқ келаси сафар бу камчиликлар бартараф этилишига ишонгим келади.

 

Қайсидир янги дарсликда бир рўйхатга қолдирилган ҳаволага кўзим тушди: Инсоният тарихидаги энг яхши 100 та асар. Муайян бир давлат китобхонлари иштирокидаги сўровнома экан. Бўлар экан-ку! Мактаб боласи бу рейтинг ҳақида ўсмирлигидаёқ «хабардор қилинмоқда». Рўйхатнинг киритилиши дарслик муаллифларининг ўқувчига қўшимча маълумот бериш борасида замон билан ҳамнафас эканини англатади. Битта ҳавола орқали, битта рўйхат билан 100 та сара асарни тавсия этиш ҳар жиҳатдан фойдали усул. Бизнинг давр одамларини рейтинглар жуда қизиқтиради. Топ-100 фильм, Топ-1000 университет, Энг яхши уч ҳоким ва ҳоказо. Ҳамма нарсани тавсия билан танлаяпмиз. Ҳатто китобларни ҳам. Бир пайтлар сифатли ва сифатсиз китобларни қўлга тушган нарсани ўқиб кетавериш орқали ажратганимиз эсимда. Ҳозирги замон кишилари учун вақт етишмаётгандек туюлади ва ниманидир шахсий тажриба орқали аниқлашга интилмайди. Китоб ўқимоқчи бўлса, рейтинг ёки тақризларга таянади. Болалар ҳам шундай. Улар олдиндан яхши китоб экани аниқ бўлмаган китобни ўқишга шошилмайди. Ва шу замонда бундай ёндашув мантиқий.

 

Менга шогирдларим гоҳида: «Китоб дўконидаман, қайси китобни тавсия қиласиз?» деб қўнғироқ қилади. Демак, дарсликда ҳавола қолдирилган рўйхат ўқувчиларнинг мана шундай эҳтиёжини рағбатлантиради. Умумийлик эмас, аниқлик одамни ҳаракатга ундайди. 100 та асар ўқи, дейишдан кўра вақт синовидан ўтган 100 та асар номини айтиш афзалроқ. Шу жиҳатдан олиб қараганда ҳам муаллифлар адабиёт китобларига жуда керакли маълумотлар қўша олган. Бу ҳам ўқувчиларнинг умумий қизиқишларини топа олиш натижаси.

 

Икки йил аввал бир интервьюда адабиёт дарсликлари масаласига ҳам тўхталганимда асосан камчиликларни тилга олган эдим. Ундан бери айрим синф китоблари янгиланди. Ва бу сафарги янги адабиёт китобларида ёрқинлик бор. Албатта, фикрларимиз нисбий эканини унутмаймиз. Ҳар қандай дарсликдан ютуқларни ҳам етишмовчиликларни ҳам топиш мумкин. Бироқ бу сафарги адабиётларда ютуқлар камчиликларни босиб кета оладиган даражада кўплиги барчамизга бир оз бўлса-да қониқиш туйғусини беради. Албатта, биргина узуқ-юлуқ мақолада бутун дарсликни, барча жиҳатларни қамраб олиш имконсиз. Ўйлайманки, бу мавзу ҳали давом этади ва ҳар сафар адабиёт китобларининг очилмаган қирралари таҳлил қилинади. Муҳими, дарсликни сайқаллаш йўлида мақсадларнинг муштарак бўлиши.

 

Вақтлар ўтади, ўқувчиларнинг китоблари янгиланаверади, лекин «Қочоқ» ҳикоясида Турсунбой ўз онаси дафн этилаётганида ҳам қамишлар орасидан қараб туриб, боролмагани манзараси ўқувчининг хотирасида чуқур из қолдиради. Янги-янги асарлар киритилади, аммо болалар «Чинор» романида кондаги портлашдан кейин Акбаралининг ҳар куни ўз қабрига қараб виждон азобида қолиши тасвирини унутмайди. Китобларга юзлаб асарлар киритилади, аммо «Асрни қаритган кун» асарида онасига ўқ узган Жўломон, отасининг васиятидан бўйин товлаб, падарини тезроқ дуч келган жойга дафн этиб ишига қайтишга ошиққан Собитжонни бошқача ҳис-туйғу билан эслайди. Кўп мавзулар ўзгаради, бироқ ўқувчилар Янгулини, «Ҳелладос»ни қалбида мангу сақлайди. Хуллас, дарсликлар қанча янгиланмасин, бола қалбини забт этувчи мана шундай асарларгагина ўрин берилиши керак. Шу тариқа орзудаги адабиёт дарслигини ўқиймиз ва ўқитамиз. Ана шундагина адабиёт фани катта қалбга эга миллатни тарбиялай олади.

 

Ойбек МАМАТАЛИЕВ,

Сурхондарё вилояти 45-сонли умумий

ўрта таълим мактабнинг адабиёт фани ўқитувчиси

 

Таҳририятдан: Ўқитувчи бўлсангиз, сиз ҳам дарсликларни таҳлил қилган мақолангизни  @oyinauz_bot манзилига юборишингиз мумкин.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 40027
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//